Кайковус «Қобуснома«дан «Қобуснома»
Download 121.3 Kb.
|
КАЙКОВУС
- Bu sahifa navigatsiya:
- Шоирлик ҳақида
КАЙКОВУС «ҚОБУСНОМА«ДАН «ҚОБУСНОМА» — Шарқ ва Марказий Осиё халқлари орасида кенг тарқалган ахлоқий-таълимий асар, форс-тожик бадиий насрининг биринчи ва йирик ёдгорлиги (11-а.). Табаристон (Мозандарон) ҳукмдори Шамсу л-Маолий Қобуснинг набираси Унсуру л-Маолий (Кайковус,1021—98) томонидан форс тилида ёзилган (1082—83) ва «Насиҳатномаи Кайковус» деб аталган. «Қобуснома» шу асарнинг ўзбекча таржимасидир. Муаллиф асарни ўғли Гилоншоҳга бағишлаган. «Қобуснома» асосини Қуръони карим суралари, Муҳаммад (сав)нинг фаолияти ва кўрсатмаларини ифодаловчи ҳадислар, ҳикматли ҳикоятлар ташкил этади. Асар 44 бобдан иборат. Дастлабки 4 боби Ҳақни танимоқ, Пайғамбарларнинг хилқати (яратилиши), Аллоҳ неъматига шукур қилмоқ ҳақида бўлиб, қолган 40 боби ота-онани ҳурматлаш, илмий билимларни, санъатни эгаллаш, ҳарб, савдо, деҳқончилик ишлари ва ҳунарни ўрганиш, одоб-ахлоқ қоидаларига риоя этиш, фарзанд тарбияси, саховат ва жувонмардлик каби кўплаб масалаларни ўз ичига олади. Асарда ҳунар ва илм жамият тараққиётининг асосий омиллари деб қаралади. Одамлар 3 гуруҳга бўлиниб, уларнинг жамиятда тутган ўрни белгиланади; одамларнинг фазилатлари ҳам 3 гуруҳга бўлинади: ақллилик, ҳақгўйлик, жувонмардлик. Кайковус дунёдаги мавжудотни бир- бири билан боғлиқ ва муросасиз деб талқин қилади. У киши руҳиятини ҳам 2 гуруҳга бўлади: жисмоний сезгини модда, руҳий ҳиссиётни эса «жон» билан боғлайди ва буларнинг бирини моддий, иккинчисини руҳий ҳаёт маҳсули деб кўрсатади. Унинг фикрича, дунёдаги ҳамма нарсалар яралиши ва моҳият эътибори билан илоҳийдир. Зеро, инсон Аллоҳни танимоқ учун авваламбор ўзини билмоғи, яъни «созга қараб созандани танимоғи лозим», дейди. Бу каби масалалар китобда ихчам ҳикоятлар, ривоятлар, шеър ва латифалар, мақол ва ҳикматлар ёрдамида баён қилинади. «Қобуснома» бутун дунё шарқшуносларининг, Шарқ олимлари ва педагогларининг диққатини анчадан бери ўзига тортиб келади. Асар турк (1432, 1705), уйғур (1786-87), немис (1811), ўзбек (1860, Огаҳий томонидан), татар (1881), француз, рус (1886) ва бошқа кўплаб жаҳон тилларига таржима қилинган. Огаҳий таржимасининг 2 қўлёзма нусхаси Ўзбекистон ФА Шарқшунослик ин-тида, яна бир қўлёзма нусхаси Санкт- Петербургда Салтиков-Шчедрин номидаги Халқ кутубхонасида сақланади. «Қобуснома»нинг Субутой Долимов томонидан ҳозирги ўзбек тилига ўгирилган нусхаси Тошкентда жуда кўп марта нашр қилинган. Шоирлик ҳақидаЭй фарзанд, шоир бўлишни истасанг, ҳаракат қилки, сўзинг осон ва фойдали бўлсин, англашилмайдиган, қийин сўзларни ишлатмагил, ўзинггина билиб, бошқалар унинг шарҳига муҳтож бўлгудек сўзни айтмагил, чунки шеърни халқ учун ёзиш керак ва ўзи учун ёзмайди. Бир хил вазн ва қофияга қаноат қилмагил, санъатсиз, тартибсиз шеър айтмагил. Шеър зарб ва шаклда алъал1 бўлса, яъни вазни тўла бўлса, яхши бўлади. Шоирлик қоидасига кўра (шеър ёзишда) санъатдан ғофил бўлмагил. Масалан, шоирларнинг зарур усуллари шулар: мужонис (ўхшаш), музмар (яширин), мутобиқ (уйғун), мушокил (шаклдош), мулавван (бўялган), муташобиҳ (аллегорик), мукаррар (такрор), мувассал (уланган), мураддаф (радифли), мусаммат (шеърнинг бир бандидаги қофия ва бошқа мисралардаги қофиядан фарқ қилади), муқаттаъ (кесик), мусажжаъ (қофиядош), мутазод (қарама-қарши), мувашшаҳ (безатилган), мустаар (кўчма маъноли), мухаллаъ (бўртмоқ), мустахиёт (ўзгариш), муставий (равон), муздаваж (жуфт), муваана (параллел), зулқофиятайн ражаз мақлуб (қўш қофияли мақтов шеъри) ва шунга ўхшашлар.Аммо сўзнинг юксак (ва таъсирчан) бўлишини истасанг, киноя, истеҳзоли гапни (кўп) сўзлама, мумкин қадар истиораларни ишлатгил. Мадҳда истиорани ишлатгил. Агар ғазал ёзмоқчи бўлсанг осон, равон ва латиф сўзлар билан ёзғил ва машҳур қофиялар билан зийнатлагил, совуқ ва ёқимсиз қофияларни ишлатмагил, oшиқона ўз аҳволингни ва гўзал (ёқимли) сўзларингни қўлдан бермагил ва яхши масалларни ҳам қўлдан бермагил, шундай ёзсанг, юқори табақа ҳамда оддий халққа маълум бўлади ва сенинг шеъринг шуҳрат топади. Оғир вазнда ва арузда шеър ёзмагил, чунки аруз ва оғир вазн ёқимсиз қилиқли, совуқ (табиатли), латиф ва нозик маънилардан маҳрум бўлган одамлар учун яхшидир. Агар бирор киши шундай шеърни талаб қилса, ёзсанг бўлади. Аммо аруз, шоирлик, тахаллус илмини ўрганиш билан шеър (ёзишни) ўргангил. Агар шоирлар орасида мунозара бўлса, ё бир киши сен билан кашфиёт ҳақида баҳслашиб қолса ёки сени имтиҳон қилиб кўрса, енгилиб қолмагил, аруз доираларини5, уларнинг отларини, доиралардан пайдо бўладиган баҳрларнинг отларини билгил. Масалан, ҳазаж, рамал, ҳазажи макфуф, ҳазажи ахраб, ражази матвий, рамали мажнун ва мансуҳ, ҳафиф, музореи ахраб, муқтазаб, мутақориб, қариби ахраб, мансуҳи кабири басит, мадид, комил ва вофир. Буларнинг монандини ва бу баҳрларнинг барча аруз ва зарбларини билиб олгил. Мадҳия, ғазал ё ҳажв ёки марсия ёзмоқчи бўлсанг, сўзни мукаммал ишлатгил, сўзни нотамом ишлатмагил. Насрда ишлатилган сўзни назмда ишлатма, негаки наср — раият, назм подшо мартабасидадир. Агар бир нарса раиятга лойиқ бўлмаса, подшога ҳам лойиқ эмас. Download 121.3 Kb. Do'stlaringiz bilan baham: |
Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling
ma'muriyatiga murojaat qiling