Мавзу: алишер навоий давлат ва жамият арбоби сифатида


Download 50.81 Kb.
bet1/2
Sana13.08.2023
Hajmi50.81 Kb.
#1666768
  1   2
Bog'liq
Alisher Navoiy 1




МАВЗУ: АЛИШЕР НАВОИЙ ДАВЛАТ ВА ЖАМИЯТ
АРБОБИ СИФАТИДА

Режа:


  1. Алишер Навоий давлат ва жамият ҳақидаги қарашлари

  2. Алишер Навоийнинг давлат бошқарувидаги иштироки

  3. Алишер Навоий давлатида ички сиёсий можаролар.

1. Алишер Навоийнинг давлат ва жамият бошқарувига ижодий муносабати доимий долзарб ҳамда ўта ҳаётий муҳим муаммодир. Ушбу мавзу бугунги бозор иқтисодиёти шароитида, хусусан, янги асримизнинг ўтган саккиз йилида бирор ўринда тўлақонли ёритилмади. Аслида, миллий давлатчилик асосларини барпо этишнинг маънавий масалалари ҳамиша Алишер Навоийнинг диққат марказида турган.


Алишер Навоий ўз даврининг буюк сиёсатчиси сифатида давлатнинг бош вазифасини, яъни мамлакатда қонунчиликни, тартибни ўрнатишни теран тушуниб етган ва унга умрининг сўнгги кунларигача амал қилган давлат арбоби эди. Шоир сиёсат, давлат қонунларига оид махсус асарлар ёзиб Туронда сиёсий, ҳуқуқий таълимотларнинг ривожланишини янги поғонага кўтарди. Асарлари орқали темурийлар давлатини бошқа халқларга танитди. Масалан, унинг биргина “Тарихи мулуки Ажам” асари қадимги Эрон ва Турон ҳудудида давлатнинг ташкил топиши ва ривожланиига бағишланган. Алишер Навоий Ажамда Одам Атодан то ўрта асрларгача ўтган катта тарихий даврда ҳукмронлик қилган шоҳларнинг исмлари (улар 65 нафардан ортиқ), сулолалар (пешдодийлар, каёнийлар, ашконийлар, сосонийлар) ҳақида ҳикоя қилади ҳамда ҳарбий саркардаларнинг фаолиятларига баҳо беради.
Алишер Навоий мамлакатнинг бойлигини яратувчи деҳқонларнинг ҳақ-ҳуқуқини ҳимоя этишни ўзининг ва давлат аппаратининг вазифаси, деб билади. У вилоятларда, шаҳар ва қишлоқларда давлат солиқларининг турлари ва миқдорининг ниҳоятда ошиб кетганлигидан норози бўлиб, исён кўтарганлар билан бевосита мулоқотда бўлиб, мамлакатни ана шундай оғир иқтисодий шароитларга олиб келган давлат мулозимларини қаттиқ жазолайди. Деҳқонлар ва ҳунармандларнинг зиммасидаги оғир солиқларни енгиллаштиради.
Алишер Навоий темурийлар давлат бошқарувида бўлган Хуросон давлатига хизмат қилар экан, мамлакатда ободончилик ишларига катта эътибор беради. Ўзининг жамғармасидан масжид ва мадрасалар, шифохоналар, боғлар, йўллар, кўприклар, карвонсаройлар қурдиради. Буюк мутафаккирнинг ободонлаштириш борасидаги фаолияти унинг номини халқимиз орасида адолатли вазир сифатида машҳур қилди. Алишер Навоий Хуросон ва Мовароуннаҳрда илм-фан тараққиётига алоҳида эътибор берди. Бу соҳа кишиларига моддий ва маънавий ёрдам кўрсатди; уларнинг ҳуқуқларини қўриқлади ва давлатнинг ҳимоясида бўлишини таъминлади.
Алишер Навоий дунёқарашида келажакда идеал давлат қуриш орзуси катта ўрин тутади. У сиёсий қарашларида мавжуд феодал давлатларни танқид қилиб, Искандар давлатидек идеал давлат тимсолини “Садди Искандарий” достонида яратди. Унда шоир бўлажак идеал давлатни идора қилиш шакли, давлатни бошқаришда фан ва техниканинг аҳамияти, халқаро ҳуқуққа оид масалаларни таърифлайди. Энг муҳими, Алишер Навоий жамиятни давлатсиз, қонунсиз, шоҳсиз тасаввур қилолмайди. У жамиятда интизом, қонун-қоида бўлишини эътироф этади. Инсон боласида Ватанга севги туйғуси нақадар чуқур эканини Алишер Навоий илк марта ўзининг йигитлик йилларида ёзган машҳур рубоийсида хас-ҳашак, тиканлардан ясалган ўз ошёнини подшоҳларнинг олтин қафасидан ортиқ кўрган булбул тимсоли орқали ғоят ёрқин ифодалаб берган эди:
Ғурбатда ғариб шодмон бўлмас эмиш,
Ел анга шафиқу меҳрибон бўлмас эмиш.
Олтун қафас ичра гар қизил гул битса
Булбулға тикандек ошён бўлмас эмиш.
Шоир ўз асарларида, хусусан,  достонларида ватанпарварликни инсонпарварлик, одиллик, маърифатпарварлик, миллий мустақиллик ғоя ва тушунчалари билан боғлаб талқин этган. “Садди Искандарий”да у Дорони мустақил Эрон шоҳи, деб таъриф-тавсиф этади:
Жаҳон мулкида мустақил подшоҳ,
Анга топшуруб шоҳлар тошу гоҳ.
Бироқ у зулмкорликка берилиб, халқи уни қўллаб-қувватламагани учун Искандардан енгилади. Демак Алишер Навоий фикрича, ўз мамлакатининг озодлигини, мустаҳкамлигини сақлаб қолмоқчи бўлсалар, адолатли ва маърифатли бўлишлари шарт.
Навоий узоқ йиллар Ҳусайн Бойқаро салтанатида юқори лавозимларда ишлаб, ўзи ҳам сиёсат ва раёсатда, бошқарув ишларида обдон тажриба орттирди, кўп ҳолларда зулм ва бедодликларнинг олдини олишга муяссар бўлди. Навоийнинг доно насиҳатлари, амалий тадбирлари туфайли Ҳусайн Бойқаро подшолигида барқарорлик ҳукм суриб, илм-фан, маданият ва адабиёт ривожланди, ободончилик юзага келди. Бу ҳаётий тажриба мутафаккир бобомизнинг давлат арбоби сифатидаги қарашларида акс этган.
Алишер Навоий она тилида улуғ адабий асарлар яратиб, халқ¬нинг маънавий оламини юксалтириш баробарида темурийлар давлатининг барқарорлиги ва давомийлиги учун ҳам курашиб, бу ишда ўзини масъул деб билди. Шу боис, у наинки дўсти Ҳусайн Бойқарога насиҳат қилиш, уни огоҳлантириб туриш, улуғ ва эзгу ишларга йўллаш билан чекланди, балки Бойқаро фарзандлари – шаҳзодаларга давлатчилик асосларини, Амир Темур ўгитлари ва анъаналарини ўргатиш, танбеҳ ва насиҳатлар орқали таъсир этиб туришни ўз бурчи деб билди.
Ҳусайн Бойқаро ўғиллари орасида тахт ва юрт талашиш ҳали оталари тириклигидаёқ бошланган эди. Улар баъзан Бойқарога бўйсунмай, мустақил ҳаракат қилишга интилардилар. Бу ҳол Алишер Навоийни қаттиқ ташвишга солади. Шунинг учун у ҳар бир шаҳзодага алоҳида мурожаат қилиб, ота измидан чиқмасликка даъват этади, мамлакат яхлитлиги учун жон куйдиради. Айниқса, шоир катта ўғил Бадиуззамон Мирзога умид боғлаб, анчайин аччиқроқ гапларни айтади: «Ота рози – худо рози, отага қарши исён – Худога қарши исён билан баробар». Менинг сўзларим оғир ботса ҳам айтаман, деб давом этади Навоий Бадиуззамонга ёзган бир мактубида, чунки насиҳатларим беғараз, ниятим эзгуликдир. «Ёшингиз узун бўлсун. Андоқ кам воқеъ бўлубдирким, бу қулнинг сўзин рад қилмиш ўлғайсиз. Эмди дағи бу қулнинг жони куйганда, ўзгаларнинг этаги куймас».
Ушбу мактуб таъсирида Бадиуззамон Мирзо отаси билан ярашиб, узр сўрайди ва бир урушнинг олди олинади. Бадиуззамонга юборилган бошқа бир мактубда эндигина Ироқ ва Курдистон ҳокимлигига тайинланган шаҳзодага давлат бошқарувининг дастури бўладиган ўттиз икки банддан иборат фикрларини баён этади. Мактуб, гарчи, насиҳат усулида ёзилган бўлса-да, унинг замирида талаб ва огоҳлантириш оҳанги ётади. Агар бу фикрларни умумлаштирсак, Навоий қуйидаги уч жиҳатга эътибор қаратганини кўрамиз:
– шоҳнинг ўзи шариат талабларига амал қилиши ва бошқалардан ҳам шуни қатъий талаб этиши лозим;
– раиятнинг аҳволидан доимо хабардор бўлиб туриш, адолат истаб келганларнинг арзини мунтазам равишда эшитиб, золимларни жазолаш, шоҳ ва фуқаро орасида ўзаро ишонч ва муҳаббатни қарор топтириш;
– девонда иш юритишни қатъий интизом асосида йўлга қўйиш, таъмагирлик, порахўрлик, сусткашликка йўл қўймаслик.
Навоий яна шуни таъкидлайдики, мамлакатнинг ҳалол, виждонли кишиларини, обрў-эътиборга эга уламолар, арбобларни қадрлаш ва уларга суяниш лозим.
Сиёсат адолат ва додхоҳлик асосига қурилгандагина давлат мустаҳкамланади. Мазлумлар ҳимоя қилинса, ёмонлар, талончи ва фирибгар-фитначилар жазоланса, бу бошқаларга ибрат бўлади. Улуғ шоир насиҳат қилиб ёзади: «Алассабоҳ ҳарамдан чиққач, девонда ўлтириб додхоҳ сўрулса, дағи додхоҳ сўрарда ўзлук била машғуллуқ қилинса, агар бир мазлумға бировдин зулме ўтган бўлса, золимға андоқ сиёсат қилсаким, ўзга золимларға мужиби интибоҳ бўлса».
Шундан сўнг подшо аркони давлат(амирлар, вазирлар)ни йиғиб, унда «мулк ва мол иши» муҳокама қилиниши керак. Навоий давлат ишида машварат, яъни кенгашиб иш қилишни қайта-қайта таъкидлайди. Кенгашларда нафақат «аркони давлат», балки нуфузли шахслар, донишманд ҳакимлар ҳам қатнашиши мумкин. Аммо ҳар бирининг ўз ўрни, ўз мавриди бор. Демак, давлат миқё¬сидаги муҳим ишларни аъёнлар, аркони давлат, биринчи нав¬батда, хайрихоҳ, покдил, ҳақгўй одамлар билан маслаҳатлашиб, кейин қарорлар қабул қилган маъқул. Албатта, давлат ишида таъжил (тез бажарилиши керак бўлган) ишлар ҳам бор. Бунда шоҳ ўзи қарор қабул қилиши шарт. Шунингдек, баъзи тадбирларни таваккал қилиб амалга оширишга тўғри келади, деб давом эттиради Навоий, аммо шунда ҳам энг яқин одамлар билан маслаҳатлашиш фойда беради.
Алишер Навоий «Муншаот»даги 57-мактубда бундай ёзади: «Аркони давлатқа ҳар ишким буюрулур, агар бутмаги бир кун муяссардур, агар икки ё уч кун. Андоқ муқаррар бўлсаким бот бутардек иш ҳамул кун арз қилиб жавоб олсалар. Кечрак бутур ишни тонгла (эртаси) ё индин ё миодидин (муддатидан) ўткармасалар…».
Яъни ҳар бир амру фармон белгиланган муддатда бажарилиши лозим. Бугунги ишни эртага қолдириш мумкин эмас. Агар ғофиллик ва сусткашлик оқибатида иш орқага суриладиган бўлса, бунинг сабабкорлари аниқланиб, қаттиқ жазоланиши керак. Айниқса, котиблар, нусха кўчирувчилар, муҳр босадиганларнинг ниҳоятда чаққон, пухтакор ва ҳалол бўлиши таъкидланади. Навоий дейдики, девон иши жуда инжиқ, аммо ниҳоятда зарур. Юборилаётган хатлар чиройли қилиб, дона-дона, аниқ иборалар билан ёзилсин, тавочи беклар (девон бошлиғи) ахлоқан пок бўлсин, парвоначи(хат ташувчи)лар чаққон ва мунтазам фаолият кўрсатсин.
Навоий давлатчилик қарашларини баён этар экан, икки жиҳатга эътибор беради: бири – шоҳ амру фармонларини маҳаллий амирлар, ҳокимларга етказиш, иккинчиси – қуйидан келадиган хат-хабарларни шоҳга етказиш. Ҳар икки томон ишида ҳам пайсалга солиш бўлмасин, дейди шоир. Баъзи амиру амалдорлар «мусулмонларнинг нишонин (ҳужжатини) ортиқ тамаъ бирла кечга қўймасалар, шаръий ва қавлий нишонни (шартномани) бир чорсў муҳри била ҳукм бўлғон кун-ўқ буткариб берсалар». Бундан кўринадики, Навоий ўз кузатишлари, амалий фаолиятида давлат бошқарувининг бу жиҳатларига ҳам чуқур аҳамият берган.
2.Алишер Навоийнинг шеърий ва насрий асарларида эрксеварлик, миллий мустақиллик, халқчиллик, ватанпарварлик масалаларига тасаввуфнинг, хусусан, Шайх Баҳоуддин Нақшбанднинг
Ватан таркини бир нафас айлама…
Мусофир бўл, аммо Ватан ичра бўл…
каби кўрсатмалари ҳам катта таъсир кўрсатган. Масалан, бунга Алишер Навоийнинг ҳаж сафарига отланиб, боролмай қолгани яққол мисол бўла олади. Маълумки, Алишер Навоий ўз даврининг давлатманд кишиларидан бири бўлган. Бинобарин, бу унинг ҳажга боришини тақозо этган. Лекин у икки бор сафарга отланганда ҳар сафар Султон Ҳусайн Бойқаро унинг мамлакатдан узоқлашишини истамаган, бунинг учун қулай шароит йўқлигини, мамлакатда ва қўшни ўлкаларда вазият мураккаблигини айтиб бу муборак ҳаж сафардан қайтарган. Ўз мамлакатини, халқини жондан ортиқ севган Навоий эса подшоҳнинг илтимосини қабул қилган ва ҳаж савобига бошқа хайрли ишларни бажариш билан  эришишга қарор қилган.
Алишер Навоий ҳаёти ва ижоди бугун ҳам ҳаммамиз учун ибрат  бўлиб, биз уни ўқиш билан бирга яхши уқишимиз, унда ўзимизга тўғри хулосалар чиқара олмоғимиз керак.  Алишер Навоий ўзининг аниқ қарашларига эга бўлган. Ўз қарашларини халқ ҳаётига татбиқ этишга интилган. Алишер Навоий деҳқончилик ҳақида гапирганда ишлаб чиқаришни назарда тутган. Деҳқонларни ниҳоятда улуғлайди. “Маҳбуб ул-қулуб”га ёзган сўзбошисида навоийшунос олима Суюма Ғанийева “Оддий меҳнаткаш деҳқонларни Алишер Навоийчалик ҳеч ким таърифламаган”, – деб жуда тўғри ёзади. Бу қимматли фикрга мен ҳам қўшиламан. Ахир, ҳамма деҳқон устида кун кўрган, кун кўраяпмиз ҳам. Алишер Навоий буни ҳисобга олган. Ўзининг ижтимоий ишлаб чиқариш тарафдори эканлигини ҳам, ижтимоий ишлаб чиқариш жамият тараққиётини белгилашини ҳам деҳқонлар мисолида кўрсатган. У деҳқонларнинг бозорда эркин савдо қилишлари учун ҳаракат қилган. Ҳозир ҳам бу масала долзарбдир. Бугунги кунда ҳукуматимиз ишлаб чиқаришга кўпроқ эътибор бераяпти. Бир нарсани ўйлайман. Қадимдан Ўрта Осиё халқлари асосан савдо билан шуғулланган, ижтимоий ишлаб чиқаришдан анча узоқлашиш, ҳатто, маълум даражада қочиш, чекинишни ҳам сезиш мумкин.
Алишер Навоий “Маҳбуб ул-қулуб” асарининг “Тижорат аҳли закрида”, “Шаҳарда олиб сотқувчилар зикрида”, “Бозор косиблари зикрида” номли фаслларида ва бошқа панд-насиҳатларининг асосий йўналишида бозорлар фаолиятида ҳам маъмурий, ҳам иқтисодий усул билан давлат томонидан қаттиқ назорат бўлишини истайди. Бозордаги тарозилар, нарх-наво, маҳсулотларнинг сифати текшириб берилмаса, улуғ амир шоир наздида, шаръий меъёр бузилади. Тўғри. Чунки бу фаолиятда иқтисодий усул билан назорат бўлмаса, қонундан четга чиқиш рўй беради.
Алишер Навоийнинг армияни бошқариш борасидаги қарашларини ўрганиш, ҳозирги замон армиясини бошқаришда, ҳарбий хизматчиларнинг миллий онгини ўстиришда муҳим аҳамият касб этса керак,
Интизомли армияси бўлмаган давлат ўз мустақиллигини сақлаб қола олмайди, халқи тинч яшай олмайди. Буюк бобомиз ҳам бутун умри давомида мамлакат яхлитлигини ўйлади, шунинг ташвишини чекди. Шунинг учун ҳам унинг бу борадаги ўйлари асарлари руҳига сингиб кетмаслиги мумкин эмас эди. Бинобарин, асарларида армия – қўшин ҳақидаги қарашлари мавжуд. Ўз миллий ғурурига эга бўлган, эл-юртнинг қувонч ва ташвиши билан яшовчи ҳар бир ҳарбий киши учун Алишер Навоий, унинг улкан мероси катта аҳамиятга эга. Шоирнинг кўплаб шеърлари бизларни Ватан, оила ва жамият олдидаги муқаддас бурчларимизни – ҳукумат қурган қўшинда хизмат қилиш ҳар бир Ватан ўғлонининг бурчи, айни пайтда бу вазифа диннинг ҳам амри эканлигини англаб етишга чақирган.
Тарихдан маълумки, Алишер Навоий дўсти Султон Ҳусайн Бойқарога давлатни, армияни бошқаришда кўмаклашган, маслаҳатлар берган. Мамлакат тинчлигини ўйлаган.
Шоир илғор навкарларга яхши эътибор бериш, иноят ва ҳурматни жойига қўйиш, қонун-қоидани бузган навкарлар эса, жазоланиши кераклигини қуйидагича баён этади: “Мирзо навкарлариким, анда қуллуққа машғулдурлар. Мирзо навкарлиги ҳайсиятидин иноят ва ҳурмат алар бобида кам бўлмаса, лекин беқоидалиғи биридин зоҳир бўлса, базхост ва сиёсатда маъзур тутулмаса”.
Ёки:
Одами эрсанг демагил одами,
Ониким йўқ халқ ғамидин ғами.
байтида ифода этилган хислатларни ҳар бир ҳарбий киши – хоҳ у зобит, хоҳ у аскар бўлсин, – ўзида намоён қилиши керак, деб ўйлайман. Чунки Ватан ҳимоячиси ана шу хислатларга эга бўлмаса, она-юртини ҳимоя этолмайди ёки ана  шу вазифаларни бажаришга ўзини тайёрлай олмайди. Шу боис улуғ бобомиз ижодини ҳарбийлар орасида кенг кўламда тарғиб этиш олий бурчимиздир.
Давлат мустаҳкамлиги ва жамият равнақининг яна бир асосий талаби – бу шаҳзодалар ва бўлғуси давлат арбоблари тарбиясига қаттиқ киришмоқдан иборатдир. “Муншаот”да Навоийнинг давлат ишларини юритиш соҳасидаги маслаҳат ва насиҳатлари акс этган мактублари ўрин олган. Шоир шаҳзодалар тарбиясида нималарга эътибор қилмоқ кераклигини аниқ таъкидлайди. У “Фарҳод ва Ширин” достонининг шаҳзода Шоҳғариб Мирзога бағишланган 53-фаслида шоҳ илмини чуқур ўрганмоғи лозимлиги, ҳақиқий илм эса шоир яшаган даврнинг етакчи мафкураси бўлмиш дин илми эканини уқтиради. Дин илмида асосийси, дейди шоир, фиқҳ, яъни ислом қонуншунослиги (юриспруденсия), ҳадиси набавий – тўғри яшаш дастури ва тафсир – илоҳий китоб ҳикматларини англамоқдир.Алишер Навоий “хавосу авом” – подшоҳу раият, барча синф ва тоифадагилар тарбияси борасида сўз юритган донишманд мутафаккир эди. Унинг қарашларига кўра, ҳуқуқий давлат ва эркин фуқаролик жамиятида иқтисод ҳам, маънавият ҳам том маънодаги эркинлик асосида ривожланмоғи лозим. Бу соҳадаги ёт мафкура тазйиқини шоир катта фалокат деб билади.
Алишер Навоий 1469-1472-йилларда муҳрдор, 1472-1476-йилларда вазир бўлиб ишлайди. 1487-1488-йилларда Астрободга ҳокимлик қилди. Ҳусайн Байқаро уни ўзига ғоят яқин тутар, ҳар бир нарсада у билан маслаҳатлашар ва буни ниҳоятда қадрлар эди. Тўғри, Байқаро ва Навоий ўртасига учинчи киши аралашган, совуқчилик тушган пайтлар ҳам бўлди. Лекин ўз даврининг икки атоқли арбоби ҳамкорлиги жуда кўп синовлардан муваффақият билан ўтиб, авлодларга ўрнак бўлди. Ҳусайн Байқаро салтанатининг даслабки йилларида жуда нотинч кечди. Хондамирнинг ёзишича, у тахтга чиққан йилнинг ўзида Абусаид Мирзонинг ўғли Ёдгор Муҳаммад тахт даъвоси билан қўзғалди. Ҳусайн Байқаро унга қарши қўшин тортади ва ғалаба қозонади.

Download 50.81 Kb.

Do'stlaringiz bilan baham:
  1   2




Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling