169-модда. Давлат бюджетининг ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг ижроси тўғрисидаги ҳисоботларни кўриб чиқиш ҳамда тасдиқлаш
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси, Сенати Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тегишли ҳисобот даври учун тақдим этилган Давлат бюджетининг ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг ижроси тўғрисидаги ҳисоботни тегишинча Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасидаги сиёсий партиялар фракцияларида, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қўмиталарида муҳокама қилиш асосида кўриб чиқади.
Тегишли ҳисобот даври учун Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг ижроси тўғрисидаги ҳисобот Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасидаги сиёсий партиялар фракцияларида, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қўмиталарида кўриб чиқилганидан кейин тегишинча Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг мажлисларида кўриб чиқилади ҳамда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг, Сенатининг қарори билан тасдиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси биринчи даражали бюджет маблағларини тақсимловчиларнинг ва давлат мақсадли жамғармаларини тақсимловчи органларнинг ўзларига ажратилган бюджет маблағларидан ва бюджетдан ташқари маблағлардан самарали фойдаланилиши, шунингдек эришилган натижалар тўғрисидаги ҳисоботларини эшитиш ҳуқуқига эга.
Давлат бюджетининг ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг ижроси тўғрисидаги йиллик ҳисобот тегишинча Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг палаталари томонидан тасдиқланганидан кейин ҳисобот йили учун Давлат бюджетининг ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг ижроси тўғрисидаги ахборот Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг расмий веб-сайтига жойлаштирилади.
(169-модда Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 14 январдаги ЎРҚ-666-сонли Қонуни таҳририда — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 15.01.2021 й., 03/21/666/0032-сон)
Do'stlaringiz bilan baham: |