1. Тасодифий танлаш. Танлашнинг бу усули кенг тарқалган бўлиб, у қуръа усули ҳам дейилади, бунда тўпламнинг ҳар бирлиги учун тартиб рақамли жетон ёки билет тайёрланади. Кейин улардан тасодифий тартибда тўплам бирлигининг керакли бўлган миқдори (бирлиги) саралаб олинади. Бу усулда бош тўпаламнинг барча бирликлари учун баб-баробар танлаш эҳтимоли таъминланади.
2. Механик танлаш. Бу усулда умумий тўплам бирликлари тасодифий белги бўйича ҳажм жиҳатидан тенг бўлган гуруҳларга бўлинади. Кейин маълум қоидага кўра, ҳар бир гуруҳдан биттадан бирлик ажратиб олинади. Агар факультетдаги 1000 та талаба бўйича 10 фоизли механик танловини ўтказиш керак бўлса, даставвал улар исми-шарифларининг алфавит бўйича рўйхати тузилади ва механик ҳолда ҳар ўнинчи студент танлаб олинади. Масалан: 1, 11, 21, 31 ёки 7, 17, 27, 37 тартиб рақамдагилар ва ҳ.к. Интервал танловнинг миқдорига боғлиқ бўлади, танлов қанча кам бўлса, интервал шунча катта бўлади. Бу мисолимизда танланма 10 хил (k=1, ...., 10) вариантда тузилиши мумкин.
3. Типик танлаш. Агар бош тўплам ўрганилаётган белги бўйича бир турга мансуб бўлмаса, танланма тўпламнинг репрезентативлигини таъминлаш учун бу усулдан фойдаланилади. Ўрганилаётган тўплам бирликлари муҳим, типик белги бўйича сифат жиҳатдан бир хил турдаги гуруҳларга бўлинади. Кейин ҳар қайси гуруҳдан тасодифий усул билан бирликлар танланади, бу танланмага киритиладиган бирликлар сони гуруҳларнинг бош тўпламдаги салмоғига пропорционал равишда бўлиши керак. Масалан, саноат бирлашмасида ишчилар иш ҳақи даражаси бўйича қуйидагича тақсимланган бўлса, 10000 та ишчидан танланмада 500 та ишчи бўлиши учун гуруҳларнинг салмоқларига мос ҳолда ҳар бир гуруҳ ичидан 50, 125, 150, 140 ва 35 та ишчи танлаб олинади.
Do'stlaringiz bilan baham: |