МўҒулистон янги даврда: тарихий ривожланишнинг асосий воқеалари ва жараёнлари. Режа


Download 42 Kb.
Sana25.02.2023
Hajmi42 Kb.
#1228993
Bog'liq
МЎҒУЛИСТОН (маъруза)


МЎҒУЛИСТОН ЯНГИ ДАВРДА: ТАРИХИЙ РИВОЖЛАНИШНИНГ АСОСИЙ ВОҚЕАЛАРИ ВА ЖАРАЁНЛАРИ.


Режа:

  1. Мўғулистоннинг ички ривожланиши.

  2. Маньчжурларнинг кириб келиши.

  3. Мўғулистон XIX аср охири- XX аср бошида.



Таянч тушунча ва иборалар: Мўғулистон, Чохар, Халха, ойратлар, аймоқлар, уруғлар, дин, манжурларнинг кириб келиши, Мўғулистонни идора қилиш учун махсус “Низом”

XVII асрнинг биринчи ўттиз йиллигида Мўғулистонда тарқоқлик сақланиб қолинган эди. Мамлакат уч катта қисмга бўлинганди: Жанубий Мўғулистон (Чохар), Шимолий Мўғулистон (Халха) ва Ғарбий Мўғулистон (Ойратлар давлати).


Маньчжурлар истилосидан олдин охирги бўлиб расмий тарзда умуммўғул хони унвонига эга бўлган ҳукмдор Лигдэн-хон (1592-1634) эди.
Халха-Мўғулистонда мустақил сиёсат олиб борган уч қудратли сулола мавжуд эди : Тушету-хонлар, Дзасакту-хонлар, Сэцэн-хонлар. Ушбу сулолалар йирик эгаликларга – “аймоқ”ларга асос солдилар.
“Аймоқ” атамаси илгари қабилалар кўчиб юрадиган жойларни англатган бўлса, эндиликда “хонлик” маъносига тенг бўлиб қолди.
Аймоқлардан кичикроқ эгаликлар “ўтов”лар (ёки “оток”лар) деб номланарди.
Жанубий Мўғулистон ва Халха хонлари Олтин уруғга (яъни Чингис-хоннинг тўғридан-тўғри авлодларига) тегишли эди. Ойратлар ҳукмдорлар ўз пайтида Чингис-хон бўйсундирган уруғлардан келиб чиқишарди.
Мўғулистонда тобе бўлган оддий халқ “аратлар” деб номланарди. Солиқларни тўлаш ва мажбуриятларни бажариш аратлар зиммасида эди.
Аратлар орасида бой, ўрта ҳол ва камбағал қатламлар мавжуд эди.
“Амалдор-тушимеллар” ва “дархонлар” аратлар орасида имтиёзли мавқега эга эди.
Амалдор-тушимеллар (мирзалар, иш юритувчилар, ҳисобчилар ва бошқ.) мўғул хонликларда ўрта ва кичик аммалдорлар аппаратини ташкил этардилар.Ўзларининг билимлари ва қобилиятлари туфайли амалдорликка эга бўлган тушимеллар маош олардилар, қисман солиқлар ва мажбуриятлардан озод этилардилар.
“Дархон” (мажбуриятлардан озод, дахлсиз) унвони алоҳида хизматлари учун хон томонидан инъом этиларди. Дархонлар эркин кўчиб юрардилар, солиқлар ва мажбуриятлардан қисман ёки тўла озод этилардилар, хон ҳузурига эркин кираолардилар, сафар пайтида давлат транспорти ва озиқ-овқатидан фойдаланардилар, дастлабки тўққиз айби учун ҳар қандай жазодан озод эди, тўққизинчи авлодигача унвони ва айрим имтиёзларини мерос қилиб қолдириши мумкин эди.
Буддизм динининг йўналишларидан бири бўлмиш “ламаизм” Мўғулистонда мустаҳкам ўрнашиб олди. Биринчи ламаизм ибодатхонаси (дацан) Халхада 1586 йилда қурилди. Мўғулистонда ёзув ва маданиятнинг ривожланиши ламаизм билан чамбарчас боғлиқ бўлди. Кўплаб ибодатхоналарнинг барпо этилиши бир қатор ҳунарларнинг (қурувчилик, ёғоч ва тош ўймакорлиги ва бошқ.) ривожланишига туртки бўлди.
Ўзига хос табиий шароитлари туфайли Мўғулистон хўжалигида экстенсив кўчманчи чорвачилик устунлик қиларди. Чорвачилик маҳсулотлари қўшни халқлар бўлган савдода асосий ўрин эгалларди.
1634 йилда маньчжурлар Чохар хонлигини ҳарбий тўқнашувда мағлубиятга учратдилар. Жанубий Мўғулистонда маньчжурлар ҳокимияти ўрнатилди.
1647 йилда Сэцэн-хон ва Тушету-хон маньчжурларга қарши чиққан жануби-мўғул князи Тэнгисни қўллаб-қувватлашди. Бироқ улар ҳам мағлубиятга учрадилар. 1655 йилда Халха хонлари таслим бўлдилар ва Пекинга маньчжурлар гаровга талаб қилган фарзандларини юборишга мажбур бўлдилар. Шу тариқа Халха ҳукмдорлари ўзларини маньчжурларга қарам қилиб қўйдилар.
Ушбу пайтда XVII асрнинг 30-чи йилларида Ғарбий Мўғулистонда шаклланган Жунғор хонлиги кучая бошлади. Жунғор хонлиги ва Халха ҳукмдорлари ўртасидаги муносабатлар кескин эди.
XVII асрнинг иккинчи ярмида Халхада хонлар ўртасида кескин кураш бўлиб ўтарди. Бундан маньчжурлар самарали фойдаландилар. 1664 йилда Гоби дашти маньчжурлар томонидан Ички Мўғулистон ва Халха ўртасидаги чегара деб эълон қилинди. Аср охирига бориб Халха Цин империяси таркибига киритилди.
Цин империясининг императори Халханинг ҳукмдори бўлди. Империянинг қонунлари Халхага тадбиқ этилди. Халха , империянинг бошқа чекка ўлкалари каби , Ташқи алоқалар палатаси томонидан бошқариларди. Муғул ҳукмрон доиралари маньчжурлар боғдихонининг (императорнинг) вассалларига айландилар. Цинлар Муғулистонни бошқа халқлар билан алоқарини чеклаш, изоляция (яккалаб қўйиш, ажратиб қўйиш) сиёсатини амалга оширдилар.
XVIII асрнинг биринчи ярмида Цин империяси ва Жунғор хонлиги ўртасида кўп йиллар мобайнида давом этган ҳарбий тўқнашувлар бўлиб ўтди. 1739 йилда икки давлат ўртасидаги чегара чизиғи Олтой тоғлари бўйлаб белгиланди.
1745-1755 йиллар давомида Жунғор хонлигида ҳокимиятни эгалаш учун бўлиб ўтган ички курашлардан Цин империяси самарали фойдаланилди. 1755-1757 йиллар давомида Жунғор давлатига бостириб кирган маньчжурлар мамлактни ўзига бўйсундирдилар, маҳаллий аҳолининг катта қисми қириб ташланди. Цинларга қарши кўтарилган миллий-озодлик ҳаракати бостирилди.
XVIII аср охиридан Мўғулистонда цинлар янада қаттиқ қўллик билан сиёсат олиб бордилар. Мўғулистонни идора қилиш учун махсус “Низом”нинг биринчи варианти 1789 йилда ишлаб чиқилганди. Ушбу низомнинг иккинчи варианти 1818 йилда кучга кирди.
Хитойни ярим мустамлакага айлантирилиши, Цин империясида асосий иқтисодий ва сиёсий мавқелар хорижий давлатлар томонидан эгаланиши Мўғулистонни жаҳон савдо айланмасига тортди. Хом ашё ва чорва маҳсулотларининг экспорти ошиб борди ва Европа ҳамда Америка бозорларига юборилди. У ерлардан Мўғулистонга саноат маҳсулотлари олиб кирилди. Мўғуллар ва европаликлар ўртасида воситачиликни хитойлик савдогарлар амалга оширардилар. Янги шароитлар мамлакат ҳаётига сезиларли таъсир қилди. Товар-пул муносабатлари ривожланди ва мўғул жамиятининг анънавий натурал хўжалигини емиришни бошлади.
XIX аср охири- XX аср бошида Мўғулистон жамиятининг барча қатламларида ижтимоий ва мулкий табақаланиш кучайди. Хитой савдо ва судхўрлик сармояларнинг кириб келиши мўғулларни хонавайрон бўлишига ва қашшоқлашишига олиб борарди.
Шуни таъкидлаш лозимки, XIX аср охири- XX аср бошида мўғуллар хўжаликлари орасида нафақат истеъмол қилиш билан боғлиқ, балки маҳсулотни бозорда сотиш учун ихтисослашган хўжаликлар ривожланди.
Мўғулистонда шаҳарлар, асосан, йирик ибодатхоналар, рус-хитой чегара савдоси нуқталари, цин ҳарбий-амалдорлик аппарати мужассам бўлган жойлар атрофида пайдо бўлганди.
Мўғулистоннинг энг йирик шаҳари Урга эди. Ушбу шаҳар XIX аср охири - XX аср бошида нафақат рус-хитой, балки айнан мўғуллар ўртасидаги савдо марказига айланди.
XIX аср охири- XX аср бошида Шарқнинг кўплаб мамлакатларида миллий-озодлик ҳаракатлари авж олди. Ушбу давр тарихшуносликда Осиёнинг ўйғониш даври деб ҳам аталади. Маньчжур маъмурларига қарши чиқишлар олдиндан ташкил қилинмаган бўлсада, оммавий тусга кириб борарди.
Шаҳар камбағаллари ва қуйи ламалик қатламлар иштирокидаги исёнлар халқ чиқишларининг янги шакллари эди. Бундай исёнларнинг энг йириклари 1907 ва 1910 йилларда Ургада рўй берди.
1910 йилнинг охири-1911 йилнинг бошида цинларга қарши чиқишлар мамлактнинг барча жойларни қамраб олди. Миллий – озодлик ҳаракатида мўғуллар жамиятининг барча қатламлари қатнашдилар. Ҳаракатга ватанпарварлик кайфиятида бўлган аслзода заминдорлар ва ламалар (Тибет ва Мўғулистонда будда дини рунонийлари) бошчилик қилдилар.
1911 йилда ўтказилган махфий кенгашда Цин сулоласи ҳукмронлигини ағдариш ва мустақил Муғулистон давлатини эълон қилиш қарори қабул қилинди.
Россия билан яширин тарзда олиб борилган музокаралар ва 1911 йилда Хитойда маньчжурларга қарши ҳаракатнинг авж олиши мўғуллар учун қулай шароит яратиб берди. 1911 йилнинг 1 декабрида мустақил Мўғулистон давлатининг барпо этилганлиги тўғрисида манифест эълон қилинди. Давлат раҳбари сифатида мамлакатдаги ламаизм динининг олий роҳиби богдо-геген Джебзун-Дамба-хутухта VIII эълон қилинди.
Мустақил Мўғулистон давлатининг эълон қилиниши мураккаб халқаро вазиятда рўй берди. Хитой, Россия, Япония ва бошқа давлатларнинг “мўғул масаласини” ҳал қилиш бўйича ёндашувлари турлича эди. Синьхай инқилобидан сўнг Хитой ҳукумати Мўғулистоннинг ҳар қандай ажралиб чиқишига қарши эди. Мўғулистоннинг ташқи сиёсати мамлакатнинг суверен давлат сифатида халқаро тан олинишига қаратилганди. Мўғул ҳукмрон доиралари Халха, Ғарбий Мўғулистон ва Ички Мўғулистонни ўз таркибига олган ягона Мўғулистонни барпо этишга интилдилар. Аммо бу мақсадларга тўла эришилмади.
1915 йилнинг май ойида Кяхта шаҳрида, Россия, Хитой ва Мўғулистон ўртасида узоқ муддат давомида бўлиб ўтган музокаралардан сўнг, уч томонлама битим имзоландики, унда охири Мўғулистоннинг халқаро-ҳуқуқий мақоми кенг мухториятга эга Хитой давлатининг бир қисми сифатида белгиланди. 1915 йилдан-1919 йилгача Мўғулистон расмий тарзда Хитой таркибидаги мухтор давлат сифатида мавжуд бўлди.
Download 42 Kb.

Do'stlaringiz bilan baham:




Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling