1. Ёдгорликнинг номи
|
-
-
|
Кўҳна арк – Хива шаҳрининг қадимий қисми бўлиб, Ичон қалъадаги хон саройларидан биридир. Арк ҳудудида ҳозир фақат XIX асрга оид бир неча бино сақланиб қолган. Аркда хон ва амалдорларнинг уй-жойлари, давлат идоралари билан бир қаторда кўринишхона (саломхона, арзхона), зарбхона, ёзги ва қишги масжид, ҳарам, аслаҳахона, ўқ-дори тайёрланадиган устахона, омборхона, ошхона, отхона, зиндон ва қўчқор уруштирадиган махсус майдон ҳам бўлган.
Кўҳна арк атамаси шаҳарда 1832-1838 йилларда яна шундай бир сарой – Тошҳовли бунёд этилгач қўлланила бошланган. У қурилиши ва тузилишига кўра шаҳар ичидаги шаҳарни эслатади. Бир томони Ичон қалъа девори ва бошқа томонлари махсус деворлар билан ўраб олинган. Аркка фақат битта шарқий дарвозадан кирилади. Унинг ҳудуди 1 гектардан зиёдроқ майдонни эгаллаб, тўртбурчак шаклда (123х93 метр) қурилган, баланд қалин девор билан ўралган. Кўҳна арк катта-кичик тўртта ҳовлидан ташкил топган. Ҳовлилараро махсус йўлаклар бор, Арк дарвозаси буржлари тепасида гумбазли қафаса бўлган. Майда равоқчалар қатори ён томондаги қалъа деворига уланиб кетган. Ҳарам ва хонга қарашли уй-жойлар шимол томондаги ичкари ҳовлида жойлашган. Аркдаги бузилиб кетган хоналар ҳақида аниқ фикр юритиш қийин, лекин сақланган кўринишхона, ёзги ва қишги масжид, зарбхона ва ҳарам бинолари саройнинг ҳақиқий кўриниши ҳақида қисман тасаввур беради.
Кўҳна Аркка кираверишдаги майдон ҳарбий кўрик ўтказиладиган жой бўлган. Унинг ўртасида давлат жиноятчилари жазоланадиган “махсус жой” бўлган. Чоршанба, жума ва якшанба кунлари пешин номози ўқилгандан кейин жарчилар жар айтиб, арк девори ёнидаги зиндондан маҳбусларни олиб келиб, майдон ўртасида жазоланган. Олдин аркга кираверишда иккита мис тўплар турган. Кўҳна Аркнинг кириш дарвозаси XIX асрдан сақланиб қолган фотосурат ёрдамида 1972 йилда қайта тикланган.
Кўринишхона манбаларда арзхона ва саломхона сифатида тилга олинган. Кўринишхонанинг 2 устунли баланд ва ҳашаматли айвони алоҳида ажралиб туради. Айвонда расмий қабуллар ўтказилган, давлат ишлари ҳал этилган. Кўринишхона Арангхон томонидан 1686-1688 йилларда қурдирилган. Лекин 1740 йилда Эрон шоҳи Нодиршоҳ ҳужуми туфайли вайрон бўлган. Ҳозирги ҳолати Элтузархон даврда (1804-1806) қурилган. Қурилишга Юсуф Меҳтар бошчилик қилган. Кўринишхона айвони Оллоқулихон даврида (1825-1842) янгидан қурилиб, деворларига сирли кошин ёпиштирилган, кошинларни уста Абдулла жин қилган. Кўринишхона айвони 1864 йилда Саййид Муҳаммадхон томонидан қайта таъмирланган. Кўринишхонанинг ўлчамлари: 27,8х26,9 м. ҳовлиси 17,5х13,5 м.
Ҳарам Аркнинг шимолий қисмида жойлашган бўлиб, 1910 йилда яхлит ҳолга келтирилган. Ҳарамнинг шимоли-ғарбий қисмда жойлашган буржли ғиштин айвонгина яхши сақланган. Деворларидаги ислимий нақшларни ганчкор усталар чиройли қилиб ишлашган.
|
|