25 . Ilmiy tatqiqot va uning mohiyati
Илмий билишни мунтазам асосда ташкил қилиш тадқиқот фаолиятини намоён этади. Демак, илмий билиш олиб борилаётган тадқиқотнинг мазмуни ва моҳиятини англатади.
Тадқиқот ва илмий билиш тушунчаларини умумлаштириб илмий тадқиқот тушунчасини ҳосил қиламиз. Илмий тадқиқот-бу инсон ва жамият эҳтиёжларини қондириш учун зарур бўлган,соҳалар бўйича ихтисослашган янги билим ва технологияларни ишлаб чиқиш фаолиятидир.
Илмий тадқиқот тушунчасини тарих ва замон нуқтаи назарида туриб ҳам талқин қилиш мумкин. Бундай тадқиқот интеллектуал фаолиятнинг бир кўриниши бўлиб, тарихан ижтимоий тараққиётнинг маълум босқичида, яъни биринчидан, янги билим ва технологияларга катта эҳтиёж туғилганда, иккинчидан фаннинг институционал тузилмалари (олимлар ҳамжамияти, илмий тўгараклар, олий ўқув юртлари ва академиялар қошидаги тадқиқот бўлимлари, лабораториялар ва ҳоказолар) шаклланганда вужудга келади.
Илк бор том маънодаги илмий тадқиқотлар Пифагор мактаби, Платон академияси, Аристотель лицеони,ҳамда, Александрия шаҳридаги Музеон каби илм масканларида олиб борилган. Ўрта аср мусулмон Шарқида Маъмун академияси, Боғдоддаги «Байт ул ҳикма» деб аталган илм даргоҳи ва Улуғбек академиясида мунтазам илмий тадқиқотлар олиб борилган.Янги замонда Галилео Галилей фаолиятидан бошлаб экспериментал табиий-илмий тадқиқотларга асос солинди.
XVIII асрдан бошлаб фан бевосита ишлаб чиқариш кучига айланади. Тадқиқотчи касби оммавий касблар қаторидан ўрин ола бошлайди. Бундай шароитда тадқиқот асосини ташкил қилган илмийлик тамойиллари ва мезонларини ишлаб чиқиш фан тараққиётини муҳим шарти ва омили бўлиб қолди.
Do'stlaringiz bilan baham: |