Куйиб қолганда жабрланувчига биринчи ёрдам қандай кўрсатилади?
Куйиш деб тана тўқималарининг юксак ҳарорат (термик куйиш), кимёвий моддалар (кимёвий куйиш) ёки юқори кучланишли электр токи (электрик куйиш) таъсирида шикастланишига айтилади. Куйишнинг оғирлик даражаси тана юзасининг шикастланиш чуқурлиги ва майдони билан аниқланади: куйиш оқибатида тўқималар қанча чуқур шикастланган бўлса ва тери юзаси қанча кенг куйган бўлса, куйиш даражаси шунча оғир бўлади.
Оғирлиги бўйича термик куйишлар тўрт даражага бўлинади. 1-даражали (юзаки) куйишда тери қизаради, куйган жойлар қавариб чиқади, куйиш соҳасида қаттиқ жизиллатадиган оғриқ туради. 2-даражали куйишда қизарган ва қавариб чиққан жойларда дарҳол ёки бир мунча вақт ўтиб тери эпидермисининг юза қавати ажраб тушади ва шаффоф сарғиш суюқликка тўла пуфаклар пайдо бўлади, терининг куйган қисми қаттиқ оғрийди, пуфакларнинг бир қисми ёрилиб, терининг ачишаётган юзаси очилиб қолади. 3-даражали куйишда тери турли чуқурликка қадар ўлади (жонсизланади). 4-даражали куйишда нафақат тери, балки чуқурроқ тўқималарнинг (териости ёғ клетчаткаси, мушаклар, баъзи ҳолларда суякларнинг) ўлиши (жонсизланиши) ҳам кузатилади.
Агар жабрланувчи эгнидаги кийим ёниб кетса, зудлик билан унинг устига пальто, ҳар қандай қалин матони ташлаш ёки алангани сув билан ўчириш керак.
Ёнаётган кийимда югуриш мутлақо мумкин эмас, чунки шамол оловни кучайтириб, куйишни авж олдириб юборади.
Жабрланувчига ёрдам кўрсатилаётганда заҳарланишнинг олдини олиш учун терининг куйган жойларига қўл билан тегиш ёки мазь, ёғ, мой ва вазелинлар суртиш, ичадиган сода (бикарбонат), крахмал ва шу каби кукунларни сепиш мумкин эмас. Пуфакларни очиш, куйган жойларга ёпишиб қолган мастика, канифоль ва бошқа қатронли (смолали) моддаларни олиб ташлашга ҳаракат қилиш мумкин эмас, чунки бу билан уларга қўшиб куйган терини ҳам шилиб олиш ва оқибатда жароҳатнинг заҳарланишига қулай шароит яратиб бериш мумкин.
Катта бўлмаган майдонларда ҳосил бўлган биринчи ва иккинчи даражали куйишларда терининг куйган жойини стерил бинт билан боғлаб қўйиш зарур.
Куйиб кетган жойдан кийим-кечакни юлиб олиш ва пойабзални суғуриб олиш мумкин эмас, балки уларни қайчи ёрдамида кесиб, эҳтиёткорлик билан ечиб олиш зарур. Агар кийим-кечакнинг ёниб кетган бўлаклари тананинг куйган жойларига ёпишиб қолган бўлса, у ҳолда улар устидан стерил бинт билан боғлаб, жабрланувчини тиббиёт муассасасига жўнатиш (олиб бориш) керак.
Оғир ва кенг қамровли куйишда жабрланувчини ечинтирмасдан тоза чойшаб ёки бошқа матога ўраб, устини иссиқроқ қилиб ёпиб, илиқ чой ичириб, шифокор келгунига қадар тинчлигини таъминлаш зарур.
Жабрланувчининг куйиб кетган юзини стерил марли (дока) билан ёпиб қўйиш лозим.
Кўзлар куйганда борат кислота эритмасидан (ярим чойқошиқ кислотага бир стакан сув қўшиб) тайёрланган совуқ малҳам (примочка) қўйиб, дарҳол жабрланувчини шифокорга жўнатиш керак.
Кислоталар, ишқорлар ва бошқа ўювчи моддалар билан куйиш ҳолларида шикастланган жой кўп миқдордаги сув билан ювиб ташланиб, куйган жойга малҳам (примочка) қўйиш лозим, кислотлар билан куйганда содали эритмадан (бир чойқошиққа бир стакан сув қўшиб) тайёрланган, ишқор билан куйганда эса уксуснинг кучсиз эритмасидан (мазаси бир оз нордон) ёки борат кислотадан (бир чойқошиқ кислотага бир стакан сув қўшиб) тайёрланган малҳам (примочка) қўйилади.
14.
|
|
Do'stlaringiz bilan baham: |