Мавзу: ривожланиш фалсафаси


Download 25.11 Kb.
bet3/5
Sana10.11.2023
Hajmi25.11 Kb.
#1763510
1   2   3   4   5
Материалистик диалектика. Гегель диалектикаси материалистик диалектиканинг шаклланишига замин ҳозирлаган. Материализм диалектик мантиқ билан боғланган. Бунинг натижаси ўлароқ диалектиканинг учинчи тарихий шакли яратилган (XIX асрнинг иккинчи ярми). Унга амалда илмий билишнинг ривожланиши йўл очиб берган. XIX асрнинг 40-йилларигача фаннинг турли соҳаларида янги кашфиётлар пайдо бўлган ва улар табиатни тушунтиришга нисбатан диалектик-материалистик ёндашувни табиатшунослик нуқтаи назаридан асослаган. Уларнинг орасида уч кашфиёт: физикада – материя ҳаракати турли шаклларининг ўзаро алоқасини асослаб берган энергиянинг сақланиш ва ўзгариш қонунининг аниқланиши; биологияда – бутун жонли табиатнинг (ўсимликлар дунёсининг ҳам, ҳайвонот дунёсининг ҳам) таркибий жиҳатдан ягоналигини ёритиб берган ҳужайра назариясининг яратилиши; ривожланиш ғоясини жонли табиатга татбиқан ишлаб чиққан Дарвиннинг эволюция назарияси алоҳида ўрин эгаллайди. Бу шароитда материалистик диалектика борлиқнинг ўхшаши, яъни борлиқни унинг ўзига мос равишда фикрлаш ва билиш имконияти сифатида фалсафий тафаккурнинг фанга айниқса мос келувчи шаклига айланган.
Материалистик диалектиканинг шаклланишида тарихни материалистик тушуниш айниқса муҳим рол ўйнаган. Бу кашфиёт ёрдамида диалектиканинг нафақат материализм, балки гуманизм билан ҳам синтези амалга оширилган. Диалектика инсонга боғланмасдан, ўз ҳолича эмас, балки инсон ҳаёт фаолиятининг конкрет-тарихий муаммолари нуқтаи назаридан қарала бошлаган.
Классик диалектика. Классик диалектиканинг ўзига хос хусусиятларини қайд этиб ўтамиз. Биринчидан, классик диалектика дунёни тушунишнинг шундай бир усулики, бунда борлиқ нарсалар ва ҳодисаларнинг умумий ўзаро алоқаси, уларнинг бир-бирини тақозо этиши ва муттасил ўзгариши нуқтаи назаридан англаб етилади. Аммо шуни ёдда тутиш керакки, диалектика ҳар қандай ўзгариш, ҳар қандай ҳаракат назарияси эмас, балки ўзгаришларнинг фақат бир шакли – ривожланиш назарияси ҳисобланади. Диалектика ривожланишнинг теран, тўлақонли ва мазмунан бой назариясидир. У ўзгариш ҳолатида бўлмаган бирон-бир нарса табиатда ҳам, жамиятда ҳам, тафаккурда ҳам мавжуд эмас, чунки барча мавжуд нарсалар ўз ички зиддиятларига эга ва улар бу нарсаларни ўзгаришга, янги шакл-шамойил касб этишга, ривожланишга мажбур қилади, деб ўргатади.
Иккинчидан, диалектика объектив ва субъектив диалектиканинг мавжудлигини тан олади.
Объектив диалектика – бу табиий ва ижтимоий ҳодисаларнинг ўзаро алоқаси ва ривожланиши. У субъектдан, инсон ва инсониятдан қатъий назар мавжуддир. Субъектив диалектика – бу субъектнинг фикрлаш диалектикаси ва унинг объектив дунёни билиши. Объектив ва субъектив диалектиканинг ўзаро нисбати қандай? Материалистик давр нуқтаи назаридан субъектив диалектика объектив диалектикани акс эттиради. Объектив ва субъектив диалектика мазмунан бир-бирига мос келади (уларнинг умумий жиҳати мазмун – борлиқ ривожланишининг ягона диалектик қонунияти). Бироқ, шу билан бир вақтда, улар шаклан бир-биридан фарқ қилади, чунки тафаккур, борлиқнинг бошқа соҳалари билан таққослаганда, ривожланишнинг ўз ички мантиқига эга. Объектив диалектика тафаккурда, субъектив ва идеал шаклларда акс этади.
Объектив ва субъектив диалектика-қарама-қаршиликлар, лекин бу қарама-қаршилик ижтимоий-тарихий амалиётда «йўқолади». Ҳамонки субъектив диалектика объектив диалектикани акс эттирар экан, инсон объектив диалектикани билиш ва шунга мувофиқ ўзининг изчил амалий фаолиятини ташкил этиш, бу фаолият жараёнида объектив дунёни ва ўзини ўзи ўзгартиришга қодир. Инсон ва жамият амалиётида билимлар инъикос шаклидан фаолият шаклига айланади.
Учинчидан, фан сифатидаги диалектиканинг ички мазмуни ва мантиқий «синчи» унинг тамойиллари, қонунлари ва категорияларини яратади. Диалектика жамулжум ҳолда объектив дунёни ва уни узлуксиз ўзгариш ва ривожланиш жараёнида билишни акс эттирувчи тамойиллар, қонунлар ва категориялар тизими сифатида тавсифланади. Бунда тамойиллар дэганда умумий ва универсал, асосий ғоялар тизимида бошқа барча элементларнинг роли ва мазмунини белгиловчи мезонлар тушунилади. Диалектиканинг ҳозирги концепцияларида алоқа тамойили ва ривожланиш тамойили айниқса муҳим рол ўйнайди. Диалектика қонунлари ривожланиш жараёнидаги умумий муҳим алоқаларни акс эттиради. Улар диалектиканинг назариясини яратишда муҳим методологик функцияни бажаради. Диалектикада умумий қонунлар учта: диалектик зиддиятлилик қонуни, миқдор ва сифат ўзгаришларининг бир-бирига ўтиши қонуни ҳамда инкорни-инкор қонуни. Диалектика категориялари – бу энг фундаментал, асосий тушунчалар бўлиб, уларда ва уларнинг ёрдамида фалсафий фикрлаш амалга оширилади. (Диалектика тамойиллари, қонунлари ва категорияларини биз қуйида атрофлича кўриб чиқамиз.)
Тўртинчидан, диалектиканинг ўзига хос хусусияти шундаки, у назария вазифасини ҳам, методология вазифасини ҳам бажаради. Диалектика қонунлари, категорияларининг мазмунига ва билиш жараёнининг амал қилиш ва ривожланиш қонуниятларига мувофиқ фикрловчи субъектга қўйиладиган тегишли талаблар шакллантирилади ва шу тариқа унга билиш фаолиятида йўл кўрсатилади. Кўрсатилган субъект борлиқни билиш ва амалда ўзгартириш масалаларида амал қилиши лозим бўлган тегишли нормалар ва қоидалар ҳам ишлаб чиқилади. Диалектика берган методологик жиҳатдан тўғри мўлжаллар тадқиқотнинг тўғри йўлини танлашга, кўп сонли хатолар оғишларни четлаб ўтишга, ортиқча иш, кераксиз ҳаракатларга куч ва қимматли замонни беҳуда сарфламасликка ёрдам беради.
Шундай қилиб, ҳозирги талқиндаги диалектика-бу:
а) ҳодисаларнинг уларга хос бўлган зиддиятлар вужудга келиши, ўзаро таъсирга киришиши ва ечилишига мувофиқ ривожланишидан иборат бўлган объектив жараён;
б) табиат, жамият ва тафаккурнинг ҳаракат ва ривожланиш универсал қонунлари ҳақидаги фалсафий концепция; дунёни билиш ва ўзгартириш методи. Унинг тизимига кирувчи ривожланишнинг умумий қонунларини билиш ўтмишни англаб этиш, ҳозирги дунёда юз бераётган жараёнларни тўғри тушуниш ва келажакни башорат қилиш имконини беради.

Download 25.11 Kb.

Do'stlaringiz bilan baham:
1   2   3   4   5




Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling