Microsoft Word kr utgan kunlar ziyouz com doc
Download 1.51 Mb. Pdf ko'rish
|
Abdulla Qodiriy. O tkan kunlar (roman)
www.ziyouz.com kutubxonasi
86 — Айтдим. Дастурхон ёзилиб, тушлик чой келди. Ўзбек ойим косасига нон ташлаб кўзи эшикда, яъни келинни кутар эди. Келин эшикдан кўрингач, ўғлиға «қарши ол» дегандек қилиб қараб қўйди. Ўн етти ёшлар чамалиқ, кулчалик юзлик, оппоққина, ўртача ҳуснлик Зайнаб қайин онасининг тилак ва шаънига лойиқ тавозиъ — одоблар билан битта-битта босиб дастурхон ёниға келди. Қайин она томонидан «ўлтуринг» рухсати берилганидан сўнг, қисилиб-қимтиниб товуш чиқармайғина ўлтурди. Ўзбек ойимнинг кўзи ўғлида. Ўғли бўлса чойга нон ҳўллаб емоқда эди. Бир-икки қайта хўмрайиб-хўмрайиб ўғлиға қаради-да, унинг кўзини учрашдира олмағандан кейин, унга сўз қотишға мажбур бўлди: — Чарларинг ҳам бўла қолмадики, қайин отангни бориб кўрсанг. Ёки чарларсиз ҳам кўра қоласанми? Зайнаб кўзини эрига тикиб қолди. Отабек салқинғина онасиға жавоб берди: — Кўрсам бўладир... — деди ва кулимсирагансумон Зайнабка қаради. Зайнаб ҳам кулган бўлди. Шу кич-кинагина кулимсираш Ўзбек ойимни анча тинчитди. Аммо мусоҳаба шунинг билан тўхталиб, ораға яна бояғи жимжитлик кирди. Ўғлининг миридан сирини ажратиб ўлтурғучи она яна олазарак оғриғиға йўлиқди. Зайнабнинг кўзи тез-тез Отабекка тушар, у бўлса хўр-хўр чойни ичар эди. Бу ҳолдан Ўзбек ойим ич-етини еб, юткан луқмасининг мазасини ҳам билмас, қисқаси ўлтуриш сўзсиз, гўё тузсиз ва маъносиз эди. Бу маъносизлик тадбирини кўриш яна Ўзбек ойим устида: — Келин пошшоға тилла узук буюрдингми? — Буюрдим. Эрта-индин битиб қолар. — Отабек сўзни чўзмоққа йўл қўймади. Аммо онаси гапдан гап чиқариб, сўзга сўз уламоқчи эди: — Тилла чочпопугингиз бор эдими? Зайнаб эрига қаради ва ийманибгина жавоб берди: — Йўқ. — Йўқ бўлса олиб бераман, — деди Отабек. Ўзбек ойим анчагина жонланиб олди. Тағин ундан-мундан сўз уринтирмоқчи бўлған эди, унча муваффақиятлик чиқмай бошлади. Сутчойдан сўнг қумғонда чой келди. Зайнаб биринчи пиёлага қуйиб ўрнидан турди ва қайин онасиға икки қўллаб узатди, иккинчи пиёлани тўл-дириб ўрнидан турмоқчи бўлған эди, уни Отабек тўхтатди. — Мундан кейин чой беришда ўрнингиздан туриб ўлтурманг, — деди. — Ўлтурган ерингиздан берсангиз ҳам бўладир. Лекин бу гап қайин онаға ёқмади, эътироз қилди: — Нега ундоғ дейсан, бола. Ўриндан туриб чой бериш одамзоднинг зийнатидир, келинларнинг бор-йўғи келинлиги ҳам шунда-ку! — Сизнинг учун ҳам ўлтуриб чой берсин, демайман; аммо бу такаллуфнинг менга кераги йўқ, — деди ва қўлидағи чойни тез-тез ичиб бўшатди. Фотиҳа ўқуб ўрнидан турар экан: — Албатта, сизга ўрнидан туриб чой бериши лозим... — деди ва чиқди. Бу гапни Зайнаб чинга ҳисоблағани учун бошқа нарса пайқамаған, аммо Ўзбек ойим бўзариб қолиб дарав эсига ҳиндининг жодуси келиб тушкан эди. Шу ўлтуришдан бир соатча кейин Ўзбек ойим уйни холилатиб Ҳасаналини ўз олдиға чақиртириб кирди. Ҳасанали бу чақиртириқдан бир нарса ҳам сезмаган, чунки, хўжабекасининг ички сиррига унча ошно эмас; чарлар маслаҳатидир, деб ўйламоқда эди. Ўзбек ойим уйнинг эшигини беклаб келди-да, Ҳасаналининг яқин-роғиға ўлтурди ва ярим товуш билан муддаони оча бошлади. — Энди иш Тошканд домлалари билан битатурғанга ўхшамайди... Ўйлаб қарасам, Марғилонлиқнинг домласи ҳинди экан. Шунинг учун ноилож сани олдимға чақиртирдим. Сан ҳам одамсумон гапимга тушуниб, бу тўғрида ақлинг етканча зеҳнингни югиртиргин... Ўзингга маълумки, кундан-кунга марғилонлиқни унутиш ўрнига ҳар соат унга эси борадир. Бу |
Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling
ma'muriyatiga murojaat qiling