"Маърифат" газетаси, 2023-йил 18-октабр, №42(9471), 11 саҳифа


Download 52.56 Kb.
Sana20.10.2023
Hajmi52.56 Kb.
#1711768
Bog'liq
ҚУВОН1 Маърифат



“Маърифат” газетаси, 2023-йил 18-октабр, № 42(9471), 11 саҳифа

ҚУВОН
Aдабиёсиз миллат яшамайди. Aдабиёти


йўқ миллатнинг ўзи йўқ бу дунёда.
Бизнинг жуда улуғ адабиётимиз бор,
беш минг йиллик тарихимиз бор”, –
Рауф Парфи.
Ҳар йилгидаги каби 1964-йилнинг 15-сентабр куни ТошДУнинг барча талаба-ю ўқитувчилари Бўка тумани далаларига пахта теримига ёппасига олиб кетилди. 15-октабр куни кимдир Хрушчев соғлиғи ёмонлашганлиги сабабли ишдан кетибди, деган хабарни етказди. Ҳаммамиз хафа бўлдик. У одам кўп ижобий ишлар қилган эди-да: Сталин мисли кўрилмаган халқи жаллоди бўлгани, СССР империяси – ёвуз империя бўлганини жаҳонга қўрқмасдан маълум қилганди. Ундан ташқари Бўстонлиқ ҳамда яна иккита туман ер-сув, аҳолисини Ўзбекистонга қўшиб юборган, Қиримни Украинага берганди. Совет халқи кўп жиҳатдан еркин нафас ола бошлагандида.
Ўша куни пахта даласидан қайтиб ётоқларимизга борсак факултетимизнинг янги замдекани Умид ака Aзизов келибди. Кенгроқ бўлгани учун мен ётадиган хонада 20 чоғлиқ 3-4-курс йигит-қизлар тўпланиб, гир атроф қилиб солинган юпқа кўрпачалар устига ўтирдик. Тўрда Умид ака ҳамда қизлар ўтиришди. У пайтлари фотиҳа ўқиш ҳеч кимнинг ёдигаям келмайдиган даврлар эди. Умид ака нималар дегани мутлақо ёдимда йўқ. Курсдошимиз, етимхонада тарбияланган Диля исмли қизимиз мусиқа жўр бўлмасада ўша пайтда машҳур бўлган ўзбекча ашулалардан бирини чунон ўхшатиб куйладики, ҳаммамиз унга ҳавас билан қараб тинглаб ўтирардик. Мен хона эгаси бўлганим учун пойгакда тик, нимагадир суянган ҳолда турар эдим. Бошимдан бир қаричча нарида деворга илинган ҳолда раён радио узелига уланган жимитгина радиоприёмник турарди. Давра қуриб ўтирганимизда ТошДУ филология факултети талабалари ҳам қаердадир йиғилиш ўтказиб гурунглашишаётган экан, кейинчалик билсам у даврада курсдошим, бўлажак турмуш ўртоғим билан аспирантлар ётоқхонасида ёнма-ён хонада яшаб ўқиб юрган, келажакда “Саодат” журналининг узоқ йиллар мобайнида бош муҳаррири бўлган Ойдин Ҳожиева ҳам иштирок этган экан. Ўшандаги ТошДУнинг филология факултети талаба-ўқитувчиларининг гурунги радио тармоғи орқали бутун Ўзбекистонга узатилаётган экан. Бир пайт ўша даврадаги 4-курс талабаларидан бири Дадахон Ҳасанов 5-курс талабаси Рауф Парфи шеъри билан “Лайло” деган ашулани айта бошлади: Балки ўчган эдим ёдингдан,
Ширин хаёлингни буздимму...
Лайло! Лайло! Сенинг ёнингда
Бир дам кўрмоқчийдим ўзимни.
Дилнавозим! Дилафгорим!
Ёнингга учай, Лайло!
Ҳисларимни йўлларингга
Маржондек сочай, Лайло!
Сенга ёлғиз сақлаганим –
Қалбимни очай, Лайло!
Aгар ишқимни рад этсанг,
Қайларга қочай, Лайло!
Яна пайдо бўлдим йўлингда,
Йўлларингда яна бўзладим.
Бечора қалб – сенинг қўлингда,
Кўзларингда – менинг кўзларим.
Дилнавозим! Дилафгорим!
Ёнингга учай, Лайло!
Ҳисларимни йўлларингга
Маржондек сочай, Лайло!
Биз физика факултети талабалари ушбу ашулани тинглар эканмиз барчамиз жим бўлиб қолиб, ўта катта иштиёқ ва маҳорат билан айтилаётган қўшиққа бутун вужудимиз билан берилиб, сингиб кетгандек бўлдик. Aшулани қаттиқ эътибор ҳамда ҳаяжон билан тинглар эканмиз ашула сўзи ҳамда оҳангига менинг орқамдаги кимнингдир пиқ-пиқ қилиб йиғлаётган товуши ҳамоҳанг бўла бошлади. Бундай ўгирилиб орқамга қарасам мен суяниб турган тумбочка устида ўтирган тўртинчи курс талабаси қорақалпоқ йигити Қувон йиғлаётган экан... Ўшанда ҳеч ким Қувонга бир оғизам сўз айтмади, чунки барчамизга унинг ҳолати бир оғиз сўзсиз ҳам тушунарли эди. Унинг ҳолатига ўша йиғинда ўтирганларнинг барчаси тушиб қолиш эҳтимоли жуда катта эди.
Мен 1966-йилнинг 15-сентабрида ТошДУ физика факултетининг 20 талабаси ҳамда 4-курснинг 20 талабаси қатори бирмунча вақт МГУда ўқишни давом еттириш учун жўнатилган эдим. Ўша даврда МГУда таҳсил олаётган Иванка исмли болгар қизи бизнинг талабалар билан гурунглашишни ёқтирарди. Бир куни Москвада аспирантурада ўқиётган кичик Қудрат тоғам ҳамда унинг севиклиси Саида опа ҳамда унинг дугонаси Флора исмли қиз билан эрталаб қўзиқорин тергани ўрмонга кетдик. Бизда қўзиқорин одатда баҳор фаслида бўлади, шунинг учун Москва ўрмонларида кузда қўзиқорин бўлиши мени ажаблантирган эди. Ўша сайилдан қайтиб келсам, мен билан МГУга келган ўзбек йигит-қизларимиз тўпланиб ош дамлашибди ҳамда мусиқа қўйиб тансагаям тушишаётир. Уларни томоша қилиб ўтирган эдим, бир пайт даврани мусиқа билан таъминлаётган патефон садосини Иванка ўчирдида, олдимга келиб битта ўзбекча ашула айтиб берасан дея қаттиқ талаб қилиб туриб олди. Ўзимча иккита ашулани хиргойи қилиб юргувчи эдим: бири – “Мана катта қозонда” ашуласи бўлса, иккинчиси “Лайло” эди. Ўшанда биринчи ва охирги маротаба кўпчилик орасида “Лайло” ашуласини айтган эдим ҳамда уни айтар эканман кўз олдимга қадрдоним қорақалпоқ йигити Қувон ушбу ашулани эшитаётиб пиқ-пиқ йиғлагани келиб турар эди.
Куни кеча набира қудамиз Нафисаопанинг 60 йиллик юбилейи катта тантана билан “Гулшан” ресторанида нишонланди. Ўша юбилейда бир йигит ҳамда бир қиз хонанда бири олиб, бири қўйиб зўр оҳангда мен ёқтирган кўп ашулаларни айтишди. Шунда мен набира куёвимиз Жамолиддиндан илтимос қилдим: “Сўраб кўринг-чи, бу хонанда “Лайло” ашуласиниям билармикан?”. Яхшиям сўраганим, йигит хонанда зўр маҳорат билан ушбу ашулани айтганда хурсанд бўлиб теримга сиғмай ўтирдим.
Aфсус, ҳаётимда Рауф Парфини ҳам, Дадахон Ҳасановни ҳам учратмаганман, ким билсин, балки тиқилинч автобус, трамвайларда ТошДУга ўқишга кетаётганда ва қайтаётганда бу икки улуғ инсон билан ёнма-ён бир курсида ўтиргандирман ва балки икки оғиз гаплашгандирман ҳам. Халқимизнинг севимли шоири Рауф Парфи ҳамда унинг халқимиз, айниқса ёшларимиз, айниқса мен каби 60-йиллар ёшлари қалби тўридан жой олган “Лайло” шеърига бағишланган ушбу мақоламни Рауф Парфини шахсан таниган қадрдони бўлган Муҳаммад Исмоилнинг Рауф Парфи ҳақидаги ушбу бебаҳо сўзлари билан якунламоқчиман: “Болалигимда сўфийлар, дарвешлар, қаландарлар қанақа одамлар бўлишган экан, деган савол кўп ўйлантирар эди. Йиллар ўтиб, Худо бу саволга жавоб топишим учун, яқиндан ёрдам берди. Йигирма йилга яқин Рауф Парфи билан ёнма-ён юриб, ҳақиқий сўфий ҳам, ҳақиқий дарвеш ҳам, ҳақиқий қаландар ҳам Рауф Парфи деган хулосага келдим. Aгар ҳаётимнинг сўнгида кимдир мендан, бу ҳаётга келиб нималарни кўрдинг деса, Рауф Парфидек одамларни кўрдим, бундай одамни кўриш битта одамнинг бу ҳаётга келиб кўп нарсани кўрганига далолат бўла олади, деб айтар эдим...”.
Мансурхон ТОИРОВ,
физика-математика фанлари доктори,
профессор,
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси
аъзоси
“Маърифат” газетаси, 2023-йил 18-октабр, № 42(9471), 11 саҳифа



Download 52.56 Kb.

Do'stlaringiz bilan baham:




Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling