Махсус таълим вазирлиги ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети
ЖУРНАЛИСТ КАДРЛАРНИ ТАЙЁРЛАШДА ОАВ ВАЗИФАЛАРИ
Download 2.74 Mb.
|
TO\'PLAM1
ЖУРНАЛИСТ КАДРЛАРНИ ТАЙЁРЛАШДА ОАВ ВАЗИФАЛАРИ
Назира Тошпўлатова, Жаҳон журналистикаси назарияси, амалиёти ва тарихи кафедраси мудири, филология фанлари номзоди Жамиятда юқори малакали кадрларга бўлган эҳтиёж ҳеч қачон ўз долзарблигини йўқотмайди. Айниқса, жуда катта босим ва шиддат билан ривожланаётган бугунги ҳаётимизда бошқа соҳалар қаторида журналист кадрларга бўлган талаб ҳам ортиб бормоқда. Бу бежиз эмас албатта. Сўнгги йилларда мамлакатимиз оммавий ахборот воситаларининг сон ва сифат жиҳатдан ўсиши, унинг жамият тараққиётидаги фаоллиги сезиларли даражада ошишига хизмат қилди. Жамиятимизнинг турли жабҳаларида олиб борилаётган бунёдкорлик ишларининг устувор ва долзарб йўналишларини кенг ёритиш, аҳолининг фуқаролик позициясини шакллантиришда ОАВнинг таъсири кучайди, мамлакат ижтимоий-иқтисодий ҳаётида журналистларнинг иштироки, профессионал маҳорати ва ижодий фаоллигига талаблар ортиб бораётир. Мамлакатимиз Президенти Ислом Каримов таъбири билан айтганда: “Жаҳон миқёсида глобаллашув ва рақобат тобора кучайиб бораётган бугунги замонда биз дунёда юз бераётган туб ўзгаришлар жараёнида эгаллаб турган ўрнимизни холисона ва танқидий баҳолашимиз, тобора ошиб бораётган ҳаёт талабларига жавоб беришимиз, кечаётган давр билан ҳамқадам бўлишимиз шарт.” Бу фикрлар жамиятнинг кўзи ва қулоғи бўлган журналистлар фаолиятига бевосита ва билвосита тааллуқлидир. Чунки ҳозирги тараққиёт йўлида турли хил муаммолар, ғоявий таҳдидлар, иқтисодий инқирозлар, биологик хуружлар, табиий офатлар инсониятга ташвиш келтираётган бир пайтда, айниқса, юртимизга четдан кўлами ва миқёси жиҳатидан ўлчаб бўлмайдиган ахборотлар оқими кириб келаётгани, уларнинг орасида халқимиз, ёшларимиз онгига таъсир қилувчи ёт ва зарарли ғояларнинг мавжудлиги журналистлар зиммасига ҳар қачонгидан ҳам жиддий масъулият юклайди. Турли хил шов-шувлар, олди-қочди маълумотларнинг ичидан тўғрисини ажратиб олиш, турли ахборот хуружларининг таъсирига тушган ҳар бир инсон, мамлакат фуқароси тўғри СЎЗни, ҳақиқий маълумотни оммавий ахборот воситалари ва унда фаолият олиб бораётган журналистлардан кутади. Улар берган ахборотга ишонади. Ҳақиқатни етказишда, журналистдан аввало, чуқур билим, теран мушоҳада, кенг кўламдаги таҳлил, холис муносабат ва албатта, профессионал маҳорат талаб этилади. Шу нуқтаи назардан замонавий журналист кадрларни тайёрлаш, маҳоратини янада ошириш, уларни бугунги кун талабларига мувофиқ шакллантириш, асосий принциплари ва ахлоқ мезонлари устуворлигини таъминлаш ҳамиша муҳим масалалардан ҳисобланади. Мамлакат оммавий ахборот воситалари жаҳон ахборот маконида ўз ўрнига эга бўлиши учун, аввало ҳуқуқий-меъёрий асоснинг мустаҳкамлигини таъминлаш орқали улар фаолиятини янада либераллаштириш, ОАВ моддий-техник базасини такомиллаштириш, ходимлар меҳнатини моддий-маънавий жиҳатдан кафолатлаш ва албатта, кадрлар тайёрлашга бўлган талабнинг янада кучайтириш билан белгиланади. Бу борада ўтган йиллар давомида мамлакатимизда қонунчилик базаси мустаҳкамланиб, ОАВ фаолиятига доир ўндан ортиқ қонун, йигирмадан ортиқ қонуности ҳужжат қабул қилинди. Қолаверса, мустақиллик шароитида ОАВ фаолиятига бозор тушунчаси кириб келиши натижасида бугун фаолият кўрсатаётган 1200 дан ортиқ ОАВнинг ярмидан кўпи нодавлат ташкилотлар ҳиссасига тўғри келади. Бу эса журналистика йўналиши бўйича маҳаллий ва халқаро миқёсда малакали кадрларга бўлган эҳтиёжнинг тобора ортиб бораётганлигини кўрсатади. Шу ўринда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2006 йил 7 августдаги 163-сонли қарорига мувофиқ қабул қилинган “Оммавий ахборот воситалари соҳасида кадрлар тайёрлаш ва қайта тайёрлаш Давлат дастури” асосида дунёнинг ривожланган давлатлар тажрибасига таянган ҳолда кадрлар тайёрлаш ва қайта тайёрлаш миллий тизимини яратилганлигини алоҳида таъкидлаш зарур. Ушбу тизимга мувофиқ сўнгги ўн йил ичида оммавий ахборот воситалари соҳасида кадрлар тайёрлаш ва қайта тайёрлаш бўйича журналистика таълими соҳасида жиддий ўзгаришлар рўй берди. Маълумки, мамлакатимиз олий таълими тизимида журналист кадрлар асосан тўртта олий ўқув юрти базасида (ЎзМУ, ТДСИ, НукусДУ ҳамда ЎзДЖТУ) тайёрланади. Шуларнинг ичида 1999 йилда Президентимизнинг шахсан раҳнамолигида Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети таркибида Марказий Осиёда ягона халқаро журналистика факультетига асос солинди. Ўзбекистон миллий университети журналистика факультети қайта ташкил этилиб, 2005 йил унинг таркибида махсус икки йиллик Олий журналистика курслари очилди ва унга бошқа мутахассисликлар бўйича бакалавр даражасига эга, журналистика соҳасига лаёқати бўлган мутахассислар қабул қилинмоқда. Тошкент давлат санъат институти қошида санъат журналистикаси факультети ҳамда Нукус давлат университетида журналистика бўлимлари ҳам фаолият олиб бормоқда. Ушбу таълим муассасалардаги ўқув жараёнлари халқаро тажрибаларга таянган ҳолда ишлаб чиқилган Давлат таълим стандартлари асосида олиб борилади. Журналистика таълим жараёнларида талабалар соҳага оид назарий билимларни ўзлаштириш билан бирга турли хил ОАВда амалиёт ўтайдилар. Аслида бу тажриба барча таълим тизимга тааллуқли. Аммо бошқа таълим йўналишларидан фарқли равишда журналистика амалиёти академик таълим билан деярли тенг турадиган, гоҳида ундан ўзиб кетадиган мураккаб тузилишга эга. Бу унинг кўпроқ эркин ижодий соҳа эканлиги билан белгиланади. Шу нуқтаи назардан олий таълим муассасасида соҳага оид фақат назарий билимлар билан бугун талаб этилаётган малакали журналистларни етиштириб бўлмайди. Бу ўринда назария билан амалиётни мувофиқ тарзда олиб боришга жиддий эътибор қаратиш жуда муҳим. Аудиторияда журналистиканинг асосий вазифаси, принциплари, ахборот тарқатиш воситаларининг пайдо бўлиши тарихи, ОАВ фаолиятига қўйиладиган талаблар, жанрлар тушунчаси ҳақидаги назарий билимларни бериш баробарида бўлғуси журналистга нимани, қандай мавзуда ёзишни, тил ва услуб танлашни мажбурий тарзда ўргатиш жуда қийин. Айниқса, ёза олиш қобилияти бор, мустақил фикрга эга бўлганлар, уни ифода этишга қодир ёшлар кўпроқ амалиётда шаклланади. Президентимиз 2010 йил 12 ноябрдаги Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Сенатининг Қўшма мажлисида қилган “Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси” номли маърузасида: “Дунёдаги етакчи мамлакатлар тажрибасига таянган ҳолда, кадрлар тайёрлаш ва қайта тайёрлаш миллий тизимининг такомиллаштирилиши ахборот соҳасидаги фаолиятнинг сифати ва савиясини оширишга қаратилган чора-тадбирлар тизимида кўп жиҳатдан ҳал қилувчи аҳамиятга эга” эканлигини алоҳида қайд этдилар. Умуман Юртбошимиз ҳар бир масалада жаҳон тажрибаларига таянишни фаолиятимизнинг асосий мезони сифатида эътироф этадилар. Бу бевосита журналистика соҳасига ҳам тааллуқли, албатта. Шу маънода жаҳон журналистикаси таълими тажрибасида назарияни амалиёт тўлдиради. Талабалар олий ўқув юртда ўқиш билан бирга турли таҳририятларда амалиёт ўтайдилар. Шу билан бирга журналистика факультетларида таълим берувчи мутахассислар ҳам амалиётдан бевосита бохабар бўлишлари талаб этилади. Ҳатто ривожланган мамлакатларда талабаларга дарс берадиган ўқитувчининг ўзи ҳам амалиётда ишлаши ёки аввал ишлаган бўлиши талаб этилади. Афсуски, бу борада бизда ҳали тажрибалар етарли даражада эмас. Назарий билимларни яхши биладиган мутахассислар орасида журналистик матнни ёзишда қийналадиганлар ҳам учрайди. Ўзи ахборот ёзишга қийналадиган мутахассис қандай қилиб талабаларга ёзишни ўргатиши мумкин, деган хақли савол туғилади. Бу саволга ўқув юкламасининг бажарилишида қўйиладиган талаблардан келиб чиқиб жавоб бериш мумкин. Яъни, бу назарий билимларни берадиган ўқитувчиларга ўқув юкламасидаги соатларнинг етмаслиги билан изоҳланади. Агар ўқитувчининг асосий иш жойи шу таълим муассасаси бўлса (у ўртача 800-900 соат ўқув юкламасини бажариши керак), бу соат фақат аудиториядаги соатлар ҳисобига бажарилмайди. Натижада амалиётдан бехабар ўқитувчи амалий машғулотларни олиб боришга мажбур бўлади. Бу дарс жараёнларига амалиётчиларни жалб этишга тўсиқ бўладиган омиллардан биридир. Шу боис, таълим билан амалиёт ўртасида узилишлар йўқ эмас. Иккинчидан, малакали мутахассисларга эҳтиёжманд, буюртмачи бўлган оммавий ахборот воситалари ўзлари ҳам бевосита кадрлар тайёрлаш жараёнига иштирок этишлари зарур. Чунки бутун дунё тажрибасида шундай. Турли хил медиамарказлар, ахборот агентликлари, медиакорпорациялар, ОАВ, ПР компаниялар таълим жараёнида фаол иштирок этиб, ўқув муассасасининг шароити билан қизиқадилар, уларнинг моддий-техник базасини шакллантиришга кўмаклашадилар, ҳатто келажагини кўра олган талабаларнинг шартнома пулларини тўлаб, ўзлари ўқитиб оладилар, стипендия ажратадилар. Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети халқаро журналистика факультети оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорликни йўлга қўйишга жиддий эътибор қаратмоқда. Айниқса, сўнгги пайтда таълим муассасаларининг ишлаб чиқариш корхоналари билан инновацион корпоратив ҳамкорлигини кучайтириш масалалари долзарб аҳамиятга эга бўлмоқда. Шу мақсадда жорий йилда халқаро журналистика факультети жаҳон журналистикаси назарияси, амалиёти ва тарихи кафедраси “Маърифат” -“Учитель Узбекистана” газеталари таҳририяти билан инновацион корпоратив ҳамкорлик бўйича шартнома тузди. Унга мувофиқ таҳририят қошида кафедранинг филиали очилиб, амалий машғулотларни ““Маърифат” маҳорат мактаби”да ташкил этишга келишилди. Тўрт ой давомида факультетдан таълим йўналишида ёзиш бўйича сараланган ўн олти нафар талаба газетанинг маҳоратли журналистлари ижодий мактабини ўргандилар ва ўқув йили охирида гувоҳнома олдилар. Қувонарлиси, халқаро журналистика факультети талабалари орасида журналистика соҳасида муайян вазият, ҳодиса ва муаммоларни кўра оладиган, ўзларининг аниқ ёндашувларига эгалари кўпчиликни ташкил этади. Аҳамиятлиси, уларнинг кўпчилиги ҳали ўқишни тамомламасданоқ дарсдан кейин турли таҳририятларда мухбир, ҳатто масъул котиб, бўлим муҳаррири вазифаларида ишлайдилар. Журналистика соҳаси кишидан ҳамиша изланишни, ўқиб-ўрганишни ва маҳоратни эгаллашни талаб этади. Бу эса таълим ва ишлаб чиқариш ўртасидаги мустаҳкам ҳамкорликни йўлга қўйиш орқали ўзининг тўлиқ инкишофини топади. Шундагина Президентимиз Ислом Каримов таъкидлаганларидек: “Миллий матбуотимизнинг сифатини, маҳорат ва таъсирчанлигини ошириш, уни ривожланган давлатларнинг оммавий ахборот воситалари эришган юксак талаб ва мезонлар даражасига кўтариш учун” имконият яратилади. Download 2.74 Mb. Do'stlaringiz bilan baham: |
Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling
ma'muriyatiga murojaat qiling