Jahon tarixidan yakuniy nazorat savollar javobi ижтимоий тараққиётнинг асосий йўналишлари
Хитойнинг маньчжурлар томонидан эгалланиши
Download 156.8 Kb.
|
JAHON TARIXIDAN YAKUNIY NAZORAT SAVOLLAR JAVOBI
Хитойнинг маньчжурлар томонидан эгалланиши. 1644 йилнинг 6 июнида Пекинни эгаллаганидан ва уни Мукденнинг ўрнига Цин давлатининг пойтахти деб эълон қилганидан сўнг Дурган ўз қўшинларининг бир қисмини У Саньгуйга ёрдамга, бошқа бир қисмини Шандунь вилоятини эгаллаб олишга жўнатди. 30 октябр да Шуньчжи яна бир бор Цин давлатининг императори деб эълон қилинди. Сиан ва Тунгуан туманларида деҳқонларнинг гуруҳлари маньчжурларга бир йилга яқин қаршилик кўрсатдилар, лекин оқибатда Янцзи дарёсидан ўтиб, жанубга кетишга мажбур бўлдилар. Хубэй вилоятида Ли Цзичэн ва унинг кўпгина сафдошлари ўлдирилди. Деҳқонлар уруши қўзғолончиларнинг мағлубияти билан якунланди. Пекин эгалланиши пайтида Мин императорлик оиласининг омон қолган аъзоларидан баъзилари маньчжурларни олқишлади, бошқалари эса, йўқотилган эътиборларини тиклашга умид боғлаб, Янцзи водийсига жўнадилар. У ерда, қадимий пойтахт Нанкинда, маҳаллий ҳукмдорларнинг кўмагида, Минларнинг вакили Фу Ван (Чжу Юсун) Хитойнинг янги императори деб эълон қилинди. Шундай қилиб, Минларнинг бу қисми янги император атрофида ватанпарвар кучларни йиғиб, маньчжурларга қаршилик кўрсатишга уриндилар. Бироқ бу қадам Минлар сулоласининг Нанкинда ҳозир бўлган баъзи вакиллари томонидан маъқулланмади ва улар импера- торлик тахтига бошқа номзодни кўрсатдилар. Натижада маньчжурларга қарши кучлар ўзаро жанжалларга ботиб қолди ва чет элликларга қарши ягона фронт тузишга эриша олмадилар. Маньчжурлар аввалига Янчжуони эгалладилар, унга ҳужум пайтида 800 минг кишини ўлдирганларидан сўнг, Нанкинга қараб юрдилар. У ерда император деб эълон қилинган Фу Ван ўз аъёнлари билан бирга қочиб қолди (кейинроқ у асир олиниб, Пекинда қатл қилинди), маҳаллий аёнларнинг бир қисми эса Цинларга хизмат қилишни маъқул кўрдилар. 1648 –1652 йилларда маньчжурлар бўйсундириб олган ерларда бир неча қўзғолонлар аланга олди, улардан энг йириклари Наньчанда, Чжэцянда, Фуцзянда, Хунанда, Сичуанда ва бир қатор бошқа жойларда бўлиб ўтди. Шимолий Хитойда қўзғолонлар Ганьсу, Шэньси ва Шаньси вилоятларини қамраб олди ва баъзи бир мўғул хонлари томонидан қўллаб-қувватланди. Баъзида қўзғолончилар маньчжурлардан анча йирик шаҳарларни ҳам тортиб олишга муяссар бўларди. Шу тариқа улар Янцзидан жануброқда жойлашган Цзянлин шаҳрини эгалладилар. Унинг саксон кунлик мудофаасида маньчжурлар 75 мингга яқин кишини йўқ қилди, 100 минг киши эса, таслим бўлишни истамади ва ўша ерда ўзини ўзи ўлдирди. Ганьчжоу шаҳри ёқиб юборилди ва у ерда ҳам юз минг киши қурбон бўлди. 1646 йили Сичуан аҳолиси жон-жаҳди билан қаршилик кўрсатди ва фақат 1647 йилнинг бошларидагина маньчжурлар уларни тинчитишга муваффақ бўлдилар. Хитойлик зодагонларнинг ёрдамисиз вазиятни назорат остида ушлаб туришнинг иложи йўқлигини тушунган маньчжурлар уларга бир қадар ён бердилар, мўғул отлиқ отрядларини ўз томонларига жалб қилдилар, европаликлар ёрдамида ўз қўшинларини қайта қуроллантирдилар ва Хитойни забт этишни давом эттирдилар. Янцзи водийсини эгаллаган маньчжурлар Жанубий Хитойни босиб олиш учун йўлга тушдилар. 1673 йилнинг охирида Цинлар даврида князь бўлган, ҳозир эса улардан норози У Саньгуй Пекиндаги марказий ҳукуматга бўйсунишдан бош тортди ва ўз назорати остидаги ерларда Минларнинг анъаналари тикланганлигини эълон қилиб, қўзғолон кўтарди. У хитойликларни маньчжурлар билан курашга чақирди. Бироқ одамлар онгида унинг сотқинлиги ҳақидаги фикр мустаҳкам ўрнашиб қолганлиги туфайли, У Саньгуй маньчжурларга қарши озодлик ҳаракатининг етакчиси бўла олмади. Шунда у Жануби- Ғарбий Хитойда ўз давлатини яратишга қарор қилди. Бу ишда уни яна иккита князлик қўллаб-қувватлади, шунинг сабабли бу уруш тарихда «Хирож тўловчи уч князь уруши» деб ҳам аталади. Дастлабки даврда улар муваффақият қозона бошладилар ва Хитойнинг 15 та вилоятидан 6 таси улар назорати остига ўтди. 1678 йили У Саньгуй Чжоу Ди номи остида император деб эълон қилинди, аммо тез орада вафот этди. Унинг тахтга чиққан невараси У Шифань маньчжурларга қарши курашда бобосига нисбатан анча омадсизроқ чиқди. Цинлар Чжоу империясини йўқ қилишга эришдилар. Шундай қилиб, Хитойнинг Цинлар назоратига ўтмаган ягона ҳудуди Чжэнларнинг Тайвандаги давлати бўлиб қолди. У 1683 йили Цинлар томонидан эгаллаб олинди.
Download 156.8 Kb. Do'stlaringiz bilan baham: |
Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling
ma'muriyatiga murojaat qiling