Махсус таълим вазирлиги ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети
Download 2.74 Mb.
|
TO\'PLAM1
МаҲалла ёшларини баркамол авлод қилиб тарбиялашда замонавий ахборот технологияларининг роли
Шавкат Шоисломов, фалсафа фанлари номзоди, доцент Маълумки, баркамол авлод тарбияси ҳамма замонларда ҳам энг долзарб муаммолардан бўлиб келган. Буюк келажак сари интилаётган Ўзбекистонимизнинг эртанги куни бугунги ёшларимизнинг қўлидадир. Шундай экан, ёшларимизни баркамол қилиб тарбиялаш келажагимизга кўрсатилган катта ҳурмат бўлиб ҳисобланади. Ҳар қандай халқнинг ютуғи, давлатнинг ривожи ва тараққиёти кадрлар салоҳияти билан белгиланади. Ҳозирги кунда қайси бир давлат ёшлари билимли, ақл-заковатли бўлса, келажак шу давлат қўлида бўлади. Ўсиб бораётган ёш авлодга эътибор ва муносабат давлатимиз мустақиллигига эришган дастлабки кундан бошлаб давлатимиз Президенти Ислом Каримовнинг диққат марказида бўлиб келмоқда. Комил инсон ғояси халқимизнинг юксак тараққиёт сари бошлаган, уни маънавият ва маърифат соҳасида катта ютуқларга эришишига кўмак берган. Шу жиҳатдан қараганда инсонни шакллантириш, инсонни тараққийлаштириш, ахлоқий баркамол авлодни вояга етказиш ҳақида ўйламаган, ғамхўрлик қилмаган халқнинг ўз-ўзидан маълумки, келажаги йўқдир. Мустақил давлатимизни янада ривожлантириш, уни илғор ривожланган мамлакатлар сафига қўшиш келажагимиз ҳисобланган ёшларнинг иймонли, эътиқодли, ҳалол, пок, виждонли бўлганликлари билан боғлиқлиги ҳеч кимга сир эмас. Шу боисдан ахлоқий баркамол авлодни тарбиялашда меҳр-мурувват, адолат, виждон, ор-номус, ирода, матонат каби инсоний фазилатларни шакллантиришда кўплаб омиллар ва воситалардан фойдаланиш мумкин, булар оила, маҳалла, таълим ва тарбия муассалари, адабиёт, санъат, қадриятлар, ота-боболаримизнинг бой маданий мерослари, оммавий ахборот воситалари ва ҳоказолардир. Ҳозирги даврда бутун дунёда глобаллашув жараёнлари тез суратлар билан ривожланиб бормоқда. Айниқса, замонавий коммуникация ва ахборот технологияларининг илм-фан ютуқларининг жуда тезлик билан тарқалиши, турли қадриятларнинг умуминсоний негизда уйғунлашуви, турли даражада ривожланган ва ривожланаётган мамлакатлар ўртасидаги ўзаро мулоқотнинг янги сифат кашф этиши, дунёнинг турли нуқталарида юз бериб турган экологик офатлар пайтида ўзаро ёрдам кўрсатиш имкониятларининг ортиб бориши, буларнинг барчаси глобаллашув жараёнидир. Бугунги кунда замонавий ахборот майдонидаги ҳаракатлар шу қадар тиғиз, шу қадар тезкорки, бирор бир ҳудуд ёки бирор бир давлатда пайдо бўлаётган ғоялар мисли кўрилмаган тезликда кўплаб мамлакатларга тарқалмокда. Глобаллашув жараёнининг яна бир ўзига хос жиҳати шундан иборатки, ҳозирги шароитда у мафкуравий таъсир ўтказишнинг ниҳоятда ўткир қуролига айланиб, ҳар хил сиёсий кучлар ва уларнинг манфаатига хизмат қилаётгани соғлом фикрлайдиган ҳар қандай одам учун сир эмас. Айни вақтда ёш авлоднинг қалбида ва онгида мафкуравий таҳдидлар мавжудлиги шароитида ғоявий бўшлиқнинг пайдо бўлишига асло йўл қўйиб бўлмайди. Бунинг учун халқимиз, айниқса ёшлар онгига миллий ғоя ва миллий маънавий қадриятларимизни чуқур сингдириб, мафкуравий иммунитет ҳосил қилиш керак. Ёш авлодни бунёдкор ғоялар билан қуроллантириб, уларни эзгу мақсадлар, жамиятнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишига ҳисса қўшишга, ватан манфаатлари учун хизмат қиладиган фидойи бўлишга ундаш керак. Шу ўринда таъкидлаш жоизки, ёшларнинг онгига бунёдкор ғояларни сингдириш фуқаролик жамиятининг пойдевори бўлган маҳалла бошқарувидаги муҳим вазифалардан ҳисобланади. Турли салбий – вайронакор ғояларга қарши курашда маҳалла фаол, изчил ҳаракатда бўлмоғи керак. Шунинг учун ҳам маҳаллада соғлом сиёсий-ижтимоий ва ғоявий муҳитни вужудга келтириш, уни миллий ғоя билан мустаҳкамлаш маҳалла бошқаруви олдида турган долзарб масаладир. Маҳалла ҳудудида олиб бориладиган сиёсий, мафкуравий фаолиятнинг асосий мақсади маҳалла ахолиси ўртасида, айниқса ёшларда бунёдкорлик фазилатларини шакллантириш, умуммиллий ва миллатлараро ҳамжиҳатлик ғояларини ривожлантиришга терроризм ва диний экстремизм мафкурасига қарши бир тан бир жон бўлиб курашишга қаратилиши керак. Маълумки, ёшлар дунёқарашида эътиқоднинг шаклланиши учун муҳим босқич бўлиб ўспиринлик даври ҳисобланади. Шунинг учун ҳам бу давр нафақат шаклланиши, шунингдек уларни маълум бир тизим бўйича ўзлаштириш учун ҳам қулайдир. Маҳаллада сиёсий ва мафкуравий ишлар олиб бориш замирида давлатимизда барча фуқароларнинг тенг хуқуқли эканлиги, ҳамма миллату элатларнинг маданий равнақи учун турли динларнинг ўзаро ҳамкорлиги, ривожланишида тенг шароитлар яратилганлигини тушунтириш ва тарғиб этиш ғояси ётади. Айнан бугунги ёшларимизнинг камолоти эртанги кунда барчамизнинг тинч ҳаётимизни таъминлайди чунки, миллий ғоя ватанимиз ёшлари билан бирга улғаяди ва ривожланиб боради. Шу мазмунда ёшларимизнинг Ватан равнақи йўлида тарбиялаш, уларни истиқлол руҳи асосида шакллантириш бугунги кунда барчамизнинг энг асосий вазифамиз ҳамда ватан олдидаги бурчимиздир. Бу борада юртбошимиз И.А.Каримов ўз чиқишларидан бирида шундай деб таъкидлаган эди: “Фарзандларимизни миллий ва умуминсоний қадриятларимиз асосида, ўз фикру тафаккури ва замонавий билимга эга бўлган ватанпарвар этиб вояга етказиш барчамизнинг оталик ва оналик бурчимиздир”1. Юқорида айтиб ўтилган вазифаларни амалга ошириш маҳалла бошқарувида олиб борилаётган миллий ғояни тарғибот усулларини янгилашни тақозо этмоқда чунки, миллий ғоя ва унинг муаммолари жамият ривожланиб бориши билан мос равишда ўзгариб, ривожланиб боради. Шу маънода анъанавий усуллар қаторида маҳалла аҳолиси ва ёшлар қалби ва онги миллий ғоянинг асосий тушунча ва тамойилларини сингдиришда ёрдам берадиган янги замонавий, таъсирчан ва самарали воситалардан фойдаланиш мақсадга мувофиқдир. “Бу борада маънавий-маърифий тарғибот ишларининг таъсирчанлигини таъминлайдиган замонавий информацион компьютер технологияларини кенг жорий этиш, жамиятимизнинг мафкуравий иммунитетини кучайтиришга қаратилган самарали усул-услубларни ишлаб чиқариш... бугунги кунда муҳим вазифамизга айланиб бораётганини чуқур тушуниб олишлигимиз зарур” - деб юртбошимиз бежизга таъкидламаган. Шу нуқтаи назардан қараганда ана шундай усуллардан бири миллий ғояни тарғиб қилишнинг электрон қўлланма усулларидир. Агар шундай қўлланма ёрдамида тарғибот ишлари олиб борилса, маҳаллада мафкуравий тарбиянинг самарадорлиги янада ортади. Биринчи навбатда бу ёндашув баъзи анъанавий, меъдага теккан, кўпчиликка таъсир қилиш даражаси камайган усуллардан анча фарқ қилади. Зеро, электрон қўлланмада мультимедия ва анимация элементларидан миллий ғоя тушунча ва тамойилларига мос тарихий лавҳалар акс эттирилган суратлар, Ватан озодлиги мадҳ этилган қўшиқлардан унумли фойдаланилади. Бу ғояларни тушунтиришда ранг-баранг эффектларни қўллаш уларни ёшлар қалбига ва онгига сингдиришни тезлаштиради ва осонлаштиради. Маълумки, интернет ҳозирги ёшлар ҳаётининг ажралмас қисмига айланганлиги ҳеч кимга сир эмас. Нега деганда, ушбу восита ахборот олиш учун жуда қулай бўлиб, имкониятлари чексиздир. Бироқ, масаланинг яна бир томони шундаки, техникавий мўъжиза бўлган интернет ўсиб келаётган авлодга қулайлик бериш баробарида, уларни қалбига ва онгига, тафаккур тарзига, хулқ-атворига кучли таъсир ўтказиш учун чексиз имкониятларга эга. Замонавий ёшларнинг кўпчилиги бўш вақтларини интернет маконида ўтказишади, табиийки, маҳалла ёшлари ҳам бундан истисно эмас. Шундай экан интернетнинг улкан имкониятларидан ёш авлоднинг маънавий ва руҳий оламини бойитиш мақсадида, ундан маънавий тарбия воситаси сифатида ҳам фойдаланиш ижобий натижа бериши аниқ. Назаримда, глобал тармоқнинг миллий сигментида маҳалла ёшларининг эҳтиёжлари, қизиқишлари ва руҳий хусусиятларидан келиб чиққан ҳолда “веб” саҳифалари яратилиши керак. Мазкур сайтларда юқорида айтиб ўтганимиздек, ўсиб келаётган авлодга халқимизнинг маънавияти ва бой миллий қадриятлари тарихимизда ёрқин из қолдирган буюк аллома ва зотлар ҳақидаги маълумотлар, ҳаётий мисоллар, видеолавҳалар, расм ва фотосуратларда берилиши керак. Шуни яна таъкидлаш керакки, берилаётган маълумотлар ёрқин рангларда ниҳоятда жонли бўлиши, ёшларни хаяжонлантира оладиган, кайфиятларини кўтарадиган, қалби ва онгига йўл топиб, уларни юракларида мустаҳкам ўрин олишга қодир бўлиши лозим. Мазкур сайтда буюк аждодларимизнинг жаҳон тараққиётига қўшган улкан ҳиссаларини ифода этувчи қадимий хужжат ва манбалар, тарихий расмлар, чет эл олимларининг фикр-мулоҳазалари ҳамда буни тасдиқловчи аниқ далиллар берилиши керак. Шунингдек, маҳалла ҳаётини акс эттирувчи лавҳалар ҳам кенг кўламда акс эттирилиши лозим. Маҳалла ёшларини маънавиятини шакллантиришда энг оммабоп санъат тури ҳисобланган кинонинг ўрни беқиёсдир. Шу сабабли, уларни тарбиялашда ҳар томонлама ибрат бўлишга арзийдиган ишлар қилган буюк одамлар халқимиз севган инсонларнинг сиймоси акс эттирилган экран асарларини ахборот маконига жойлаштириш ҳам мақсадга мувофиқ бўлади. Бизнинг фикримизча, халқимизнинг иккинчи жаҳон урушида фронт ва фронт ортида кўрсатган қаҳрамонликларини, диний бағрикенглигини, меҳрибонлигини ва байналминаллигини ифода этган ўзбек кино санъатининг мумтоз асарлари бўлган “Сен етим эмассан”, “Тошкент – нон шаҳри”, “Ленинградликлар жигарбандларим” ҳамда соф муҳаббат ва садоқатни тараннум этган “Тоҳир ва Зуҳра” халқимизнинг тарихини ифода этган “Ўткан кунлар”, “Муқанна” ва бошқа фильмлар веб саҳифада ўрин олиши керак. Миллий сайтимизда миллий театр санъатининг нодир намуналари ҳам ўрин олиши керак. Миллий ва умумбашарий қадриятларга ҳурмат туйғуларини мадҳ этувчи, истиқлолни улуғловчи миллий руҳда суғорилган саҳна асарларининг жой олиши ўта муҳимдир. Шунингдек, буюк шахслар, улуғ алломалар ҳақидаги бадиий ва ҳужжатли фильмлар ва спектакллар муҳокамасини ёшларнинг ўзларига хос оммабоп йиғинларда, шу жумладан маҳалла гузарларидаги учрашувларда ташкил этилиши самарали бўлиши мумкин. Ушбу йиғинларга ёши катта, муайян ҳаётий тажрибага эга ҳурматли инсонларни таклиф этиш фойдадан ҳоли эмасдир. “Энг муҳими, бугунги кунда мусиқа санъати навқирон авлодимизнинг юксак маънавият руҳида камол топишида бошқа санъат турларига қараганда кўпроқ ва кучлироқ таъсир кўрсатмоқда”.1 Айниқса, замонавий эстрада ёшларимизни ўзига ром қилаётгани маълум. Назаримда, таклиф этилаётган сайтда миллий ва жаҳон мусиқа маданиятининг мумтоз асарлари: опера ва балет, замонавий эстрада намуналари, халқ фольклори ва бошқа мусиқий жанрларнинг берилиши баркамол авлоднинг эстетик диди ва маданий савиясини ривожлантириш учун хизмат қилади. Интернетнинг яна афзал томонларидан бири, унда кино, мусиқа, спорт ўйинлари ва бошқа манбаларни кўчириб ёзиб олиш жуда осон ва қулайдир. Шуни айтиш керакки, ҳозирги кунда глобал тармоқнинг Uz доменида ёшларнинг маънавий ҳаётини бойитишга қаратилган онлайн саҳифалар бор. Шунингдек, “Тарих”, “Мақоллар”, “Ҳикматлар”, “Тафаккур гулшани”, “Файласуфлар” номли миллий ёшлар порталининг маънавиятга бағишланган бўлимлари бор. Бироқ, айнан ёшларнинг маънавий эҳтиёжларини қондирадиган қизиқарли ўзига жалб қиладиган таъсирчан манбалар жуда кам. Шу ўринда айтиш жоизки, интернетда “Электрон тарих” ҳамда “Адабиёт бўстони” номли сайтлар ҳам мавжуд. Улар бошқа сайтлардан фарқли ўлароқ “веб” саҳифаларидаги маълумотлар кенг қамровли бўлиб, улар (тарихий манба ва ҳужжатлар, мумтоз бадиий асарлар ва видео лавҳалар) билан нафақат танишиш, балки уларни кўчириб ёзиб олиш имконияти бор. Демак мавжуд бўлган муаммоларнинг ечимини топиш ҳозирги кунда долзарб бўлиб турган маънавий баркамол авлодни тарбиялаш вазифасини ҳал қилишга ёрдам беради. Бу ҳамма олдида, шу жумладан маҳалла бошқаруви олдида ҳам турган шарафли вазифадир. Ўсиб-улғайиб бораётган ёшларимизнинг маънавий дунёсини бузадиган, фикру-хаёлларини нотўғри йўлларга бошлайдиган маълумотлардан сақлаш ва мухофаза қилишнинг янги восита ва усулларини қидириб топиш ҳамда ҳаётга тадбиқ этиш ҳар бир мамлакатимиз аъзосининг муқаддас бурчидир. Download 2.74 Mb. Do'stlaringiz bilan baham: |
Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling
ma'muriyatiga murojaat qiling