Жиноят иш №1-1503-2002/241 Маърузачи судья О. Арабов


Download 36.51 Kb.
Sana19.02.2023
Hajmi36.51 Kb.
#1214395
Bog'liq
13-2084-21 Шамсутдинова 167м бекор, янгидан


Жиноят иш № 1-1503-2002/241
Маърузачи судья - О.Арабов

Биринчи инстанцияда ишни кўришда
раислик қилган судья – М.Улуғбеков

Кассация инстанциясида маърузачи бўлган судья – Т.Мирзаев


Апелляция инстанциясида маърузачи бўлган судья – Х.Рахмонов



ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ОЛИЙ СУДИ
ЖИНОЯТ ИШЛАРИ БЎЙИЧА СУДЛОВ ҲАЙЪАТИ
КАССАЦИЯ ИНСТАНЦИЯСИНИНГ АЖРИМИ

2022 йил июль ойининг 7 куни, Ўзбекистон Республикаси Олий суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати кассация инстанциясининг очиқ суд мажлисида,


раислик қилувчи: О.Арабов,
ҳайъат судьялари: А.Утаев ва Ш.Шеркуловдан иборат таркибда, С.Эрназаровнинг котиблигида, Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси бошқарма прокурори С.Юлдашев, судланган У.Шамсутдинова ва унинг ҳимоячиси О.Атаджановнинг иштирокида судланган У.Шамсутдинова ва бошқаларга оид жиноят ишини У.Шамсутдинова томонидан келтирилган шикоят асосида кўриб чиқиб, қуйидагиларни
а н и қ л а д и:

Жиноят ишлари бўйича Қўқон шаҳар судининг 2020 йил


11 августдаги ҳукмига кўра,
1975 йил 30 августда Фарғона шаҳрида туғилган, ўзбек, Ўзбекистон фуқароси, маълумоти олий, оилали, 2 нафар фарзанди бор, судланмаган, ишламайди, “Ўзбекистон Металлургия Комбинати” АЖ “Иккиламчи қораметаллар” бошқармаси “Фарғона иккиламчи қора металлар” филиали бош ҳисобчиси вазифасида ишлаган, Фарғона тумани, “Илғор” МФЙ, Фаровон турмуш кўчаси, 325-уйда яшайди, гаров эҳтиёт чораси қўлланилган Шамсутдинова Умида Музаффаровна,
Ўзбекистон Республикаси ЖК 167-моддаси 3-қисмининг “а,г” бандлари ва 209-моддаси 2-қисмининг “а” банди билан ЖК 45-моддаси қўлланиб, ЖКнинг 59, 61-моддалари тартибида 3 йил моддий жавобгарлик ва мансабдорлик лавозимларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилинган ҳолда 4 йил озодликни чеклаш жазосига судланган.
У.Шамсутдинова ва А.Кадыровдан 65.786.358 сўм “Фарғона иккиламчи қора металл” филиалига солидар тартибда ундириш белгиланган.
Фарғона вилоят суди жиноят ишлари бўйича апелляция инстанциясининг 2021 йил 18 майдаги ажрими билан суд ҳукми ўзгаришсиз қолдирилган.
Ўзбекистон Республикаси Олий суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъатининг 2021 йил 3 ноябрдаги ажрими билан жиноят ишлари бўйича Фарғона вилоят суди апелляция инстанциясининг 2021 йил 18 майдаги ажрими бекор қилиниб, иш янгидан апелляция инстанцияси судида кўриш учун юборилган.
Фарғона вилоят суди жиноят ишлари бўйича апелляция инстанциясининг 2022 йил 9 февралдаги ажрими билан суд ҳукми ўзгаришсиз қолдирилган.
Мазкур ҳукм билан А.Кадыров ҳам судланган бўлиб, ишнинг унга оид қисми муҳокама қилинмайди.
Суднинг ҳукмига кўра, У.Шамсутдинова “Ўзбекистон Металлургия Комбинати” АЖ “Иккиламчиқораметаллар” бошқармаси “Фарғона иккиламчи қора металлар” филиалида 2019 йил 4 январдан
5 декабргача бош ҳисобчи лавозимида ишлаб, “Фарғона иккиламчи қора металлар” Қўқон бўлими раҳбари А.Кадыров ва қисми тугатилган Ж.Шакиров, М.Содиқовлар билан бир гуруҳ бўлиб, филиал пул маблағларини ўтказмаси учун “Ўзсаноатқурилишбанк” АТБ Қўқон филиали томонидан тақдим этилган “Банк мижоз” ҳамда ўзининг уяли алоқа воситасига ўрнатилган “Мобил-банкинг” дастурларидан фойдаланиб, “Фарғона иккиламчи қора металлар” филиали билан "COOL ONE" масъулияти чекланган жамият ўртасида 2019 йил 15 апрелда
113-сонли рўйҳатдан ўтмаган, сохта шартномаларни тузишга эришиб, филиал собиқ раҳбари Р.Рахимов имзосини сохталаштириб, 2019 йил
1 майда ушбу шартнома асосида "COOL ONE" МЧЖга 105.235.000 сўм ўтказиб, бундан ташқари 2019 йил 29 мартда “AYOL SAVDOGARI” МЧЖ билан 108-сонли сохта шартнома тузиб, филиал собиқ раҳбари А.Эралиевнинг имзосини сохталаштириб, сохта ҳужжатдан фойдаланиб, 2019 йил 2 майда 1452-сонли тўлов топшириқномасига асосан филиал ҳисоб рақамидан “Банк-Мижоз” дастури ўрнатилган Ноутбук орқали “AYOL SAVDOGARI” МЧЖ ҳисоб рақамига 96.586.400 сўм ўтказиб, 2019 йил 4 октябрда Сирдарё вилояти, Гулистон шаҳридан рўйхатдан ўтган “INKASS” МЧЖ билан филиал ўртасида шартнома мавжуд бўлмаса-да, 291-сонли тўлов топшириқномасига сохта маълумотлар киритиб, аслида топширилмаган металлни топширилганлигини кўрсатиб, 45.400.000 сўм ўтказиб, 2019 йил 15 октябрда Тошкент вилояти, Оққўрғон туманида рўйхатдан ўтган “EFFORT LINE” масъулияти чекланган жамиятига филиал билан шартнома мавжуд бўлмаса-да, 1589-сонли тўлов топшириқномасига сохта маълумотлар киритиб, 49.300.000 сўм, 2019 йил 22 октябрда 1664-сонли тўлов топшириқномасига асосан 11.000.000 сўмни “Мобил-Банкинг” дастурлари орқали ўтказиб, компьютер техникасидан фойдаланиб, “Фарғона иккиламчи қора металлар” филиалининг жуда кўп миқдордаги жами 310.525.000 сўм маблағларини ўзлаштириш йўли билан талон-торож қилганликда;
У.Шамсутдинова 2019 йил 22 октябрдан 28 октябргача хизмат сафарида бўлган вақтда унинг вазифасини вақтинча бажариш филиал раҳбари буйруғи асосида ҳисобчи О.Тоштемировга юклатилганлигидан фойдаланиб, гўёки пул ўтказмаларини у ўтказмаганлиги, бошқа шахс томонидан содир этилганлигини кўрсатиш орқали содир этган жиноятларини яшириш мақсадида, илгари “Ўзсаноатқурилишбанк” АТБ Қўқон филиали томонидан унга тегишли уяли алоқа воситасига ўрнатиб олинган “Мобил-Банкинг” дастуридан фойдаланиб, “GALMEX” масъулияти чекланган жамияти ўртасида шартнома бўлмаса-да
2019 йил 24 октябрда 768-сонли тўлов топшириқномасига асосан
3.000.000 сўмни ўтказиб, филиалнинг пул маблағларини растрата қилганликда;
У.Шамсутдинова содир этган жиноятини яшириш мақсадида,
2019 йил октябрь ойида “Узметкомбинат” АЖ “Иккиламчиқора-металлар” бошқармаси “Фарғона иккиламчи қора металлар” филиалидан ҳақдор бўлган “Black Metallum” МЧЖ раҳбари Э.Хасановни жиноий шериги А.Кадыров ёрдамида топиб, гўёки “Effort Line” МЧЖ ҳамда “Inkass” МЧЖларга филиал томонидан асоссиз ўтказилган пуллари қонуний эканлигини кўрсатиш мақсадида, филиал раҳбари томонидан имзоламаган ва рўйхатга олинмаган 2019 йил 3 октябрдаги 3-сонли ҳамда 2019 йил 13 октябрдаги 4-сонли уч томонлама сохта шартномаларни тузишга эришиб, “Black Metallum” МЧЖнинг филиалига топширилган металл учун бўлган ҳақдорлиги “Effort Line” ҳамда “Inkass” МЧЖларга ўтказиб берилиши кўрсатилган сохта шартномаларни филиал “1с” дастурига киритиб, такроран мансаб сохтакорлигига йўл қўйганликда айбли деб топилган.
Судланган У.Шамсутдинова шикоятида, асоссиз судлангани ҳақида важлар келтириб, унга нисбатан чиқарилган суд қарорларининг унга оид қисмини бекор қилиб, ЖПКнинг 83-моддасига асосан оқлашни сўраган.
Кассация инстанцияси суди, иш бўйича Олий суд судьяси О.Арабовнинг маърузасини, прокурор С.Юлдашевнинг суд қарорларини ўзгаришсиз, шикоятни қаноатлантирмасдан қолдириш ҳақидаги, судланган У.Шамсутдинова ҳамда унинг адвокати О.Атаджановнинг шикоятни қувватлашиб, уни қаноатлантириш ҳақидаги фикрларини тинглаб, жиноят ишидаги ҳужжатларни таҳлил қилиб, қуйидагиларга кўра апелляция инстанциясининг ажримини бекор қилиб, жиноят ишини янгидан шу инстанцияда кўриш учун юборишни лозим топди.
Ўзбекистон Республикаси ЖПКнинг 22-моддасида, суд жиноят
юз берганлиги, унинг содир этилишида ким айбдорлиги, шунингдек
у билан боғлиқ барча ҳолатларни аниқлаши шартлиги, иш бўйича исботланиши лозим бўлган барча ҳолатлар синчковлик билан, ҳар томонлама, тўла ва холисона текшириб чиқилиши, ишда юзага келадиган ҳар қандай масалани ҳал қилишда судланувчини ҳам фош қиладиган, ҳам оқлайдиган, шунингдек унинг жавобгарлигини ҳам енгиллаштирадиган, ҳам оғирлаштирадиган ҳолатлар аниқланиши
ва ҳисобга олиниши лозимлиги;
463-моддасида, айблов ҳукми тахминларга асосланган бўлиши мумкин эмаслиги ва фақат судланувчининг жиноят содир этишда айбли эканлиги суд муҳокамаси давомида исбот қилинган тақдирдагина чиқарилиши, айблов ҳукмига жиноят содир этилишининг иш бўйича барча мумкин бўлган ҳолатларини текшириш, иш материалларида маълум бўлиб қолган барча кам-кўстни тўлдириш, юзага келган ҳамма шубҳа ва қарама-қаршиликларга барҳам бериш натижасида йиғилган ишончли далилларгина асос қилиб олиниши лозимлиги белгиланган.
Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2014 йил
23 майдаги “Суд ҳукми тўғрисида”ги Қарорининг 4-бандида, иш бўйича ҳукм иш материалларида маълум бўлиб қолган барча камчиликлар тўлдирилгандан кейингина чиқарилиши мумкинлиги, иш бўйича исботланиши лозим бўлган барча ҳолатлар синчковлик билан, ҳар томонлама, тўла ва холисона текшириб чиқилиши кераклиги, судланувчини жиноятни содир қилганлигини ҳам фош қиладиган, ҳам оқлайдиган ҳар бир далил, ЖПКнинг 95-моддасига мувофиқ ишга алоқадорлиги, мақбуллиги ва ишончлилиги нуқтаи назаридан баҳоланиши лозимлиги, судланувчининг айбдорлиги (айбсизлиги) тўғрисидаги суднинг хулосаларига зид бўлган далиллар ҳукмда нафақат кўрсатилиши балки, суд томонидан нима учун улар ишончсиз деб топилганлиги ва рад этилганлиги сабаблари асослантирилган бўлиши лозимлиги, ҳукмда судланувчининг жиноий ҳаракатларини ҳам фош қиладиган, ҳам оқлайдиган далилларга асосланганда, суд уларнинг мазмунини ёритиши ва тегишли баҳо бериши лозимлиги ҳақида тушунтириш берилган.
Бироқ, иш бўйича қайд этилган Қонун талаблари ва Олий суд Пленуми тушунтиришига риоя қилинмаган.
Судда У.Шамсутдинова томонидан келтирилган важлар тўлиқ текширилмаган.
Апелляция инстанцияси судида У.Шамсутдинованинг айби, ҳужжатли тафтиш далолатномаси ҳамда уларга илова қилинган ҳужжатлар билан, шу иш бўйича судланган У.Шамсутдинова, гувоҳлар Ж.Шакиров, Э.Хасанов ва бошқаларнинг судда кўрсатувлари билан исботланган деган фикр билан чегараланиб, аниқланиши лозим бўлган бошқа ҳолатларни эътибордан четда қолдирган.
Хусусан, У.Шамсутдинова биринчи инстанцияси судида, айбига иқрор бўлмасдан, “Ўзбекистон Металлургия комбинати” АЖ “Иккиламчиқораметаллар” бошқармаси “Фарғона иккиламчи қора метал” филиалида бош ҳисобчиси лавозимида ишлаб келгани, хизмат вазифаларига филиалнинг молия ва статистик ҳисоботларини тайёрлаш, уларни топшириш, пул маблағларини банкдан ўтказишгача бўлган жараёнда ҳужжатларини тайёрлаш ҳамда лавозим йўриқномада кўрсатилган бошқа шу каби вазифалар кириши, “Ўзбекистон Металлургия комбинати” АЖ “Иккиламчиқораметаллар” бошқармаси “Фарғона иккиламчи қора метал” филиалининг ҳисоб рақами “Узсаноатқурилишбанк”нинг Қўқон филиалида очилгани, филиал ҳисоб рақами орқали амалга оширадиган барча операцияларни “Узсаноаткурилишбанк” томонидан берилган электрон “ключ” орқали Ноутбукка ўрнатилган “Банк мижози” дастури асосида раҳбарнинг топшириғи асосида ўтказиб келгани, “Фарғона иккиламчи қора металл” филиалининг собиқ раҳбари А.Эралиев 2019 йил февраль ойида бошқа ишга ўтиб кетган бўлсада филиални норасмий равишда ўзи бошқариб келгани, 2019 йилни апрель ойи охирида филиалнинг собиқ раҳбари А.Эралиев унга филиалнинг Қўқон бўлимидан тақдим қилинган ҳужжатларга асосан зудлик билан пул маблағларини ўтказиб юбориши ҳақида топшириқ бергани, унинг топшириғи асосида филиалнинг Қўқон участкаси бошлиғи А.Кадировга телефон қилиб, металлом топширган корхоналарни ҳужжатларини унга тақдим қилишни сўраганида, А.Кадиров унга “опа, фирмаларни ҳужжатини жўнатдим, пулни ўтказиб юборинг, юк хатларини чиқариб юбораман, барчаси қонуний” деб айтгани сабабли уни гапига ишониб, банк томонидан берилган “ключ" орқали ноутбукка ўрнатнлган “Банк мижоз” дастуридан фойдаланиб “COOL ONE” МЧЖни ҳисоб рақамига 01.05.2019 йилда 105.235.000 сўм, 02.05.2019 йилда “АYOL SAVDOGARl” МЧЖнинг ҳисоб рақамига 96.586.400 сўм пул маблағларини ўтказиб юборгани, ушбу пулларни ўтказиш уни хизмат вазифасига кирмаслиги, пул маблағларини ўтказиш ишончнома асосида филиал раҳбарига берилгани, 2019 йилни май ойи бошида ишончнома филиалнинг собиқ раҳбари А.Эрапиевни номида бўлгани, шу сабабли уни топшириғини бажаргани, ўтказилган пул маблағларидан манфаатдор бўлмагани, 2019 йилни июль ойида меҳнат таътилига чиққани сабабли уни хизмат вазифаларини филиалнинг товар-моддий бойликлари бўйича ҳисобчиси О.Тоштемировга юклатилгани, уни жавобгарлигидаги барча ҳужжатлар қатори банк томонидан берилган электон “ключ”ни ҳам унга топшириб кетгани, маҳнат таътилидан келганидан сўнг “ключ”ни Олим акадан қайтариб олмагани, юқори турувчи ташкилотининг топшириғига асосан барча шартномаларни “1C” дастурига киритишни бошлагани, ундан ташқари бошқа ходимлар ҳам шартномаларни ушбу дастурга киритишга жалб қилингани, текшириш жараёнида аниқланган “INKASS” МЧЖнинг ҳисоб рақамига 04.10.2019 йил 45.400.000 сўм “EFFORT LINE” МЧЖга 15.10.2019 йил 49.300.000 сўм ва 22.10.2019 йил 11.000.000 сўм пул маблағларини шарнома бўлмасада асоссиз равишда филиа ҳисоб рақамидан ўтказилгани аниқлангани, ушбу пул маблағларини ўтказилган вақтда “ключ” ҳисобчи Олим акада бўлгани сабабли ким ўтказганидан хабари бўлмагани, 2019 йил 13 октябрь куни “Black Metallum” МЧЖ билан “Effort Line” МЧЖ ўртасида тузилган 3 томонлама шартнома ва 2019 йил 02 окгябрь куни “Black Metallum” МЧЖ билан “Inkass” МЧЖ ўртасида 3 томонлама шартнома тузилганлигидан ҳам хабари йўқлиги, филиал раҳбари Х.Бойкўзиев уни хонасига чақиртириб, “Effort Line” МЧЖ ҳамда “Inkass” МЧЖларга нима шартнома тузилиб, метал топширмаган бўлсада нима сабабдан пул ўтказиб юборилганини сўраганида, унга шартномалар бор, бўлса керак кўриб чиқаман деб уни олдидан чиқиб, шартномапарни топишга харакат қилганлиги, лекин топа олмагани, шу шартномаларни аслини меҳнат таътилидан ишга келган вақтида иш столини устида кўриб, филиал раҳбари Х.Бойкўзиевга олиб кириб бергани, иш столини устига ким қўйиб кетганлигини билмаслиги, текшириш жараёнида филиалга етказилган зарарни қоплаш мақсадида А.Кадировга 40.000.000 сўмни берганида, А.Кадиров 7.500.000 сўмини зарарни қоплаш мақсадида тўлаб, қолган 32.500.000 сўмини ўзлаштириб олиб, унга қўнғироқ қилиб, пулни тўлиқ тўлагани ҳақида ёлғон гапиргани, А.Кадировдан қарзи бўлмаганини “AYOL SAVDOGARI” МЧЖга ўтказиб юборилган 96.400.000 сўм ва “COOL ONE” МЧЖга ўтказиб юборилган 105.235.000 сўмни А.Кадировни ўзи нақдлаштириб олгани, у ушбу пуллардан манфаатдор бўлмагани, илгари ишлатган телефои аппарати сувга тушиб кетиб, яроқсиз ҳолга келганлиги сабабли кредит асосида бошқа телефон аппарати сотиб олгани, 11.01.2019 йилдаги 37-сонли “Мобил-Банкинг” дастурини ўрнатиш юзасидан 6 “Ўзсаноатқурилишбанк” Қўқон филиали ходими А.Носировга ва бошқа ходимларига “мобил-банкинг” дастурини ўрнатиш юзасидан мурожаат қилмагани ва шахсан ушбу дастурдан умуман фойдаланмагани, АТБ “Ўзсаноатқурилишбанк” Қўқон филиали томонидан “Мобил Банкинг” дастуридан 354652401545790 ИМЕИ коди уни номига расмийлаштирилгани ҳақида маълумот берган бўлсада 354652401545790 ИМЕИ коди унга тегишли эмаслиги, текшириш жараёнида шартнома бўлмасада ўтказиб юборилган пул маблағларини филиал раҳбари Х.Бойқўзиев ҳисобчи Олим ака ва уни атрофидаги ходимлари унга нисбатан туҳмат қилишиб, ўрнини эгаллаш мақсадида, шу ишларни уюштиришгани, собиқ раҳбари А.Эралиевни топшириғи асосида ўзи томонидан “Банк мижоз” дастуридан фойдаланиб “AYOL SAVDOGARI” МЧЖга 96.400.000 сўм ва “COOL ONE” МЧЖга 105.235.000 сўмни тергов жараёнида ушбу МЧЖлар филални ҳисоб рақамига қайтариб тўлаб беришгани, 2019 йилни октябрь ойида метал топширмаган “INKASS” ва “EFFORT LINE” МЧЖга ўтказилган пул маблағларидан уни хабари бўлмагани сабабли ўзини айбсиз деб ҳисоблаши, аёл киши экани, оилавий шароитини инобатга олиб, ўзига нисбатан оқлов ҳукми чиқаришни сўраган.
Юқорида келтирилган важлар суд томонидан тўлиқ текширилмаган.
Шунингдек, У.Шамсутдинова томонидан айнан қайси ҳужжатлар сохталаштирилгани иш ҳужжатлари билан тасдиқланганлигига баҳо берилмаган, шунингдек иш бўйича исботланиши лозим бўлган бошқа барча ҳолатлар синчковлик билан, ҳар томонлама, тўла ва холисона текшириб чиқилиши таъминланмаган.
Ўзбекистон Республикаси ЖК 8-бўлимида, мансабдор
шахс - доимий, вақтинча ёки махсус ваколат бўйича тайинланадиган ёки сайланадиган, ҳокимият вакили вазифаларини бажарадиган ёхуд давлат органларида, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларида, мулк шаклидан қатъи назар, корхоналарда, муассасаларда, ташкилотларда ташкилий-бошқарув, маъмурий-хўжалик вазифаларини амалга оширадиган ва юридик аҳамиятга эга ҳаракатларни содир этишга ваколат берилган шахс, худди шунингдек халқаро ташкилотда ёхуд чет давлатнинг қонун чиқарувчи, ижро этувчи, маъмурий ёки суд органида мазкур вазифаларни амалга оширувчи шахс ҳисобланиши белгиланган.
У.Шамсутдинова “Ўзбекистон Металлургия Комбинати” АЖ “Иккилимчи қора металлар” бошқармаси “Фарғона иккиламчи қора металлар” филиалибош ҳисобчиси лавозимида ишлаган вақтида мансабдор шахс ҳисобланиши ёки ҳисобланмаслиги ҳам судда текширилмаган.
Суд қарорларида У.Шамсутдинова мансаб сохтакорлиги жинояти оқибатида давлат ёки жамоат манфаатларига қандай кўринишда жиддий зарар етказилганлиги кўрсатилмаган.
Юқорида келтирилган важлар апелляция инстанцияси томонидан тўлиқ текширилмаган ва атрофлича баҳо берилмаган.
Апелляция инстанцияси суди қонун билан юклатилган ваколатлардан фойдаланиб, биринчи инстанция томонидан йўл қўйилган камчиликлар, иш ҳолатларига ойдинлик киритиш жараёнида юзага келган юқоридаги қарама-қаршиликларни бартараф этиш чораларини кўрмасдан, иш учун муҳим аҳамиятга эга бўлиши мумкин бўлган ҳолатларни аниқламасдан, суд ҳукмини ўзгаришсиз қолдириб барвақт хулосага келган.
Бундай ҳолатда, апелляция инстанциясининг ажримини қонуний ва асосли деб бўлмайди.
Шу сабабли судлов ҳайъати, келтирилган шикоятни қисман қаноатлантириб, иш бўйича чиқарилган апелляция инстанциясининг ажримини бекор қилиб, ишни янгидан апелляция инстанциясида кўриш учун юборишни лозим деб топди.
Иш янгидан кўрилишида, иш бўйича исботланиши лозим бўлган барча ҳолатлар хусусан, ҳимоячи ва судланувчининг важлари синчковлик билан, ҳар томонлама, тўла ва холисона текшириб чиқилиши, ишда мавжуд бўлган камчилик, қарама-қаршилик
ва ноаниқликлар қўшимча гувоҳларни сўроқ қилиш ва юзлаштириш ўтказиш йўли билан бартараф этиб, шундан сўнг иш бўйича қонуний тўхтамга келиниши лозим.
Ўзбекистон Республикаси ЖПКнинг 498, 5099-50910-моддалари тартибида судлов ҳайъати

а ж р и м қ и л д и:


Шамсутдинова Умида Музаффаровнага нисбатан чиқарилган Фарғона вилоят суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати апелляция инстанциясининг 2022 йил 9 февралдаги ажрими бекор қилинсин.


Жиноят иши янгидан апелляция тартибида кўриб чиқиш учун юборилсин.
Шикоят қисман қаноатлантирилсин.

Раислик қилувчи:

Ҳайъат судьялари:

имзо

имзо

имзо


О.Арабов

А.Утаев



Ш.Шеркулов



Ажрим аслига тўғри, судья О.Арабов
Download 36.51 Kb.

Do'stlaringiz bilan baham:




Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling