Хатланган мол-мулк – тасарруф қилиниши жорий процессуал қонунчилик асосида тақиқлаб қўйилган мулк.
Гаровга қўйилган мол-мулк – бу суриштирув ва тергов органларига айбланувчи ёки судланувчи томонидан ўзига қўйилган мажбуриятларни бажаришнинг моддий кафолати сифатида бериладиган мол-мулк. Фуқаролик-ҳуқуқий мажбуриятларни бажариш усули сифатидаги гаров гаровга қўйилган мол-мулкка киритилмайди. Қонунга хилоф равишда ўзлаштириш, сарф қилиш, яшириш, нобуд қилиш ёки унга шикаст етказиш учун жавобгарлик ЖК 167 ёки 173-моддаларидаги белгилар бўлганда келиб чиқади.
6. Ўзлаштириш деганда, мол-мулк сақлашга топширилган шахс томонидан хатланган ёхуд гаровга қўйилган мол-мулкнинг айбдор ёки учинчи шахс фойдасига ўзлаштирилишини тушуниш лозим.
7. Растрата қилиш деганда, мол-мулкнинг уни сақлашга топширилган шахс томонидан бегоналаштирилиши тушунилади.
8. Рўйхатга олинган ёки хатланган мол-мулкни яшириш деганда, мол-мулкнинг сақлаш учун бошқа шахсларга ёхуд бошқа жойга жойлаштирилиши, бу ҳақдаги хабарни ваколатли органлар (терговчи ёки судья)дан яширилиши тушунилади.
9. Нобуд қилиш деганда, мулкнинг тўлиқ яроқсиз, ундан асл мақсадда фойдаланиш имконини бермайдиган, шунингдек, уни таъмирлаш ёрдамида ҳам олдинги ҳолатига келтиришнинг иложи бўлмаган ҳолга келтирилишини тушуниш лозим.
10. Мол-мулкка шикаст етказиш деганда, мол-мулкни қисман яроқсиз ҳолга келтириш тушунилади.
11. Кўп миқдорда зарар етказилиши шарҳланаётган ижтимоий хавфли қилмиш объектив томонининг зарурий белгиси ҳисобланади.
12. Хатланган ёки гаровга қўйилган мол-мулкка кўп миқдорда зарар етказишга сабаб бўлган ўзлаштириш, растрата қилиш, яшириш, нобуд қилиш ёки унга шикаст етказиш ҳаракати содир этилган пайтдан бошлаб жиноят тугалланган ҳисобланади.
13. Субъектив томондан жиноят тўғри касд билан содир этилади. Айбдор мол-мулкни ўзлаштириш, сарф қилиш, яшириш, нобуд қилиш ёки унга шикаст етказиш билан боғлиқ ҳаракатларнинг ноқонунийлигини англайди ва уларни амалга оширишни хоҳлайди. Мол-мулк эҳтиётсизлик оқибатида нобуд қилинган ҳолатда, айбдорни ЖК 172-моддаси бўйича жавобгарликка тортиш масаласини қўйиш мумкин.
Бу жиноятнинг мотиви ғаразгўйлик, шахсий ёки бошқа манфаатдорлик ва бошқа бўлиши мумкин, аммо бу қилмишни квалификация қилишга таъсир этмайди.
14. Жиноят субъекти мол-мулк сақлашга топширилган ўн олти ёшга тўлган ақли расо шахс, шунингдек, унинг мулкдори, эгаси ёки оила аъзолари ва бошқалар бўлиши мумкин.
15. ЖК 233-моддаси 2-қисми айбдор етказилган моддий зарарни уч баравар миқдорда қоплаган ҳолда, озодликдан маҳрум этиш жазосини қўллашни ман қилувчи рағбатлантирувчи нормани белгилаб беради.
Do'stlaringiz bilan baham: |