Махсус таълим вазирлиги ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети


Download 2.74 Mb.
bet33/44
Sana20.06.2023
Hajmi2.74 Mb.
#1637048
1   ...   29   30   31   32   33   34   35   36   ...   44
Bog'liq
TO\'PLAM1

Дилрабо Жуматова,
ЎзДЖТУ стажёр-тадқиқотчи-изланувчиси

“Онлайн журналистика” атамасининг тушунча сифатида муомалага кириб келиши ҳақидаги мулоҳазаларни умуман Интернетнинг онлайн журналистика ривожига таъсир кўрсатган қуйидаги имкониятларини таъкидлашдан бошлашга тўғри келади. Булар:


— тезкор ахборотга эга бўлиш;
янгиликлар билан танишиш;
— замонавий тажрибалар билан танишиш;
— иш билан боғлиқ муносабатларни зудлик билан ҳал этиш;
— интерактивлик, жонли мулоқот ўрнатиш;
— замонавий дизайн;
— тижорат, реклама;
— масофавий тўсиқлар ва чегара билмаслик ва бошқалар.
Шулар сингари техник имкониятлар ўз навбатида қуйидаги янгича изланиш ва ёндашувлар пайдо бўлишига олиб келди:
— Интернет журналистика;
Онлайн журналистика;
— Кибер журналистика;
— Веб журналистика.
Интернетнинг вужудга келиши аҳамиятини ХIX асрнинг охирида Германияда арзон қоғознинг, 1450 йилда Гутенберг томонидан босма дастгоҳнинг ихтиро қилиниши, ХX асрда Европа Алоқа институти ташкил этилиши каби оламшумул воқеаларга қиёслаш мумкин. Зеро, фан ва техника, сиёсат, иқтисодиёт ривожида, умуминсоний ва миллий маданиятларнинг ўзаро таъсирида, ягона ахборот тизимини яратиш соҳасида Интернет инсоният учун кўз кўрмаган имкониятларни очиб берди. Интернет бугунги кунда ҳатто журналистнинг ижодий маҳорат даражасини белгилаш имконини бермоқда.
Интернетнинг асосий “маҳсулоти” сервер компьютерларида файл кўринишида сақланадиган ва турли шаклда кўрилиши мумкин бўлган ахборотлар ҳисобланади. 90-йилларнинг ўрталарига қадар мамлакатимизда Интернетга бўлган қизиқиш даражаси айтарли юқори эмас, чунки унга уланиш ва унда фаолият юритиш технологияси оддий фойдаланувчилар учун қулай эмас эди. Интернетнинг кенг тарқалишига Web технологиясининг юзага келиши сабаб бўлди. Wоrld Widе Wеb Интернетнинг энг яхши хизматларидан бўлиб, матн, график ахборот, товушли фрагментлардан ташкил топган ҳужжатлар билан ишлаш имкониятини яратди.
Эндиликда бирон-бир жамиятнинг ахборотлашганлик даражаси бошқа тараққий этган давлатларда кенг тарқалган ахборот воситаларидан (техник, иқтисодий, сиёсий, ҳарбий ва ҳоказо) фойдалана билиш, шунингдек, ахборотни қайта ишлаш ва тарқатиш йўлларининг ривожланиш ва фойдали ишлатишга йўналтирилганлик даражаси билан белгиланмоқда. Биргина “электрон ҳукумат” атамасининг жорий этилишининг ўзиёқ жамиятнинг демократлашаётгани, жамиятда ахборот айланиши соғлом йўлга қўйилгани мезони сифатида тилга олинмоқдаки, мазкур янгилик ҳам Интернет тармоғи мўъжизаларидан ҳисобланади. Зеро, “электрон ҳукумат” тушунчаси қисқа қилиб айтганда, Интернет асосида электрон портал тизимига ўтиш демакдир.
Шу ўринда соҳада янгича кўринишга эга бўлган “онлайн журналистика” атамасига изоҳ бериб ўтиш мақсадга мувофиқдир. 2004 йили нашр этилган ахборот технологиялари изоҳли луғатида “онлайн” сўзи қуйидагича изоҳланган:
1. On-line (ot). Sizning kompyuteringiz xosttizim bilan ulangan marom, hamda kompyuteringiz FTP-server, WWW-server, BBS va boshqa umumiy foydalanish mumkin bo‘lgan tizim bilan ulanganda bevosita xizmatni taqdim qilish. O‘zgacha qilib aytganda, foydalanuvchi bilan bevosita o‘zaro aloqada ishlash maromi (foydalanuvchi talabnomalarini paket ishlash tizimlaridan farqli).
2. On-line (sifat).- elektron, tarmoqli nashrlarga, ma’lumotlar bazalariga nisbatan. Masalan, online magazine - tarmoq jurnali; - online documentation – tarmoq dasturining ichiga o‘rnatilgan elektron shakldagi hujjatlar; online help – ichiga o‘rnatilgan aytib turish.1
Демак, онлайн журналистика интернет тармоғидаги электрон нашрлардир. Бугунги кунда “Uznet”нинг ОАВ бўлимида икки тоифадаги нашрларни кузатишимиз мумкин. Биринчиси – ўзларининг электрон намуналари билан бутунжаҳон ўргимчак тўрига кириб борган анъанавий оммавий ахборот воситалари. Иккинчиси – асл тармоқли бўлиб, электрон кўринишда юзага келган ва айни пайтда фақат интернет тармоғида фаолият юритиб келаётган онлайн нашрлардир.
Тармоқ онлайн нашрлари эса фақат электрон кўринишдагина мавжуд бўлиб, анъанавий нашрига эга эмас. Бундай нашрларга www.anons.uz, wwwgazeta.uz, www.12.uz, www.gzt.uz ва бошқаларни мисол қилиб келтириш мумкин. Электрон ахборот нашрларининг энг катта афзаллиги уларда ахборотлар тезкорлик билан тайёрланиши ва тарқатилишидир. Шунингдек, электрон нашрлар анъанавий ОАВнинг барча хусусиятларини (матн, овоз, тасвир) ўзида жамлаган ҳолда, ахборий материални ўзига хос тарзда шакллантириш хусусиятига эга. Ички ва ташқи гиперматнли боғланишлар орқали жорий ахборий материалга тегишли қўшимча маълумотлар ҳам олиш мумкин. Интернет нашрларда анъанавий ахборот жанрларидан ўзига хос тарзда фойдаланилади. Шу билан бирга, Интернетда блис опрос, мониторинг, рейтинг каби янги жанрлар ҳам пайдо бўлмоқдаки, бу Интернет ахборот сайтларининг янги ОАВ сифатида ўзига хослигини белгилайди. Электрон нашрларнинг яна бир муҳим хусусияти, уларнинг интеактивлиги ҳисобланади. Яъни, Интернетдаги турли алоқа воситалари (E-mail, IRC) ва кўп сонли форумлар орқали аудитория билан тезкор алоқалар боғлаш, фикрлар алмашиш имконияти мавжуд. Бу эса, аудитория қизиқишларига монанд ахборотлар тайёрлашга имкон яратади.
Ҳозирда Ўзбекистоннинг ўзида, яъни «www.uz» миллий домени ҳудудида рўйхатга олинган интернет-ресурслар сони 6000га етган. Бундан ташқари чет элларда ташкил этилиб, юртимиз ҳақида ахборот тарқатаётган кўплаб сайтлар мавжуд.
Uznetда фаолият олиб бораётган GAZETA.UZ (www.gzt.uz), ANONS.UZ (www.аnons.uz), Press.uz (www.press.uz), Vesti.uz (www.vesti.uz) каби веб-саҳифалар бунга яққол мисол бўла олади. Буларни тармоқда фаолият юритишининг ўзига хослигини қуйидагича таҳлил қилиш мумкин:
Биринчидан, виртуал тармоқнинг интерактивлиги. Унда мухлис билан фикр алмашган ҳолда газетанинг материал тарқатиш услубларини аудитория талабларига мослаштириш осон кечади.
Иккинчидан, интернетнинг глобал тармоқлиги. У географик чегараларни билмайди ва унинг аудиторияси бутун жаҳон аҳлини ўз ичига олади. Эндиликда онлайн тизимида фаолият бошлаган газета маълум ҳудуд учун эмас, балки барча халқларга мослаб материаллар узатиш имкониятига эга бўлди.
Учинчидан, ҳар қандай вазиятда пайдо бўлган ўзгартириш ёки нотўғри матнни осонгина тузатиш имконини беради. Босма нашрларда юз берадиган бундай хатоликларни тузатиш учун уни қайта нашрдан чиқариш керак бўлади, бу эса ортиқча меҳнат ва харажат талаб қилади.
Шунингдек, онлайн нашрда хабарларни узатиш тезлиги ва архивнинг мавжудлиги каби бир қанча қулайликларини санаб ўтишимиз мумкин. Лекин интернетда берилган материалларни жойлаштиришда, унинг барча хусусиятларидан фойдаланган холда ишлаш лозимдир. Буларга гиперматн, мултимедиа кабилар мисол бўла олади. Яъни замонавий онлайн журналистика ихтисослашувни талаб қилади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти И.А.Каримов бу масалада 1996 йилдаёқ ўз позициясини қатъий баён қилган эди: “Профессионал журналист, сиёсатшунос, шарҳловчи кадрлар танқислиги сезилмоқда. Уларда тажриба, дадиллик етишмаяпти, зиммага масъулият олишдан чўчиш ва лоқайдлик, ўзибўларчилик ҳолатлари ҳукмрон. Кўпгина журналистлар ҳанузгача эскича фикр юритишдан халос бўлолмаяптилар, муҳим муаммоларни ёритишда уларда қатъият ва принципиаллик етишмайди. Модомики, газета ёки журнал оддий фуқарони маҳаллий бюрократларнинг бедодлиги ва ноқонуний хатти-ҳаракатларидан ҳимоя қилишга қодир эмас экан, умуман шундай матбуот керакмикан, деган ҳақли савол туғилади”.1
Юртбошимиз томонидан масаланинг кун тартибига бу қадар кескин қўйилиши бежиз эмас. Зеро, журналистларнинг ихтисослашуви масаласи сиёсий, ҳуқуқий, мантиқий ва ахлоқий жиҳатдан тўла асосга эга.
Айни пайтда мутахассислар онлайн журналистиканинг аудиториясини янада кенгайтириш мақсадида унинг кўплаб интерактивлик хусусиятларидан фойдаланишга ҳаракат қилмоқдалар. Масалан, фойдаланувчининг талабидан келиб чиқиб ахборотни узатиш, веб-нашрларни ҳар хил тилларда бериб бориш ва ҳ.к. Кўпгина онлайн нашрларга бепул обуна бўлиш мумкин ва улар электрон почта орқали янгиликларни узатиб турадилар. Ушбу қулайликлардан ташқари халқаро тармоқнинг янги имкониятлари мураккаб саволларни илгари сурмоқда. Охирги веб технологияларнинг имкониятларидан бири саналган Веб 2.0 (Web 2.0) ва Блог (Blog) тизимини оммалаштирмоқда. Бу “weblogging” сўзларидан олинган бўлиб, “интернетга ёзиб қўяман” деган маънони англатади, яъни бу тармоқдаги электрон кундалик дафтаридир. Бу тизим хоҳлаган фойдаланувчига бепул хизмат кўрсатиш билан биргаликда, унда аудитория ўз қизиқишлари, танишув, ўқиш, файл алмашиш каби қулайликлардан фойдаланмоқда. Ҳозир баъзи блог сайтлар борки, уларда мустақил фойдаланувчилар томонидан янгиликлар айрим расмий ахборот тарқатувчи сайтга қараганда тезкор ишламоқда. Бунинг натижасида бундай тизим Ньюс 2.0 (News 2.0) номи билан айтила бошлади. Бугунги кунда интернет оламида Ньюс 2.0 нинг журналистика бўла олиши ёки йўқлиги тўғрисида баҳс жуда қизғин. Бу жараённинг ўсиши ва унинг янги имкониятлар билан бойиши давом этаверади деб бемалол айтиш мумкин. Чунки айни дамда блог тизимига асосланган сайтлар ҳар бир сонияда яратилаётганлиги тўғрисида маълумот бор. Буни биз Uznetда оммавий ахборот воситалари сифатида фаолият олиб бораётган www.binafsha.uz, www.Itishnik.uz, www.blog.fonus.uz, www.blog.uzinfocom.uz, www.ayol.uz ва бошқа шу каби сайтлар мисолида кўришимиз мумкин.
Хулоса ўрнида шуни айтиш мумкинки, келажакда ахборот алмашинувининг кучайиши ва бу соҳадаги рақобат орқали янги медиа билан биргаликда анъанавий ОАВ фаолиятидаги турли услублар, уларнинг фаолиятидаги хилма-хилликлар, аудиториянинг кўп фикрли ва турли даражада бўлиши анъанавий газеталарга ҳам, электрон нашрларга ҳам эҳтиёж туғдириши табиий.



Download 2.74 Mb.

Do'stlaringiz bilan baham:
1   ...   29   30   31   32   33   34   35   36   ...   44




Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling