Тор кўча ёки кўча – шаҳар (посёлка) ерининг турар жой ва ижтимоий иморатларнинг иккита фасад чизиғи ўртасида жойлашган ҳамда транспорт ва пиёдалар ҳаракати учун мўлжалланган қисми.
Квартал (даҳа) – шаҳар (посёлка) ерининг тор кўчалар (кўчалар), хиёбонлар ва шаҳар (посёлка) ерининг бошқа ҳудудлари билан чегараланган қисми.
Фасад чизиғи – кўчага (тор кўчага) ёки майдонга чиқадиган айрим участкаларнинг чегаралари, уйларнинг фасадлари, участкаларнинг олд томонидаги чегараларида жойлашган тўсиқлар ва уни ҳамма томондан чегараловчи бошқа иншоотлар билан ташкил бўлган чизиқ.
Участка – кварталнинг (даҳанинг) иморатлар солиш, кўчатлар экиш учун фойдаланиладиган ва тор кўчага (кўчага) нормал чиқиш таъминланган чекланган қисми.
Участкаларнинг чегаралари – айрим участкалар ўртасидаги бир участкани бошқасидан ажратувчи чизиқлар.
Чегарадошлик – участкаларнинг қўшни участкалар билан туташиш чизиғи.
Ер турлари (томорқа ичи) – участканинг полиз, боғ ёки бошқа экинларга мўлжалланган айрим қисмлари.
Боғ – участканинг мевали, гулли экинлар билан банд бўлган қисми.
Участканинг иморат солинган майдони – участкадаги барча иморатлар эгаллаган майдон. Чуқурликдаги (ер остидаги) иншоотлар устидаги, шунингдек кўп қаватли уйларнинг аркалари тагидаги майдон ҳам иморат солинган майдон ҳисобланади.
Хўжалик қўраси – томорқа ернинг хўжалик мақсадлари учун мўлжалланган қисми.
Участка тўсиғи – бир участкани бошқасидан чегараловчи деворлар, тўсиқлар, қозиқ деворлар ва ҳ.к. Улар фақат тегишли ҳуқуқ белгиловчи ҳужжатлар билан белгиланган чегараларда қўйилиши керак.
Асосий иморат – участканинг мақсад вазифасини белгиловчи иморат. Асосий иморат ўз вазифаси бўйича турар жой ва турар жой бўлмаган иморат (уй-жой, мактаб, касалхона, магазин ва бошқалар) бўлиши мумкин. Бир участкада турли мақсад вазифасидаги бир нечта асосий иморатлар жойлашиши мумкин. Бундай ҳолларда бош асосий иморат ажратиб олинади.
Do'stlaringiz bilan baham: |