Жиноят иши рақами №1-1102-2202/21


Download 33.53 Kb.
Sana19.02.2023
Hajmi33.53 Kb.
#1214501
Bog'liq
13-1608-22 Хадиев168м3 (қолдирилган)

Жиноят иши рақами № 1-1102-2202/21


Маърузачи судья – О.Арабов

Биринчи инстанцияда ишни кўришда раислик қилган судья – Ф.Закиров

Апелляция инстанциясида маърузачи бўлган судья – Х.Рахмонов

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ОЛИЙ СУДИ

ЖИНОЯТ ИШЛАРИ БЎЙИЧА СУДЛОВ ҲАЙЪАТИ
КАССАЦИЯ ИНСТАНЦИЯСИНИНГ

А Ж Р И М И


2022 йил июль ойининг 14 куни, Ўзбекистон Республикаси Олий суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати кассация инстанциясининг очиқ суд мажлисида,


раислик қилувчи судья: О.Арабов,
ҳайъат судьялари: Ш.Шеркулов ва А.Утаевдан иборат таркибда, С.Эрназаровнинг котиблигида, Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси бошқарма прокурори С.Юлдашев, судланган М.Хадиевнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилувчи адвокат А.Қаюмовнинг иштирокида, М.Хадиевга оид жиноят ишини судланган М.Хадиев томонидан келтирилган шикоят асосида кўриб чиқиб, қуйидагиларни

а н и қ л а д и :


Жиноят ишлари бўйича Бекобод шаҳар судининг 2022 йил


14 февралдаги ҳукмига кўра,
1987 йил 31 май куни Сирдарё вилояти Ховос туманида туғилган, миллати ўзбек, Ўзбекистон Республикаси фуқароси, маълумоти ўрта, ишсиз, оилали, беш нафар фарзанди бор, муқаддам судланмаган, Сирдарё вилояти Ширин шаҳри, “М.Улуғбек” кўчаси 3-блок, 20-уй,
26-хонадонда яшаган, иш бўйича “қамоқ олиш” тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган Хадиев Мухаммаджон Турсунбоевич,
Ўзбекистон Республикаси ЖК 168-моддаси 3-қисмининг “а,б” бандлари билан ЖК 57-моддасини қўллаб, 3 йил 6 ой, ЖКнинг 62-моддаси тартибида 3 йил 4 ой 10 кун муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланган.
М.Хадиевдан жабрланувчи Ф.Кобилова фойдасига 130.327.680 сўм ундириш;
- ҳукм қонуний кучга киргандан сўнг зарарни қоплаш мақсадида Судлар фаолиятини таъминлаш департаменти Тошкент вилояти ҳудудий бўлими ҳисоб рақамига тўланган 124.000.000 сўм пул маблағини Ф.Қобиловага етказилган моддий зарарни қоплашга қаратиш бегиланиб, ҳукм қонуний кучга киргач 3 ой муддат ичида етказилган зарарни қоплаш мажбурияти юклатилган.
Тошкент вилоят суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати апелляция инстанциясининг 2022 йил 28 мартдаги ажрими билан ҳукм ўзгаришсиз қолдирилган.
Суднинг ҳукмига кўра, М.Хадиев 2020 йилнинг тахминан 10-12 август кунлари таниши фуқаро Ф.Кобилованинг ишончига кириб, уни алдаб, унга Тожикистон Республикаси фуқароси эканлиги сабабли унга автомашина сотилмаслиги, шу сабабли Бекобод шаҳридаги “Бекобод автосавдо” МЧЖдан Нексия-3 русумли автомашинани ўзини номига расмийлаштириб олиб беришини айтган. Натижада Ф.А.Кобилова унинг сўзларига ишониб, Бекобод шаҳри, Буюк ипак йўли кўчасидаги “Бекобод автосавдо” МЧЖ биноси ёнида 10.000 АҚШ долларини (Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг расмий сайтига (www.cbu.uz) кўра 2020 йил 11 август ҳолатига 1 АҚШ долларининг сўмга нисбатан қиймати 10.231,71 сўм белгилангани сабабли 10.000 АҚШ доллари 102.317.100 сўмни ташкил этган) М.Хадиевга берган. Шундан сўнг М.Т.Хадиев “Бекобод автосавдо” МЧЖ биносига кириб, акция асосида кредитга берилиши назарда тутилган 1-206-2020-13351XF сонли кредит шартномасини тузилишига эришиб, МЧЖ ҳисоб рақамига автомашина учун бошланғич тўлов хисобланган 53.214.500 сўм ўтказиб, 2021 йилнинг 17 август куни М.Т.Хадиев фуқаро Ф.А.Кобилова билан “Бекобод автосавдо” МЧЖдан Нексия-3 русумли, двигатель рақами 12202127GRWX0451, кузов рақами XWBTA69V1LA111601 бўлган автомашинани олиб кетишган. Кейинчалик М.Т.Хадиев ушбу автомашина бошқа шахсларга сотиб пулларини ўз эҳтиёжларига сарфлаб юборган.
Бундан ташқари, М.Хадиев ўзининг жиноий харакатларини давом эттириб, 2020 йилнинг ноябрь ойида ўзганинг мулкини такроран фирибгарлик йўли билан қўлга киритиш мақсадида, Кобилова Фотима Абдужалиловнанинг ишончига кириб, 300 АҚШ доллари эвазига уни ва фарзандларини Саудия Арабистонига Умра зиёратига юборишини айтиб, Сирдарё вилояти Гулистон шаҳридаги масжид ёнида Ф.А.Кобиловадан 300 АҚШ доллари (Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг расмий сайтига (www.cbu.uz) кўра 2020 йил 1 ноябрь куни ҳолатига 1 АҚШ долларининг сўмга нисбатан қиймати 10.359,88 сўм белгилангани сабабли 300 АҚШ доллари 3.107.964 сўмни ташкил этган) олиб, Ф.А.Кобиловага Умра зиёрати учун ёд олиниши керак бўлган дуолар ёзилган китобчалар, DVD диск, ва журнал бериб, ушбу дуоларни ёдлашни таклиф қилган. Лекин М.Т.Хадиев фуқаро Ф.А.Кобиловадан олган 300 АҚШ долларини Умра зиёрати учун тўловларга тўламасдан ўзининг эхтиёжлари учун ишлатиб юборган.
Бундан ташқари, М.Хадиев ўзининг жиноий харакатларини давом эттириб, 2021 йилнинг апрель ойида ўзганинг мулкини такроран фирибгарлик йўли билан қўлга киритиш мақсадида, фуқаро Кобилова Фотима Абдужалиловна яшовчи Сирдарё вилояти Ширин шаҳри, М.Улуғбек кўчаси 3-блок, 7-уй, 18-хонадонга келиб, онаси Хадиева Курбоной тирик бўлсада, вафот этганлигини Ф.А.Кобиловага айтиб алдаб, унга “марҳума”га тегишли деб бир дона аёллар кўйлаги, бир дона рўмол ва жойнамозни ишонтириш мақсадида тақдим қилиб, онасини дафн маросимини ўтказишлик учун 200 АҚШ доллари миқдорида пул бериб туришликни сўраган. Натижада М.Т.Хадиев Ф.А.Кобиловадан 200 АҚШ долларини (Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг расмий сайтига (www.cbu.uz) кўра 2020 йил 1 апрель куни ҳолатига 1 АҚШ долларининг сўмга нисбатан қиймати 10.485,66 сўм белгилангани сабабли 200 АҚШ доллари 2.097.132 сўмни ташкил этган) қўлга киритиб, ушбу пулларни ўзининг эхтиёжлари учун сарфлаб юборган.
Бундан ташқари, М.Хадиев ўзининг жиноий харакатларини давом эттириб, 2021 йилнинг май ойининг бошларида ўзганинг мулкини такроран фирибгарлик йўли билан қўлга киритиш мақсадида, Ф.Кобиловага қўнғироқ қилиб, қизини талоғини олиб ташлашгани, у кома ҳолатига тушиб қолгани, қизига қон қуйиш учун донор топгани, донорга бериш учун 200 АҚШ доллари кераклигини айтиб, Ф.Кобилованинг ишончига кирган. Натижада М.Хадиев Бекобод шаҳар дехқон бозорида Ф.А.Кобилова билан учрашиб, ундан 200 АҚШ долларини (Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг расмий сайтига (www.cbu.uz) кўра 2020 йил 1 май куни ҳолатига 1 АҚШ долларининг сўмга нисбатан қиймати 10.509,11 сўм белгилангани сабабли 200 АҚШ доллари 2.101.822 сўмни ташкил этган) қўлга киритишга эришиб, пулларни ўзининг эхтиёжлари учун сарфлаб юборган.
Бундан ташқари, М.Хадиев ўзининг жиноий харакатларини давом эттириб, 2021 йилнинг май ойининг бошларида ўзганинг мулкини такроран фирибгарлик йўли билан қўлга киритиш мақсадида, акаси Ширин шаҳрига прокурор бўлганлигини Ф.Кобиловага айтиб, уни алдаб, акасини хонасига монитор совға қилишлик учун пул кераклигини айтиб, ишончига кирган. Натижада Сирдарё вилояти Ширин шаҳар М.Улуғбек кўчаси 3-блок, 7-уй, 18-хонадонда Ф.Кобиловадан 300 АҚШ долларини (Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг расмий сайтига (www.cbu.uz) кўра 2020 йил 1 май куни ҳолатига 1 АҚШ долларининг сўмга нисбатан қиймати 10.509,11 сўм белгилангани сабабли 300 АҚШ доллари 3.152.733 сўмни ташкил этган) қўлга киритишга эришиб, ушбу пулларни ўзини эхтиёжлари учун сарфлаб юборган.
Бундан ташқари, М.Хадиев ўзининг жиноий харакатларини давом эттириб, 2021 йилнинг тахминан 21 май кунлари ўзганинг мулкини такроран фирибгарлик йўли билан қўлга киритиш мақсадида, Ф.Кобиловани алдаб, қизи кома холатида ётгани сабабли тиббий аппаратга уланганини, тиббий аппаратдан узиб қўйишмоқчилигини, лекин у бу холатни кўра олмаслигини, шу сабабли БААнинг Дубай шаҳрига кетмоқчилигини айтиб, шу учун 1000 АҚШ доллари беришни сўраб, ишончига кирган. Натижада Ф.Кобиловадан 1000 АҚШ долларини (Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг расмий сайтига (www.cbu.uz) кўра 2020 йил 21 май куни ҳолатига 1 АҚШ долларининг сўмга нисбатан қиймати 10.597,75 сўм белгилангани сабабли 1000 АҚШ доллари 10.597.750 сўмни ташкил этган) қўлга киритишга эришиб, пулларни ўзининг эхтиёжлари учун ишлатиб юборган.
Судланган М.Хадиев шикоятида, асоссиз судланганлиги, жиноят ишида уни айбини тасдиқловчи далиллар мавжуд эмаслиги ҳақида важлар келтириб, суд қарорларини бекор қилиб, адолатни тиклашни сўраган.
Судлов ҳайъати, иш бўйича Олий суд судьяси О.Арабовнинг маърузасини, прокурор С.Юлдашевнинг суд қарорларини ўзгаришсиз, келтирилган шикоятни қаноатлантирмасдан қолдириш ҳақидаги, судланган М.Хадиев ва унинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилувчи адвокат А.Қаюмовнинг шикоятни қувватлаб, уни қаноатлантириш ҳақидаги фикрларини тинглаб, жиноят иши материалларини таҳлил қилиб, қуйидаги асосларга кўра, суд қарорларини ўзгаришсиз, шикоятни қаноатлантирмасдан қолдиришни лозим топди.
Суд, содир этилган жиноят тафсилотларини тўғри аниқланиб, судланган М.Хадиевнинг эълон қилинган айбловга муносабатини ёритиб, ўзини ҳимоя қилиш учун келтирган важларига баҳо берган
ва судда текширилган далилларни судланувчини ҳам фош қиладиган, ҳам оқлайдиган, шунингдек унинг жавобгарлигини ҳам енгиллаштирадиган, ҳам оғирлаштирадиган ҳолатларни аниқланиш учун етарли деб ҳисоблаб, унинг ҳаракатлари фирибгарлик, яъни алдаш ва ишончни суиистеъмол қилиш йўли билан такроран, ўзганинг кўп миқдордаги мулкини қўлга киритишдаги айби тасдиқланганлиги тўғрисида асосли хулосага келган.
М.Хадиевнинг айби, гарчи у айбига иқрор бўлмасдан кўрсатув берган бўлса-да, иш бўйича апелляция инстанция судида сўроқ қилинган жабрланувчи Ф.Қобилованинг турмуш ўртоғи Б.Рўзибоев билан Россия давлатига бориб ишлаб келиши, ҳозирда турмуш ўртоғи Россия давлатида эканлиги, судланувчи М.Хадиев билан автомашина устахонасида танишиб қолгани, у унга автомашина олди-сотдиси билан шуғулланишини, унга салондан автомашина олиб беришни айтгани, кейин М.Хадиев ўзини номига Бекобод туманидаги автосалондан Нексия-3 автомашинасини олиб чиққани, чунки у фуқаролиги бўлмаган шахс бўлгани учун уни номига автомашина олиб бўлмаслигини айтгани, М.Хадиев ундан бир неча маротаба турли сабаблар билан пул олгани, пул берганлигини қўшнилари гувоҳи бўлгани, улар биринчи инстанция судида кўрсатув беришгани, автомашина олганида эса уйида худойи қилганини қўшнилари тасдиқлашгани, М.Хадиев билан шаърий никоҳ асосида яшамагани, чунки уни турмуш ўртоғи борлиги, шикоятга қўшилмаслиги, суддан етказилган зарарни ундириб беришни сўраши ҳақидаги;
биринчи инстанция судида сўралган гувоҳ Д.Шарапованинг 2020 йил тахминан 10 август ойини бошларида Ф.Қобилова бирга автосалонга бориб келишни сўраганини, ўша куни Ф.Кобилова билан М.Хадиевнинг автомашинасида Бекобод шаҳридаги Автасалонга боришгани, йўлда кетаётганида М.Хадиев Ф.Кобиловага Тожикистон фуқароси бўлгани учун номига автомашина чиқариб бўлмаслигини айтгани, автосалон олдида М.Хадиев уларни автомашинада қолдириб, автосалонга кириб кетгани, М.Хадиевга Ф.Кобилова 10.000 АҚШ долларини бергани, тахминан 40 дақиқалардан сўнг М.Хадиев Ф.Кобиловага 10 кунларда автомашинаси чиқишини айтгани, тахминан 10 кунлардан кейин Ф.Кобилова Нексия-3 русумли автомашинасини бошқариб келгани, шундан сўнг Ф.Кобилова Нексия-3 автомашинасини бошқариб юргани, Ф.Кобиловадан Нексия-3 русумли автомашинасини М.Хадиев ўзини номига расмийлаштириб олиб чиққанини айтгани, М.Хадиев Ф.Кобиловани автомашинасини олиб кетиб, қайтариб бермагани учун Ф.Кобилова билан М.Хадиевни уйига қидириб боришгани, М.Хадиевни қўшнилари уни Дубай давлатига кетганини айтишгани, Ф.Кобилова ёмон аҳволга тушиб қолгани ҳақидаги;
шунингдек, гувоҳлар О.Янгибоева, Х.Бабаев, С.Арабова, Ф.Отақўзиев, Р.Маматалиев, Р.Исламов, Л.Хошимов, ҳодиса жойини кўздан кечириш баённомаси ва унинг иловалари, Нексия-3 русумли, 2020 йил ишлаб чиқарилган, двигатель рақами 12202127GRWX0451, кузов рақами XWBTA69V1LA111601 бўлган автомашина 2020 йил 26 август куни М.Хадиев номига расмийлаштирилгани ҳақидаги Ўзбекистон Республикаси ИИВ Тезкор маълумотлар бошқармаси маълумотномаси, М.Хадиев чет элга чиқиб кетмаганлиги ҳақидаги Бекобод шаҳар ИИБ ТЭҚКГ тезкор вакили томонидан 2021 йил 4 июль куни берилган 25/28-2274 сонли маълумотномаси, нарсани олиш ва кўздан кечириш баённомалари, М.Хадиев қилмиш содир этилган вақтда руҳий ҳолати бузилмаган бўлгани, ўзининг ҳаракатларини бошқара олгани, экспертиза вақтида псевдоневротик шизофрения белгилари мавжудлиги, суд процессида иштирок эта олиши, тиббий йўсиндаги мажбурлов чоралари қўлланилишига эҳтиёж мавжуд эмаслиги ҳақидаги суд психиатрия экспертизасининг 2021 йил 23 декабрдаги 37-сонли хулосаси ҳамда жиноят ишида тўпланган ва суд қарорларида атрофлича муҳокама қилинган бошқа далиллар йиғиндиси билан исботланган деб ҳисоблайди.
Шикоятда келтирилган важлар апелляция инстанциясида ҳам атрофлича тўлиқ текширилган бўлиб, суд томонидан унинг бу важларни қаноатлантириш учун асослар мавжуд бўлмаганлиги сабабли қонун доирасида рад этилган.
ЖПКнинг 5099-моддасида, кассация инстанцияси, агар чиқарилган суд қарорлари моддий ва процессуал қонун талабларига мувофиқ эканлигини аниқласа, ҳукмни, ажримни ўзгаришсиз, шикоятни эса қаноатлантирмасдан қолдиришга ҳақли эканлиги қайд этилган.
Шу сабабли, судлов ҳайъати суд қарорини ўзгаришсиз, шикоятни қаноатлантирмасдан қолдиришни лозим топди.
Ўзбекистон Республикаси Жиноят-процессуал кодексининг
498, 5099-50910-моддаларига амал қилиб, судлов ҳайъати

а ж р и м қ и л д и:


Хадиев Мухаммаджон Турсунбоевичга нисбатан чиқарилган жиноят ишлари бўйича Бекобод шаҳар судининг 2022 йил


14 февралдаги ҳукми ҳамда Тошкент вилоят суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати апелляция инстанциясининг 2022 йил
28 мартдаги ажрими ўзгаришсиз, шикоят қаноатлантирилмасдан қолдирилсин.



Раислик қилувчи:

(имзо)

О.Арабов



ҳайъат судьялари:

(имзо)

Ш.Шеркулов




(имзо)


А.Утаев




Ажрим аслига тўғри, судья О.Арабов
Download 33.53 Kb.

Do'stlaringiz bilan baham:




Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling