М. А.Ҳамроев она тилидан маърузалар
-§. Миллий (умумхалқ) тил, адабий тил ва шевалар
Download 1.58 Mb.
|
М. А. амроев она тилидан маърузалар
- Bu sahifa navigatsiya:
- Вульгаризмлар
6-§. Миллий (умумхалқ) тил, адабий тил ва шевалар
Қаерда яшашидан қатъи назар ўзбек миллатига мансуб барча одамлар томонидан ишлатиладиган тил миллий (умумхалқ) ўзбек тили деб юритилади. Миллий тил ўз таркибига шева, сўзлашув нутқи, жаргонлар, вульгаризм(сўкиш, қарғиш сўзлари), варваризм (тилда ўринсиз ишлатилган чет сўзлар) каби гуруҳ сўзларни қамраб олади. Миллий тилнинг маълум қоидаларга бўйсундирилган, муайян қолипга солинган, олимлар, санъаткорлар, мутахассислар томонидан ишлов берилган, доим силлиқлаштирилиб, мукаммаллаштирилиб бориладиган шакли адабий тил деб аталади. Адабий тил шу тилда гаплашувчиларнинг барчаси учун тушунарли бўлиши керак. Умуман, миллатнинг барча вакиллари учун тушунарли бўлиш зарурати адабий тилнинг яратилишига сабаб бўлган. Миллий ўзбек тилида шеваларнинг кўплиги адабий тилга бўлган эҳтиёжни юзага келтирган. Айрим тилларда (мисол учун, фин тилида) шевалар кам бўлгани учун адабий тилга эҳтиёж йўқ. Расмий ҳужжатлар, бадиий ва илмий адабиёт, вақтли матбуот адабий тилда яратилади, оммавий ахборот воситалари адабий тилда иш кўради. Адабий тилнинг оғзаки ва ёзма шакллари мавжуд. Шева бир миллатга мансуб бўлиб, лекин турли ҳудудларда яшайдиган одамлар томонидан ишлатиладиган миллий тил кўринишидир. Шева адабий тилдан фонетик (яъни товуш), лексик(яъни сўз) ва грамматик (яъни, қўшимчалар ва гап қурилиши) жиҳатдан фарқ қилади. Халқ шеваларининг фақат оғзаки шакли мавжуд. Шеваларнинг бир-бирига яқин бўлган гуруҳлари лаҳжа деб аталади (диалект сўзи шева ва лаҳжа тушунчаларини биргаликда ифодалайди.). Ўзбек миллий тили таркибида учта лаҳжа бор: 1. Қарлуқ лаҳжаси (жанубий-шарқий гуруҳ). 2. Қипчоқ лаҳжаси (жанубий-ғарбий гуруҳ). 3. Ўғуз лаҳжаси (шимолий-ғарбий гуруҳ). Қарлуқ лаҳжаси асосан шаҳар шеваларини ўз ичига олади (Тошкент, Андижон, Фарғона, Самарқанд, Бухоро, Қарши). Бу шеваларнинг муҳим фонетик ва морфологик белгилари қуйидагилар: 1) сўз охиридаги к товуши й тарзида айтилади: элак - элай, терак - терай 2) о лашиш юз беради: ака - ока, наҳор – ноҳор. 3) бу лаҳжада қаратқич келишигининг қўшимчаси йўқ бўлиб, унинг ўрнига ҳам тушум келишиги қўшимчаси -ни ишлатилади: укамни(нг) дафтари. Қипчоқ лаҳжаси шевалари Ўзбекистоннинг ҳамма вилоятларида мавжуд, улар асосан қишлоқларда тарқалган (Самарқанд, Жиззах, Сурхондарё, Қорақалпоғистон, Шимолий Хоразм вилоятлари, Туркманистоннинг Тошовуз вилояти шевалари). Белгилари қуйидагилар: 1) й ўрнида ж ишлатилади: йўл - жўл, йўқ - жўқ. 2) ғ ўрнида в ишлатилади: тоғ - тов, соғ - сов ва б. 3) к, қ туширилади: қури(қ), сари(қ). Ўғуз лаҳжаси Жанубий Хоразмдаги (Урганч, Хива, Хонқа, Ҳазорасп, Қўшкўпир, Шовот туманлари) бир қанча шеваларни ўз ичига олади. Белгилари: 1) унлилар қисқа ва чўзиқ айтилади: ат (ҳайвон), аад (исм). 2) т товуши д, к эса г тарзида айтилади: тоғ - доғ, келди - галди. 3) -нинг қўшимчаси –инг тарзида, -га қўшимчаси эса -а, -на тарзида айтилади: ёримга – ёрима, алина (қўлига). Ҳозирги ўзбек адабий тили учун қарлуқ лаҳжасига кирадиган Фарғона-Тошкент шевалари асос қилиб олинган. Олимларнинг фикрича, Тошкент шеваси фонетик жиҳатдан, Фарғона шеваси морфологик жиҳатдан адабий тилга асос бўлган.(10; 21) Умуман олганда, адабий тил барча шеваларга таянади. Шеваларнинг ўзига хос хусусиятлари адабий тилнинг таъсири билан аста-секин заифлашади ва йўқола боради. Сўзлашув тилидаги сўз ва грамматик шакллар барча шеваларда қўлланадиган, лекин адабий тилдан бошқача тарзда шаклланган бирликлардир: келса – кеса, бўлса – бўса, олиб кел – опкел. Вульгаризмлар тилда мавжуд бўлган сўкиш ва қарғиш сўзлардир: ҳароми, қизталоқ, ер юткур, оқпадар ва б. Варваризмлар тилда ўринсиз ишлатиладиган чет сўзлар: успет қилолмадим, папаша, мамаша, настроением яхши, значит, так, вау, есс ва б. Жаргонизмлар айрим гуруҳ кишилар томонидан ишлатиладиган яширин маъноли сўзлардир: муллажиринг, лой, соққа, қуруғи (барчаси пул маъносида). Download 1.58 Mb. Do'stlaringiz bilan baham: |
Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling
ma'muriyatiga murojaat qiling