Маъруза 3
3-мавзу. ИНШООТЛАРНИНГ ҲИСОБЛАШ ТАРҲЛАРИНИНГ ГЕОМЕТРИК ТАҲЛИЛИ
Режа:
1. Иншоотларни ҳисоблаш тарҳларининг геометрик таҳлили ҳақида тушунча.
2. Иншоотларнинг эркинлик даражаси ва уларнинг статик таҳлили.
3 Иншоотлар ҳисоблаш тарҳлари тузилишининг таҳлили.
Таянч иборалар: иншоотларни ҳисоблаш тарҳларининг геометрик таҳлили, иншоотларни эркинлик даражаси, диск, оддий ва каррали шарнирлар, геометрик ўзгарувчан ва ўзгармас иншоотлар, иншоотларни статик таҳлили, иншоотлар ҳисоблаш тарҳлари тузилишининг таҳлили.
Иншоотларни ҳисоблаш тарҳларининг геометрик таҳлили ҳақида тушунча.
Қурилишда ишлатиладиган иншоотлар ташқи юклар таъсирида ўзининг шаклини ўзгартирмаслиги лозим. Ҳар қандай иншоот геометрик ўзгармас системадан ташкил топган бўлса, дастлабки геометрик шаклини ташқи юк таъсирида сақлаб туриши мумкин. Геометрик ўзгарувчан системалар қурилишда ишлатилмайди, чунки бундай системалар ташқи юк таъсирида ўз шаклини ва ҳолатини кескин ўзгартиради. Геометрик ўзгармас системалар эса ўз шаклини элементларининг деформацияланиши эвазига ўзгартириши мумкин.
Ҳар бир иншоотни ҳисоблашдан олдин унинг ҳисоблаш тарҳини геометрик ўзгармаслик шартларига биноан кинематик таҳлил қилиш керак. Масалан 3.1-расм, б да тасвирланган стерженли система геометрик ўзгарувчандир. Чунки, оз миқдордаги Р кучнинг таъсири унинг шаклини ва ҳолатини ўзгартиради (3.1-расм, а).
Бу системанинг геометрик ўзгармас бўлиши учун унга қўшимча боғланиш АС стерженни киритамиз. Ҳосил бўлган учбурчакли системанинг шакли стерженлари деформацияланганда ўзгаради, акс ҳолда ўзгармай тураверади. Шунинг учун у геометрик ўзгармас система ҳисобланади. Учбурчакли системалар доимо геометрик ўзгармас ҳисобланади.
Демак, иншоотларни геометрик ўзгармас ёки ўзгарувчанлигини текшириш мақсадида кинематик таҳлил қилинади.
Do'stlaringiz bilan baham: |