Рақс ижодкорлигини ривожлантириш ўйини
“Рақсга тушамиз”
I вариант
Ўйинни бориши: Болалар давра олиб туришади. Тарбиячи қўлида рўмолча билан даврада юриб хохлаган болани елкасига рўмолчани теккизади, елкасига рўмолча теккан бола ўртага чиқиб мусиқа оҳангига монанд рақсга тушади. Бир вақтда даврада турган болалар чапак чалиб туришади. Рўмолча олган бола бошқарувчи бўлади. Ўйин шу тариқа давом этади.
II вариант
Ўйинни бориши: Қиз болалар алоҳида ўнг томонда, ўғил болалар алоҳида чап томонга бўлиниб туришади. Болалар ўз куйларини эшитиб навбатма-навбат мусиқа оҳангига монанд рақсга тушадилар.
Ўғил болалар “Андижон полькаси”, “Дилхирож” ўзбек халқ куйларига рақсга тушадилар.
Қиз болалар «Чертмак», «Қари наво» ўзбек халқ куйларига рақсга тушадилар.
Мусиқа раҳбари куйларни алмаштириб чалиши керак. Қайси гуруҳ болалари кўп, чиройли рақс элементларини ўйлаб топиб рақсга тушса, шу гуруҳ болалари рағбатлантирилади. Ўйин шу тариқа давом этади.
Ритм туйғусини ривожлантириш ўйини
“Қувноқ болалар”
Ўйин материали: Болалар чолғу асбоблари барабан, металлафон, шақилдоқ.
Болалар барабан чалинганда айиқ полвонли юришини, металлафон чалинганда қуёнларни сакрашини, шақилдоқ чалинганда қушларни учишини ҳаракатда кўрсатишлари керак.
Ўйиннни бориши: Болалар чолғучини танлашади. Ҳамма давра олиб туради. Ўртада стол устида болалар чолғу асбоблари барабан, металлафон, шақилдоқ туради.
Чолғучи бола хохлаган чолғу асбобларида навбатма-навбат чалганда, даврада турган болалар шу чолғу асбобларига мос ҳаракатларни ижро этишади. Ўйин тугаганда, бошқа чолғучи танланади. Ўйин шу тарзда давом этади.
Тембрни эшитиш қобилиятини ривожлантириш ўйини
“Товушига қараб топ”
Ўйин материали: доира, ноғора, дутор, рубоб, най, сурнай.
Картондан ясалган геометрик шакллар тўртбурчак, учбурчак, думалоқ, болалар сонига қараб.
Ўйиннинг бориши: Ҳар бир болага уч хил геометрик шакллар тарқатилади. Столда чолғу асбоблари туради. Чолғучи бола хохлаган чолғу асбобида чалади. Болалар уриб чалинган чолғу асбобига тўртбурчак шаклни кўтаришади, пуфлаб чалинган чолғу асбобига думалоқ шаклни кўтаришади, чертиб чалинган чолғу асбобига учбурчак шаклни кўтаришади. Янгилишмай тўғри топиб кўрсатган бола чолғучи бўлади. Ўйин шу тарзда давом этади.
Боғчада миллий чолғу асбоблари бўлмаса, миллий чолғу асбоблар чизилган расмлардан фойдаланишлари мумкин.
Do'stlaringiz bilan baham: |