Microsoft Word kr utgan kunlar ziyouz com doc


Download 1.51 Mb.
Pdf ko'rish
bet208/209
Sana23.04.2023
Hajmi1.51 Mb.
#1389953
1   ...   201   202   203   204   205   206   207   208   209
Bog'liq
Abdulla Qodiriy. O tkan kunlar (roman)

www.ziyouz.com kutubxonasi 
208
тарафидан ҳам тасдиқ этилгач, унинг устидаги жазо кўтарилди. Дарҳақиқат, ақлдан озиб 
кўчаларда очиқ кезиш ва кишанга тушишнинг ўзи ҳам Зайнаб учун кичкина жазо ҳисобланмас 
эди. 
Фожиъанинг йигирманчи кунида яна хатми қуръон қилиниб, бутун юртка ош берилгандан 
сўнг, бечора болу паридан айрилғанлар Марғилонға қайтиш ҳаракатига тушдилар. Ёдгорбек 
ҳам Офтоб ойимнинг қучоғида кетмакчи, унинг олиб кетилишига қарши ҳеч ким йўқ эди. 
Eнг кейинги видўлашиш куни етди. Отабек, қутидор ва Офтоб ойим (...) қабристонининг 
икки туп қуриған чинор ёғочи орасиға турғузилған янги хиштин сағана қаршисида тўхтадилар. 
Сағананинг ўнг бошидағи тошдан ўйиб ясалған лавҳа кўзга чақилиб турар эди: 
Ла илаҳа илла-оллоҳу Муҳаммаду-расул-уллоҳ 
Ҳазиҳил маркадул мунавварату лил мазлуматил 
машҳудати ал-мағфурати. 
Кумушбиби бинти Мирзакарим Марғиноний, тарихи таваллуди 1248. 
Вафоти 1269-йил ҳижрий, жумод-ул-аввал. 
Бу лавҳа бир дилпорадан ҳусн санамига ёдгордир. 
Бунда мадфун кундаш балосининг намоён бир қурбонидир.
Аё чарх, этдинг ортуқ жабр бунёд, 
Кўзим ёшлиғ, тилимда қолди фарёд. 
Ҳаётим лолазоридин аюрдинг, 
Ёқиб жоним, кулим кўкка совурдинг. 
Бечора она чидалмади, қабрни қучоғлаб уввос тортди. Отабек ҳам қабр ёниға тиз чўкиб, кўз 
ёшиси билан тупроқни лой қила берди... Қутидор лавҳа қаршисида эди. Лавҳани ўқуб 
чиқгандан кейин ул ҳам пиқ-пиқ йиғлаб юборди. Ярим соат чамаси шул ҳолда қолдилар. 
Қуръон ўқушға ҳеч кимда мажол йўқ эди. 
Қаршидағи бинога Юсуфбек ҳожи тарафидан қўйилған қори буларнинг ҳолига тушунди. 
Секин-секин қорихонадан чиқиб келди ва нарида ўлтуриб қуръон ўқуди. Офтоб ойимнинг 
ноласи босилса ҳам, лекин кўз ёшиси тийилмади. Бир улгина эмас, ановлар ҳам шу ҳолда 
эдилар. Фотиҳа тортилғандан сўнг қутидор ва Офтоб ойим қориға пул бердилар. Қори 
кеткандан кейин ҳар қайсилари ўзларини босиб алоҳида-алоҳида қуръон ўқуб бағишладилар, 
сўнгра оҳиста-оҳиста йўл олиб қабр билан видўлашдилар. Гўё Кумуш «мендан рози бўлинг!..» 
деб онасиға хитоб қилар, Офтоб ойим орқасиға қарай-қарай йиғлаб келар эди... 
Отабек уларни уйга қўйиб, қабр ёниға келди ва туни билан шунда қолди. Эрта билан 
Ҳасанали аравани қўшиб тайёрлаған, майда-чуйда аравага ташилар эди. Энг кейинда Офтоб 
ойим Кумушнинг кийимлари билан Ёдгорбекни кўтариб чиқди, кейинроқ Юсуфбек ҳожи билан 
қутидор кўриндилар. Қутидор видолашиб аравага чиқғанда кўча тарафдан Отабек кела берди, 
келиб отнинг жиловини ушлади ва от устига минган Ҳасаналига — «тушинг отдан!» деди. 
Ҳасанали отдан тушди. Отабек ирғиб отқа минди ва қутидордан сўради: 
— Отни ҳайдайми? 
Қутидор билан ҳожи тушунишолмай бир-бирларига қарашдилар. Йўлакда турган Ўзбек ойим 
дарбозадан мўралаб қўйди. Қутидор индамагани учун Отабек ўзича отни ҳайдаб юборди. 
— Хайр! 
— Хўш! 
Марғилонға жўнайдирған Ҳасанали гангиб кўча-нинг ўртасидан ҳожиға қаради. Ҳожи 
йўлакдаги ойимға ер остидан кўз қирини ташлади... Отабек ортиға қарамасдан аравани ҳайдар 
эди... 

Download 1.51 Mb.

Do'stlaringiz bilan baham:
1   ...   201   202   203   204   205   206   207   208   209




Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling