Махсус таълим вазирлиги ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети
Download 2.74 Mb.
|
TO\'PLAM1
Холис асар ёзиш изланишни талаб қилади
Аъзамжон Дадахонов, Аудиовизуал журналистика ва оммавий коммуникация кафедраси катта ўқитувчиси Жаҳоннинг ривожланган хорижий мамлакатлари журналистика-сининг асосий кучли жиҳати уларнинг холислигидир. Ҳар бир газетхон, тингловчи ёки томошабин ўзлари ўқимоқчи бўлган янгилик ёки хабарнинг холис ва ҳаққоний ёритилишини хоҳлашади ва журналистлардан шуни кутишади. Бугунги кунда журналистик таълимда талабаларнинг ахборот материалини ёзишда холислик мезонларига амал қилиши зарурлиги асосий ахлоқий талаблардан бирига айланган. Бироқ ҳар бир сўзни ўз ўрнида қўллаш ва холислик орқали самарадорликка эришишда амалиётда, турли дарсдан ташқари машғулотларда бу борада тўпланган назарий билимларни синаб кўриш ва холислик мезонларига амал қилишни қатъий кўникмага айлантириш яхши натижаларга олиб келади. Ўзбекистон мустақилликка эришгач, журналистика соҳасига алоҳида эътибор қаратила бошланди. Хусусий нашрларнинг пайдо бўлиши, ОАВ фаолиятини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш, уларнинг моддий техник базасини мустаҳкамлаш, журналистларнинг касбий малакасини ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ахборот соҳасида жамоатчилик, нодавлат ташкилотларини тузиш ва фаолиятини йўлга қўйиш, ривожлантириш учун зарурий қонуний асослар, техник ва бошқа шарт-шароитлар яратилган. Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси, Электрон оммавий ахборот воситалари миллий уюшмаси, Ўзбекистон мустақил босма оммавий ахборот воситалари ва ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоатчилик фонди сингари қатор жамоат бирлашмалари ва уюшмаларининг ташкил этилиши фикримизнинг ёрқин далилидир. Бугунги кунда журналист кадрларни тайёрлаш масалаларига ҳам алоҳида аҳамият қаратилмоқда. Сўнгги вақтларда республикамиздаги ОАВларга журналист кадрларни етиштириб берадиган факультетларда таълим жараёнлари мазмун ва ташкилий жиҳатдан тубдан ўзгарди. Ҳозирги ахборот алмашинуви глобаллашган давр ва ахборот жамияти талабларига жавоб берадиган малакали журналист кадрларни тайёрлашга эътибор кучайди. Талабаларнинг назарий билимларини ривожлантириш билан бир қаторда, уларнинг журналистик ижод соҳасидаги маҳоратларини шакллантириш борасида ҳам қатор ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, дарсдан ташқари вақтларда талабаларнинг малакавий амалиёти, факультетлардаги ўқув радио, телестудиялари, таҳририятларида ва тўгаракларда уларнинг амалий ижоддаги қобилиятларини янада ривожлантириш, дарсларда олган назарий билимларини амалий мустаҳкамлаш мақсади кўзланган. Сўнгги вақтларда турли таҳририятлар қошида ташкил этилган маҳорат мактабларининг ташкил этилиши ҳам журналист талабалар қаламини чархлайдиган ва ижодга қизиқишини оширадиган самарали ишлардан бири бўлди. Журналистика соҳаси талабаларининг ижодий кўникмасини яхшилаш учун амалга оширилаётган бундай тадбирлар келгусида малакали, ҳаққонийлик ва холисликни ўзининг асосий ижод принципига айлантирган журналистларнинг етишишига замин яратади. Ривожланган давлатларда йирик ОАВ таҳририятлари қошида ҳам журналистларнинг касбий ва ижодий маҳоратини оширадиган курслар мавжуд. Уларда журналистика соҳасида фаолият юритмоқчи бўлганлар ўз малакаларини оширадилар. Ўқув жараёни мобайнида улар ўз хабарига сарлавҳа танлаш, фактларни саралаш ва тартиблаш сингари ахборот материалининг ҳар бир қисмини қандай ёзиш бўйича амалий билим ва кўникмага эга бўладилар. Ассошиэйтед Пресс ахборот агентлигида фаолият кўрсатган журналистлардан бири Вольтер Миарс ёзади: “Мен коллеж талабалари томонидан ёзилган хабарларига кўз югуртирганимда, кўпинча хабарнинг лид қисми шунга ўхшаш бўлади: “Чоршанба куни факультет жамоаси шуни режалаштирмоқдаки, ...” кейин воқеалар баёни факультет жамоаси ниманидир қарор қилгани ҳақида давом эттирилади. Бир дақиқага тўхтанг, жамоанинг нима учун шундай қарор қилгани лид бўлади” , дейман уларга[1]. Ахборотда холисликни таъминлаш учун журналист далиллар йиғиш, уларни саралаш ва муайян кетма-кетлик асосида тартибга солиш, асар мазмуни ва структурасини тузиб чиқиш ва баён қилиш каби барча босқичда амал қилиши зарур бўлган бир қатор талаблар бор. Мазкур талабларни ижодий кўникмага айлантириш учун касбий маҳорат мактабларида талабаларнинг хабар ва ижодий ишлари таҳлил этиб борилиши сезиларли натижа беради. Оддийгина далиллар йиғишдаги сусткашлик ёки асарда фақат бир ахборот манбаи маълумотлари билан чекланиб қолиш, тарафкашликка олиб келади. “Эвансвиль курьер” нашри журналисти Роберта Хейманнинг ёш журналистларга қарата айтган қуйидаги маслаҳатлари ниҳоятда муҳим: “Боғланиш мумкин бўлган барча ахборот манбаларини ишга солинг. Ҳар доим бу мавзуда нималар аллақачон ёзиб бўлинганини кўриш учун газета кутубхонаси(архивини)ни кузатинг ва таҳририятдаги кекса репортёрлар билан суҳбатлашинг. Улар кўп нарсани билишади. Маҳаллий университет профессорлари техник жиҳатдан етук шарҳловчилардир. Агар маҳаллий экспертлар билан боғлана олмасангиз, улар қаерда бўлишса, ҳам боғланинг. Кутубхоначилар ва тарихчилар жуда қимматли ахборот манбаларидир. Худди шундай яхши фотографлар ҳам сиз ёдингиздан чиқаришингиз мумкин бўлган нарсаларни кўриб, пайқай оладиган фойдали манбалардир” [2]. Ахборот материали учун далиллар йиғиш хусусида гап кетганда, машҳур инглиз ёзувчиси Эрнест Хемингуэй ҳаётида рўй берган қизиқ бир воқеани эслаш ўринли. Эрнест Хемингуэй ўз фаолиятини репортёрликдан бошлаган. Бадиий асар ёзишдан ташқари уруш ва халқаро воқеалар ёзишга ҳам кўп вақт ажратган. Италиялик раҳбар Бенито Муссолини матбуот анжумани чақирганда, унинг идорасига ёпирилиб кирган журналистлар, Муссолини ўз иш столида китоб мутолаасига шўнғиб ўтирганини кўришган. Барча журналистлар унинг бўшашини кутишаётган бир пайтда, Хемингуэй у қайси китобга бунчалик берилганини билишга қизиқиб, китоб номига разм солади. Хемингуэй шу матбуот анжуманига бағишланган хабарида маълумот беришича, бу “оёғи осмондан қилиб ушлаб олинган” французча-инглизча луғат эди[3]. Демак, журналист материалининг таъсирчанлиги ва далилларга бойлигини таъминлашда кузатувчанликнинг роли юқори экан. Ҳар жиҳатдан холис мақола ёзиш эса журналистдан ўз устида тинимсиз ишлашни талаб қилади. Озгина бўлса ҳам, ҳиссиётга берилиш ёки шов-шувнинг кетидан қувиш журналист учун зарарли оқибатларни келтириб чиқариши мумкин. Инглиз олими Мелвин Менчер ёш журналистлар учун яратилган “Basic media writing” китобида қуйидаги фактни келтиради: “Қайғули, жуда қайғули” – деди ўзига ўзи масъул котиб бир талабанинг уйсиз бечораҳол ёш йигит ҳақидаги мақоласини ўқир экан. Мақолада ёзилишича, у йигит Уэст Поинт олийгоҳининг битирувчиси экан. Масъул котиб орадан бир ҳафта ўтиб, ўша талабанинг мазкур мақоласи талабалар янгиликлар тармоғи орқали газетада чоп этилганда, мақола қаҳрамонидан ҳам ночорроқ аҳволга тушиб қолди. Уэст Поинт муассасаси жамоатчилик билан ишлаш ходими ушбу олийгоҳда мақолада номи келтирилган исмдаги талаба умуман ўқимагани ҳақида баёнот берган. Ахлоқий шиор: одамлар ҳар хил турдаги фикрларни ўртага ташлайверадилар. Уларни текшириб олинг!” [4] Кўриниб турибдики, ОАВга янгилик материали тайёрлашда субъективликка йўл қўйиш катта муаммоларни келтириб чиқаради. Журналист талабаларга интервью олишда саволларнинг қисқа ва жавоб талаб қиладиган шаклда беришга, ахборот материалида кўпроқ далилларга таяниш кўникмасини шакллантириш лозим. Маълумки, ахборот материалида фотосуратлар янгиликнинг ҳаққоний ва холислигини таъминловчи, “ўзига сингдирилган ахборотни ўқувчига тез қабул қилдирадиган” [5] журналист материали қисми саналади. Шу боис бошқалар (масалан, ташкилот раҳбарияти, пиармен, ҳаваскор сураткаш) томонидан журналистга тақдим этилган суратни кўр-кўрона ахборот материалига илова қилиш ҳам холисликка ва янгилик сифатига путур етказиши, журналистнинг ўзи билмаган ҳолда тарафкаш ва реклама қилувчи кишига айлантириши мумкин. Ахборот материалига рекламани сингдириб юбориш эса на бир халқаро ва миллий ахлоқий кодексларда, на бирор қонуний ҳужжатда оқланмайди, ҳам ахлоқий, ҳам қонуний талабларнинг бузилишига олиб келиши мумкин. Бунинг учун Ўзбекистон Республикасининг “Реклама тўғрисида”ги Қонунни ҳамда “Рекламани жойлаштириш тўғрисидаги Низом” талабларини, бир қатор мамлакатларнинг касбий ахлоқий кодексларидаги айнан реклама ва ахборот материали муносабатлари билан боғлиқ фикрлар илгари сурилган меъёрларини кўздан кечириш кифоя. Журналистлар учун холислик илмий даражадаги қатъий аниқликни талаб қилмайди. Бунда, биринчи навбатда, ўз шахсий мулоҳазаларини далиллардан ажратиб бериш талаб қилинади. Холислик янгилик узатишнинг “тўнкарилган эҳром” усулида муайян даражада кўринади. Чунки унда “Ким? Нима? Қаерда? Нима учун? Қачон? Қандай?” саволларига жавоб берса ва далиллар муҳимлиги юқоридан қуйига қараб пасайиб борса, журналист холис йўл тутган бўлади, деган фикр мавжуд. [6] Бироқ бу ўринда яна шуни таъкидлаш лозимки, далилларни тартиблаштиришда ҳам журналистнинг шахсий нуқтаи назари ва воқеага муносабати муайян даражада акс этади. Рус ёзувчиси Лев Толстой ёзади: “Мен шуни аниқладимки, муаллиф қайси томонда турганини аниқлашнинг имкони бўлмаганда, асар чуқурроқ таассурот қолдиради” [7]. Умуман олганда, холислик тамойили бошқа ахлоқий тамойиллар, жумладан, ҳаққонийлик, адолатлилик, ошкоралик сингари меъёрлар қаторида, журналистнинг жамият ва касби олдидаги бурчларини тўлақонли уддалашига муҳим асос бўладиган ахлоқий талабдир. Чунки ахборот ёзишга киришган журналистнинг мавзу танлашидан тортиб, фактларни йиғиш ва таҳлил этиш, ҳаммасидан ҳам мушкули – фактларга ҳаққоний ва холис баҳо бериш жараёнларининг барчасида касбий ахлоқ тамойиллари журналистга энг тўғри қарорлар қабул қилишда ёрдамга келади, уларни турли ижодий муваффақиятсизлик ва кўнгилсизликлардан асрайди. Бунинг учун журналистлар ўз устларида тинимсиз ишлаши ва изланиши талаб этилади. Президентимиз И.Каримов таъкидлаганларидек: “Айни вақтда матбуот ва эфир орқали ҳақиқатни ёритиш, одамларга етказиш ҳар қайси журналистнинг билим ва тажрибаси, унинг профессионал маҳоратига, гражданлик позициясига боғлиқ эканини ҳам унутмаслигимиз лозим” [8]. Журналист талабаларнинг дарсдан ташқари ўз билим ва кўникмаларини ривожлантиришларида хорижий мамлакатлар тажрибасини ўрганиш янада янги усулларнинг олиб кирилишига замин яратади. Хорижий мамлакатларда талабаларнинг дарсдан ташқари ўз билим ва малакаларини шакллантиришлари учун таҳририятлар мактабларида ва журналистика факультетлари томонидан кўплаб адабиётлар чоп этиб турилади. Масалан, АҚШда ҳар йили “News Reporting and Writing” (“Янгилик узатиш ва ёзиш”) номли қўлланманинг янги нашри чоп этилади. Мазкур қўлланмаларда оддий кундалик хабар ёзишдан тортиб, токи журналистиканинг ҳар бир жабҳасида ишлаш бўйича билим ва кўникмалар бериб борилади. Сўнгги вақтларда бизда ҳам кўплаб янги дарслик ва ўқув қўлланмалар чоп этилмоқда. Лекин уларни етарли деб бўлмайди. Малакали журналист кадрларни етиштириш учун замон талабларига тўла жавоб берадиган янги ўқув адабиётларини чоп этишни ҳам кенгайтириш керак. Download 2.74 Mb. Do'stlaringiz bilan baham: |
Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling
ma'muriyatiga murojaat qiling