Мавзу. Фавқулодда вазият тушунчаси. Республикамиз ҳудудида содир бўлиши мумкун бўлган табиий ва техноген фавулодда вазиятлар. Режа


ГИДРОМЕТЕОРОЛОГИК ХАВФЛИ ҲОДИСАЛАР


Download 54.7 Kb.
bet3/5
Sana13.02.2023
Hajmi54.7 Kb.
#1195292
1   2   3   4   5
Bog'liq
5 ФВ ва Табиий ва Техноген фв лар

ГИДРОМЕТЕОРОЛОГИК ХАВФЛИ ҲОДИСАЛАР
(СУВ ТОШҚИНИ, СУВ КЎТАРИЛИШИ ВА СЕЛ ОҚИМИ).
Сув тошқини - қор эриши, жала (кучли ёмғир), сувнинг шамол ёрдамида ҳайдаб келиниши, муз бўлакларининг тиқилиши ва бошқа ҳолатларда дарё, кўл ёки денгиз сувлари сатҳининг кескин кўтарилиши оқибатида қуруқликнинг анчагина қисмини сув остида қолиши.
Сув тошқини кўприк, йўл, бино ва иншоотларни вайрон қилиши, катта моддий зарар келтириши мумкин. Сув тезлиги сониясига 4 метрдан ортган ва сув қатламининг баландлиги 2 метрдан ошган ҳолларда одамлар ҳамда жониворлар нобуд бўлиши мумкин. Вайроналикларнинг асосий қисмини келиб чиқиши бино ва иншоотларга сув массасининг гидравлик зарба бериши билан катта тезликда муз парчалари, сузувчи воситаларнинг турли бўлаклари ва бошқалар кириб келиши сабаб бўлади. Сув тошқини тўсатдан юзага келиб, бир неча соатдан 2-3 ҳафтагача давом этиши мумкин.
Сув тошқинига қарши қандай тайёргарлик кўриш керак? Агар ҳудудингиз сув тошқини хавфига тез-тез учраб турса, у ҳолда эҳтимолий сув тошиш чегарасини, шунингдек яшаш жойингизга яқин бўлган тепаликларни, уларга борувчи энг яқин йўлларни ўрганиб чиқинг ва эсда сақлаб қолинг. Оила аъзоларингизни уюшган ва якка эвакуация талаблари билан, тўсатдан кескин сув ҳажми ошиб борадиган ҳолларда тўғри ҳаракат қилиш қоидалари билан таништиринг. Қайиқ, сол ва уларни тайёрлаш учун ишлатиладиган қурилиш материалларининг турган жойини ёдда тутинг. Олдиндан эвакуация вақтида олиб чиқиб кетиладиган ҳужжатлар, мол-мулк ва дори-дармонлар рўйхатини тузиб қўйинг. Махсус жомадон ёки рюкзакка қимматбаҳо буюмларингиз, зарур иссиқ кийим, озиқ-овқат захираси, сув ва дори-дармонларни солиб қўйинг.
Сув тошқини вақтида қандай ҳаракат қилиш керак? Сув тошқини хавфи юзага келганлиги ва эвакуация ўтказиш тўғрисидаги хабарни олгач, белгиланган тартибда хавфли ҳудуддан хавфсиз худудга ёки тепаликларга чиқинг. Ўзингиз билан ҳужжатлар, қимматбаҳо буюмларингиз ва уч кеча-кундузга етадиган озиқ-овқат маҳсулотларини олинг. Манзилга етиб келгач кўчирилувчиларни қабул қилиш пунктида рўйхатдан ўтинг.
Уйдан чиқишдан олдин электр, газ тармоғи ва иситиш печларидаги оловни ўчиринг, бинодан ташқаридаги сув олиб кетиши мумкин бўлган барча буюмларни маҳкамланг ёки уларни ёрдамчи биноларга жойлаштиринг. Вақтингиз етарли бўлса, қимматбаҳо уй жиҳозларини юқори қаватларга ёки чордоққа олиб чиқинг. Дераза ва эшикларни ёпинг, зарурат бўлса ва вақт имкон берса, биринчи қаватдаги дераза ва эшикларни ташқи томондан тахталар билан қоқиб қўйинг. Эвакуация уюшган ҳолда ўтказилмаётган бўлса, ёрдам етиб келгунга ва сув сатҳи пасайгунга қадар юқори қаватлар ва бинолар томидан, дарахтлар ва тепаликлардан жой эгалланг. Шу билан бирга мунтазам ҳалокат сигналини бериб боринг (кундуз куни узоқдан яхши кўринадиган очиқ рангли матони осиб қўйиш ёки силкитиш билан, тунда - ёруғлик сигнали ва овоз билан). Қутқарувчилар яқинлашганда, сузувчи воситага ўтинг. Бунда қутқарувчиларнинг кўрсатмаларига қатъий амал қилинг, сузувчи восита устидаги юкнинг кўпайиб кетмаслигига эътибор беринг. Ҳаракат вақтида ўрнингиздан қимирламанг, қайиқ четига ўтирманг, экипаж аъзоларининг талабларини бажаринг. Сув остида қолган зонадан мустақил равишда чиқишга, фақатгина жиддий сабаблар (жабрланганларга тиббий ёрдам кўрсатиш, сув сатҳининг кўтарилиб бориши, юқори қаватлар ва чордоқларни сув босиш хавфи) пайдо бўлганда тавсия этилади. Аммо ишончли сузувчи восита бўлса, ҳаракат йўналишини билсангизгина шундай йўл тутишингиз мумкин. Мустақил ҳаракат вақтида ҳалокат сигналини беришни тўхтатманг.
Сувда қолганлар ва чўкаётганларга ёрдам беринг. Одам чўкаётган бўлса, унга сузувчи восита ташланг, ҳаракатларини қўллаб-қувватлаб туринг, бошқаларни ёрдамга чақиринг. Жабрланувчига яқинлашар экансиз, дарё оқимини ҳисобга олинг. Агар чўкаётган одам ўз ҳаракатларини назорат қилолмаётган бўлса, унга орқа томондан сузиб бориб сочидан ушланг ва қирғоққа қараб сузинг.
Сув тошқинидан сўнг қандай ҳаракат қилиш керак? Бинога киришдан аввал, унинг ҳолатини текшириб кўринг. Хоналарни шамоллатинг (газ тўпланиб қолган бўлиши мумкин). Хоналарни тўла шамоллатиб бўлмагунингизча ва газ таъминоти тизимини текшириб кўрмагунча электр ёритгичларни ёқманг, очиқ оловдан фойдаланманг, гугурт ишлатманг. Электр симлари, газ қувурлари, сув ва маиший чиқинди тармоғининг созлигини текширинг. Мутахассислар билан биргаликда ушбу тизимларнинг созлигига ишонч ҳосил қилмасдан улардан фойдаланманг. Хоналарни қуритиш учун барча эшик ва деразаларни очиб ташланг, пол ва деворларни чиқиндилардан тозаланг, ертўлалардаги сувни тортиб чикаринг. Нам теккан озиқ-овқат маҳсулотларини истеъмол қилманг. Қудуқларни тозалаб, улардаги сувни чиқариб ташланг.
Сув кўтарилиши - сув сатҳининг қисқа муддатда жадал кўтарилиши. Кучли жала, айрим ҳолларда қор эришидан пайдо бўлади.
Сел - тоғ дарёлари ўзанларида тўсатдан юзага келувчи катта ҳажмдаги тоғ жинслари бўлаклари, харсанглар ва сув аралашмасидан иборат вақтинчалик шиддатли оқим.
Ватанимизни ўраб турган тоғлар ва тоғ олди ҳудудлари селдан хавфли ҳудудларга киради. Сел айниқса, Қашқадарё, Наманган, Жиззах, Фарғона, Сурхондарё ва Тошкент вилоятларида кўпроқ учрайди.
Сел оқимларини узоқ давом этган кучли жала, қор ёки музликларнинг жадал эриши, зилзила ва вулқон отилишлари келтириб чиқаради. У тўсатдан юзага келади, катта тезлик (10 м/сония ва ундан ортиқ) билан ҳаракатланади, одатда ўн дақиқадан бир неча соатгача бўлган оралиқ билан бир неча тўлқинлар шаклида ўтади. Сел тўлқини олдинги қисмининг баландлиги 15 м ва ундан ортиқ бўлиши мумкин. Ҳаракатланаётган сел оқимининг гулдураган овози узоқ масофадан эшитилиб туради. Одамлар (сайёҳлар, тоғ разведкачилари, чегарачилар, маҳаллий аҳоли), турар жой бинолари ва йўл иншоотлари табиий офатнинг қурбонига айланишлари мумкин.

Download 54.7 Kb.

Do'stlaringiz bilan baham:
1   2   3   4   5




Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling