Қишлоқ хўжалигининг энергетика ресурсларига хўжалик ихтиёридаги тракторлар, комбайнлар, пахта териш машиналари, стационар двигателлар, автомашиналар, электр генераторлар, пасайтирувчи трансформаторлар, ишчи ҳайвонлар ва бошқа турдаги механизмлар киради. Қишлоқ хўжалигининг энергетика ресурслари доимо ривожланиб, такомиллашиб бормоқда. Кам қувватли ва тезлиги кам тракторлар кучли, тезюрар ва иқтисодий жиҳатдан қулай тракторлар билан алмаштирилмоқда. Бунга мисол қилиб, республикамиз сотиб олаётган «Кейс» ва «Магнум» тракторларини кўрсатишимиз мумкин. Бу эса қишлоқ хўжалиги корхоналарини юқори сифатли энегия қувватлари билан таъминламоқда. Қишлоқ хўжалиги корхоналари моддий таъминотининг ташкилий асослари асосан «Корхоналар тўғрисида»ги қонунга мувофиқ олиб борилади. Қишлоқ хўжалиги корхоналари моддий-техника таъминотининг ташкилий омиллари қишлоқ хўжалигининг бир қатор хусусиятларига боғлиқ. - Биринчидан, хўжалик моддий-техника базасида асосий ролни ер ўйнайди. Ер – қишлоқ хўжалигида асосий ишлаб чиқариш воситасидир. Бошқа ишлаб чиқариш воситаларининг ривожланиши бевосита ундан фойдаланишга боғлиқ. Ер унумдорлиги ҳар хил бўлиб, маҳсулот бирлигини етиштириш учун ҳар хил миқдорда харажат қилиш талаб этилади. Бу эса ҳар хил унумдорликка эга бўлган ердан бир хил миқдорда ҳосил етиштириш учун ҳар хил миқдорда асосий ва айланма фондларга эга бўлиш заруратини келтириб чиқаради.
- Иккинчидан, қишлоқ хўжалигининг моддий-техника базаси табиий шароитлар таъсирига учраб туради. Қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқариш зонал характерга эга бўлиб, ҳар бир зона тупроқ-иқлим шароити ҳар хил бўлиши туфайли уларда ҳар хил тизимдаги машиналардан фойдаланишга тўғри келади. Шунинг учун зоналарда ва улар ичидаги хўжаликларда моддий-техника базаси тузилмаси ҳамда ишлаб чиқаришни интенсивлаштириш даражаси ҳар хил бўлади.
- Учинчидан, қишлоқ хўжалигида иш даври билан ишлаб чиқариш вақти бир-бирига мос келмаслиги туфайли ишлаб чиқариш мавсумий характерга эга. Бу моддий-техника воситаларидан унумли фойдаланишга салбий таъсир этади. Хўжалик машиналардан ўсимликчиликда йил мобайнида бир неча ой фойдаланилади. Ишлаб чиқаришнинг мавсумий бўлиши уруғлик, озиқ, ёқилғи ва мойлаш материаллари ва бошқа меҳнат буюмлари заҳирасига эга бўлиш заруратини вужудга келтиради.
- Тўртинчидан, қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқариши биологик жараёнлар билан чатишиб кетади, қишлоқ хўжалиги моддий-техника базасининг бир қисми жонли идораизмлардан (ишчи ва маҳсулдор ҳайвонлар, парандалар билан ҳайвонлар, боқувга қўйилган ҳайвонлар, кўп йиллик дарахтлар ва бошқалар) иборат. Улардан самарали фойдаланишга эришмоқ учун тегишли ишлаб чиқариш воситаларига эга бўлмоқ керак. Қишлоқ хўжалиги моддий-техника базасининг ўсиши жамоа хўжаликлари ва бошқа қишлоқ хўжалиги корхоналари ишлаб чиқариш фондларининг ўсишига олиб келади.
Do'stlaringiz bilan baham: |