Ma`rifat darsi


Download 40.08 Kb.
Sana15.06.2023
Hajmi40.08 Kb.
#1484438

MA`RIFAT DARSI | INSPECTOR_UZ, [15.11.20 13:58]
POSTDA-НА ПОСТУ газетасида эълон қилинган Маънавият ва маърифат дарси

45-мавзу👇

ИЖТИМОИЙ ТАРМОҚ: УНДАН СИЗ ҚАНДАЙ ФОЙДАЛАНАСИЗ?

Бугунги замон шиддати ҳаётимизни интернет ёки ижтимоий тармоқларсиз асло тасаввур этиб бўлмаслигини намоён этаётир. Аксарият одамларнинг фаолияти интернет, ижтимоий тармоқлар ва телеграм каналлари орқали дунёда содир бўлаётган кундалик янгиликлардан хабардор бўлиш, уларни бир-бирига узатиш билан боғлиқ.


Мамлакатимиз ва дунё миқёсида содир бўлаётган ўзгаришлар, воқеа-ҳодисалар, янгиликлар тўғрисидаги маълумотлар барча ижтимоий тармоқларда акс этиб боряпти. Бу янгиликлардан хабардор бўлишда эса интернет тизими, мобиль телефонлар ва компюьтер технологияларидан фойдаланиш анча қулай ҳисобланади. Бундан ташқари, ўзаро маълумот алмашиш ёки бирор воқеа-ҳодисага муносабат билдириш, ўз фикрини баён этиш ёки ўзаро мулоқот қилишда ижтимоий тармоқлар жуда қулай воситадир.
Буларнинг бари ижтимоий тармоқлардан фойдаланувчилар учун ўз фикрлари, қарашлари ва туйғуларини баён қилишда тенгсиз имконият эканлигини кўрсатмоқда. Шунинг учун ҳам ижтимоий тармоқлар ҳар қандай ёшдаги одамни бемисл даражада ўзига «мафтун» қилиб туради.
Аксарият ёшлар ўзларининг қимматли вақтларини беҳуда сарфлаб, ижтимоий тармоқлардан кун бўйи фойдаланишади. Шу тариқа, улар деярли барча ахборотга эга бўлишади ва ўз дунёқарашидан келиб чиқиб, у ёки бу масалага муносабат билдиришади. Бироқ билдирилган муносабатларнинг барчасини савияли, яъни маънавиятли кишиларнинг фикри, деб бўлмайди, албатта. Айниқса, бугунги кунда етарли билим ва кўникмаларга эга бўлмаган кимсалар ҳам тўғри ё нотўғрилигини ўйлаб ўтирмасдан, ижтимоий тармоқларда тарқатилган ҳар қандай маълумот юзасидан ёхуд баъзи масалаларга билим ва салоҳияти етадими, йўқми, бундан қатъи назар, ўз фикрини билдиришади. Ёки ўзларининг ёзган «асарлари» ё »мақола», «хабар», «шеър»ларини ижтимоий тармоқларга жойлаштириб, бир-бирларини кўкларга кўтариб мақташади.
Қизиғи шундаки, баъзи одамлар аслида шу ишни қилиш керакми, йўқми, деган иштибоҳга ҳам бормайди. Ижтимоий тармоқларда ҳавола этиладиган маълумотларни «безаб турган» ғализ жумлалар ҳамда имловий хатолар ўша тармоқ фойдаланувчисининг савияси қай даражада эканлигини кўрсатиб туради. Бу эса ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларида ҳам афсусланиш, ачиниш ҳолатларини келтириб чиқаради. Баъзида эса ижтимоий тармоқлар орқали ҳавола этилаётган асоссиз ва савиясиз маълумотларнинг санаб адоғига ҳам етиб бўлмайди.
Айниқса, тармоқларда шундай гуруҳлар ҳам пайдо бўлганки, фойдаланувчилар бир-бирини мақтаб кўкка кўтаришлари, шунингдек, кимларнингдир номини лойга чаплашлари оддий ҳолга айланиб бормоқда. Ғийбат улар учун оддий ҳолга айланган. Баъзи кимсалар эса ижтимоий тармоқдан ўзларига ёқмаган одамларнинг обрўсини тўкиш, ерга уриш, бунинг учун бор имкониятидан фойдаланишга ҳаракат қилишади. Ижтимоий тармоқларни назоратга олиш имконияти йўқлиги боис, унда ҳар қандай ишни қилиш мумкин, деб ўйлашади. Эркин фикр айтиш имкониятидан шундай йўллар билан фойдаланиш мумкин деганлар, савиялари қай даражада эканликларини катта аудиторияга шундай йўллар билан ошкор қилишади. Шу сабаб кўпчилик бу тармоқларни ёқтиришмайди. Лекин шунга қарамай, статистик маълумотларга назар солсак, дунё ёшларининг 96 фоизи ижтимоий тармоқлар воситасида ўзаро мулоқотга киришишмоқда.
Олиб борилган ахборот-таҳлилий натижалар ва статистик маълумотларга кўра, Facebook ҳозирги вақтда дунёда энг машҳур ижтимоий тармоқ сифатида етакчи ўринда бормоқда. Бугунги кунга келиб, Facebook тармоғида рўйхатдан ўтганлар сони бир неча миллиард кишидан ортганлиги маълум қилинган. Ундан кейинги ўринларни эса Twitter, Instagram, LinkedIn, Google+, Pinterest, Snapchat, YouTube, Reddit, WhatsApp, Flickr, Weibo эгаллаб келмоқда.
Бугунги кунда ижтимоий тармоқларда мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар, давлатимиз қўлга киритаётган оламшумул ютуқларни жаҳон медиа маконида кенг тарғиб қилиш ҳамда инсон маънавиятини ҳар томонлама юксалтиришга хизмат қиладиган жуда кўплаб маълумотлар ёритиб борилмоқда.

@marifat_darsi_inspector_uz 👇

MA`RIFAT DARSI | INSPECTOR_UZ, [19.11.20 10:00]
POSTDA-НА ПОСТУ газетасида эълон қилинган маънавият ва маърифат дарси

46-мавзу👇

ФАРЗАНД ТАРБИЯСИДА ТАНАФФУС БЎЛМАЙДИ

Ўша машҳур ривоятни яна ёдингизга соламан: уч-тўрт кунлик чақалоғини кўтариб келиб, «Фарзандли бўлдим, энди уни қандай тарбиялай?» деган савол билан юзланган йигитга Ибн Сино «Тарбияда тўққиз ойга кечикибсиз!» дея жавоб берган экан. Дарҳақиқат, фарзанд тарбияси тасаввурларимиздагидан-да жиддий масалаки, унга эътиборни она қорнидалигидаёқ бошлаш керак, дея уқтиришган аждодларимиз.


Рисоладагидек фарзанд кўришни, уни чин инсон қилиб тарбиялашни истаган киши ишни, аввало, дилбандига муносиб она (ота) топиш ва уни қайта тарбиялашдан бошлаши керакдек, назаримда. Касбим тақозосига кўра, айни турмуш қуриш ёшидаги йигит-қизлар билан ишлайман ва хулосаларимга кўра айта оламанки, уларнинг аксарияти ҳали фарзанд тарбиялаш, оила масъулиятини англаб етишмайди. Ваҳоланки, оила қуриш, авлодни дунёга келтириш ва тарбиялаш «Бошига тушса, эплаб кетади», қабилидаги таваккал асосига қуриладиган иш эмас.
Ҳозирги ёшларнинг ҳаёти кўп ҳолларда виртуалликка асосланган, улар телефон ёхуд ижтимоий тармоқларсиз умрининг бир кунини ҳам тасаввур эта олмайди. Аммо биологик ва ижтимоий нормаларга кўра, турмуш қуриш шарт экан, унинг илк босқичи, айни дамда шарафли масъулият – ота-она бўлишга келин ва куёвни тайёрлаш оиланинг катталаридан бироз сабрни талаб этади. Авлоднинг жисман соғлом, маънан пок бўлиши орзуси учун бобо-бувиларимиз бироз қийинчиликни зиммаларига олмоқлари шарт.
Маърифат – энг асосий пойдевор
Фарзанд туғилгунга қадар ота ҳам, она ҳам фақат яхшиликлар, ширин хаёллар ва эзгу ниятлар билан банд бўлиши учун уларнинг имкон қадар электрон матоҳлардан узоқроқ бўлишини таъминлаш лозим. Шундай қила олсак, онанинг жисмини нафақат салбий нурлардан сақлаймиз, қолаверса, унда вақт исроф бўлишининг олдини оламиз. Тежалган вақтда она кўпроқ китоб ўқиса, т она қорнидаёқ маърифат нималигини ҳис қилади. Шундагина туғилажак набирани тарбиялашнинг иккинчи босқичи шараф билан уддаланади.
Ўргатганингизни эмас, қилганингизни такрорлайди
Бола ўргатганингизни эмас, қилганингизни такрорлашини унутманг. Шунинг учун болага ҳеч қачон ёлғон гапирманг. Ваъда бердингизми, бажаринг, вазиятдан қутулиш учунгина сўз берманг. У сўраётган ишни бажаришга имконингиз йўқми, у тушунадиган тилда оддийгина қилиб сабабини айтинг. Бола бошида бироз инжиқланиши мумкиндир, аммо бора-бора бундай тушунтиришларга кўникади.
Болани ҳеч қачон қўрқитманг, «ана бобов келди», «дўхтир укол қилади» каби беихтиёр ёдга келадиган ёлғонларимиз орқали боланинг руҳиятига қаттиқ зарба берамиз. Бола мана шу пайтдан бошлаб қўрқоқликка одатланади, ўзи тушунмаган ҳолда, номаълум нарсалардан хавотирланишга, қўрқувга одатланиб қолади. Келажакда у мана шу руҳий босимни доимо ҳис қилиб яшайди, ҳақиқатни айтиши керак бўлган ўринда, ичига ютади. Ҳақсизликни табиий қабул қила бошлайди. Шу ўринда Эркин Воҳидовнинг қуйидаги сатрларини ёдга олсак:
Болаларни шайтонлардан қўрқитмангиз,
Бобов келди, деб кўрпага беркитмангиз,
То улғайиб, дуч келганда «бобов»ларга,
Ўхшамасин итдан қўрққан соқовларга.
Болаларни шаддодликка ўргатмангиз,
Раҳмсизлик, бедодликка ўргатмангиз.
То улғайиб, дуч келганда инсонларга,
Ўхшамасин андишасиз шайтонларга...
Болани арзимас ишлар учун жазоламанг! Дейлик, эҳтиётсизлиги сабаб пиёлани синдириб қўйди. Унга пиёлани синдирганидан эмас, идишнинг синган бўлаги уни жароҳатлаши мумкинлигидан ташвишланишингизни, шунинг учун ҳаракатларига эҳтиёткор бўлиши кераклигини тушунтиринг. Арзимас сабабларга кўра жазоланувчи болалар келажакда меҳрсиз ва бешафқат бўлиб улғайишади.
Ушбу қоидаларга болажон беш ёшга етгунга қадар амал қилишингиз мумкин. Аммо тарбия жараёнида беш ёш услубларни ўзгартиришингиз учун яхши сигналдир. Беш ёшдан сўнг тарбиянинг бошқа турларига ҳам жиддий эътибор қаратиш лозим. Хусусан, бадан тарбияси, руҳий тарбия, ақл ва фикр тарбияси, ахлоқий тарбия, ирода тарбияси, сўзлашув тарбияси, меҳнат тарбияси баб-баравар олиб борилиши шарт.
Мана шу даврдан бошлаб фарзанд билан қатъий меъёрлар асосида мулоқот олиб бориш талаб этилади.

MA`RIFAT DARSI | INSPECTOR_UZ, [19.11.20 10:00]


Болада шу ёшдан бошлаб масъулият ҳиссини шакллантиришга, ўзининг ҳар бир иши учун жавобгарликни ҳис қилишига шароит яратинг ва талаб қилинг.
Бола ота-она қўлида бир омонатдир
Бу борада донишмандларимизнинг қуйидаги ўгитларини ёдда тутинг: «Бола ота-она қўлида бир омонатдир. Қалби турли нақш ва расмлардан пок, нима нақш солинса, қабул қилади, нимага мойил қилинса, мойил бўлаверади. Агар яхшиликка ундалса ва ўргатилса, унинг устида ўсаверади, дунё ва охиратда саодатли бўлади, ота-онаси ҳамда одоб, таълим-тарбия берганлар барчаси савобига шерик бўлишади. Агар ёмонликка ундалса ва бўш қўйилса, ёмонликка учрайди, ҳалок бўлади ва унга қараб турган киши зиммасига гуноҳкорлик тушади». Демакки, фарзанднинг жисм ва руҳ тарбиясида собит туриш, уни тўғри йўналтириш ота-онанинг асосий вазифаларидандир.
Кўпчилик ота-оналар фарзандининг ҳамма талаб ва истакларини бажариш орқали идеал ота-она бўлиш мумкин, деб ҳисоблашади. Аммо бола пул тўлдирадиган идиш эмаски, унинг эҳтиёжларини фақатгина иқтисодга боғласак. Болада иқтисодий эҳтиёжлардан ташқари, руҳий, маънавий, ирфоний эҳтиёжлар ҳам борки, уни қондиришда ота-она иштирок этмаса, исталган киши бу вазифани эгаллашга уриниши мумкин. Ўзига номуносиб дўст, тарбияси номақбул жуфт, энг ёмони, уни ўзига шерик қилишга интилувчи қора ниятли кишилар фарзанд атрофида пайдо бўлиб, ана шу бўшлиқнинг ўрнини тўлдириб олишади.
«Отам билан гаплашиб ўтиришни, режаларимни маслаҳатлашишни истардим. Бироқ у ҳар доим биз учун ишлаётганини, жуда толиққанини такрорлашдан чарчамасди, – деган эди бир неча йил аввал пробация хизмати назоратида турувчи Ҳасан исмли ўсмир. – Уйда ҳамма шароитни – компьютер дейсизми, интернетми, барчасини муҳайё қилиб берганди. Хуллас, компьютерни яхши билганим учун мен ҳам интернетда пул топишга қизиқдим. Виртуал дўстлар топиб, иш бошладим. Ишимиз тармоқли маркетингга асосланган эди. Бир муддат пул ишладим, бироқ буларнинг ҳаммаси тузоқ бўлганлигини шерикларим бор пулларни ўзлаштириб, изсиз йўқолиб қолгач, тушундим. Жавобгарлик эса менинг зиммамда қолиб кетганди. Агар вақтида ота-онам билан ҳар бир ишимни маслаҳатлашиб қила олганимда, шунча муаммолар йўқ эди...»
Дарҳақиқат, аксарият ота-оналар пулдан қийналмаса бўлди, қолганининг ўрнини тўлдирса бўлади, деб ўйлашади. Фарзандларини қариндошларда қолдириб, ўзлари пул ишлаб топиш учун хорижга йўл олишади. Болалар эса на ота-она меҳрига қонишади, на улардан тарбия олишади. Ваҳоланки, халқимизнинг «Қуш уясида кўрганини қилади» деган ҳикмати бежиз яралмаган.
Бугун оталари изидан бориб, ички ишлар органлари ходими сифатида юртимиз тинчлиги, халқимиз хотиржамлигини таъминлаётган ёки шундай эзгу мақсадлар билан улғаяётган ёшлар бу ҳикматнинг ижобий хусусиятларини намоён этмоқда. Агар ички ишлар органлари ходими дилбандининг нозик қўлчаларидан ушлаб, хиёбон узра кезаркан, мана шу осудаликни, кўзларни қувнатувчи гўзалликни, қалдирғочлар эмин-эркин парвоз қилаётган беғубор осмонимиз, шу азиз заминни севиш, ардоқлаш ва асраб-авайлаш келажакда унинг бурчига айланишини норасида боласининг онгига сингдира олса, билингки, порлоқ келажагимиз ҳам, она Ватан муҳофазаси ҳам ишончли қўлларда бўлади.

Дилдора РАҲМОНОВА,


Тошкент давлат юридик университети Ихтисослаштирилган филиали ўқитувчиси.
Download 40.08 Kb.

Do'stlaringiz bilan baham:




Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling