Microsoft Word kr utgan kunlar ziyouz com doc
Download 1.51 Mb. Pdf ko'rish
|
Abdulla Qodiriy. O tkan kunlar (roman)
www.ziyouz.com kutubxonasi
136 — Тешдингми, Мутал? — Тешдим, бери кел. Содиқ кесма ёниға келиб энгашди. Энгашиши ҳамоно қўл ҳиқилдоққа тўғри келган эди ва ханжар қорниға ботирилган эди... Содиқ қўлидағи ханжарини бир-икки қайта солиб кўрса ҳам тегдириш учун кесманинг тубанлиғи халал берди, лекин ўзи тетук эди. Отабек сапчиб кесмадан чиқди ва бор кучи билан Содиқни босиб тушди... Босиб тушиши ҳамоно аллақайси ери ачишкандек сезилди... Сўл қўли Содиқнинг ҳиқил-доғида, ханжарлик қўли Содиқнинг ханжарлик қўлида эди... Бир оз кучини йиғиб олғач, ҳиқилдоқни бор кучи билан сиқа бошлади. Содиқ хириллар, шундай бўлса ҳам қўлидағи ханжарни бўшатмас эди. Эшик томондан Ҳомид ҳам кўриниб қолди... Вақт танг келган эди... Содиқнинг кўкрагини қочириб ханжарлик қўлини бўшатди ва Содиқнинг кўкрагига солди. Содиқнинг ханжари бир-икки қайта унинг орқасига кучсиз-кучсиз келиб теккан эди. Ханжарини иккинчи уришда Содиқ бўшашди ва қўлидан ханжари тушди. — Ҳомид акангга жуда ҳам меҳрибон экансан, Содиқ! — деди босиб ётқан жойидан Отабек. — Жонинг-ни ҳам унга қурбон қилдинг! Содиқ инграниб қўйди. — Ким хириллайдир? — деди яқинлашиб келган Ҳомид. — Тезроқ келинг, Ҳомид ака, Отабекни ўлдирдик! — деди шошиб Отабек. — Аҳ! — деб юриб келди Ҳомид. Отабек Содиқни қолдириб, Ҳомиднинг ханжарлик қўлини ушлаб олди: — Мутал ўлди. Содиқ ҳам ўлим ёқасида. Энда сиз билан иккимизгина қолдиқ! Ҳомид қўлини бўшатишка тиришар экан, Отабек салмоққина қилиб деди: — Ортиқча ошиқмангиз, Ҳомидбой, мен сизнинг ханжарлик қўлингизни бўшатаман ҳозир, аммо шунгача сиз билан икки оғиз сўзим бор! Ҳомид ҳануз қўлини бўшатишға кучанар эди. — Кучанмангиз, Ҳомидбой! — Мард йигит бўлсанг, қўлимни қўй! — Ошиқма, қўяман, — деди Отабек. Шу чоқда оёғ остида ётқан Содиқ кўтарилиб-кўтарилиб ўзини от-моқда эди. Отабек Содиқдан нарироққа Ҳомидни бошлади. Ҳомид тиғизлиқ билан сурилди. Ханжарлик қўли билан туйнукка ишорат қилиб, Отабек сўз бошлади: — Сиз мендан ҳам яхшироқ биласизки, шу уйда сизни аллақанча машаққатларға солған, чексиз жони-ворлиқлар ишлаткан ва ҳисобсиз тиллалар тўкдирган, ниҳо-ят, шу дақиқаға келтириб тўхтатқан бирав ухлайдир. Агарда сизнинг маним тилимдан ёзиб берган талоқ хатингиз дуруст ҳисобланмаса, бу ухлағучи маним ҳалол рафиқам бўлиб, икки йилдан бери мен ҳам унинг кўйида саргардонман. Демак, сиз билан манинг орамизда шу бирав учун кураш борадир. Лекин сиз шу чоққача маним устимдан муваффақият қозониб келдингиз: қора чопончи, деб дор остилариғача олиб бордингиз, Мусулмонқул қўлиға топширдингиз, бу ишларингиз фойдасиз чиқғач, исмимдан талоқнома ёзиб, икки йиллаб рафиқамдан айириб туришка муваффақ бўлдингиз, бу орада гуноҳсиз бир йигитни ҳам ўлдирдингиз. Ниҳоят, ўғрилиқ йўлиға тушиб икки йигитингизни маним қўлимда ҳалок қилдингиз... Энди менга жавоб берингиз-чи: бу ёмонлиқларингизда сиз ҳақлими эдингиз? — Ҳақли эдим! — деди Ҳомид ва силтаб ханжарлик қўлини бўшатиб чалқанча йиқилди. Ул қўлини бўшатқан чоқдаёқ Отабек ишини тўғрилаған, яъни Ҳомиднинг қорнини шир этдириб ёриб юборған эди. Ҳомид ҳолсизланиб ётар экан, уни беш қадам наридан кузатиб тек турғучи Отабек заҳарханда ичида «ҳақлими эдинг?» деб сўради. Кучаниб «ҳақли эдим!» деди Ҳомид ва қўлидағи ханжарни Отабекка отди, ханжар Отабекнинг ёниға келиб тушди... Отабек кушхона ўрнидан эшикка қараб қўзғалған эди, Ҳомиддан беш-олти қадам нарида ётқан Содиқнинг «ҳммм» деган товши эшитилди. Отабек кўнгли алланечуклангани ҳолда майдондан чиқди... |
Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling
ma'muriyatiga murojaat qiling