Махсус таълим вазирлиги ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети
Миллий маънавий-ахлоқий қадриятларни ёритишда
Download 2.74 Mb.
|
TO\'PLAM1
Миллий маънавий-ахлоқий қадриятларни ёритишда журналист маҳорати
Хурмет Атажанов, ЎзМУ стажёр-тадқиқодчи-изланувчиси “Маънавият” тушунчаси ҳеч бир даврда ўз моҳиятини йўқотмайди. Таърифга сиғмайдиган истилоҳда инсоният турмуш тарзи, жўғрофий шарт-шароит, ижтимоий онг ҳамда миллат ақидалари тажассум топади. Шу боис, муаммо ҳамиша баҳс-мунозара марказида туради. Бинобарин, ижтимоий фуқаролик институти – матбуот ҳам маънавият талқинини четлаб ўтолмайди. Чунончи, халқ аҳволи-руҳияти эҳтиëжи, талаби, манфаати, имкони, истаги ҳамда қизиқишлари унга туташади. Дунëқараш, фалсафа ва нуқтаи назарни яхлитлаштирадиган атамада жамият эстетик мезонларини белгилаш қудрати мавжуд. Оммавий ахборот воситалари ижтимоий фикрни шакллантириш ва мустаҳкамлашда етакчи ўринда турар экан, миллат мақсад–интилишларини жипслаштириш унинг асосий моҳиятига эврилади. Кечаëтган жараëнлар боришини жадаллаштиришда публицистик муҳокама қудратли восита, унда ошкоралик ва ҳаққонийлик, холислик ва муносабат, тасвир ва муҳокама жамланади. Зотан, фақат ва фақат баҳс-мунозараларда муаммо адолатли ечим топади. Ижтимоий онгда ҳосил бўладиган босим матбуотда юзага чиқади. Ўз навбатида, мусоҳаба кескинлигида маънавият моҳияти янада ойдинлашади. Илм-фан таърифига мувофиқ, маънавият ахлоқий маданият ва руҳий муносабатларни ўз ичига олади. Одатда, инсон борлиққа ва ўзига-ўзи нисбатан ботиний ëндашуви ахлоқий онг интизомини белгилайди. Унинг феъл-атвори, турмуш тарзи, маслаги, эътиқоди ва ишончи руҳоний бутунликка интилади. Аслида одамзод табиатида воқеа, ҳодиса, ҳолат, вазият ва манзарани ўзаро муқояса қилиш майли мавжуд. Шахс тасаввури қиëс табиийлигини ҳис этсагина, идрок тўлақонлилиги ҳосил бўлади. Баҳолаш мезони ахлоқий маданиятнинг муайян қирраси, унда инсон ибтидоси ва интиҳоси, тириклик мазмуни ва фаолият миқëси, жамият аъмоли ва меъëрлар муқаррарлиги ўз ифодасини топади. Ҳозирги кунда ахлоқий маданият тизимига ëндашув тубдан янгиланди. Бироқ ифода мустақиллиги ҳамда журналист масъулияти уйғунлигини сақлаш алоҳида муаммога айланади. Масалан, иқтидорли журналист Т.Худайбергеновнинг “Еркин Қарақалпақстан” газетасининг 2002 йил 19 апрель сонида чоп этилган “Одоб-ахлоқ – инсон зийнати”1 мақоласида муаммо характери ва мазмуни, шакли ва йўналиши тўла очиб берилмаган. Жўн ва одатий мушоҳадаларда таҳлил суст, кузатишларда профессионал маҳорат етишмайди, жамият муҳокамасига кўтарилган масала ечими юзаки ҳал қилиш билан чекланилган, холос. Халқимиз асрий истаги – миллий-маънавий истиқлол ОАВ мажмуини қайта шакллантириш вазифасини кўндаланг қўйди. Миллат ўзлигини теран англаëтган жамият турмуш тарзида истилоҳ марказий ўринни ишғол этиши муқаррар. Шу боисдан, халқ ҳаётида мавжуд бўлган маънавий-ахлоқий мезонларга эътибор ҳар қачонгидан кўра ҳам кучайди. Истиқлол мафкураси халқ ва жамият ҳаётига тобора чуқур сингиб бораётганлигининг ўзиёқ мушоҳадани тасдиқлайди. Зотан, “қаердаки бепарволик ва лоқайдлик ҳукм сурса, энг долзарб масалалар ўзбошимчаликка ташлаб қўйилса, ўша ерда маънавият энг ожиз ва заиф нуқтага айланади. Ва аксинча, қаерда ҳушёрлик ва жонкуярлик, юксак ақл-идрок ва тафаккур ҳукмрон бўлса, ўша ерда маънавият қудратли кучга айланади”2. Шундай экан, тушунча позитив-негатив муносабатлар зиддиятига туташади. Унда журналист-воқелик-муштарий алоқадорлиги, нуқтаи назар тафовути, ифода кескинлиги, тасвир ҳиссий бўëқдорлиги ва қизиқиш-манфаат устуворлиги ўз ифодасини топади. Аслида шахсий фаолликни шакллантиришга нисбатан ижтимоий масъулиятни уйғотиш оғир кечади. Матбуот ана шу мураккаб вазифани бажаради. Жумладан, Р.Қозоқовнинг “Аму тонги” рўзномаси 2000 йили 25 август сонида эълон қилинган “Тарбия масъулияти жамият зиммасидами?”3 мақоласида лоқайдлик ҳамда бепарволик иллатлари таҳлилга тортилади. Муаллиф бола тарбияси, маънавий муҳит миллий асосларини қайта тиклаш муқаррар инқироз олдини олишини эътироф этади. Жиддий таклиф замирида куюнчаклик, фарзанд камолоти истаги ва танқидий фикр жилваланади. Халқимизда “бир болага етти қўшни ота-она” пурҳикмати мавжуд. Ахборот асри шиддати инсонга ижобий – салбий таъсир ўтказадиган воситалар сирасини кенгайтирди. Технологик усуллар одамзод шуурини тез банд этиш қудратига эга. Ҳатто фарзандлар ҳам бу таъсир йўналишидан холи қололмаяпти. Эътиборли томони шундаки, таъсир йўналиши қамрови кўз олдимизда кенгайиб бормоқда. Унинг миллат дунëқараши тараққиëтига ижобий таъсири баробарида салбий иллатлар авж олишига ҳам ҳиссаси бор. Махсус мухбир хориж ғоялари миллий анъаналар барқарорлигига путур етказиши, туйғу ва онг муносабатларида узилиш ҳосил қилиши ва энг муҳими, шахс маънавий бутунлигига раҳна солишидан хавотирга тушади. Мантиқан асосланган мушоҳада воситасида ўқувчи қизиқиш-манфаати, ахборотга бўлган эҳтиëжи ҳамда маълумотни идрок этишга тайëргарлик даражасини бирлаштиради. Нозик кузатиш ва жонли мушоҳада уйғунлигига қурилган талқинда маънавият муайян тарбиявий қирраси қаламга олинган. Журналистик таҳлил қуюқлиги масалани атрофлича ўрганиш имконини беради. Универсал моҳият касб этадиган муносабат бошқаруви холис позицияни илгари суради. Мухбир таҳлили ортида ëтган ҳаëт ҳақиқати жамиятни бефарқ қолдирмайди, унда миллат идеали ва мақсад-интилишлари, халқ негиз ва қадриявий мезонлари ифодаси ўз реал тажассумини топган. Қорақалпоғистон даврий матбуотида эълон қилинган маънавият талқини мужассам материаллар таҳлили шуни далолатлайдики, муштарий кўз ўнггида рўй бераëтган тарихий воқелик ҳалқасини англаш осон кечмайди. Негаки, ҳодиса миқëси қай даражада кенг бўлса, унинг ижтимоий вазиятга таъсири шунчалик қудрат касб этади, асл моҳиятни идроклаш жараëни ҳам шунчалик мураккаблашади. Тарихий масофа муқаррарлиги эса ҳолат мантиғини илғаш имконини яратмайди. Қонуний расмиятчилик ОАВ фаолият дастурини қайта шакллантиради. Ихтисослик ҳамда қирралари ўзига хослиги журналистика тадқиқ саҳнида “инсон-табиат-жамият” жамулжамини ҳосил қилади. Хусусан, М.Атажанов 2001 йилда ўсмирлар нашри – “Жеткиншек” газетасида “Табиатни авайлаш – давр талаби”4 мақоласини эълон қилади. Ëш ўсмирлар дунëқарашига мўлжалланган лавҳада ўлкани жиддий ташвишга солаëтган теварак-атроф муҳофазаси, экологик маданият тушунчасига урғу берилади. Муаллиф талқинида аллақачон пишиб етилган ижтимоий муаммо муҳокамаси қайта кун тартибига қўйилган. Ëш мухбир такрор-такрор мурожаат этилаëтган масала моҳиятини таҳлил қиларкан, бола тасаввурини янгиламасдан, тўлиқ амалий натижага эришиб бўлмаслигига иқрор бўлади. Таҳлиллар натижаси шуни кўрсатдики, маънавият мавзуи жамият такомилини белгилайдиган комил инсон шахсини тарбиялашда муайян аҳамият касб этади. Шу нуқтаи назардан, Қорақалпоғистон матбуоти мавзу талқинида бир қатор жанрлардан фойдаланади. Хусусан, улар сирасига, мақола, корреспонденция, интервью, ҳисобот, очерк, бадиий-публицистика жанрларини киритиш мумкин. Назаримизда бунинг асосий омили, ушбу жанрлар воқеани ифодалаш, ўрганиш методлари билан мавзу талқини танлови муштараклигига боғланади. Аммо, кузатишлар натижасида айрим камчиликлар ҳам кўзга ташланади. Улар қуйидагилардан иборат: журналистларнинг ўзи талқин қилаётган жанр хусусиятларини яхши билмаслиги; таҳлилий жанрда битилган материалларда муаллиф бадиий чекинишлардан кўп фойдаланиши; қуйилган муаммо бўйича яхлит концепция яратишдаги журналист маҳорати заифлиги. Юқорида таъкидланган камчилик нафақат ёритилган мақола мавҳумлигини оширган, балки, жамиятда юзага келган иллатларни ўқувчи тасаввурига нотўғри ҳавола этилишига олиб келади. Негаки, ҳар бир муштарий газетада танишган қаҳрамонлар, жонлантирилган воқелик воситасида ўзидаги шундай ҳолатни муқояса қилади ва жамиятда ўрнини топишга ҳаракат қилади. Download 2.74 Mb. Do'stlaringiz bilan baham: |
ma'muriyatiga murojaat qiling