Мавзу: тутинган ота-оналарни болаларни ахлоқий тарбиялаш режа
ТАРБИЯСИ ҚИЙИН БОЛАЛАРНИНГ НАЗАРИЙ МЕТОДОЛОГИК АСОСЛАРИ
Download 46.38 Kb.
|
ТУТИНГАН ОТА-ОНАЛАРНИ БОЛАЛАРНИ АХЛОҚИЙ ТАРБИЯЛАШ
ТАРБИЯСИ ҚИЙИН БОЛАЛАРНИНГ НАЗАРИЙ МЕТОДОЛОГИК АСОСЛАРИ
Болалар жамоаси ҳар қанча уринишидан қатъи назар, таълим жараёнида тарбияси қийин болалар ҳам учраб туради. Ҳозирги даврда, бундай ўқувчилар билан яккама-якка ишлаш усули яратилган, феъл-атвордаги нуқсонларнинг хатти-ҳаракати носоғломлигининг олдини олиш ва тузатиш йўллари илмий асосда ишлаб чиқилган. Тадқиқотларнинг кўрсатишича, тарбияси қийин; инжиқ, хулқи салбий болаларнинг келиб чиқишининг ижтимоий сабабларидан ташқари, педагогик ва психологик сабаблари ҳам мавжуд. Ўқувчиларда ножўя хатти-ҳаракатлар пайдо бўлишининг сабаблари ва турткилари ҳар хилдир. Қонунни бузиши ёки қоидага хилоф иш қилишни даражасига қараб тарбияси қийин болалар жиноий қонунбузар ва оддий қоидабузар (тартиббузар) гуруҳларга ажратилади. Шахснинг биологик ўсишидаги нуқсонлар, сезги органларининг камчиликлари, ўқишга салбий таъсир этувчи олий нерв фаолияти ва темпераментдаги қусурлар тарбияси қийинларни келтириб чиқаради. Шахснинг психик ўсишидаги камчиликлар, чунончи, ақл-идрокнинг заиф ривожлангани, ироданинг бўшлиги, ҳиссиётнинг кучсизлиги, зарур эҳтиёж ва қизиқишлар мавжуд эмаслиги, боланинг интилиши билан мавжуд имконияти ўртасидаги номутаносиблик ва ҳоказолар хатти-ҳаракатни издан чиқаради. Шахснинг фазилатлари таркиб топишидаги нуқсонлар: ахлоқий ҳисларнинг етишмаслиги, ўқитувчи, синф жамоалари, оила аъзолари билан нотўғри мулоқот, ишёқмаслик, бўш вақтни тўғри тақсимламаслик ва бошқалар ҳам салбий қилиқларни вужудга келтиради. Шахснинг билим, ўқув фаолиятидаги камчиликлари: ақлий фаолият усулларидан кенг фойдалана билмаслик, энг муҳим билим, кўникма ва малакаларни эгаллашдаги узилишлар; мактаб фаолиятидаги: ўқитишдаги нуқсонлар, тарбиявий чора ва тадбирлардаги хатолар ҳам шулар жумласига киради. Мактабдан ташқари муҳитнинг таъсиридаги нуқсонлар, чунончи, оилада педагогик-психологик билимларнинг етишмаслиги, оилавий низолар, ажралиш, ота-онанинг ичкиликка ва шаҳвоний ҳаётга берилиши, балоғатга етмаган тенгқурларининг таъсири, маданий-маърифий ишлаб чиқариш жамоалари ҳамда жамоатчилик қуршовидаги камчиликлар ҳам тарбияси қийин болалар кўпайишига сабаб бўлади. Тарбияси қийинларни ўрганишда кинолавҳалар, юридик варақа, ишонтириш, рағбатлантириш, бўйсундиришдан, қўрқитиш, “сунъий қийин ҳолатни яратиш” сингари усуллардан фойдаланилади. Шулардан айримларининг моҳиятига қисқача тўхталамиз. Одатда новелла, воқеа, ҳикоя, саргузашт, очерк каби адабий асарлардан фойдаланиш болалар хатти-ҳаракатининг сабабларини ўрганишда яхши самара беради. Ўқитувчи, синф раҳбари ёки ички ишлар ходимлари томонидан тарбияси қийин болаларга тегишли асардан парча ўқиб берилади, сўнг уларда қандай қўзғалиш ёки таъсирланиш пайдо бўлаётганлиги кузатилади. Тажриба қоидасига биноан, ўқилган парчада болаларнинг саргузашти, ажойибот ва ғаройиботлар ўз аксини топиши шарт. Агар усул ўзининг ижобий натижасини кўрсата олмаса бошқа воситаларни қўллаш мақсадга мувофиқдир. Навбатдаги босқичда улардан ўқилган асар персонажи ёки бош қаҳрамонининг ўрнида бўлганида қандай иш тутиши сўралади. Шу йўл билан ҳар бир болани, қандай ҳодисалар қизиқтириши ва унда қандай салбий хатти-ҳаракат ёки иллат мавжудлиги аниқланади. Ўқитувчи ўқувчилар билан мулоқотда ҳар бир боладан асарнинг бош образи ёки персонажига муносабатини сўраши лозим. Чунки шахсий мулоҳазалар заминида боланинг руҳий дунёсидаги турли кечинмалар акс этади. Шу туфайли уларнинг ножўя хатти-ҳаракатлари нималар билан боғлиқ эканлиги ўқитувчига аён бўлади. Тажриба ўтказишда матнни ўқилганда психологик паузага, равон оҳангга, ўқиш суръати ва ритмига алоҳида эътибор бериш лозим. Ана шу қоидаларга риоя қилинсагина матннинг таъсири ортади, боладаги муайян кечинмаларнинг ташқи ифодаси тез кўрилади. Болалар хусусиятига мос матнларни танлаш, уларнинг ҳажмига ва мазмунига эътибор бериш алоҳида аҳамият касб этади. Танланган матнлар тарбияси қийин болаларнинг ўзига хос ва ёш хусусиятларига, ички имкониятларига мутлақо мос бўлиши шарт. Қонунбузарликнинг сабабини аниқлаш усулларидан яна бири − сюжетли фотосуратлар ёки расмлар билан тажриба ўтказишдир. Бунинг маъноси ва мақсади болаларнинг салбий хатти-ҳаракатларини келтириб чиқарадиган қандай мотивлар мавжудлигини, шунингдек, улар қайси таъсирларга осонроқ берилишини аниқлашдир. Тарбияси қийин болалардаги хусусиятларни ўрганишнинг яна бир йўли алоҳида-алоҳида суҳбат ўтказиш орқали уларнинг руҳий кечинмалари билан танишишдир. Суҳбат кезида яхши ва ёмон хулқ-атвор, хатти-ҳаракатлар юзасидан кенг маълумотлар тўпланади. Мазкур жараёнда амалга ошириладиган ҳар хил хатти-ҳаракатларни баҳолаш, уларни шарҳлаб бериш лозим. Хатти-ҳаракатни баҳолашда болага қўйилган айб ё тан олинади ёки у мутлақо инкор этилади. Бироқ ўтказилган суҳбатлар боланинг психик дунёсига шундай нозик таъсир қилиши керакки, натижада унда виждон азоби, ўнғайсизлик туйғуси вужудга келсин. Бола шахсиятига тегадиган муомала қилиш ман этилади. Ҳамма вақт суҳбат давомида илиқ психологик иқлим, дўстона муносабат, қулай микромуҳит бўлмоғи шарт. Фақат шундагина мавжуд имкониятлардан унумли ва самарали фойдаланиш мумкин. Болалар билан суҳбат орқали уларнинг келажак режалари, орзу-умидлари, интилишлари, жисмоний ва ақлий меҳнатга яроқлиги аниқланади. Болаларнинг типологик хусусиятларига биноан бир нечта шартли гуруҳга ажратиш мумкин. Тарбияси қийин болаларнинг биринчи гуруҳи орсизлар ёки субутсизлар дейилади. Улар ўз хатоларини билиб туриб қонун ва қоидаларни бузадилар, номаъқул ишларни қиладилар. Кўпинча улар ўзларининг гуноҳкор эканликларини тан олмайдилар, мактабдаги айрим камчиликларни танқид қиладилар. Лекин ютуқларни эътироф қилишни хоҳламайдилар. Шахсий фикрларини бошқа кишиларга маъқуллашни ва ўз талабларини ўзгалар сўзсиз бажаришини жуда ёқтирадилар. Бундай болалар бетга чопар, ўжар табиатли, раҳм-шафқатсиз, “зўравон” бўладилар. Мустақил фикрга эга бўлмаган тенгдошларини ўз атрофларига тўплайдилар ва биргаликда тартиб бузишга ундайдилар. Иккинчи гуруҳга мансуб тарбияси қийин болалар яхши ва ёмонни тушунадилар, бироқ мустақил эътиқодга, барқарор юксак ҳис-туйғуга эга эмасликлари сабабли “орқа қаноат”да туриб қоидани бузадилар. Уларнинг хатти-ҳаракатлари тасодифий воқеликка, таъсир кучига ва вазият хусусиятига боғлиқдир. Улар ташвиқотга тез бериладилар, барча нарсаларга ишонадилар, қайси йўлга кириб қолганликларини англаб етадилар, бироқ “компания” фикрига қарши боришга ботина олмай кўнгилсиз ишларга қўл урадилар. Кўпинча тартиббузарлар қилмишларига тавба қилиб, синф жамоаси аъзоларини ишонтирадилар, лекин маълум фурсат ўтгандан сўнг берган ваъдаларини бутунлай унутадилар. Учинчи гуруҳга мансуб тарбияси қийин болалар шахсиятпарастлик туфайли қонунбузарлик, тартиббузарлик йўлига кириб қоладилар. Улар шахсий талаблари ва эҳтиёжларини қондириш учун ҳap қандай ножўя хатти-ҳаракатдан қайтмайдилар, ҳамиша одамларга яхшилик қилишни орзулайдилар, бироқ ўзларининг шахсий манфаатларини ижтимоий манфаатдан юқори қўядилар. Ўзларининг хоҳишларини тақиқланган усуллар билан амалга оширадилар, сўнг қилмишларига афсус-надомат чекадилар, руҳан эзиладилар. Лекин мазкур кечинмаларни тез унутадилар, уларнинг шахсий эҳтиёжлари ҳар қандай юксак ҳислардан, хоҳишлардан устун туради. Ахлоққа хилоф хатти-ҳаракатлар ачиниш ҳисси тарзида намоён бўлади, холос. Инжиқ табиатли болалар тўртинчи гуруҳга мансуб бўлиб, улар синф жамоасида ўз ўринларини топа олмаганидан қайғурадилар. Бундай ўқувчилар гинахон, аразчи бўладилар, шунинг учун синф жамоасида камситилаётгандек, кечинмалар билан яшайдилар. Бундай ҳолатнинг вужудга келишига асосий сабаб шахсий имкониятлардан кўра интилиш, майл ва обрў кетидан қувишнинг устунлигидир. Улар жамоа аъзоларининг ҳурматига сазовор бўлишни хоҳлайдилар. Кўпинча тундлик билан иш тутадилар, бирор нарсага хайрихоҳликлари яққол кўзга ташланмайди. Тушкунлик кайфияти, умидсизлик, ўз имконияти, ақлий, қувватига ишончсизлик уларга хос хусусиятлардир. Улар қонун ва қоидаларни бузишга астойдил ҳаракат қилмасаларда, таълим ва тарбия жараёнида қийинчилик туғдирадилар. Тарбияси қийин болаларнинг хатти-ҳаракатларини ижобий йўналишга буриб юбориш учун уларда масъулият, ғурур, жавобгарлик, ишонч каби юксак ҳисларни таркиб топтириш лозим. Бунинг учун уларга ёши, кучи, қобилияти ва қизиқишларини ҳисобга олиб, топшириқлар бериш айни муддаодир. Уларга кичик жамоани, спорт секциясини, тирик бурчакни бошқариш вазифасини ишониб топшириш натижасида салбий феъл-атворларини камайтириш мумкин. Уларни ўзлари қизиққан тўгаракларга жалб қилиш орқали ўқишга салбий муносабатлари аста-секин йўқотиб борилади. Download 46.38 Kb. Do'stlaringiz bilan baham: |
ma'muriyatiga murojaat qiling