* * *
Эртаси куни.
Эркин Аъзам. Сув ёқалаб (киноқисса)
www.ziyouz.com kutubxonasi
20
Марҳумни дафн этган тобуткашлар кўчани тўлдириб қайтмоқда.
Кечаги кундан бизга таниш-нотаниш кўпчилик шу сафда. Ана — маҳмадана таъзиягир ўғил;
ана — отаси бемор ётган «сув ўғриси»; ана — бир соат ичида туғилган Ҳасан билан Ҳусан; ана
— бировларга ўлим тилайдиган баднафас Бозор сариқ; ана — гурунгга ишқибоз чол, бекорчи
танбал Жумақул, рашкчи хотинидан дакки еган эр...
Ўрин Жага тўдадан четрокда — бир ўзи келаётир. Мўйловсиз. Таниш қийин. У дам-бадам
енги билан кўзёшларини артиб қўяди.
Йўлнинг ярмига келганда саф бошида бораётган ҳассакашлардан бири — марҳумнинг кенжа
ўғли ногаҳон акаларидан ажралиб, бир тор кўчага кириб кетади.
Буни кўрган биров-ярим узрли ҳолга йўйиб, аҳамият бермайди.
* * *
Бизга таниш ҳовли.
Ўртасида қари тут ўсган супанинг бир четида тиззаларини қучганча боққа қараб кечаги аёл
ўтирибди. Эгнида кўк кўйлак — мотам либоси.
Ҳовлига кирган йигит аста келиб аёлнинг кифтига қўл теккизади.
Аёл оғир қўзғалиб жойидан турадию йигитнинг елкасига бош қўяди.
— Бандалик экан-да, болам...
Йигит беихтиёр тепага қараб, бургутдек қулоч ёзган улкан тутга тикилиб қолади.
Қадимий тут унинг кўз ўнгида яшнаб турган азамат бир дарахтга айланади...
Do'stlaringiz bilan baham: |