Махсус таълим вазирлиги ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети


Download 2.74 Mb.
bet18/44
Sana20.06.2023
Hajmi2.74 Mb.
#1637048
1   ...   14   15   16   17   18   19   20   21   ...   44
Bog'liq
TO\'PLAM1

Ток-шоудан... шок-шоугача


Амрулло Каримов,
Аудиовизуал журналистика ва оммавий
коммуникация кафедраси катта ўқитувчиси

Бугунги оммавий ахборот воситалари, жумладан телевидение бундан 15-20 йил олдинги телевидениедан шакл-шамойили ва мазмун-моҳияти билан тубдан фарқ қилади. Бугунги томошабин монолог тарзидаги дастурларни эмас, диалог, мулоқот, баҳс-мунозара тарзидаги кўрсатувларни кўришни истамоқда. Шу маънода кейинги йилларда телевидение рукнларида баҳс-мунозара тарзидаги, томошабинни фикрлашга ундайдиган асарлар пайдо бўлди. Шулардан, энг асосийлари ток-шоулар ҳисобланади. Мазкур жанрда тайёрланган кўрсатувлар кишилар ҳаётига шунчалар кириб бордики, қисқа вақт оралиғида улардан ўнлаб ташкил этилди. 70-йилларда мазкур жанр журналистиканинг унсури сифатида биринчилардан бўлиб Ғарбий Европа ва Лотин Америкасига тарқалди ва бора-бора кўнгилочар лойиҳа тусини ола бошлади.


Ток-шоуларда телевидениенинг маънавий-маърифий, тарбиявий, бирлаштирувчи, ташкилотчилик каби вазифалари акс этган бўлиб, наркомания, ОИТС, чекиш, терроризм каби бугун бутун дунёни ларзага солаётган иллатларга қарши қаратилган кўрсатувлар пайдо бўлди. Бу иллатларнинг қора доғлари ҳақида ток-шоуларда махсус баҳслар ташкил этилди.
80-йилларда миллий телевидениеда ўсиб келаётган ёш авлоднинг қизиқишларини ўрганиш, томошабинлардан келаётган хатларни умумлаштириш мақсадида ташкил этилган, давримизнинг долзарб муаммоларини ўртага қўйиши билан ажралиб турадиган “Баҳс” кўрсатувида конкрет мисоллар билан унинг ижтимоий томонларини очиш, сабаб ва оқибатларини таҳлил қилиш кўзга ташланади: “... лоқайдлик, ичкиликбозликни фош этган сонлари телеэкран қаршисида ўтирган ҳар бир томошабинни кўрсатувнинг бевосита иштирокчисига айлантирди”1. Гарчи, “Баҳс”га муаллиф Ў.Ўтаев жанр нуқтаи назаридан ток-шоу деб баҳо бермаса-да, доцент Ю.Ҳамдамов “Баҳс” кўрсатуви ўша пайтлари ток-шоунинг яхши бир намунаси”2 эканлигини айтиб ўтади.
Мазкур мавзудаги чиқишларда телевидениенинг маънавий-тарбиявий вазифаси кенг ўрин эгаллайди. Хориж телеканаллари тажрибасидан шу маълумки, маълум ғоя ва қарашлар атрофида бирлашган гуруҳ ва жамоалар оммавий тарзда хавф солаётган иллатларга қарши бош кўтаради. Бу чиқишлар айниқса “суҳбатли томоша” деб қаралаётган ток-шоуларда ўз аксини топади. Мисол учун, А.Аброрхўжаевнинг “Ёшлар” телеканалида бир неча йил узлуксиз эфирга чиққан “Саломат бўлинг!” телелойиҳаси доирасида 2001-2003 йилларда мактаб, коллеж, олий ўқув юртларида иллатларга қарши ёшлар шиор ва чақириқлар билан бирлашиб оммавий кураш ташкил этилган. Ташаббус билан чиққан таълим муассасаларида иллатларга қарши расм, шеър, ҳикоя, театр томошалари танловлари уюштирилган. Бунда телевидениенинг ҳам бирлаштирувчи, ҳам рекреатив функциялари яққол кўринган. Кейинги босқичда рекреатив вазифа аҳамияти янада ортиб, пойтахтимиздаги “Туркистон” санъат саройида чекишга қарши махсус акция, яъни хайрия концерт дастури, яъни шоу ташкил этилиб, унда ёшлар ва жамоатчилик эътиборига тушган санъаткорлар таклиф қилинган. Эътиборли томони, дастурга ташриф буюраётган меҳмонларнинг биронтаси чекмаслиги, чекиб юрганлар кираверишда сигарет қутиларидан воз кечиб, махсус ясатилган чиқинди қутисига улоқтиришлари шарт қилиб қўйилган. Дастур якунида бу қути иштирокчилар кўз олдида ёқиб юборилган.
Битта кўрсатув доирасида телевидение бир неча турдаги вазифаларни бажарар экан, ток-шоу билан шоу ўртасидаги чегаралар баъзида бузилиб, “суҳбатли томоша” – ток-шоу ўрнини, “томоша” – шоу эгаллаши мумкин. Мутахассислар шоуларни бир-биридан фарқли томонларини инобатга олган ҳолда бирор-бир жиддий мавзу таҳлилига бағишланган кўрсатувларни ток-шоу, мусиқа, санъатга алоқадор, дам олиш вазифаси юқори турувчи кўрсатувларни телешоу деб номлашмоқда. Одатда шоулар фақат телевидениеда эмас, турли давлат ва жамоат ташкилотлари томонидан йирик дастурлар кўринишида ҳам ташкил этилади. Аммо, мазкур жанрлар мазмун-моҳиятига кўра турли туркумларга мансуб бўлиб, “ток-шоу” таҳлилий, “телешоу” бадиий-публицистик жанрларга киритилган. Телешоуда дам олиш хусусияти, яъни рекреативлик бирмунча юқори.
Ҳозирда телевидение амалиётида ва илмида ток-шоу, телешоудан сўнг шоулар билан алоқадор бошқа турлар ҳам кириб келаётибди. Шулардан бири реалити-шоу ҳисобланади. Реалити-шоулар телешоу, ток-шоудан ҳақиқат ва реалликка асосланиши билан фарқланади. Яъни, ижтимоий ҳаётдаги воқеа-ҳодисалар қандай бўлса шундайлигича, уюштирилмасдан, ясама буёқдорликдан ҳоли, сохталикдан йироқ, томошавийликка асосланмаган ҳолда содир бўлади. Мисол учун, ток-шоуда театр ёки кино асарларидан олинган парчалардан фойдаланиш каби таъсирчанликни ошириш усулларини қўллаш мумкин.
Реалити-шоулар табиийликка асосланади. Хориж телевидениелари амалиётида бу жанр кенг қўлланилади. Россиядаги “ТНТ” каналининг “Дом 2”, “МТВ” каналининг “Каникулы в Мексике” телелойиҳаларида иштирокчиларнинг кун давомида ишқий муносабатлари кенг оммага ҳавола этилмоқда. Бу кўрсатувлар Шарқ халқлари менталитети, қараш ва ахлоқ меъёрларига мос эмас, аммо уларга журналистлар реалити-шоунинг намунаси сифатида қарамоқда. Айни пайтда, миллий каналларда реалити-шоу атамаси жуда кам қўлланилаётган бўлса-да, нодавлат “НТТ” канали ижодкорлари реалити-шоу устида тетапоя қадамни қўйдилар. “Таxi.uz”(муал. М.Хўжа), “Суперкелинчак” (муал.З.Юнусова) кўрсатувлари мазкур жанрдаги дастлабки уринишлар сифатида миллий телевидениега кириб келди. Кўрсатувлардаги реалликда бирмунча кемтикликлар бор. Мисол учун, “Таxi.uz”да таксига санъаткорнинг ташқи кўринишини ўзгартириб ўтирғизиш, санъаткорни довдиратиш ва вазиятдан қандай чиқиб кетишини синаш учун “бемор”, “алданган”, “ёлғончи”, “хиёнаткор” каби сохта йўловчиларнинг атайлаб автоуловга чиқарилиши оммага “томоша”ни эслатади. Йўловчиларнинг қўшиқлар мазмуни, матн ва мусиқадаги нуқсонлар ҳақида айтган фикрларида шахсий муносабат – реаллик кўринади. Аммо, дастурларда эфирга чиқувчи реалити-шоуларнинг аксариятида томошавийлик асосий ўринни банд қилмоқда. Буни телевидениенинг рекреатив вазифаси биринчи ўринга чиқиб бораётгани билан изоҳлаш мумкин.
Жаҳон телевидениелари силсиласида миллий каналларимизда ток-шоу, телешоу, реалити-шоу каби жанрларнинг замонавий кўринишлар сифатидаги ўрни тобора кўтарилаётгани сезилмоқда. Аммо, вақт ўтгани сайин улар қаторига янги жанрлар келиб қўшилмоқда. “Россия” телеканали муҳташам санъат саройларидан бирида бўлиб ўтган “На-на” гуруҳининг концерт дастурини намойиш этди. Унда томошабинлар учун биронта ўриндиқ йўқ. Телеканал бу дастурни на телешоу, на реалити-шоу деб, балки, шок-шоу деган ёзувлар билан аудиторияга тақдим қилмоқда. Мухлислар гуруҳ билан қўшилиб куйлайди, рақсга тушади, сакрайди, бақиради, қарсак чалади, ҳуштаклар янграйди... Хуллас, ҳамма шокка тушиб, ўз эҳтиёжлари доирасида дам олиб, хурсандчилик қилади. Шок-шоу атамаси тележурналистика соҳасига эндигина кириб келди. Уни илмий нуқтаи назардан батафсил ўрганиш эртанинг муҳим вазифаси саналади.

Download 2.74 Mb.

Do'stlaringiz bilan baham:
1   ...   14   15   16   17   18   19   20   21   ...   44




Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling