Мактабгача таълим тарбиячилари” касбий қайта тайёрлов
Мактабгача таълим муассасасининг оила билан ҳамкорлик шакллари
Download 1.11 Mb.
|
МАКТАБГАЧА ЁШДАГИ БОЛАНИНГ ШАКЛЛАНИШИДА ОИЛАНИНГ ЎРНИ
Мактабгача таълим муассасасининг оила билан ҳамкорлик шакллари.
Болалар боғчаси ва оила. Мактабгача тарбия муассасасининг оила билан ишлаш тизимида аниқ мақсад, мазмун бўлиши керак. Ота-оналар билан ҳамкорликнинг борасида аввал эришилган ютуқ ва тажрибаларнинг натижаларини таҳлил қилиб хилма-хил ва ўзаро боғлиқ бўлган шакл ва усуллар ёрдамида режали ва изчил ишлар олиб бориш мақсадга мувофиқ бўлади. Ота-оналар болаларини биринчи марта болалар боғчасига олиб борадиган кун кўпгина ҳиссий туйғулар билан боғлик. Шунинг учун ҳам ҳар йили август ойининг иккинчи ярмида ота-оналар учун мактабгача тарбия муассасаси бўйича экскурсия, учрашув ҳамда умумий мажлислар ўтказиш мумкин. Бунда боғчанинг режими, иш мазмуни, таълим-тарбия жараёни ва ҳоказолар ҳақида сўзлаб берилади. Мактабгача тарбия муассасаларининг ота-оналар билан ишлашнинг жамоа тарзида ва яккама-якка ҳолда ишлаш шаклларини моҳирлик билан қўшиб олиб бориш, кенг аҳоли оммаси орасида педагогик ташвиқот ишларини ташкил қилиш туфайли болаларни тарбиялашда ижобий натижаларга эриши мумкин. Болалар боғчаси ходимларининг ота-оналар ва оила билан ҳамкорликдаги ишларнинг энг кенг тарқалган шакл ва усулларидан бир нечаларини келтирамиз: А) Ота-она ва оила билан яккама-якка ишлаш. Илғор педагогик тажрибаларнинг кўрсатишича, ишнинг бу тури катта аҳамиятга эга ва кутилган самараларни беради. Бунда тарбиячи оила ва боланинг шахсий хусусиятларини ўрганиб, уларни ўзининг тарбиявий ишида ҳисобга олади. Бунинг натижасида тарбиячи билан оила ўртасида дўстлик муносабатлари, ўзаро ҳурмат ва ишонч тезроқ ўрнатилади. Боғчаларимизнинг тажрибасида ота-оналар ва оила билан яккама-якка олиб бориладиган ишларнинг турли хил шакллари аниқланган, яъни оилага тарбиячининг бориши ота-оналар учун суҳбат ўтказиш, уларга маслаҳатлар бериш, ота-оналарни боланинг боғчадаги ҳаёти билан таништириш ва шу кабилар. Б) Ота-оналар билан жамоа тарзида ташкил қилинадиган ишлар. Булар ота-оналарнинг гуруҳий ва умумий мажлиси, ота-оналар мактаби, анжуманлар, шанбаликлар (болалар боғчаси ходимларининг ота-оналар билан биргаликдаги амалий фаолияти), савол ва жавоб кечалари. В) Кўрсатмали ишлар. Ишнинг бу тури: кргазмалар, фотомонтажлар, болаларнинг ишларини намойиш қилиш, очиқ эшиклар куни, педагогик ахборот стендлари (ота-оналар бурчаги), ота-оналар учун кутубхона, оилавий тарбиянинг турли масалалари бўйича материаллар солинган папка ва шу кабиларни қамраб олади. Албатта бу шаклларнинг бошқача ҳам бўлиши мумкин. Бу ишга ижодий ёндашиш боғча мудираси, тарбиячилар ҳамда ота-оналарнинг ўзларига (айрим ҳолларда тажрибали ота-оналар маслаҳат беришлари мумкин) ҳам боғлиқдир. Г) Боланинг оиласини бориб кўриш ва оила аъзолари билан яқиндан танишиш. Д) Ота-оналарга педагогик таълим бериш ва бошқаларни кўрсатиш мумкин. Буларнинг орасида боланинг оиласига бориш ва оила аъзолари билан яқиндан танишиш ҳамма учун ҳам ойдингина осон иш ҳисобланмайди. Ота-оналар ва оила билан ҳамкорликда олиб бориладиган иш шаклларининг айримларини қандай мувофиқ деб ҳисоблаймиз. Бола яшаб турган оилани ўрганиш, ота-оналар билан яқин алоқа ўрнатиш ва уларга ёрдам, маслаҳатлар беришнинг самарали йўлларидан биридир. Тарбиячи оилага текширувчи сифатида эмас, балки маслаҳатчи, дўст ва бола тарбиясига ёрдам берувчи шахс сифатида боради. Тарбиячининг оилага боришидан асосий мақсади бола тарбияланаётган шароитни кўриш ва зарур бўлса. Ота-оналарга ёрдам кўрсатишдир. Шунинг учун тарбиячи ота-оналарга айтадиган таклифларини синчиклаб ўйлаб кўриши керак. Болаларни уйларига бориб кўриш иши маълум мақсад асосида ташкил этилганда оилавий тарбия билан танишиш, боланинг оиладаги хулқининг ўзига хос хусусиятларинигина аниқлашдан иборат бўлибгина қолмасдан, балки ота-оналар билан яккама-якка ва жамоа тарзида ташкил этиладиган ишларнинг мазмунини, уларнинг турли шаклларини белгилаб олишга ҳам имконият туғдиради. Айрим вақтда бундай ҳодисани ҳам кузатиш мумкин: оилада болага кўп эътибор берилади ва ғамхўрлик қилинади, оилада тартиб тўғри ўрнатилган, боланинг овқатланиши яхши, болага ҳеч қандай топшириқ берилмаган. Бола ўз жойини ва ўйинчоқларини ўзи йиғиштирмайди, унинг бу ишини ота-онаси ёки оиланинг катта аъзолари бажариладилар. Тарбиячи бу ҳолда ота-оналар уйида болага алоҳида жой, бурчак ажратилишлари кераклигини маслаҳат беради, бу тадбир оилада ҳаётининг тўғри ташкил этилишига имкон беради. Ўз бурчагида бола яшайди, ўйнайди, расмлар чизади, ўйинчоқлар ясайди ва ҳоказо. Оилани биринчи бор бориб кўриш, айниқса масъулиятлидир. Мактабгача тарбия муассасаси билан оила орасидаги тарбия бир-бирини тушуниш, ишонч ва ижобий алоқани ўрнатилишида бу ишнинг қандай ўтишига боғлиқдир. Оилага ташриф буюришдан аввал унинг аъзолари, ота-оналарнинг касбларини, уларнинг иш жойларини ва ҳоказоларни ифодаловчи маълумотларни ўзлари аниқлашлари зарур. Агар тарбиячи оилани бориб кўришидан аввал ўзи учун боланинг ривожланиш ва тарбияланганлик даражаси характеристикасини тузиб олса, оилани бориб кўриш янада самарали бўлади. Бу ҳолда, ота-оналар билан аниқлаш ва муҳокама қилишни талаб қилувчи жиҳатларини ажратиб олиш керак. Биринчи бориб кўриш тарбиячига оиланинг ҳаёт тарзи ҳақида, оилавий «вазият», боланинг оиладаги тарбияси ҳақида умумий тасаввур бериши керак. Кейинги ташрифлар тарбиячига бола тарбиясининг аниқ масалаларини муфассал фаҳмлаб олишга имкон беради. Оилани такрор бориб кўришда тарбиячи унинг маслаҳат ва таклифлари бажарилган ё ки бажарилмагани билан қизиқади. Оилани бориб кўришнинг мақсади ва мазмуни тарбиячининг режасида, ҳисобга ва махсус кундалигида акс эттирилиши керак. Оилани йиллига камида икки марта бориб кўриш тавсия этилади. Оилага ташриф буюришлар, анкета маълумотларини таҳлил қилиш, ижобий тажрибанинг умумий манзарасини ва оилавий тарбиядаги ўзига хос қийинчиликларини очиб беради. Бу эса мудирага ва тарбиячига турли ёшдаги гуруҳ ота-оналарининг педагогик маданиятини оширишга, тарбиячиларнинг ота-оналар билан олиб бориладиган ишини маълум тизимида йўналтиришга ёрдам беради. Оила билан шахсан ишлашнинг энг кенг тарқалган усули сифатида қўлланадиган суҳбат-болаларни эрталаб қабул қилиш ва кечқурин жўнатиш вақтида ўтказилиши мумкин. Улар тарбиячилар ва ота-оналарнинг бир-бири билан яқинроқ танишишларига, бир-бирларини боланинг ҳаёти ҳақидаги маълумотлар билан хабардор қилишларига, унинг муваффақиятилари ва камчиликлари, ҳулқи, ва соғлигидаги ўзгаришларни кузатишга ёрдам беради. Шахсий маслаҳатлар суҳбатга анча яқин келади. Ота-оналарнинг бола тарбиясида йўл қўйган бирор камчилик ва хатосини таҳлил қилиш учун улар билан янада муфассал суҳбат ўтказишнинг зарурати туғилганда ва уларга вазиятни тузатиш учун малакали маслаҳат ҳамда тавсия бериш керак бўлганда маслаҳатлар ўтказилади. Маслаҳатлар анча тор масалаларни чуқур ёритишга имкон беради. Улар учун мавзу танлаш болаларни кузатиш натижаларига ёки тарбия муаммоларига қараб белгиланади. («Болаларга нимани ўқиш ва нимани айтиб бериш керак», «Болаларнинг саволига қараб ва қай тарзда ўтказиш керак», «Телекўрсатувларнинг фойдаси ва зарари» ва ҳоказо.) Масалан, тарбиячи боланинг инжиқликларига сабаб унинг оилада нотўғи тарбияланиши эканига ишонч ҳосил қилиб, боланинг отаси ёки онасини «Инжиқлик ва ўжарликлар, уларнинг сабаблари ва энгиш йўллари» мавзуидаги маслаҳатга таклиф этади. Педагог маслаҳатни ўтказишга олдиндан тайёргарлик кўради, зарур адабиёт ва кўрсатмали материал танлайди, эълон осиб қўяди (гуруҳий маслаҳатлар). Ота-оналар учун маслаҳатларни тарбиячи, шифокор, муассаса мудири, логопед ўтказади. Бунда осайишта, ишчан вазиятни ташкил этиш лозим, шунда ота-оналар маслаҳат берувчини диққат билан тинглашади, саволлар беришади, баъзи маслаҳатларни ёзиб олишади. Маслаҳат ўтказишда тарбиячи ҳам, ота-она ҳам ташаббус кўрсатиши мумкин. Унинг ижобий натижа бериши педагогнинг мазкур оилада бола тарбияси тизими билишига, маслаҳат ва тавсиялар қанчалик малакали бўлишига боғлиқ. Маслаҳат ўтказилгандан бироз вақт ўтгач, тарбиячи ота-оналар олган билимларидан болаларини тарбиялашда қандай фойдаланаётганлири билан қизиқади. Ота-оналар билан шахсан иш бажаришдан ташқари, тарбиячи ўз гуруҳидаги ота-оналар жамоаси билан ҳам иш ташкил этади. Агар тарбиячига айнан бир масала бир нечта ота-онани қизиқтираётганини маълум бўлса улар учун умумий маслаҳат ташкил этади. Гуруҳий маслаҳатлар ота-оналарга мавжуд маълумотларни маълум қилишигина назарда тутмай, балки оилавий тарбия тажриба алмашувини ҳам кўзда тутади. Ота-оналар билан оилавий шароит ҳақида бевосита мулоқот қилиш ҳам ота-оналар жамоа бўлиб гуруҳ бўлиб маслаҳатлар уюштиришнинг мазмунини аниқлашга ёрдам беради. Мудир, шифокор, логопед, мусиқа раҳбарлари ҳам ота-оналарнинг ўзларига тааллуқли масалалар бўйича маслаҳатлар беришади. Ота-оналар жамоаси билан ишлаш гуруҳий ва умумий мажлислар шаклида ўтказилади. Гуруҳий ва умумий мажлислар ота-оналар ўз вазифаларини чуқурроқ тушунишларига ва болалар тарбиясида оиланинг аҳамиятини англашларига, педагогиг билимларни эгаллашларига қаратилади. Бу мажлислар болаларнинг жамоа тарбияси аҳамиятини такидлаш, тарбиячиларнинг обрўсини мустаҳкамлаш ва ота-оналарда уларнинг кўрсатмаларини бажаришга тайёр бўлиш ҳиссини уйғотиши лозим. Мажлисларда педагог маърузасининг ҳажми (шошилмасдан баён қилинганда) 20-25 минут вақтда мўлжалланади. Унинг мазмуни тушунарли, қўлланмаларни, болаларнинг ишларини, адабиётларни яққол кўрсатиш, тегишли мавзуга оид кинофилм, диапозитивлар, слайдларни кўрсатиш билан бирга олиб борилиши керак. Мажлисдан сўнг тарбиячилар ота-оналар берилган маслаҳат ва таклифларни ҳандай амалга ошираётганлари ҳақида албатта қизиқишлари керак. Оилавий тарбия тажрибасини алмашиниш бўйича анжуман катта тайёргарлик ишини ўтказишни талаб қилади, унда бутун педагогик жамоа, ота-оналар қўмитаси ва фаол ота-оналар қатнашадилар. Даставвал, ҳозир ота-оналарни ҳандай масалалар қизиқтиришини билиб олиш зарур. Бунинг учун сўраш, ҳамманинг фикрини билиш, олинган жавобларни синчиклаб таҳлил қилиш керак, болаларни кузатиш материалларидан фойдаланиш лозим. Бу маълумотларнинг ҳаммасини тўплаб, муҳокама қилиш зарур бўлган масалалар доираси аниқланади. Шундан сўнг битта муаммо танланади, масалан, «ахлоқий тарбия» мавзуси бўйича ота-оналарнинг бир нечта маърузаларини тайёрлаш мумкин, яъни, «Болаларда ҳалоллик ва ростгўйликни тарбиялаш ҳақида», «Меҳнат кўникмаларини тарбиялаш», «Ота тарбиячи сифатида» ва ҳоказо. Анжуманни боғча мудираси, халқ таълими бўлими йўриқчиси ёки катта тарбиячи олиб боради, ота-оналар эса сўзга чиқишади. Маърузаларда оилавий тарбиянинг қийинчиликлари ҳам, ота-оналар педагогик таъсирининг ижобий натижалари ҳам таҳлил қилиниши, аниқ мисоллар келтирилиши керак. Анжуманда болалар ишлари кўргазмасини ва болаларнинг чиқишларини ҳам ташкил қилиш мумкин. Анжуманни ташкил этиш катта ва синчковлик билан тайёргарлик кўришни талаб қилгани учун уни 2 йилда бир мартадан кўп ўтқазиб бўлмайди. МАКТАБГАЧА ЁШДАГИ БОЛАЛАРНИ ОИЛАДА СОҒЛОМ ТУРМУШ ТАРЗИНИ ШАКЛЛАНТИРИШ МЕТОДИ. Мактабгача ёшдаги болаларни оилада соғлом турмуш тарзини шакллантириш усуллари. Мактабгача ёшдаги болаларни оилада соғлом турмуш тарзини шакллантиришда мактабгача таълим муассасалари, оила ва жамоатчилик ҳамкорлиги муҳим аҳамиятга эга. Мазкур ҳамкорлик негизида МТМ, оила, маҳалла, мактабгача ёшдаги болаларни оилада соғлом турмуш тарзини шакллантиришдаги фаолияти мазмунан такомиллашади; иш шакл ва методлари бойитилади; ўзаро тажриба алмашилади; иш фаолиятида танқидий ва тақлидий ёндошув пайдо бўлади; тарбиявий ишларда такрорлаш, қайтаришларга йўл қўйилмайди; тарбия жараёни сифат кўрсаткичлари ўсади; ўзаро ҳамкорликнинг яхлит механизми яратилади; мактабгача ёшдаги болаларни оилада соғлом турмуш тарзини тарбиялашдаги давр талаби, таълим-тарбиявий ишларни илмий, амалий, юқори савияда ўтказиш имконияти вужудга келади. Мактабгача ёшдаги болаларни оилада соғлом турмуш тарзини шакллантиришда ўзаро ҳамкор олиб бориладиган тарбиявий тадбирлар самарадорлигига салбий ёндошув талаб этилади. Жумладан, улар - мактабгача ёшдаги болаларнинг маънавий-ахлоқий, тиббий-ижтимоий жиҳатдан мактаб ҳаётига тайёрлаш, соғлом турмуш тарзини шакллантириш борасидаги билимларини оширишга қаратилган таълим-тарбия ишлари самарадорлигининг пастлиги; - оила ва МТМларда мактабгача ёшдаги болаларнинг соғлом турмуш тарзини шакллантиришга қаратилган буклетлар, рисолалар ва эслатмалар ва методик материалларнинг етарли даражада эмаслиги; - ота-она оиладаги фарзандининг турмуш тарзини, истеъдодини, қизиқиш ва қобилиятларини билиши ва рўёбга чиқаришга етарлича эътибор бермаётганлиги; - мактабгача ёшдаги болаларни оилада соғлом турмуш тарзини асрлар давомида шаклланган миллий анъаналар, умуминсоний қадриятларга етарлича эътибор бермаслик; - ота-оналар, тарбиячилар тиббий саводхонлигининг талаб даражаида эмаслиги; - тарбиячилар соғлом турмуш тарзини шакллантириш борасида олиб бориладиган тарбиявий иш шакл ва методларидан бехабарлик; - мазкур муаммо бўйича педагогика, психология, фанларидан илмий тадқиқот ишларининг камлиги ва бошқалар. Мазкур камчиликларни олдини олишда оила, маҳалла, мактабгача таълим муассасалари ҳамкорлигида олиб бориладиган таълим-тарбиявий ишлар режали, соғлом турмуш тарзининг маълум бир қиррасига йўналтирилган, талаб ва эҳтиёж асосида ташкил этилган, миллий ва умуминсоний қадриятлар асосида мазмунан шакллантирилган, тарбия объектининг ёш ва индивидуал психологик хусусиятларини оилаларнинг санитария ва гигиеник ҳолати муаммоларини инобатга олган ҳолда анъанавий ва ноанъанавий шаклларда таълим-тарбиявий ишларни ташкил этиш ҳам педагогик талаб ҳисобланади. Тажрибаларнинг кўрсатишича, мактабгача ёшдаги болаларни оилада соғлом турмуш тарзини шакллантириш борасида махсус занжир шаклланган бўлиб, улар ўртасидаги бирор бўғинда узилиш бўлса, таълим-тарбиявий ишда узлуксизликни таъминлашда кутилган натижага эришиш мумкин эмас. Мактабгача ёшдаги болаларни оилада соғлом турмуш тарзини шакллантириш негизида оила, маҳалла, МТМлар ўзаро ҳамкорлигисиз кўзланган натижага эришиши мумкин эмас. Бевосита мактабгача ёшдаги болаларни оилада соғлом турмуш тарзини шакллантириш масалалари билан шуғулланувчи субъектлар уларга тарбиявий тадбирларни ташкил этиш, бошқариш, раҳбарлик қилиш, натижасини баҳолаш, мониторинг қилишда яқиндан ёрдам беради. Мазкур занжир мазмуни ва унинг самарадорлиги тарбиявий тадбир учун танланадиган мавзу, илмий-методик манбаларга боғлиқ. Улар: инсон маънавий ва жисмоний саломатлиги, соғлом турмуш тарзига оид илмий- методик, оммабоп адабиётлар; қадимги ва Ўрта аср мутафаккирлари мероси, диний манбалар; интернет материаллари; илғор иш тажрибалар, фан ютуқлари намуналари; кўргазмали воситалар (плакатлар, буклетлар, тарқатма материаллар) бўлиши мумкин. Ҳамкорлик занжири асосида ўтказиладиган тарбиявий тадбирларнинг муваффақияти ташкилотчи-тарбиячиларнинг тайёргарлик даражаси, дунёқараши, давр талабига мослиги, ҳозиржавоблиги, билим савияси, тажрибаси, ўз устида ишлаши, масъулият ва имконият даражаси, ижодкорлиги, ишга муносабати, натижани олдиндан кўра билиши, фидойилиги, янгиликларга муносабатига боғлиқ. Мактабгача ёшдаги болаларни оилада соғлом турмуш тарзини шакллантиришда: - мактабгача ёшдаги болаларнинг қизиқишлари, интилишларини қўллаб-қувватлаш, муаммоларини ҳал этишда давлат ва жамаот ташкилотлари ролини кучайтириш; - оила, маҳалла, МТМлар ҳамкорлигида мактабгача ёшдаги болаларни оилада соғлом турмуш тарзини шакллантириш борасида олиб борилаётган ишларнинг доимий мониторингини олиб бориш ва тегишли чора-тадбирларни белгилаш, уларнинг назоратини кучайтириш; - оила аъзоларининг саломатлигини сақлаш, мактабгача ёшдаги боалларнинг жисмоний жиҳатдан соғлом ўсишини таъминлаш; - оилада фарзандларни ҳар томонлама руҳий, маънавий ва ахлоқий жиҳатдан тўғри тарбиялаш; - фарзандларни жисмоний тарбия ва спорт билан шуғулланишларини таъминлаш; - фарзандларни миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат, оила анъаналари ва урф-одатларига садоқат руҳида тарбиялаш; - оила аъзоларининг ўзаро муомала маданиятини, эр-хотин, ота-она ва фарзандлар ўртасидаги соғлом маънавий муҳитни таркиб топтириш, соғлом турмуш тарзини шакллантириш; - фарзандларга соғлом турмуш тарзи ҳақида доимий маълумот бериб бориш; - оилалар сулоласининг давомийлигини сақлаш ва бойитиб бориш; - оиланинг иқтисодий жаҳатдан тўла таъминланишига эришиш каби масалаларни ёшлар онгига сингдириш юзасидан тарбиявий тадбирларни амалга ошириш тақозо этилади. Шунингдек, ҳамкорлик мазмуни самарадорлигини таъминлашда: - мактабгача таълим муассалалари, оилалар, маҳаллаларда кундалик режимга риоя этиш, соғлом турмуш тарзининг аҳамиятини, жисмоний тарбия ва спортнинг инсон ҳаётидаги ўрнини экологияни шахс саломатлигига таъсирини ёшлар ўртасида никоҳнинг муқаддаслигини кенг тарғиб қилиш, ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлаш, таълим муассасаларида ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлаш бўйича махсус курсларнинг ўқитилишига нисбатан талабни кучайтириш зарур. Юқорида таъкидлаб ўтилган ижтимоий муаммоларни ҳал этиш, мактабгача ёшдаги болалар билан олиб бориладиган соғлом турмуш тарзини шакллантириш борасидаги тадқиқотларнинг самарали технологияларини ишлаб чиқиш ва доимий мониторингини олиб бориш жамият тараққиётини таъминлашда уларнинг тутган ўрнини белгилаб бериш имконини беради. Мамлакатимизда амалга оширилаётган тадбирлар, оилавий спортчилар анъаналаридан фойдаланиш; жамият аъзоларида, биринчи навбатда келажак авлод орасида ҳаёт моҳиятини англаш, умр қадриятини эъзозлаш, ҳаётий фаолиятни оқилона ташкил этиш маданиятини шакллантириш; ислом фалсафасидаги орасталик ва озодалик тамойилларини омма орасида тарғиб қилиш орқали ер, сув, ҳаво қадриятлари борасида ижтимоий фикрни шакллантириш; оиладаги маънавий-психологик муҳитнинг саломатликка таъсири масалаларини илмий-оммабоп адабиётларда кенг тарғиб этиш орқали нохуш ҳолатларни бартараф этишга кенг жамоатчиликни жалб этиш, бу борада ота-оналарнинг шахсий маънавий жавобгарлигини оширишга эришиш; оилаларда репродуктив маданият ва ҳуқуққа оид элементар тасаввур ва билимларнигина эътироф этган ҳолда бу йўналишдаги ишлар самарадорлигини услубий жиҳатдан такомиллаштиришга хизмат қилади. Мактабгача ёшдаги болаларни оилада соғлом турмуш тарзини шакллантиришда оилаларнинг тўлиқ, нотўлиқ ёки қайта тузилганлиги, нуклеар ёки кўп бўғинли оила эканлиги, фарзандлар сони, эр-хотиннинг ижтимоий келиб чиқиши ва маълумот савияси, оиланинг ёш оила ёки кўп йиллик тажрибага эгалиги ҳамда моддий таъминланганлик даражаси, шунингдек, оилада ота ёки онанинг етакчи бўлиши муҳим рол ўйнайди. Мактабгача ёшдаги болаларни оилада соғлом турмуш тарзини шакллантиришда мактабгача таълим муассасаси, оила ва маҳалладаги маънавий муҳит педагогик омил ҳисобланади. Тажриба-синов ишлари жараёнида Тошкент шаҳрининг Юнус Ражабий махалласидаги энг илғор намунали оилаларда мактабгача ёшдаги болаларда соғлом турмуш тарзини шакллантиришда ёш ота-оналарни жалб қилдик. Бунда бир нечта ўқув машғулотлари ташкил этилди, жумладан 5 та йўналиш оила демографияси, оила ҳуқуқи, оила психологияси, оила маънавияти, оила тиббиётида олиб борилган ўқув машғулотларда оила ва унинг турлари, демографик тараққиёти, оиланинг ижтимоий, иқтисодий вазифалари, никоҳнинг жамият мавжудлиги ва давомийлигининг асоси эканлиги, оилада соғлом фарзанднинг туғилиши, парвариши, ёшлар физиологияси ва гигиенаси, ёшлар маънавий ва жисмоний камолотида жисмоний тарбия ва спортнинг роли, оилада овқатланиш, кийиниш маданиятига риоя этиш қоидалари, ота-оналар оилада соғлом турмуш тарзини шакллантириш, оила тежамкорлиги, оилавий тадбиркорлик, оила гигиенаси ва саломатлиги, оилавий урф-одатлар ва расм-русумлар, оила маънавиятини юксалтиришда ота-оналарнинг роли, оилада ёшларнинг зарарли одатлар таъсирига тушиб қолишининг олдини олиш, фарзандларга касб-ҳунар ўргатиш, оилавий низолар, уларнинг сабаблари, оиладаги асабий ҳолатлар, оиладаги руҳий тангликни олдини олиш муаммолари юзасидан маълумотлар берилди. Ота-оналарни жалб этишдан кўзланган мақсад улар онгига соғлом турмуш тарзи фалсафасини сингдириш, уларда соғлом турмуш тарзинини шакллантиришдан иборат бўлиб, бу ишга нафақат олимлар ва зиёлиларни балки маҳаллаларда обрў топган, тажрибали отахон ва онахонларни, педагог ва мураббийларни жалб этишга эришилди. Тажриба-синов ишлари жараёнида аксарият 26-35 ёшдагилар бўлиб, улар қатнашганларнинг 51,2 фоизини ташкил этди. Тингловчиларнинг 70 фоизини аёллар ташкил этган бўлса, 20 фоизини эркаклардан иборат эди. Тажриба-синов ишлари натижалари шундан далолат берадики, мактабгача ёшдаги болаларни оилада соғлом турмуш тарзини шакллантиришда оила, маҳалла, мактабгача таълим муассасалари ҳамкорлигидаги қатор устувор масалаларга асосий эътиборни қаратмоқ лозимлиги ўз исботини топди: - соғлом турмуш тарзини шакллантиришда оила, маҳалла ва жамоатчиликнинг ҳамкорлигин - мактабгача ёшдаги болалар бўш вақтини тўғри ташкил этиши, назорат қилиши ва мазмунли ташкил этиши, уларнинг пассив бўш вақти эмас, балки фаол бўш вақтини уюштиришга эришиш лозим; - жисмоний тарбия ва спортга жалб этиш; - экологик тарбия, экологик маданиятни мактабгача ёшдаги болалар онгига сингдириш; Шундай қилиб, бизнинг назаримизда мактабгача ёшдаги болаларни оилада соғлом турмуш тарзини шакллантиришда қуйидаги ҳолатда самара беради: оилада бола тарбияси ва уларнинг руҳий ҳолати, шу даврда болалар билан мулоқот қилиш маданиятини ўзлаштиришга эришиш; Мактабгача ёшдаги болалар кун тартибини тўғри йўлга қўйиш; болаларнинг саломатлигига асосий эътиборни қаратиш, камида бир йилда бир марта тиббий кўрикдан ўтказишни ташкил этиш, шахсий гигиена қоидаларига амал қилишга ўргатиш; ота-оналарнинг ўзаро ва фарзандлар билан, фарзандлар ўртасидаги соғлом мулоқотни тарбиялаш, оила аъзолари ўртасида ўзаро ҳурмат, мулоқот маданиятига эришиш; фарзандларнинг ҳар бир хатти- ҳаракатини назоратдан четда қолдирмаслик, лоқайдликка йўл қуймаслик. Турли зарарли одатлар таъсирига тушиб қолишининг олдини олиш; фарзадларнинг дам олишини, бўш вақтини тўғри ва унумли ташкил этишга эришиш. Дам олиш кунлари ва бўш вақтдан фаол фойдаланишни йўлга қўйиш, оила тарбиясида етакчи ўринда туради. Ҳадислар ва халк педагогикасида соғлом турмуш тарзини талқин қилинишини ўрганиш; педагог ва мактабгача ёшдаги болалар ўртасида педагогик мулоқот маданиятини таркиб топтириш орқали соғлом турмуш тарзини шакллантириш; соғлом турмуш тарзини шакллантириш мақсадада турли йўналишлардаги тўгаракларни ташкил қилиш. Тўгаракларда экологик маданият, мулоқот маданияти, жисмоний маданият, педагогик маданият кабилар негизида соғлом турмуш тарзини шакллантиришга эришиш; мактабгача таълим муассасаларида дарсда ва дарсдан ташқари вақтларда соғлом турмуш тарзини шакллантиришнинг самарали шакл, усул ва воситаларидан фойдаланиш; миллий истиклол ғояси асосида мактабгача ёшдаги болаларда соғлом турмуш тарзини шакллантиришга алоҳида эътибор бериш; тарбияланувчиларда соғлом турмуш тарзини шакллантириш асосида мактабга тайёрлаш механизмини яратиш таълим-тарбия жараёнида соғлом турмуш тарзини шаклалантиришга бағишланган илмий методик, оммабоп адабиётлар, буклетлар, эслатмалар, рисолалардан самарали фойдаланиш соғлом турмуш тарзини шакллантириш мазмунини самарадорлигини таъминлайди. Маҳаллалар ва турар жойларда эса, соғлом турмуш тарзини шакллантиришга қаратилган маҳалла, мактабгача таълим муассасалари ва жамоатчилик ҳамкорлиги режасини ишлаб чиқиш; ҳамкорликда ташкил этилаётган ишлардан ҳеч бир оиланинг четда қолмаслигига асосий эътиборни қаратиш; маҳаллаларда ота-оналарнинг тиббий, ҳуқуқкий маданиятини оширишга қаратилган давра суҳбатлари, семинарлар, семинар-тренинглар ташкил қилиш; спорт ва соғломлаштириш ишларини йўлга қўйиш, маҳаллаларда маҳалла ёшларининг спорт билан шуғулланишлари учун спорт майдончалари, спорт тўгаракларини ташкил этиш, жисмоний тарбия ва спорт тадбирларига эътибор бериш; турли зарарли иллатлар билан шуғулланадиган ёшларни аниқлаш, уларга тушунтириш ишларини олиб бориш, психологик ёрдамни ташкил қилиш; соғлом турмуш тарзини шакллантиришда оила ва никоҳнинг муқаддаслигини ёшлар онгига сингдириш; маҳалла аҳолиси ўртасида соғлом турмуш тарзини шакллантириш масалаларига маҳалланинг обрўли, кекса, тажрибали отахон ва онахонларини жалб қилиш ва репродуктив ҳуқуқ нормаларидан келиб чиқиб, ёш оналар ўртасида турли тадбирлар ташкил этиш. Мазкур масалалар оила, маҳалла, мактабгача таълим муассасалари ҳамкорлигида ташкил этилгандагина самарадорлиги таъминланади. Мактабгача ёшдаги болаларни оилада соғлом турмуш тарзини шакллантириш иш тизими. Таълим тизимини ислоҳ қилишнинг энг муҳим жиҳатларидан бири – бу мактабгача таълим муассасаси тарбиячиларнинг профессионаллик даражасини ошириш ва замонавий талабларга жавоб бера оладиган, соғлом турмуш тарзига эга тарбиячиларни тайёрлашдан иборат. Тарбиячининг соғлом турмуш тарзига эга бўлиши унинг ҳаётий принципи ҳисобланмоғи лозим. Зеро, мактабгача ёшдаги болалар саломатлигини муҳофаза қилиш, уларда соғлом турмуш тарзини шакллантириш масалаларини ҳал этишга имкон берувчи самарали педагогик технологияларни ишлаб чиқиш, оилада мактабгача ёшдаги болаларда соғлом турмуш тарзини шакллантириш жараёнига ушбу муаммонинг дидактик ва илмий-методик асосларини яратиш бугунги кунда долзарб педагогик муаммо ҳисобланади. Оилада мактабгача ёшдаги болаларни соғлом турмуш тарзини шакллантириш жараёнига тарбиячининг ўзи тайёр бўлиши талаб этилади. Тадқиқотларимиз давомида аниқланишича, тарбиячиларнинг соғлом турмуш тарзини шакллантиришнинг профессионал жиҳатлари, саломатликни асрашга доир таълим технологияларини эгаллаш даражаси ҳозирга қадар етарлича ишлаб чиқилмаган. Оилада мактабгача ёшдаги болаларни соғлом турмуш тарзини шакллантириш таълим жараёнининг асосий ва ягона мақсади сифатида эмас, балки таълимнинг бош мақсадига эришишнинг асосий шарти сифатида намоён бўлади. Шунинг учун таълим ва тарбиянинг характери, тарбиячининг билим савияси, таълим дастурларининг мундарижаси, таълим жараёнини амалга ошириш шароитлари – соғлом турмуш тарзини шакллантиришга қаратилади. Бунда: - ўз касбий фаолиятида барқарор дунёқарашнинг шаклланиши, ўқув- тарбия жараёнини фақат ўқитиш боланинг саломатлигига зарар етказмаслик ҳисобига олиб борилишига ишонч мавжуд бўлганида (билимларга асосланган ҳолда) қуришга интилиш ва лаёқатни назарда тутади; - мактабгача таълим муассасаси муҳитининг таълим жараёни субъектлари саломатлигига таъсир этувчи ноқулай омиллари ҳақида хабардорлик; - ўзи билан ўқув жараёнида барча ишлатиладиган усуллар, услублар, технологиялар мажмуини ифодалайдиган, нафақат тарбияланувчилар саломатлигини таълим муҳитининг ноқулай омиллари таъсиридан асровчи, балки тарбияланувчиларни тарбиялашга ёрдам берадиган ўқитишнинг саломатликни асровчи технологияларини эгаллаш; - ўз меҳнат фаолиятининг потенциал салбий хусусиятларини ва саломатлик учун касбий хавф омилларини, шунингдек, ушбу таъсирларни олдини олиш усулларини билиш; - ўзининг психологик савияси даражасини доимий равишда ошириб бориш зарурлигини ҳис этиш, бу нафақат тарбиячи шахсини шакллантиради, балки тарбияланувчиларга дидактик таъсирларни максимал даражада истисно этиш ва ўз касбий фаолиятида психологик-педагогик технологиялардан савияли фойдаланиш имконини беради. Соғлом турмуш тарзи шаклланган педагог-тарбиячи, ўз касбий фаолиятида мактабгача ёшдаги болаларга билим бериш жараёнини ташкил қилишда боланинг соғлом турмуш тарзини шакллантиришга ишончини назарда тутувчи қатъий ахлоқий қарашларга эга бўлади. Оилада мактабгача ёшдаги болаларни соғлом турмуш тарзини шакллантириш учун нафақат тарбиячининг ўзи соғлом турмуш тарзига эга бўлиши керак, балки, педагогик жамоада ҳам соғлом маънавий муҳит яратилиши лозим. Тарбиячи ўзининг касбий ва ижтимоий фаолиятига кўра нафақат махсус билимларни берувчи, балки ахлоқий меъёрларни ифода этувчи, ахлоқда, соғлом турмуш тарзида ва саломатликка адекват муносабатда намуна сифатида намоён бўлмоғи керак. Бугунги кунда тарбиячи олдига нафақат педагог-тарбиячи бўлиш, балки соғлом турмуш тарзи тарғиботчиси бўлиш вазифаси қўйилмоқда, балки тарбиячи ўз мутахассислигидан қатъий назар, мактабгача ёшдаги болаларда соғлом турмуш тарзига бўлган қатъий мотивацияни ва соғлом турмуш маданиятини тарбиялаши керак. Бу эса ўз навбатида мактабгача таълим муассасаси тарбиячиларидан тарбияланувчилар саломатлигини сақлаш, уларда соғлом турмуш маданиятини шакллантиришга оид билимларга эга бўлишни талаб этади. Тарбиячининг соғлом турмуш тарзи – бу шахсда маънавий-ахлоқий, инсонпарварлик, педагогик, коммуникатив, интеллектуал, психологик маданиятнинг шаклланиши ва такомиллашуви натижасидир. Тарбиячининг соғлом турмуш тарзи – бу шахсий саломатлик соҳасидаги ижтимоий- прогрессив, мақсадга йўналтирилган фаолият бўлиб, у фалсафий-дунёқараш (соғлом турмуш тарзи умумий маданиятнинг таркибий қисми сифатида қараладиган) ва норматив-хулқ-атвор (соғлом турмуш тарзини профессионал педагогик фаолият тавсифи) сифатида намоён бўлади. Тарбиячиларнинг соғлом турмуш тарзини шакллантиришнинг шарти бу ўқимишлилик, касбий фаолият ва ҳаётий тажрибанинг бирлигидир. Бунинг учун аввало тарбиячидан қуйидагилар талаб этилади: - тарбиячининг соғлом тафаккурга эга бўлиши; - оилада мактабгача ёшдаги болаларни соғлом турмуш тарзини шакллантириш борасида амалга оширилаётган давлат сиёсатини тушуниши ва тарғиб қилиши; - соғлом турмуш тарзига оид чуқур илмий-назарий билимлар билан қуролланган бўлиши; - соғлом турмуш тарзининг тарихий, тадрижий эволюциясини билиши; - миллий қадриятлар, анъаналар ва урф-одатларнинг соғлом турмуш тарзини шакллантиришдаги ўрни ва аҳамиятини тўла англаб етиши; - халқ педагогикаси ва Шарқ мутафаккирлари меросида илгари сурилган соғлом турмуш тарзи ҳақида ғояларни ажрата билиши; - ҳар бир тарбиячида соғлом турмуш тарзининг шаклланган бўлиши ва кундалик ҳаётда унга амал қилиши; - гуруҳдан ташқари тарбиявий ишлар жараёнида тарбияланувчиларда соғлом турмуш тарзини шакллантиришда шахсий ўрнак бўлиши; - оилада мактабгача ёшдаги болаларни соғлом турмуш тарзини шакллантиришга хизмат қилувчи маънавий-маърифий тадбирларни ташкил этиш малакасининг мавжудлиги ва бошқалар. Тарбиячининг саломатлиги ва соғлом турмуш тарзини, соғлом ахлоқи ва атрофдагилар билан соғлом муносабатларининг ўзиёқ тарбияланувчилар ҳаётини ўзгартирувчи, ўсиб келаётган авлодни ҳаётга тўғри йўналтирувчи муҳим омил саналади. Тарбиячиларнинг соғлом турмуш тарзи тўғрисида чуқур билимга эга бўлмаган ва кундалик ҳаётда унга тўла амал қилмаган ҳолларда уларнинг саломатлигига зарар келтирувчи қуйидаги ҳолатлар юзага келади: - аксарият ҳолларда мактабгача таълим муассасаслари тарбиячиларида ортиқча жиззакилик, тез-тез бош оғриқларининг бўлиши, иш қобилияти ва кайфиятнинг пасайиши; - доимий стресс ҳолатини бошдан кечириш; тарбиячиларда невроз касаллигининг келиб чиқиши; - нутқ аппаратининг ортиқча зўриқиши натижасида дисфония ва афониянинг пайдо бўлиши; - гиподинамия, ортиқча зўриқиш, нутқий ва психик зўриқишлар, нафас олиш ва юрак-томир тизимида патологик ўзгаришларнинг пайдо бўлиши, остеохондроз; - моддалар алмашинувининг бузилиши, овқат ҳазм қилиш тизимининг ишдан чиқиши; юқори нафас йўлларининг касалликлари; кўриш патологияси; аёлларда турли гинекологик ўзгаришларнинг пайдо бўлиши кабилар. Агар маълумотларга назар ташласак, тарбиячи мактабгача таълим муассасасида доимий стресс ҳолатини бошдан кечиради, тарбиячиларда ҳавотирланиш, қисқа муддатли ўта даражада ҳавотирланиш қайд этилган, тарбиячиларнинг 70% га яқини невроздан изтироб чекадилар, нутқ аппаратининг ортиқча зўриқиши натижасида дисфония ва афония каби касб касалликлари келиб чиқади. Бу ҳолатларнинг барчаси тарбиячиларнинг соғлом турмуш тарзи қоидаларига айтарли риоя этмасликлари ва саломатликларини етарли даражада назорат қилмасликлари натижасида келиб чиқади ва улар дориларга ружу қўядилар. Мамлакатимизда таълим тизимининг тубдан ислоҳ қилиниши ва улар меҳнатининг қадрланиши педагог ходимларда соғлом турмуш тарзининг шаклланишида муҳим омил бўлиб хизмат қилмоқда. Улар қаторига қуйидагиларни киритиш мумкин: 1) мактабгача таълим муассасаларида таълим юкламасининг камайтирилганлиги. 2) иш ҳақини ўз вақтида тўланиши ҳамда тарбиячилар меҳнатини рағбатлантириш мақсадида мудира фондларининг ташкил этилганлиги; 3) касаба уюшмалари томонидан тарбиячиларнинг ижтимоий ҳимояланиши; 4) тарбиячиларнинг шахсий саломатликлари ҳақида ғамхўрлик қилиш учун барча имкониятларининг яратилганлиги, дам олиш учун йўлланмаларнинг берилиши; 5) 48 кунлик (иш куни) меҳнат таътилининг берилиши; 6) мактабгача таълим муасассаларида тарбиячиларнинг болаларга таълим-тарбия беришлари учун барча шарт-шароитларнинг яратилганлиги, яъни мактабгача таълим муассасаларининг дастурлар, ўқув-кўргазмали қуроллар, ўқитишнинг техник воситалари, энг замонавий компьютер ҳамда ахборот технологиялари билан юқори даражада таъминланганлиги ва натижада мактабгача ёшдаги болаларни таълим олишга бўлган мотивациянинг кучлилиги; 7) тарбиячиларнинг малакасини ошириш ва қайта тайёрлаш тизимининг такомиллаштирилганлиги; 8) педагогик жамоада соғлом маънавий муҳитнинг мавжудлиги; 9) энг муҳими тарбиячилар меҳнатининг ҳукуматимиз томонидан рағбатлантирилиши ва давлат мукофотлари билан тақдирланиши кабилардир. Мактабгача таълим муассасасидаги педагогларнинг барчаси тарбиячилар саломатлигини сақлаш, улар соғлом турмуш тарзини шакллантириш учун баҳамжиҳат масъулиятли ва уларнинг керакли касбий тайёргарлик олишлари заруратини идрок этганларидагина ушбу технологияларни амалга ошириш самарали натижаларни беради. Бунинг учун: - тарбиячиларнинг соғлом турмуш тарзи ҳақида чуқур илмий-назарий билимлар билан қуроллантириш мақсадида педагог ходимлар малакасини ошириш ва қайта тайёрлаш масканлари тингловчилари учун “Соғлом турмуш тарзи” махсус курсининг киритилиши; - махсус курс дастури бўйича методик материаллар, услубий қўлланмалар чоп этилиши; - тарбиячиларнинг замонавий педагогик технологияларнинг сир-асрорларидан воқиф бўлиши ва мактабгача ёшдаг болаларда оилада соғлом турмуш тарзини шакллантиришда уларга амал қилиши; - Тарбиячи тарбияланувчиларни соғлом турмуш тарзи руҳида тарбиялашда ўз имкониятлари ва педагогика фанининг илғор тажрибаларидан фойдаланган ҳолда таълим-тарбия бериши; - соғлом турмуш тарзини шакллантиришга қаратилган семинар- тренинглар, давра суҳбатлари ташкил этилиши, мутахассислар билан учрашувлар уюштирилиши мақсадга мувофиқ. Педагог-тарбиячи таълим жараёнида нафақат ўз билимларини беради, балки, соғлом турмуш тарзини шакллантиришга таъсир этувчи омиллар ҳақида ҳам маълумот беради. Тарбиячи ўз тарбияланувчиларини соғлом турмуш тарзининг шаклланишига самарали таъсир кўрсатади, чунки у ўз фаолияти туфайли нафақат махсус билимларни берувчи, балки ахлоқда ва саломатликка адекват муносабатда ҳам намунадир. Аммо бу нарса фақат соғлом турмуш тарзи шаклланган бўлганидагина мумкин бўлади. Шу мақсадда биз Термиз шаҳри педагог ходимлар малакасини ошириш хамда қайта тайёрлаш институти тингловчилари ўртасида тадқиқот ишларини олиб бордик. Тадқиқот ишларини олиб боришда 130 нафар тинловчилар иштирок этишди. Тадқиқотларнинг кўрсатишича, педагог-тарбиячи ходимларни Оилада мактабгача ёшдаги болаларни соғлом турмуш тарзини шакллантириш жараёнига тайёрлашда қуйидаги уч асосий жиҳатга эътибор қаратиш мақсадга мувофиқ: 1. Педагог-тарбиячи ходимларнинг соғлом турмуш тарзи тўғрисида назарий билимларга эга бўлиши ва ўзининг кундалик ҳаётида соғломтурмуш тарзига амал қилиши. 2. Педагог-тарбиячи ходимларнинг соғлом турмуш тарзини шакллантиришга қаратилган метод ва усулларни қўллай олиши. 3. Педагог-тарбиячи ходимларнинг соғлом турмуш тарзини шакллантириш учун макатбагча таълим муассасасида зарур шарт- шароитларнинг яратилганлиги. Педагог-тарбиячи ходимларни оилада мактабгача ёшдаги болаларни соғлом турмуш тарзини шакллантириш жараёнига тайёрлашда қуйидаги вазифалар белгилаб олишни тақозо этади: - малака ошириш ва қайта тайёрлаш курси тингловчиларининг соғлом турмуш тарзи даражасини тест-рейтинг усулида аниқлаш; - малака ошириш ва қайта тайёрлаш курсларида педагог-тарбиячи ходимларни оилада мактабгача ёшдаги болаларни соғлом турмуш тарзини шакллантириш жараёнига тайёрлаш мазмуни, шакл ва усулларини ишлаб чиқиш; - малака ошириш ва қайта тайёрлаш курсларида педагог ходимларга оилада мактабгача ёшдаги болаларни соғлом турмуш тарзини шакллантиришга қаратилган илмий-услубий тавсияномалар ишлаб чиқиш. Педагог-тарбиячи ходимларнинг соғлом турмуш тарзини эгаллаганлик даражасини аниқлаш мақсадида ўтказилган анкета-сўровлари таҳлилларига кўра “Соғлом турмуш тарзи тушунчаси ҳақидаги фикрларингиз ва соғлом турмуш тарзи тушунчасидан фарқи нимада? деган саволга тарбиячиларнинг 67% “Салбий кўникмаларга берилмаслик”, “Соғлом турмуш тарзи инсоннинг барча салбий иллатларга қарши туриши”, 24% “Соғлом турмуш тарзи–бу кишининг маданият манбалари билан танишлиги ва уларни тушуниши, соғлом турмуш тарзи эса инсоннинг ахлоқ нормаларига, гигиеник қоидаларга ва давлат қонунларига бўйсуниб яшаши” деб жавоб берди, 58% “Соғлом турмуш тарзи бўш вақтни қандай ўтказишга боғлиқ”, “соғлом турмуш тарзи – бу соғлик маданияти” каби фикрларни берган. 17% тарбиячилар “Соғлом турмуш тарзи –тўғри овқатланиш, фаол жисмоний ҳаракат, уйқуни тўғри ташкл қилиш ва соғломлик” деб жавоб берган бўлса, 25% тарбиячилар умуман жавоб бермаганлар. Соғлом турмуш тарзи компонентлари ҳақидаги саволимизга педагог-тарбиячиларнинг 56% “Санъат асарлари, инсон маданияти”, “Жисмоний ва руҳий соғломлик”, “Озодалилик, маданиятлилик, инсондаги барча ахлоқий фазилатлар”, 48% “Баркамол инсонни вояга етказишдаги барча компонентлар” деб кўрсатиб ўтишган, 73% тарбиячилар эса“Ёшларнинг баркамоллиги, етуклиги, доно ва ақллилиги”, Соғлом турмуш тарзи компонентлари – барча маданият тушунчалари” каби жавоблар билан чекланган, 23% тарбиячилар эса “режим, овқатланиш, жисмоний ҳаракат, руҳий холат”ни санаб ўтади. Тарбиячиларнинг жавобларига кўра, ўз фаолиятлари жараёни мазмунига муомала маданияти, нутқ маданияти, тозаликка риоя қилиш, маданиятли бўлиш, яхши ахлоқ, мустаҳкам интизом, кучли билим ва кўникмаларни эгаллаш, тарбиянинг мукаммал бўлиши тўғрисидаги фикрлар киритилган. Тарбиячиларнинг аксарият қисми “ҳеч қайси компонент киритилмаган”, деб жавоб берган, 43% аксинча, “ҳаммаси” деган қисқа жавоб билан чекланган, аммо уларни санаб ўтмаганлар. Оилада мактабгача ёшдаги болаларни соғлом турмуш тарзини шакллантиришда нималарга асосий эътиборни қаратиш лозимлигини аниқлаш мақсадида берган саволимизга тарбиячиларнинг жавоблари қуйидагича, “Ўзлигимизга ва миллийлигимизга эътиборни қаратиш, кучли таълим-тарбия, шахсий намуна, жамоада ўзини тута олиши, оилада ва мактабгача таълим муассасасининг тарбиявий ишларида узвийликни таъминлаш” кабилар, баъзи тарбиячилар эса, “Дарс жараёнида чуқур билим бериш, хулқ-атворини яхшилаш, тушунтириш-тарғибот ишларини кучайтириш, тарбиячиларнинг ўзлари намуна бўлиши керак” деган фикрларни билдирганлар. “Соғлом турмуш тарзи деганда саломатликни тушунаман, соғлом турмуш тарзи бу соғлом ҳаёт кечириш дегани, соғлом турмуш тарзи деганда зарарли иллатлар таъсирига тушиб қолмасликни тушунаман” каби жавобларни берган бўлса, Соғлом турмуш тарзи компонентларини биласизми? деган саволимизга 20% тўғри овқатланиш, зарарли иллатлардан сақланиш, ўз вақтида дам олиш компонентларини санаган бўлса, 47% нормал дам олиш, уйқу, тўғри овқатланиш, тўғри жинсий ҳаёт кечириш кабиларни кўрсатиб ўтган, Соғлом турмуш тарзи тушунчасининг мазмуни нимада? деган саволимизга 70% педагог-тарбиячи ходимлар “бу тушунча бир-биридан ажралмас, бир хил тушунчалардир” деган хулосага келган. Педагог-тарбиячи ходимлар оилада мактабгача ёшдаги болаларни соғлом турмуш тарзини шакллантиришда уларнинг соғлом турмуш тарзи ҳақидаги тушунчаларини шакллантиришга, зарарли иллатлар таъсиридан ҳимоя қилишга, шахсий гигиена ва кун тартибига риоя қилишга ўргатишга, оилада тўғри тарбия олишига, ота-оналарга педагогик билимлар берилишига асосий эътиборни қаратиш зарурлигини таъкидлаган. Мактабгача ёшдаги болаларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этишда 67% тарбиячилар асосан турли кўрик–танловлар, спорт мусобақалари, ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишларига жалб қилинишини таъкидлаганлар. Оилада мактабгача ёшдаги болаларни соғлом турмуш тарзини шакллантиришда системалиликни таъминлаш деганда нимани тушунасиз? деган саволга педагог ходимлардан “соғлом турмуш тарзи ҳақида ҳар бир фан доирасида тушунчалар бериб бориш орқали системалиликни таъминлаш керак” (45%), “Мавзуларинг кетма-кетлиги ва бир-бирини тўлдириб боришини тушунаман”(37%), “Системалиликнинг барча бўғинлари аниқ мақсадга мувофиқ деб ўйлайман. Шунда системалилик таъминланади” (18%) каби жавоблар олинди. Шунингдек, педагог-тарбиячи ходимларни оилада мактабгача ёшдаги болаларни соғлом турмуш тарзини шакллантириш жараёнига тайёрлаш тузилмасини ишлаб чиқдик. - соғлом турмуш тарзининг умумий асослари блоки (соғлом турмуш тарзининг илмий-педагогик асослари, соғлм турмуш тарзи мотивларининг мавжудлиги; соғлм турмуш тарзи ҳақидаги назарий билим, амалий кўникма ва малакаларга эга бўлиши ва уни амалиётда қўллай олиши); - касбий блок (педагог-тарбиячиларнинг оилада мактабгача ёшдаги болаларни соғлом турмуш тарзини шакллантириш мазмуни, метод ва усулллари, воситаларини, технологиясини билиши); - худудий блок (яшаш жойининг иқлимий-географик ва экологик хусусиятларини билиш, ўз турмуш тарзи ва касбий фаолиятида оилада мактабгача ёшдаги болаларни соғлом турмуш тарзини шакллантиришда яшаш жойининг иқлимий-географик ва экологик хусусиятларнинг таъсирини ҳисобга олиш ва мактабгача ёшдаги болаларни ушбу ҳолатга тайёрлаш). Педагог ходимлар таълим жараёни иштирокчиларининг соғлом турмуш тарзи акллантиришда замонавий педагогик технологиялардан фойдаланади. Бундай технологияларнинг бир нечта гуруҳини алоҳида ажратиб кўрсатиш мумкин: тиббий-биологик, жисмоний-соғломлаштириш, экологик, ҳаёт фаолияти ҳавфсизлигини таъминлаш, саломатликни сақловчи технологиялар. Саломатликни сақловчи технологияларини санаб ўтилган технологиялар ичида болалар саломатлигига таъсир кўрсатиш даражаси бўйича энг аҳамиятлиси деб тан олиш керак. Мактабгача таълим муассасасидаги педагог-тарбиячиларнинг барчаси тарбияланувчилар саломатлигини сақлаш учун баҳамжиҳат масъулиятли ва уларнинг керакли касбий тайёргарлик олишлари заруратини идрок этганларидагина ушбу технологияларни амалга ошириш ўз мақсадига тўлиқ етади. Муайян тарбиячи фаолиятида саломатликни сақловчи технологияларни болалаларнинг таълим-тарбия жараёнига мослашувчанлиги, унинг саломатлигини сақлаш тўғрисида ғамхўрлик ва соғлом турмуш тарзи бўйича шахсий намуна бўлишга қаратилган ҳамкорлик педагогикаси принциплари, “самарали” педагогик методлар, педагогик маҳорат элементлари уйғунлашувининг ягона методологик фундаментида ташкил қилинган тизим сифатида тасаввур этиш мумкин. Бу тарбиячининг фаолияти бўлиб, унда тарбиячи макатбагча ёшдаги болаларда фаол қизиқишни шакллантириб, улар билан ишончли, ҳамкорлик муносабатларини ўрнатиб, нохуш ҳолатлар юзага келишининг олдини олиб, таълим натижаларини ошириш учун тарбияланувчиларнинг индивидуал хусусиятларидан фойдаланиб таълим дастурини бажариш имконига эга бўлади. Педагог-тарбиячи ходимларнинг малакасини ошириш ва қайта тайёрлаш институтида ўтказилган тажриба-синов ишлари натижасида қуйидаги хулосаларга келинди: 1. Педагог-тарбиячи ходимларни малакасини ошириш ва қайта тайёрлаш институтларида педагог-тарбиячи ходимларни оилада мактабгача ёшдаги болаларни соғлом турмуш тарзини шакллантириш жараёнига тайёрлаш долзарб масала эканлиги аниқланди. 2. Педагог-тарбиячи ходимларни малакасини ошириш ва қайта тайёрлаш институтларида педагог-тарбиячи ходимларни оилада мактабгача ёшдаги болаларни соғлом турмуш тарзини шакллантириш жараёнига тайёрлашнинг самарали шакл, усул ва воситалари ишлаб чиқилди. 3. Педагог-тарбиячи ходимларни малакасини ошириш ва қайта тайёрлаш институтларида педагог-тарбиячи ходимларни оилада мактабгача ёшдаги болаларни соғлом турмуш тарзини шакллантириш жараёнига тайёрлашнинг самарадорлик даражаси аниқланди. 4. Оилада мактабгача ёшдаги болаларни соғлом турмуш тарзини шакллантиришда маънавий қадриятлар ва халк педагогикасидан фойдаланишга оид илмий-амалий тавсиялар ишлаб чиқилди. 5. Педагог-тарбиячи ходимларни малакасини ошириш ва қайта тайёрлаш институти ўқув режасига “Оилада мактабгача ёшдаги болаларни соғлом турмуш тарзини шакллантириш” махсус курс киритилди. Демак, педагог-ходимларни оилада мактабгача ёшдаги болаларни соғлом турмуш тарзини шакллантириш жараёнига тайёрлашда: - оилада мактабгача ёшдаги болаларни соғлом турмуш тарзини шакллантиришнинг самарали йўлларини тарғиб қилиш; - оилада мактабгача ёшдаги болаларни соғлом турмуш тарзини шакллантиришда мактабгача таълим муассасаси, оила, жамоатчилик ҳамкорлигини кучайтириш; - оилада мактабгача ёшдаги болаларни соғлом турмуш тарзини шакллантиришда маънавий қадриятлар ва халк педагогикасидан фойдаланишни тарғиб қилиш; - тарбияланувчиларнинг ўзи ва ён атрофидагиларнинг соғлом ҳаёт кечиришига нисбатан масъулият ҳиссини шакллантириш; - тарбияланувчиларнинг жисмоний, руҳий маънавий ва ақлий жиҳатдан ривожланишини доимий назорат қилиб бориш жараёнига тайёрламоқ мақсадга мувофиқ. Маънавий муҳит шахснинг шаклланишида ҳал қилувчи аҳамиятга эга бўлган ижтимоий тизимидир. У кишидан маълум бир мақсад асосида интиладиган, ҳаракат қиладиган ва ўзининг барча куч-ғайратини ижтимоий фаолиятга, меҳнатга сарф қиладиган бўлишини талаб қилади. Жамоани тушуниш, уни ҳис этиш ҳамда шахсни шакллантиришдаги ўрни ва ролини тўғри баҳолай олиш, инсон фикрини ҳурматлаш, жамоанинг муносиб аъзоси бўлишга интилиш ҳар бир шахс учун муҳимдир. Соғлом маънавий муҳитга эга бўлган жамоани шакллантириш узоқ вақтни талаб этадиган мураккаб жараёндир. Шахснинг шаклланишида, унда соғлом турмуш тарзининг таркиб топишида оила муҳити билан бир қаторда маҳалла ва жамоатчилик муҳити, таълим муассасалари, корхона ва ташкилотлардаги маънавий муҳит алоҳида аҳамият касб этади. Зеро, соғлом маънавий муҳит бор жойдагина ёшларда соғлом турмуш тарзи шаклланади, шунингдек, ёшлар тарбияланаётган жамоа соғлом маънавий муҳитга эга бўлган тақдирдагина у шахсни шакллантиришда қудратли восита бўла олади. Жамоадаги муҳит деганда жамоанинг шундай ҳиссий-руҳий кайфиятини тушуниш керакки, унда жамоа аъзоларининг қадриятлари, маънавий нормалари ва манфаатлари билан белгиланадиган ҳиссий даражадаги шахсий ва амалий ўзаро муносабатлари акс этади. Жамоадаги маънавий муҳитнинг соғлом бўлиши учун қуйидагиларга амал қилиш талаб этилади: - жамоа аъзоларининг ўзаро муносабатлардан, меҳнат жараёнидан, раҳбарликдан қаноатланганлиги; - жамоада соғлом кайфиятнинг устунлиги, раҳбарлар ва улар қўл остидагиларнинг бир-бирини ўзаро тушуниши ва обрўлилиги; - жамоани бошқариш ва ўзини-ўзи бошқаришда жамоа аъзоларининг иштирок этиш даражаси; - жамоа аъзоларининг уюшқоқлиги, онгли интизом, ишнинг унумдорлиги; - шахснинг жамоада ҳимояланганлиги унинг ички ҳотиржамлигини таъминланиши кабилар. Жамоада соғлом маънавий муҳит яратиш учун жамоа аъзоларидан соғлом турмуш тарзига эга бўлиш талаб этилади ва жамоа аъзоларининг ўзаро муомаласи, бир-бирига бўлган ижобий муносабатлари, ўзаро ҳурмат, соғлом рақобат, уюшқоқлик, онгли интизом ёшлар тарбиясида намуна вазифасини ўтайди. Соғлом маъанвий муҳит таркиб топган жамоада ёш авлод ҳеч қачон ўзини йўқотмойди, аксинча ундай жамоада олий даражадаги шуурга ва мукаммалликка эришади. Соғлом маънавий муҳитга эга бўлган жамоалар асосан таълим муассасаларида шакллантирилади. Шу боис, ёш авлодни соғлом турмуш тарзи руҳида тарбиялаш, уларда жамиятнинг энг масъул бўғини ҳисобланади. Таълим муассасаларида юксак ахлоқий фазилатлар, соғлом турмуш тарзи ҳақида назарий маълумотлар берибгина қолмасдан, уларнинг феъл-атворида юксак маънавий-ахлоқий фазилатларни тарбиялашга, соғлом турмуш тарзини таркиб топтиришга эришиш лозим. Бунинг учун таълим муассасаларида: - оилада мактабгача ёшдаги болаларни соғлом турмуш тарзини шакллантиришнинг аниқ мақсад ва йўналишини белгилаб олиш; - тарбиянинг самарали усул ва воситаларидан фойдаланиш; - оилада мактабгача ёшдаги болаларни соғлом турмуш тарзини шакллантиришда маънавий-маърифий ишларни тизимли ташкил этиш самарадорликка эришиш имконини беради. Юқоридагилардан кўриниб турибдики, оилада мактабгача ёшдаги болаларни соғлом турмуш тарзини шакллантиришда тарбиянинг ишонтириш, уқтириш, тақлид қилиш, эргаштириш каби усуллари бир-бири билан узвий боғлиқ ва чатишиб кетган, лекин ишонтириш етакчи ўринни эгаллайди. Олдимизда турган асосий вазифа таълим муассасаларида соғлом маънавий муҳитни таркиб топтириш замирида педагог-тарбиячиларни оилада мактабгача ёшдаги болаларни соғлом турмуш тарзини шакллантириш жараёнига тайёрлашдан иборатдир. Download 1.11 Mb. Do'stlaringiz bilan baham: |
Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling
ma'muriyatiga murojaat qiling