Махсус таълим вазирлиги ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети
Download 2.74 Mb.
|
TO\'PLAM1
- Bu sahifa navigatsiya:
- Ўзбекистон Республикасининг “Жисмоний тарбия ва спорт тўғрисида”ги қонуни 9- модда.
СПОРТ ВА ЖУРНАЛИСТИКА
Нигора Ғаффорова, Халқаро журналистика факультети 1 курс магистранти Матбуот, телевидение, радио, бошқа оммавий ахборот воситалари, жисмоний тарбия ва спорт давлат бошқаруви идоралари, соғлиқни сақлаш идоралари, жисмоний тарбия, соғломлаштириш ва спорт йўналишидаги жамоа бирлашмалари ахоли ўртасида жисмоний тарбия ва спортни кенг тарғиб этишни таъминлайдилар. Ўзбекистон Республикасининг “Жисмоний тарбия ва спорт тўғрисида”ги қонуни 9- модда. Спорт жисмоний маданиятнинг таркибий қисми бўлиб, жисмоний тарбия воситаси ва усули, жисмоний машқларнинг турли мажмуалари бўйича мусобақалар ташкил этиш, тайёрлаш ва ўтказиш тизими ҳисобланади. Кишиларнинг соғлиғини мустаҳкамлаш, умумий жисмоний ривожлантириш ва шу орқали муваффақиятларга эришиш унинг бош мақсадидир. Спорт журналистикаси спорт мавзуида, спортчилар ва спорт воқеалари ҳақида ёзиш демакдир. Спорт ривожланиб борар экан, спорт журналистикаси ҳам тараққиётдан тўхтамайди. Спорт мутахассислари, чемпионларнинг ашаддий ишқибозлари бор экан, журналистика улар учун хизмат қилишдан воз кечмайди. Баъзилар спортни “ўйинчоқ” мавзу, баъзилар эса “янгиликлар саҳифасининг қироли” деб аташади. Бугунги кунда спорт оммавийлашиб борар экан, етук спорт журналистикасига эҳтиёж сезилмоқда. Спортнинг пайдо бўлиши узоқ тарихга эга. У қадимдан то шу кунга қадар ўз мавқеини йўқотмай, замонлар ва даврлар оша ривож топиб келмоқда. Спорт ҳақида ёзиш спортнинг вужудга келиши билан чамбарчас боғлиқ. Илк спорт куртаклари Юнонистонга бориб тақалар экан, кураш, пойга, муштлашиш (ҳозирги кунга келиб бокс) ҳақида ҳам ўша мамлакатда ёзилган. Спорт журналистикаси эса ўз даври хусусиятларига қараб пайдо бўла бошлаган. Илк маротаба спорт ҳақида милоддан аввалги 850 йилда афсонавий қаҳрамон Ахилнинг курашда ғалаба қозонганини Гомер ўз асарида тасвирлаган. Қадимдан спорт ҳақида кўплаб ёзилган бўлса-да, омма орасида кенг тарқалмаган эди. 1800 йилларнинг ўртасига келиб америкалик ёзувчилар худди спорт ёзувчиларидек ижод қилишни бошлашган, аммо улар кўпчиликни ташкил этмасди. 1900 йили спорт нашрлари вужудга келди, 1914 йилда эса спорт ҳақида ёзиш кенг тарқалди, спорт матбуотига муҳарирлик қилиш эса ғоятда масъулиятли вазифа ҳисоблана бошланди. 1775 – 1785 йилларда уруш туфайли спорт журналистикаси аниқ бир йўналишда шаклланмади. 1790 йили Бенджамин Франклин ўз газетасининг янгиликлар саҳифасида сузиш ҳақида иқтибослардан фойдаланган ва янги газетасида спорт ҳақида бир неча мақолалар чоп этган. 1800 йилларнинг бошида “New York Post”, “Charlston Kurer”, “Richmond Enquirer” газеталари спорт ҳақида ёзишни бошлади. Бокснинг кишига шикаст етказиб қўйиш хавфи кўплиги боис у спорт турига киритилмаган бир вақтда, 1823 йили “New York evening Post York” газетаси бокс тарихи, шаклланиши жараёнлари тўғрисида атрофлича маълумотлар эълон қилган, боксни спорт тури сифатида эътироф этилиши лозимлиги таклифини илгари сурган ва шу тариқа унинг оммалашиши тарафдори бўлган (1867 йилда Квинсберри бокс қонун-қоидаларини ишлаб чиқиб, уни санъат даражасига кўтарди). 1850 йилдан бейсбол спорт турининг вужудга келиши, янги спорт жамоаларининг пайдо бўлиши натижасида унга бўлган қизиқиш ортди ва шу билан бирга матбуот учун янги мавзу кашф этилди. Масалан, “New York Herald” спорт анжуманлари ва спорт ҳақида ёза бошлади. Спортнинг олтин даврига келиб, спорт янгиликларининг тарқалиши муҳим масалага айланди. Спорт янгиликларига бўлган эҳтиёж ортиб боргани сабабли, спорт хабарлари жойлаштириладиган саҳифаларнинг 14,6 фоизи реклама учун ажратилди. 1870 йилга қадар матбуотда алоҳида спорт саҳифалари бўлмаган. Джозеф Пулицер 1883 йили “New York World” газетасини сотиб олиб, биринчилардан бўлиб спорт муҳариррларини ёллади. Катта шаҳарлардаги таҳририятлар Пулицердан ўрнак олиб, спорт муҳарририятини ташкил этди. 1891 йили баскетболнинг пайдо бўлиши, 1895 йили Америка Боулинг Конгрессининг бўлиб ўтиши спорт соҳасида янги база яратиш учун кўмаклашди. 1890 йилда кўпгина спорт турларининг вужудга келганлиги учун, бу вақтни спорт журналистикасида туб бурилиш даври деб аташади. 1940 йилдан бошлаб газеталарда спорт карикатуралари бериб борилди ва унга бўлган аудитория сони ошиши натижасида газеталарнинг адади ўсди. Шу воқеадан сўнг спорт ҳақидаги хабар ва янгиликлар босма матбуотнинг биринчи саҳифаларида бериб борилишига лойиқ мавзу деб қарала бошланди. Телевидение пайдо бўлиши эса спорт журналистикаси учун янги имкониятларни очиб берди десак муболаға бўлмайди. Мамлакатимиз спорти миллий маданиятимизнинг бир қисми ҳисобланади. У халқни юксак ахлоқий руҳда тарбиялашда ва саломатлигини мустаҳкамлашда муҳим воситалардан биридир. Юртимизда яшовчи халқлар асрлар давомида хилма-хил жисмоний машқлар ва миллий мусобақалар турини яратдики, бу ўз навбатида ёшларнинг жисмоний ва маънавий тарбиясига жиддий таъсир кўрсатди. Президентимизнинг “Ўзбекистон Республикаси Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси фаолиятини такомиллаштириш тўғрисида”ги фармони, Ўзбекистон Республикаси Давлат жисмоний тарбия ва спорт қўмитаси “Жисмоний тарбия соғломлаштириш ва спорт иншоотларидан фойдаланиш қоидаларини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Ўқувчи ва талаба ёшларни спортга жалб қилишга қаратилган узлуксиз спорт мусобақалари тизимини ташкил этиш тўғрисида”ги қарорлари мамлакатимизда спортнинг янада ривож топиши учун пухта замин яратди. 2003 йил 4 ноябрда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Оммавий спорт тарғиботини янада кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига биноан “Sport” телеканали ташкил этилди. Шу йили 1 январдан эфир вақти 6 соат, апрель ойидан эса 8 соатга узайтирилди. 2006 йили Ўзбекистон Телерадиокомпанияси шакллангандан сўнг “Sport” телеканали “Sport” ДУК шаклида қайта тузилди ҳамда унинг таркибига “Машъал” радиоканали киритилди. 2010 йил 1 сентябрдан бошлаб “Sport”телеканали узлуксиз эфир тизимига ўтди. “Машъал” радиоканалининг аввалги аудиторияси 30 ёшдан 60 ёшгача бўлган бўлса, “Sport” канали билан бирлашгандан сўнг 15 ёшдан 60 ёшгача бўлган аудиторияга мўлжалланган дастурлар тайёрлаш йўлга қўйилди. Ўзбекистонда жисмоний тарбия ва спортни қўллаб-қувватлаш ҳамда ривожлантиришга, мамлакатимиз ва чет элдаги спорт тадбирларини, республикамиз спортчиларининг ютуқларини ёритишга йўналтирилган телерадио кўрсатув ва радиоэшиттиришларни тайёрлаш, соғлом турмуш тарзини кенг оммалаштириш, болалар ва оилавий спортни оммавий тарзда ривожлантириш, жамиятдаги барча ижтимоий гуруҳларнинг эҳтиёжларини қондирган ҳолда дам олишнинг фаол ва ижтимоий фойдали шаклларини ташкил қилиш, миллий спорт турлари ва халқ ўйинларини қайта тиклаш ва ривожлантиришга бағишланган теле ва радиодастурларни тайёрлаш каби масалалар “Sport” телерадиоканалининг асосий вазифасига айланди. Спорт журналистикаси оммавий ахборот воситаларининг қай бирида бўлмасин у хабар беради, қайта ишлаб таҳлил қилинган ҳолда ахборотни етказади, салбий ва ижобий мисоллар билан аудиторияни тарбиялайди. П.Воронковнинг фикрича, спорт газеталари бугун ва айни дамда муаммолар ҳақида ёзмайди, у инсондаги нохуш кайфиятни йўқотишга ёрдам беради ва фақатгина спорт журналистикаси дунёда тинчлик ўрната олади, деб ҳисоблайди. Бу мутахассиснинг таъкидлашича: спорт журналистикаси 5та асосий вазифани бажаради: 1. Эскейпизм. 2. Яхши кайфият улашиш. 3. Ахборот бериш. 4. Таҳлил қилиш. 5. Тарбия бериш. Бугунги кунда спорт оммавий ахборот воситалари, айниқса, телевидение ва радиодастурлар аудитория учун яхши кайфият улаша олади. Чунки спорт журналистикаси ҳаваскор спортчиларни ҳам ҳисобга олган ҳолда ўз фаолиятини юритади. Спорт ОАВ ўзининг алоҳида аудиториясига эга. Ўзбекистон Республикаси Президентининг “2011-2013 ЙИЛЛАРДА РЕСПУБЛИКАДА ФУТБОЛНИНГ МОДДИЙ-ТЕХНИК БАЗАСИНИ ЯНАДА МУСТАҲКАМЛАШ ВА УНИ РИВОЖЛАНТИРИШГА ДОИР ҚЎШИМЧА ЧОРА-ТАДБИРЛАР ТЎҒРИСИДА”ги қарорига биноан оммавий ахборот воситаларида республикада футболнинг мунтазам ва тизимли асосда фаол тарғиб қилинишини ва оммалаштирилишини таъминлаш. 2011-2013 йиллар мобайнида олий лига футбол клублари стадионларида радио ва телешарҳловчилар учун замонавий ахборот-коммуникация воситалари билан жиҳозланган махсус хоналар ташкил этсинлар, футбол ўйинларининг телевидение ва Интернет тармоғи орқали тўғридан-тўғри узатилишини таъминлаш, спорт интернет-журналистикасини қўллаб-қувватлаш, ватанимиз футболини тарғиб қилишга ихтисослашаётган мавжуд ва янгидан очилаётган веб-сайтларни моддий рағбатлантириш бўйича комплекс чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ва Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги Ўзбекистон Футбол федерацияси билан биргаликда республиканинг ихтисослашган олий таълим муассасаларининг ҳамда Тошкент ахборот технологиялари университетининг тегишли факультетлари негизида спорт, шу жумладан футбол соҳасига ихтисослашган профессионал журналистлар, шарҳловчилар, режиссёрлар ва телеоператорлар тайёрлаш ҳамда қайта тайёрлаш тизимини шакллантириш масаласи ўртага ташланди, Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети халқаро журналистика факультети таркибида спорт журналистика мутахассислиги ташкил этилди. Спорт журналистикасининг яхши мутахассиси бўлиш учун биздан, мавжуд спорт турларининг тарихи, қонун қоидалари, ҳаётимизда тутган ўрни хақида билиш қаттиқ талаб қилинади. Статистик маълумотларга эгалик, чет тилларини мукаммал билиш, ижодда холислик, юксак билимлилик, одоб ва албатта маҳорат спорт журналисти учун асосий мезонларга айланмоғи лозим. Download 2.74 Mb. Do'stlaringiz bilan baham: |
Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling
ma'muriyatiga murojaat qiling