Microsoft Word kr utgan kunlar ziyouz com doc
Download 1.51 Mb. Pdf ko'rish
|
,,Otkan kunlar
www.ziyouz.com kutubxonasi
155 кетиб кайфи ҳам тарқалаёзди. Дўконни ёпиб, Ҳасанали билан бирга кетди — йўлда, меҳмонхонада бирга ўлтуриб ош еди, дастурхон устида унинг ўйлағани фақат шу бўлиб қолди. Бироқ бу фикр қарор тусига кириб кета олмади, дақиқа сайин тарқалиб борған кайфидек турлик монеъларға учрай бошлади: — Ҳали Марғилонда ишлар қалайикин? Улар яна айнаб қолмағанмикинлар? Марғилондан бир нарса пай-қамай туриб, кишини овора қилишға арзирмикин?.. Бу кун қуёш очиқ ҳавода кезиши учун жим-жим товланиб, ер юзига кулиб қаради. Икки кундан бери қуёш бетини қоплаб, турлик ерларга жон суви сепиш ила чарчаған баҳор булутлари бурчак-бурчакка тарқалиб борар эдилар. Уяларидан чиқиш биланоқ чумчуқлар чирқиллашиб, мусичалар кукулашдилар. Анови ар-ар те-ракка уя қўйишға ўйлаған бир жуфт карруклар ҳам вижир-вижир қилишиб кенгаш очдилар. Подачининг товшини эшитиб, далага ошиқған онасиға эргашиб қашқа бузоқ ҳам мағраб юборди. Модасига тегишкани учун томдаги каптар ҳам бўқоғини чиқариб рақибининг теварагида яғрин бера бошлади... Қисқаси бу кун уйғонишданоқ бутун коинотнинг яхши туш кўриб турғанлиғи сезилар эди. Баҳорнинг бу кунги сиҳирлик куни Отабекни ҳам қитиқлади. Чойини наридан-бери тугатиб, Ҳасанали кетидан гузарга чиқди. Ул гузарга чиқғанда Ҳасаналининг қўшниси бўлған Али эринибкина дўкон тахтасини туширмакда эди. Отабекни кўриш билан дўкон очишни тўхтатди: — Бу кун бўшмисиз, бек ака? — Бўшман. — Бўш бўлсангиз, Минг ўрукка — қимизга борар эдик, — деди Али. — Тўла қозоқ бияларини яйлоққа солибдир. — Дўконингиз-чи? Али туширган тахтасини қайтадан жойиға қўяберди: — Дунёнинг иши битар эмишми, бек ака. Хўб десангиз, дўконни ёпаман. Отабек ярқираб чиқиб келган қуёшға қаради: — Ёпинг бўлмаса, — деди. Отабек Ҳасаналининг дўкони воситасида Али билан яқинда танишқан эди. Ул ичи кирсиз, серкулки, очиқ-қина бир йигит бўлуб, бек билан гўё кўб йиллардан бери бўлған танишларча муомала қилар эди. Бекга бу тасодиф жуда қулай келди. Чунки уйдан чиқишданоқ унинг қасди бу кунни далада ўткизмак эди. Эт олдилар-да, яёвлашиб Минг ўрукка кетдилар. «Минг ўрук» мавзиъи отидан ҳам маълум, бунда минг чоғлиқ ўрук дарахти ўсқан учун бўлиб, Шиблининг сувидан бошлаб то Салор ариғиғача қатор-қатор ўруклар эди. Салорнинг нариги ёғи бийдек қир, эндигина кўм-кўк ўт гилами униб чиқған эди. Минг ўрукнинг этаги бўлған Салор бўйича уч-тўртта қозоқ ўтовлари тикилган эдилар. Иккиси Салор бўйиға етиб, Тўла қозоқнинг келинчагига этни шўрва қилиш учун бердилар. Али ўтовдан кийгиз олиб, Салор бўйига ёзди. Келинчак ёстиқ, кўрпача ташлаб берди, Отабек ҳордиқ чиқариб ясланди. Қуёш озорсизғина қиздирар эди. Енгилгина эскан шамол димоғқа турлик ўлан исларини келтуриб урар эди. Бир неча қалдирғоч Салорнинг оқиши бўйлаб учар ва учкан кўйи «валфажри» ўқур эдилар. Поёнсиз қирнинг юқори-қуйи ўринлари якранг кўкат ва кўз илғамайдирған узоқлиқлари туманлангансумон кўриниш берар эдилар. Қушлар, қуртлар сайраши табиий бир соз хизматини ўтаб кишига ифодаси қийин бўлған бир сезги солар эдилар. Отабек табиъатнинг шу кўркам ва латиф кўринишига мафтун бўлиб, бир оз ётқандан кейин «ул ҳам бўлса эди”, деб ўйлади ва узоқ тин олиб қўйди. Бу куннинг кўркамлигидан олған таассуротини Али ичига сиғдиролмади: — Зап яхши кунми! — деди. Отабек ҳам шу гўзалликни ўзига татитмай турған дардидан шикоятланди: — Шундай кунларда кам-кўстинг бўлмаса... |
Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling
ma'muriyatiga murojaat qiling