Махсус таълим вазирлиги ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети


Download 2.74 Mb.
bet14/44
Sana20.06.2023
Hajmi2.74 Mb.
#1637048
1   ...   10   11   12   13   14   15   16   17   ...   44
Bog'liq
TO\'PLAM1

Халқаро шарҳ жанрининг
долзарб масалалари


Ирисмат АбдухОлиқов,
Аудиовизуал журналистика ва оммавий
коммуникация кафедраси катта ўқитувчиси


Кўпчиликка маълум бўлган воқеа-ҳодисанинг шарҳи ҳеч кимга керак эмас, лекин ҳеч ким билмайдиган ахборот ва воқеанинг шарҳи барчага керак. Ҳамма биладиган воқеанинг янги тафсилотлари ҳам кўпчилик томонидан қизиқиш уйғотади.
Халқаро шарҳ жанрига бўлган муносабатимиз бир оз одатдан ташқари, ноанъанавийроқ бўлганлиги сабабли, у мутлақ тўғри ёндашув ва уни барча худди шундай қабул қилиши шарт, деган фикрдан йироқмиз. Жаҳон журналистикаси назарияси тарихида ўзининг чуқур, атрофлича ва аниқ илмий-назарий таърифига эга бўлмаган мазкур жанр юзасидан айрим мулоҳазаларимизни баён этмоқчимиз, холос. Гап шундаки, халқаро шарҳ, сиёсий шарҳ, давлатларнинг ташқи сиёсати, мамлакатлар ўртасидаги муносабатлар таҳлили дунё икки қутбга бўлинган “совуқ уруш” даври муаллифларининг энг яхши кўрган ва кўп қўллайдиган журналистик шакллардан бири эди. Халқаро шарҳловчилар эса нафақат ўз муҳарририятларида, балки давлат томонидан ҳам имтиёзли журналистлар тоифасига киритилар эди.
Халқаро шарҳ жанрини ҳозир ҳам кенг қўллайдиган ва асосий фаолиятини жаҳон жамоатчилиги фикрини ўз мақсад ва манфаатлари йўлида шакллантиришга қаратган “Америка овози”, “Озодлик” радиостанциялари, мамлакатда давлатга қарашли ОАВ умуман бўлмагани ҳолда, ҳамон давлат бюджетидан Марказий разведка бошқармаси орқали молиялаштирилади. Бунинг маълум маънода ўз сабаблари бўлиши ҳам эътибордан ҳоли эмас. Жаҳон жамоатчилиги фикрини шакллантиришда муҳим роль ўйнайдиган халқаро шарҳ амалиётини бевосита давлат сиёсий назоратидан чиқариб, бу жанрни соф илмий-назарий нуқтаи назардан туриб чуқур таҳлил қилиш даври ҳам етиб келди, шекилли.
Маълумки, шарҳ бу - бўлиб ўтган, содир бўлаётган ёки юз бериши кутилаётган муҳим ижтимоий-сиёсий, табиий ёки техноген воқеа-ҳодисага мутахассис, давлат ва ҳукумат идоралари мутасадди вакилларининг, олим, журналист ёки шу воқеанинг шоҳиди бўлган шахсларнинг муносабатидир. Воқеалар, ҳодисалар мағзини очиб берадиган мавзу бўйича ихтисослашган мутахассислар томонидан бериладиган атрофлича, чуқур ва малакали таҳлилдир. Энди шарҳ жанрининг дунёга келиши, пайдо бўлиш тарихига бир назар ташласак.
Шарҳ жанрининг пайдо бўлиш жараёнлари олис тарихга бориб тақалади. Шуни алоҳида қайд этиш лозимки, шарҳни, авваламбор, халқ оғзаки ижодиётида мавжуд бўлган ривоят, ҳикоят, қиссаларнинг, кейинчалик эса ҳозирги тушунчадаги адабий-бадиий асарлар: достон, ҳикоя, роман шаклида мумтоз адабиётга кириб келганлигини алоҳида таъкидлаб ўтмоқчимиз.
Хўш, бугунги кун нуқтаи назаридан шарҳ жанрига қандай таъриф берамиз?
Маълумки, аудиторияга дастлабки маълумотни хабар, ахборот каби журналистиканинг тезкор жанрлари етказиб беради. Шарҳда эса одатда, аудиторияга илгари маълум бўлган воқеа-ҳодисанинг атрофлича тафсилотлари билан янги, муҳим маълумот берилиб, улар таҳлил қилинади, газетхон, радиотингловчи, телетомошабиннинг билими, маълумот доираси тўлдирилади, тасаввури кенгайтирилади. Воқеа, ҳодисага шарҳловчининг муносабати билдирилади. Баҳолар берилади, хулосалар чиқарилади.
Қисқа қилиб айтадиган бўлсак, шарҳ - муҳим воқеа, ҳодисани тушунтириш уни муҳокама, мунозара қилишдаги журналист, мутахассис билими, ижодкор ақли, нуқтаи назари, интеллектининг иштирокидир.
ОАВ назариясида ҳам қалам тебратадиган таниқли Америка журналисти Дэвид Рэндалл шарҳни қуйидаги уч турга бўлади:

  • очиқ (тўғри, холисона, юз-хотирсиз) шарҳ;

  • пардали (ярим яширин, иболи) шарҳ;

  • ўзидан-ўзи ҳосил бўладиган, воқеа-ҳодисанинг таҳлили жараёнида кутилмаганда пайдо бўладиган (махсус уюштирилмаган) шарҳ.

Биз шарҳ жанрининг мазкур типологиясига унинг ҳаётда, амалиётда мавжуд бўлган, лекин тадқиқотчиларимиз этиборидан четда қолаётган яна бир мустақил турини алоҳида ажратиб кўрсатишни истар эдик.
Бу воқеа арафасида, воқеа содир бўлишидан аввал бериладиган шарҳдир. Буни – превентив шарҳ, – дейиш мумкин. Ва буларга қуйидаги мавзуларни тавсия этган бўлар эдик. Масалан:
– жаҳондаги молиявий инқироз, унинг Ўзбекистон иқтисодиётига, республикамиз аҳолисининг турмуш даражасига акс таъсири ва бу инқироздан муваффақиятли чиқиб кетиш йўллари ҳақидаги шарҳни ана шундай шарҳ турига киритган бўлардик;
– глобаллашув жараёни ва унинг Ўзбекистоннинг ижтимоий-сиёсий, халқимизнинг маданий-маънавий тараққиётига таъсири муаммо ва масалалари,
– Марказий Осиё бозорини Россия билан Хитойга бериб қўймаслик, бу бозорни Ўзбекистонда ишлаб чиқилган сифатли моллар билан таъминлаш масаласи;
– Ер юзида ҳаво ҳароратининг кўтарилиши ва унинг глобал (жумладан Ўзбекистонга) таъсири;
– йилдан-йилга тобора хавфли бўлиб бораётган Марказий Осиёдаги энг мураккаб масалалардан: ер, сув, демография масалалари;
– бутун Марказий Осиёга хавф солаётган, Тожикистон Республикаси ҳудудида 1906 йилги зилзила натижасида пайдо бўлган Сарез тоғ кўли муаммоси.
Мазкур жараёнлар салбий таъсир кўрсатиш эҳтимолининг олдини олиш масалалари, ёки:
– толибонлар ҳаракати ва бизга қўшни бўлган Афғонистон ва Покистондаги ижтимоий-сиёсий вазият;
– Марказий Осиёдаги меҳнат билан бандлик масалалари;
– Орол денгизи муаммоси;
– Наркотрафика;
– СПИД ва бошқа муаммолар.
Бу масала ва муаммолар бугун актуал шарҳлар учун долзарб мавзулар сирасига киради.
Шарҳ бир фактнинг, воқеанинг бошқа факт ва воқеа билан яширин, кўзга ташланмас боғлиқликларини очиб бериши керак. Кучли, жиддий, атрофлича, чуқур ёзилган шарҳ айрим пайтларда воқеа юзасидан илгари аҳоли онгида шаклланган ёки қотиб қолган фикр ёки нуқтаи назарларни ўзгартириб ҳам юборади.
Кези келганда яна бир нарсани айтиб ўтиш жоизки, шу кунда қанчадан-қанча муҳим, актуал, ўткир мавзу-ю муаммолар шарҳсиз, таҳлилсиз мавҳумлигича қолиб кетмоқда, мавзулар юзасидан пайдо бўлган саволлар эса жавобсиз қолмоқда.
Шарҳни тезкор ва айни бир пайтда ниҳоятда фаол, жанговар жанр деса бўлади. У газетхон, радиотингловчи, телетомошабинларнинг жамиятда етарли эътибор берилмаётган масалалар ва муаммоларга диққатини тортади, кўзини очади, нигоҳини ойдинлаштиради ва ниҳоят, ОАВ рейтингини кўтаради.
Мавзу юзасидан яна бир муносабатни таъкидлаб ўтишни лозим деб топдик. Халқаро шарҳловчининг бизнингча яна учта муҳим хислати бўлиши шарт. Қуйида айтиладиган шартларни барча профессионал журналистларга нисбатан қўйиладиган асосий талаблардан, деб атаса ҳам бўлади. Бундай журналист юксак маҳоратга эга бўлиши, профессонал, фуқаровий жасоратга қодир бўлиши, алломаю донишмандларга хос бўлган – воқеалар, ҳодисалар ривожи нимага олиб келишини олдиндан айтиб бера оладиган, яъни башорат қилиш қобилиятига эга бўлмоғи керак.
Халқаро шарҳ муҳим, долзарб, йирик, мураккаб масалаларнинг асл моҳиятини тушуниб етишга, унинг кўздан яширин, нозик томонларини илғаб олишга, муаммо, конфликтнинг реал кўламини тасаввур қилишга ёрдам беради. Халқда шундай бир гап бор, унда: бирон-бир воқеа ҳаётда бир марта содир бўлса у қайтарилмаслиги мумкин, лекин шу воқеа иккинчи бор содир бўладиган бўлса, у албатта кейин такрорланади, дейилади. Бунинг замирида бизнингча ҳали англаб етилмаган бир қонуният ва минг-минг йиллик инсоният тажрибаси ётибди. Шунинг учун, таҳлил қилинаётган воқеа тарихда илгари содир бўлган худди шунга ўхшаш бошқа воқеа-ҳодисалар билан таққосланиб таҳлил қилиниши мақсадга мувофиқдир. Бунда воқеага глобал миқёсда ижтимоий-сиёсий баҳо берилади. Келажакдаги унинг акс-садоси қандай бўлишлиги тахмин қилиниб, кўрсатиб ўтилади. Экспертлар ёрдамида бундай танг вазиятдан чиқиб кетиш йўллари изланади.
Бундан қарийб 110 йил муқаддам, америкалик журналистлар: бир асрдан сўнг (демак, ҳозирги 2010-2011 йилларни назарда тутишган) дунё қандай қиёфада бўладию, ундаги ҳаёт қай тарзда кечади? – деган мазмунда 1901 йили экспертлар ўртасида сўровлар ўтказишган, илмий тахмин-прогнозлар қилишган. Олимларнинг берган тахминларида, ҳали ҳатто биринчи “фанер” самолётлари яратилмаган бир даврда инсоннинг Ойга, Марсга, бошқа сайёраларга учишидан тортиб, то бугунги энг замонавий алоқа воситалари бўлган Интернет-у, мобиль телефонларгача кашф этилиши айтиб берилган.
Шарҳда башорат қилиш – кутилаётган воқеа-ҳодисага жамоатчилик фикрини тайёрлашда, уни шакллантиришда муҳим аҳамият касб этади. Шарҳда нима қилинса, қандай тадбирлар қўлланилса воқеанинг керак йўналишда ривожланиши (жамиятни бошқаришдаги ОАВнинг роли), муаммолар ҳал қилиниши конкрет факт ва далиллар билан асослаб берилади. Узоқ ўйлаб, пухта ўрганиб, воқеанинг ривожланиш жараёнига илмий ёндашиш натижасида тахминлар башоратларга айланади.
Халқ донишмандлиги, азиз-авлиёларнинг башорат қилиш қобилиятидан унумли фойдаланиш ҳам журналист учун муҳимдир. Инсоният ўз тақдирини олдиндан айтиш, башорат қилиш бўйича ҳам катта йўлни босиб ўтган ва бой тажриба тўплаган. Бу борада буюк Шарқ алломаси Хўжа Аҳмад Яссавий ўзи яшаган даврдан, 800 йилдан кейин Чор Россиясининг Туркистонга бостириб келиши тўғрисида ёзиб қолдирган. Бундан 800 йил илгари Ҳазрат (Хўжа Аҳмад Яссавий - И.А.) айтган эканлар: “Минг икки юз саксон бирда ўрис келгай, Туркистон атрофини камсаб олгай”. Ибратнинг “Фарғона тарихи” китобида, воқеани давом эттириб ёзар экан шундай дейди: Воқеа 1281 да содир бўлди. Қозоқия Русияга тобе бўлди, келмакни хохлади ва оз муддатда Русия Туркистонга келгани тўғрисида ҳазрати Султон ул Орифин Ҳожа Аҳмад Яссавий Туркистон тўғрисида айтган башоратлари тўғри келди. Бу демак, XIX асрда бўлажак воқеа XI асрда башорат қилиниб, айтилган.
Башоратга шунингдек, Настродамус, Вольф Мессинг, Вангелия (Баба Ванга)нинг жаҳон халқлари тилларида достон бўлиб кетган прогноз-тахминлари-ю ёки Збигнев Бжезинский, Самуюэль Хантингтон, Элвин Тоффлер сингари ва бугунги кунда қилаётган сиёсий-ижтимоий шарҳлари яққол мисол бўла олади.
Сиёсий-ижтимоий башорат қилиш намуналарини бугун биз шунингдек, демократик жамият қуриш йўлида изчил бораётган бир қатор давлатлар журналистларининг фаолиятида, жумладан Россияда чиқадиган “Аргументы и факты” газетасининг шарҳловчиси Вячеслав Костиков, сиёсатшунос Георгий Саттаров, “Труд” газетасининг шарҳловчиси Павел Вошчанов, “Совершенно секретно” газетасининг шарҳловчилари Владимир Воронин, Галина Сидороваларнинг шарҳларида айниқса яққол кузатамиз.
Шарҳда ишонтирарли факт, рақам ва далиллардан фойдаланиш лозим. Шарҳда қуйидаги нарсалардан айниқса эҳтиёт бўлиш керак. Агарда шарҳда далилга нисбатан ғоя, мантиққа нисбатан мафкура, холисликка нисбатан сиёсат, чуқур мантиқли асослаш ўрнига тарғибот-ташвиқот устун келса, бундай шарҳ ўз қадрини, шарҳловчи ва ОАВ эса ўз обрўси ва ишончни йўқотади. Очиқ айтиш керак, бундай шарҳ халққа ҳам, давлатга ҳам фақат зарар келтиради. Бу эса ўз навбатида илмий-амалий тадқиқот учун алоҳида мавзудир.
Шарҳловчи яна бир хислатга, у ҳам бўлса атрофлича, чуқур, эътирозга ўрин қолдирмайдиган темир мантиққа, одил, холис, принципиал ўз нуқтаи назарига эга бўлиши керак.
Ишонтириш кучи шарҳнинг муҳим талабларидан бири ҳисобланади.
Инсонда бир хислат мавжуд. Ҳар бир шахс, айниқса ижод аҳли ўз фикри, нуқтаи назарини айтишга, ўртоқлашишга ошиқади. Атрофдагилар унинг фикрини сўзсиз қабул қилишини истайди. Сиёсий шарҳлар соҳасида катта тажриба тўплаган инглиз журналисти Дэвид Рэндалл, шарҳловчини воқеа-ҳодисани ана шундай шошма-шошарлик билан шарҳ қилиш хоҳиш-иштиёқидан ўзини тийишни таъкидлайди ва бу қандай нохуш оқибатларга олиб келишини айтиб ўтади. Инглиз хамкасбимизнинг фикрларини давом эттирар эканмиз, яна бир гапни айтиб ўтмоқчи эдик. Ҳаётда содир бўладиган воқеа-ҳодисалар ривожига "инсон омили" деб аталмиш, конкрет шахснинг ҳам таъсири, унинг хоҳиш-иродасидан ташқарида – объектив бўлган, биз ҳатто тасаввур ҳам қила олмайдиган омиллар, сабаблар ҳам мавжуддир. Бу ҳол шарҳловчи воқеа-ҳодисани бузмай, ҳаётда қандай юз берган бўлса худди шундай, холисона етказиб беришни, фактни фикрдан ажратиб, воқеа ҳаётда содир бўлганидек айнан баён, талқин этишни талаб қилади. Журналист ана шундан сўнггина ўз муносабатини воқеа баёнидан ажратган холда очиқ айтиши, фикрини яширмай билдириши мумкин. Бу халқаро шарҳ жанрининг яна бир муҳим талабидир.
Журналистикада халқаро шарҳ жанри ва унинг олдига қўйилаётган вазифалар ҳеч қачон ўзининг муҳим ва долзарблигини йўқотмайди, шундай экан бу мавзудаги изланишлар ҳам давом этмоғи керак.



Download 2.74 Mb.

Do'stlaringiz bilan baham:
1   ...   10   11   12   13   14   15   16   17   ...   44




Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling