Microsoft Word kr utgan kunlar ziyouz com doc
Download 1.51 Mb. Pdf ko'rish
|
Abdulla Qodiriy. O tkan kunlar (roman)
www.ziyouz.com kutubxonasi
171 Хотинлар билан кўришиб четда турган Офтоб ойим қудаси ёниға келди: «Уялиб турғандир» деб кулди. Ўзбек ойим кулимсираб йўлак томонға: — Ҳой, поша келин! — деди, — бизлар кутиб қолдиқ-а, уялманг болам! Ҳасаналининг кўрманаси бўлса тайёр! Ҳасанали йўлакка қараб имлади. Қип-қизарған ҳолда Кумуш кўринди: паранжиси қўлида, қора атлас кўйнак эгнида, зангор латта мурсак устида, оқ шоҳи рўймол бошида эди. Шаҳло кўзлари кулимсирашка яқин ҳолда уятлик эдилар. Ҳасанали танитди: — Мана бу киши қайин онангиз — бек ойим бўладирлар. Кумуш салом берди ва қўлидағи паранжисини ерга ташлади, югириб келиб ўзини Ўзбек ойимнинг қучо-ғиға олди. Ўзбек ойим ҳам уни маҳкам сиқиб қучоқлаб олған, юзидан шап-шап ўпиб айланиб, ўргулар ва тикилиб-тикилиб нима учундир йиғлар эди... Кутиб турган хотинлар, Моҳира ойим, Хушрўй ва Ҳанифалар Кумушни кўрган он бир-бирларига қарашиб лабларини тишлашдилар... Қайин она-келин бир дақиқа чамаси кўришиб қолдилар. Сўнгра Кумуш бошқалар билан бир- бир кўри-шиб чиқди. Ўзбек ойим ҳар бир хотинни ким бўлганини унга танитиб борди. Энг кейин орқадан Зайнаб кўринди. Чунки ул уйдан энди чиқиб келган эди. Ўзбек ойим кулиб Кумушка қаради. — Қани, ўзинг тани-чи, ким экан бу? Кумуш ҳайрон бўлиб қолмади... Ипаклар ичига ғарқ бўлған Зайнабка қараб олиб, унга томон адим ташлади: — Зайнаб опам! — деди. Зайнаб ҳам кулимсираган ҳолда Кумушка яқинлашиб келди... Икки кундаш «есонмисиз, омонмисиз, эсон-омон юрибсизми...» сўз-лари билан озорсиз қилиб бир- бирининг елкасига ва қўлтиқ остиға қўл юборишдилар. Улар кўришиб турғанда йўлакдан Юсуфбек ҳожи кўриниб, қочадирған хотинлар ўзларини четка олдилар. Ҳожи уларнинг олдиға — юзага чиқғач,Офтоб ойим салом бериб рўймоли билан томоғ остларини ўраб олди. Ҳожи қудачаси билан сўрашиб: — Баракалла, синглим! Ҳайтовур чарчамай келдинг-ларми, мен сизларни овора қилдимов, — деб узр айтиб кулган ва уялиб борған қудачасиға енгиллик берган бўлди. — Қани, бек отаси, кўрманани беринг-чи! — деди Ўзбек ойим Кумушни имлаб. Кумуш уялиб зўрғағина салом берди ва Юсуфбек ҳожининг яқиниға келиб бўйин эгди. Ҳожи қўли билан Кумушнинг елкасига қоқиб суйди ва Кумушнинг манглайиға тегизиб олған ўз қўлини ўпди: — Бизнинг Марғилонда ҳам шундай келинимиз бор экан-ку, биз билмай юрған эканмиз-да, — деб теварагига қараб кулинди ва қўлини дуоға очди. — Бизни шунчалик сийлаб келибсизлар, бу яхшилиқларингиз биздан қайтмаса, худодан қайтсин. Оллоҳ таоло ёшларға тинч ва баракатлик умр берсин. Илоҳим, тақаббул дуо... Ҳамма дуоға юз сийпашдилар. Сўнгра Юсуфбек ҳожи Кумуш билан Зайнабка қаради: — Мен сизларнинг кўришиб турғанларингизни кўриб жуда қувондим, — деди. — Мундан сўнг ҳам шу йўсунда бир-бирларингизга эгачи-сингилдек бўлмоқ-ларингизни тилайман, — деди ва Ўзбек ойимға: — Қани, меҳмонларни ичкарига олинглар, — деб ўзи ташқариға бурилди. Download 1.51 Mb. Do'stlaringiz bilan baham: |
Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling
ma'muriyatiga murojaat qiling