Иш берувчи камида икки ой олдин Касаба уюшмаси қўмитасига ходимлар оммавий равишда ишдан бўшатилиши мумкинлиги ҳақида ахборот тақдим этади ва ишдан бўшатиш оқибатларини юмшатишга қаратилган маслаҳатлашувлар ўтказади.
Касаба уюшмаси қўмитаси иш берувчининг ходимларни оммавий равишда ишдан бўшатилиш ҳақидаги қарорини олти ойгача бўлган муддатга тўхтатиб туриш тўғрисидаги таклифни маҳаллий давлат ҳокимияти органларига кўриб чиқиш учун киритиш ҳуқуқига эга.
Касаба уюшмаси қўмитаси МТТда бандликни таъминлаш, ишдан озод этилаётган ходимларни ҳимоя қилиш масалаларини, шунингдек ходимларнинг ижтимоий-иқтисодий ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишга доир бошқа масалаларни ҳал қилишда иштирок этиш ҳуқуқига эга. (Ўзбекистон Республикаси «Касаба уюшмалари тўғрисида»ги Қонунининг 27-моддаси).
Иш берувчи МТТда ходимларини мажбурий меҳнатга, жумладан, ҳудудларни ободонлаштириш, қишлоқ хўжалигидаги турли ишлар, шунингдек газета ва журналларга мажбурий обуна қилишга жалб қилмайди.
Касаба уюшмаси қўмитаси МТТ ходимларини мажбурий меҳнатга, жумладан, ҳудудларни ободонлаштириш, тозалаш, таъмирлаш, қурилиш, қишлоқ хўжалигидаги турли ишлар, шунингдек газета ва журналларга мажбурий обуна қилишга жалб қилинишининг олдини олиш юзасидан жамоатчилик назоратини олиб боради.
МТТда ободонлаштириш, тозалаш, қурилиш ва таъмирлаш зарурияти туғилиб, ишчи кучи етишмаётган ҳолатда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 5 октябрдаги “Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Жамоат ишлари жамғармаси фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги 799 - сонли қарорига мувофиқ, таълим муассасаси раҳбарлари - Буюртмачи иш берувчилар сифатида ҳар ойнинг 15-санасига қадар келгуси ҳисобот ойи учун туман (шаҳар) АБЖКМга жамоат ишларини ташкил қилиш бўйича буюртма беради. АБЖКМ зарурат бўлганда, ишсизлик ёки ишчи кучига бўлган талаб ошган ҳудудларда фуқароларни тезкор тартибда жамоат ишларига жалб этиш бўйича қўшимча буюртмаларни шакллантириши ва тасдиқлаши мумкин.
Do'stlaringiz bilan baham: |