Жиноий уюшма ташкил этишдан мақсад жиноятларни амалга оширишдир.
Жиноий уюшма ёки унинг бўлинмаларига раҳбарлик қилиш мақсади мазкур ташкилотнинг қовушганлиги ва турғунлигини таъминлаш, аъзолар ўртасида мажбуриятларни аниқ тақсимлаш ва ҳоказолар ҳисобланади.
Жиноий уюшманинг мавжуд бўлиши ва иш олиб боришини таъминлашдан мақсад шундай ташкилотга ёрдам бериш ва унинг жиноий фаолиятида иштирок этиш ҳисобланади.
Жиноят мотивлари турлича бўлиши мумкин, аксарият ҳолларда бу моддий даромад ва фойда олишга интилишдир.
Жиноятни квалификация қилиш учун мотив ва мақсад аҳамиятга эга эмас.
12. Жиноят кодекси 242-моддасининг 1 қисмида назарда тутилган жиноят субъектлари ўн олти ёшга тўлган ақли расо шахслар бўлиши мумкин. Улар жиноий уюшма ташкилотчилари, жиноий уюшма таркибидаги бўлинмалар раҳбарлари ёки уюшманинг мавжуд бўлиши ва иш олиб боришини таъминлашга қаратилган фаолиятни амалга ошираётган бошқа шахслар ҳисобланади.
Жиноий уюшма ташкилотчиси мазкур уюшманинг бошқа аъзолари содир этган жиноятлар учун жавобгардирлар, эксцесс бажарувчилик бундан мустасно.
Жиноий уюшманинг оддий иштирокчилари улар айбдор деб топилган аниқ жиноятлар учун жавобгардирлар.
Агар жиноий уюшмани ташкил этиш ёки унга раҳбарлик қилиш ёхуд унинг мавжуд бўлиши ва иш олиб боришини таъминлашга қаратилган фаолиятда иштирок этиш учун 14 дан 16 ёшгача бўлган шахслар жалб этилган бўлса, уларнинг ҳаракатларини жиноятнинг аниқ таркиби белгилари мавжуд бўлганда, Жиноят кодексининг тегишли моддаларига асосланиб квалификация қилиш лозим.
13. ЖК 242-моддасининг 2-қисмига мувофиқ, уюшган қуролли гуруҳ тузиш, шунингдек, унга раҳбарлик қилиш ёки унда иштирок этиш учун жиноий жавобгарлик назарда тутилган.
Уюшган қуролли гуруҳ икки ёки ундан ортиқ шахснинг биргаликда жиноий фаолият олиб бориш учун олдиндан қуролга эга бўлган гуруҳга бирлашишини назарда тутади (уюшган гуруҳ тушунчаси ва белгилари ҳақида ЖК 29-моддаси шарҳига қаранг).
ЖК 29-моддасининг 4-қисмига мувофиқ, икки ёки ундан ортиқ шахснинг биргаликда жиноий фаолият олиб бориш учун олдиндан бир гуруҳга бирлашиши уюшган гуруҳ деб топилади.
14. Уюшган гуруҳни фарқловчи белгиларидан бири сифатида бундай гуруҳнинг турғунлиги тан олинади.
Do'stlaringiz bilan baham: |