24-модда. Касаба уюшмаларининг ходимларнинг меҳнати муҳофаза қилинишига доир ҳуқуқини ҳимоя этиш борасидаги ҳуқуқлари
Касаба уюшмалари ходимларнинг меҳнати муҳофаза қилинишига доир ҳуқуқини қонун ҳужжатларига мувофиқ ҳимоя қиладилар.
Касаба уюшмалари меҳнатни муҳофаза қилишга доир норматив ҳужжатларни ишлаб чиқишда ва келишиб олишда белгиланган тартибда иштирок этадилар.
Касаба уюшмалари ишлаб чиқариш воситаларини синаш ва фойдаланишга қабул қилиш давлат комиссиялари ишида, ишлаб чиқаришдаги касб касалликларини текширишда, тиббий-меҳнат эксперт комиссияси (ТМЭК) мажлисларида иштирок этадилар.
Ходимларнинг соғлиғига меҳнатда майиб бўлиш оқибатида ёки ўз меҳнат вазифаларини бажаришлари билан боғлиқ ҳолда соғлиғининг бошқача тарзда шикастланиши сабабли етказилган зарар қопланиши учун ҳамда уларнинг соғлиғи ва меҳнати муҳофаза қилинишига доир ҳуқуқлари камситилган бошқа ҳолларда касаба уюшмалари ўз ташаббуси билан ёки ходимларнинг аризаларига биноан уларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиб, даъво аризалари билан судга мурожаат этишлари мумкин.
(24-модда Ўзбекистон Республикасининг 2001 йил 7 декабрдаги 320-II-сон Қонуни таҳририда — Олий Мажлис Ахборотномаси, 2002 й., 1-сон, 20-модда)
V БЎЛИМ. МЕҲНАТНИ МУҲОФАЗА ҚИЛИШ ТЎFРИСИДАГИ ҚОНУНЛАР ВА БОШҚА МЕЪЁРИЙ ҲУЖЖАТЛАРНИ БУЗГАНЛИК УЧУН ЖАВОБГАРЛИК
25-модда. Меҳнатни муҳофаза қилишга доир талаблар таъминланмагани учун корхоналарнинг жавобгарлиги
Корхоналар меҳнатни муҳофаза қилишга доир талаблар таъминланмаганлиги учун ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодисалар ва касб касалликларидан ижтимоий суғурта қилиш мақсадларига оширилган тарифлар бўйича маблағлар ажратадилар. Тарифлар меҳнат шароити, бажариладиган ишлар хавфлилиги, зарарлилиги ва оғирлигига боғлиқ ҳолда вақти-вақти билан қайта кўриб чиқилади.
Олдинги таҳрирга қаранг.
Ўзбекистон Республикаси Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлигининг меҳнат шароитлари давлат экспертизаси берган хулоса тарифларни қайта кўриб чиқиш учун асос ҳисобланади.
(25-модданинг иккинчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2001 йил 12 майдаги 220-II-сон Қонуни таҳририда — Олий Мажлис Ахборотномаси, 2001 й., 5-сон, 89-модда)
Do'stlaringiz bilan baham: |