Жандос Байзаков Тошкент вилояти Чирчиқ давлат педагогика институти тадқиқотчиси


Download 50.5 Kb.
bet1/2
Sana20.06.2023
Hajmi50.5 Kb.
#1636846
  1   2
Bog'liq
Ж Байзаков


РАМЗИЙ-МАЖОЗИЙ ТАЛҚИН ВА ПСИХОЛОГИЗМ
МУНОСАБАТИ

Жандос Байзаков
Тошкент вилояти Чирчиқ давлат педагогика институти тадқиқотчиси



Ўзбек адабиётида роман жанри яратилганидан буён ўтган юз йилча вақт мобайнида адибларимиз томонидан кўплаб романлар ёзилди, уларнинг аксарияти китобхонлар меҳрини қозонди. Миллий истиқлол йилларида яратилган ўзбек романлари бармоқ билан санарли бўлса-да, уларда инсон ва жамият, одамлар ўртасидаги муносабат ва зиддиятлар ўзига хос тарзда фалсафий-бадиий ифодасини топмоқда. Зеро, “...бу дунёда инсонларнинг дард-у ташвишларини ўйлаб яшаш-одамийликнинг энг олий мезонидир. Халқнинг ғамидан узоқ бўлган инсонни одам қаторига қўшиб бўлмайди”1.
Илмий-назарий тизимда ҳар бир жанр услубий хусусиятлари билан алоҳидалик касб этади. Барчамизга маълумки, кейинги йилларда яратилаётган, хусусан эпик жанрлар орасида икмонияти, мавзу доираси анчайин кенг роман жанрида рамзий-мажозий талқин ҳам етакчи унсурлар сирасига кираётир. Аслида, авваллари назмий асарларда, яъни жадид адабиётигагача бўлган давр оралиғида ҳиссий кечинмани (бу ҳол кўпроқ лирикада) ҳаётий маъно ва фалсафий-руҳий тасаввурларни табиат жонзотлари тимсолида, баъзан уйғун равишда идрок этиш анъанаси кучайгани барчамизга ойдек равшан. Бунинг ёрқин мисолида Гулҳаний масаллари, Турди Фароғий, Сўфи Оллоҳёр лирикасида кўришимиз мумкин. Адабий тадриж давом этгани боис, ХХ аср ибтидосида насрий асарлар урф бўла бошлаган бир даврда Қодирий, Чўлпон каби забардаст носирлар ижодида бунга ўзгача ёндашилди. Хусусан, шаклланган адабий анъаналар истиқлол даврига келиб ўзгача моҳият касб этди. «Биздаги адабий-илмий талқинлар ва таҳлиллар доираси кенгаймоқда; жаҳон адабиётшунослигидаги ўткинчи ва етакчи тамойилларга қизиқиш кучайди» (Б.Карим). Айни ушбу эътирофда жон бор. Эндиликда бадиий шакл (роман) бутун мураккаблигича рамз ва мажозга йўғирилиб, айнан шу кечинма орқали инсон руҳоний борлиғини – жамият ҳаётини, одамзот табиатини тасвирлаш туси урф бўлди. Демак, бадиий талқинларда реал ҳаётнинг қайноқ нафасини рамзларда акс эттириш ҳам бир санъат эканлиги аёнлашади. Ёзувчи «Исён ва итоат» романида давр кайфияти ва инсон руҳиятини реал ҳаёт ва рамзий-мажозий талқинни – синкретик (қоришиқ) ҳолда тасвирлайди. Давр муаммоларининг туб илдизи – исёну итоатнинг ибтидоси Одам Ато ва Момо Ҳаво даврига бориб тақалишини, илдизи ана шу оралиқда бўй кўрсатишини хилма-хил персонажлар табиати, тақидири, қисмати асосида чизишга мушарраф бўлади. Роман жанри бўйича жиддий тадқиқотлар олиб бораётган олимларимиздан бири Исломжон Ёқубов эътирофича «Роман оламнинг ўзига хос сиқиқ манзарасини мужассамлаштира бошлади. Кўп планли мазмун, сертармоқ сюжет, композицион ранг-баранглик, жаҳон эпик тажрибасига хос тасвирий восита ва усулларни қўллаш, шаклий ихчамликка интилишни ўзлаштира борди»13. Дарвоқе, олимнинг ушбу фикрини «Исён ва итоат» романига ҳам менгзаш мумкин бўлади. Шу жиҳатидан олиб қарайдиган бўлсак, У.Ҳамдам романларида «композицион ранг-баранглик»лар турфа кўриниши яққол кўзга ташланади. Бинобарин, романда ўзлигини, табиатини, ожизлигини англаш сари интилаётган, умуминсоний муаммолар хусусида мулоҳаза юритаётган Табиб, ёлғизлигидан сиқилиб, реал ҳаётда ҳам кўплаб одамлар – дўсту биродарлари орасида дили кемтиклигидан изтиробга тушаётган Лариса хола, умрини меҳнатга бағишлаган, ўзини асараб-авайламаган Турсунбой жонталаш, бойлик, роҳат-фароғат қучоғида яшашни мақсад қилган Маҳкам, ўз гўзаллигига шайдо бўлиб, гулдек умрини хазонга айлантирган ва бу йўлдан қайтишга жазм этган Диана каби персонажлар асар компонентларида етакчилик қилади. Буларнинг тақдирини, келажагини, ҳаётдаги ўрнини, жонли, реал лавҳаларда тасвирлаган ёзувчи ҳар бирига алоҳида меҳр билан ёндашади.
Ёш олима Манзура Пирназарова қайд этишича: «Бизнинг адабиётшунослигимизда, фикримизча, «Исён ва итоат» романидаги бадиий-фалсафий хулосалар кўлами «Мувозанат» асаридаги каби кенг ва салмоқдор эмас. Бироқ, муаллиф романда ўзига хос шаклий-услубий йўлни танлаган. «Қуръони Карим» сура ва оятлари, диний-илоҳий мазмундаги ривоятларни романнинг асосий кечаётган замон ва макондан мустақил тарзда, яъни ёндош баён қилган. Шунга қармасдан, улар романнинг бадиий мақсадини очишда ўзига хос уйғунликни юзага чиқаради14. Дарҳақиқат, олиманинг ушбу фикрига яна шуни қўшимча қиладиган бўлсак, романга киритилган илоҳий-диний киритмалар асар композициясида муҳим ўрин эгаллайди, характер руҳиятини, унинг исён қилиб итоат йўлига ташлаган қадамининг АСЛ сабаби қай ўринда бошланганига, Одам Ато ва Момо Ҳавонинг билиб-билмай Адан боғидан чиқарилишини, ҳамда ўз маънавий-руҳий-ижтимоий мувозанати сари қадам ташлашида қандай тарихларни бошдан кечириши, изтиробларга мубтало бўлиши ҳолатларини англашга яқиндан ёрдам беради. Чунки айни шу каби бадиий киритмалар орқали ёзувчи бадиий нияти ҳам, давр кайфияти ҳам уйғунликда юзага чиқади. Демак, ёзувчи одамзотнинг кучли ва ожиз жиҳатларини турли ракурсларда ифода эта олганлигида кўринади. Жумладан, Акбарнинг бир тарсаки деб, уч йил озодликдан маҳрум этилиши ва белгиланган колонияда жазосини ўташи, кейинчалик устози Комил табибнинг маслаҳатига кўра узоқ ўлкага саёҳатга чиқиши, бутун умри давомида қилган гуноҳини исён йўли билан ювиб, Худодан мағфират сўраб ва ниҳоят итоатга келишдаги хилма-хил ҳаётий манзаралар реал ифода этилган ҳамда роман воқеасининг изчилликда баён этилиши ёзувчининг жиддий фалсафий ғояни илгари суришидан бу борада инсон хусусидаги илмларни теранроқ англаб етганлигидан дарак беради.
Айтиш жоизки, адибнинг «Исён ва итоат» романи борасида турли хил танқидий қарашлардан ҳам кўз юмиб бўлмайди, албатта! С.Содиқ, Отаули, Ҳ.Каримов талқин ва тадқиқотларида деярли бир хил фикрларни учратамиз. Барчаси бир нуқтада «романий тафаккур унсурлари Мувозанат романи каби етарли эмас. Асарнинг тили ва ифода услуби ўзига хос бўлгани билан характерлар яхши очиб берилмагани»га урғу беради (таъкид бизники – Ш.Ботирова). Дарвоқе, адабиётшунос олим Б.Каримнинг роман поэтикаси хусусидаги фикрлари айни юқоридаги танқидий ҳодисалар юзасидан жиддий баҳслар уйғонишига замин ҳозирлайди. Олим шундай дейди: «Бадиий асар поэтик тадқиқотга муносиб бўлган тақдирдагина унга адабиёт-чи олимлар такрор ва такрор мурожаат этиши мумкин. Бунда талқинчиларнинг ҳаётни, санъатнинг тилини, поэтик-бадиият қонуниятларини, санъат асарининг қарашлари савиясидан юксак бўлса, талқинда ўзига хос илмий кашфиётлар юзага чиқади… Санъат ва адабиётдаги фавқулодда, оргинал асарларни тушуна билиш ва тушунтира олиш учун олим санъаткор-ижодкор дарду дунёсига бир қадар яқинлашуви лозим»15. Дарҳақиқат, олимнинг бу хилдаги ёндашуви бугунги роман поэтикаси ва руҳий оламини кашф этишда, асар жозибасини синчиклаб ўрганишда муҳим фактор саналади. Шу боисдан, романдаги қўлланилган психологик лавҳалар, яъни характерни ёритшидаги ёзувчи идеалига кўпроқ эътибор қаратишни лозим топдик.
У.Ҳамдамнинг иккинчи «Исён ва итоат» романида ўзгача шаклу шамойил – тасвир ихчамлиги, тафсилот қисқалиги ва ана шу жараёнда характер бадиий тадрижини ривожлантиришда илоҳий-диний киритмаларни матн қарига усталик билан сингдириши бадиий яхлитлик касб этади. Роман кутилмаган вазият билан бошланади. Демак, асар муқаддимасидаги – тун рамзи ва Яратилиши биринчи кунидаёқ қаҳрамоннинг кейинги ҳаётига, унинг қисматига ишора мавжуд. Жанр ички интизоми, воқеалар кетма-кетлиги, ёзувчи бадиий нияти ва кўлами ҳам айнан, одамзотни тозариш сари қадам қўяётгани – Исён қилаётганини мантиқий асослаб боради. Мутолаа ва таҳлил жараёнида шу нарсани ҳис этиш мумкинки, романда инсон руҳий борлиғи турфа кўринишлари қабариб кўринади. Чунки асар воқеалари изчил суратда бир-бирига мантиқан боғланган - учта қисм, саксон саккиз бобдан иборат бўлиб, ҳар бир бобда ёзувчи тавирланаётган ҳодисотга қисқалик билан тўхталади ва айни шу ихчамлик шахс оламини англашга, давр зиддиятларидан воқиф бўлишга, ўтмиш ва келажак хусусида жиддий мушоҳада юритишга китобхонда тасаввур уйғотади.



Download 50.5 Kb.

Do'stlaringiz bilan baham:
  1   2




Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling