134. Иш берувчининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суг'урта қилиш нималигини тушунтиринг.
2009 йилнинг 17 апрелида Ўзбекистон Республикасининг “Иш берувчининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш тўғрисида”ги Қонуни қабул қилинди. Ушбу қонунни қабул қилишдан кўзда тутилган асосий мақсад меҳнат жараёнида жароҳат олган, касб касаллиги ёки хизмат бурчини бажараётган вақтида саломатлигига зиён этган фуқароларнинг ижтимоий ҳимоясини таъминлашдан иборат..
Ўзбекистон Республикаси ҳудудида иш берувчиларнинг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш бўйича тегишли рухсатномага эга суғурта ташкилотлари томонидан амалга оширилади.
Иш берувчининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2009 йил 24 июндаги “Иш берувчининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини амалга ошириш чора-тадбирлари ҳақида” 177-сонли қарорига мувофиқ тасдиқланган “Иш берувчининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш Қоидалари”да ўз ифодасини топган. Мажбурий суғурталаш қоидалари ушбу суғуртани амалга ошириш ваколатига эга барча суғурталовчилар учун бир хилда амал қилади.
Шуни таъкидлаш керакки, Ўзбекистон Республикасининг Меҳнат кодекси бугунги кунда хизмат бурчини бажараётган пайтида жароҳат олган ходимларнинг ижтимоий муҳофазасини кўзда тутади. Меҳнат кодекси иш берувчининг ходимга этказилган зиён учун жавобгар эканини белгилаган. Маълумки, Меҳнат кодексининг 189-192 моддаларига биноан иш берувчи олган жароҳати, касб касаллиги ёки меҳнат жараёни билан боғлиқ равишда соғлигига этган зарарни, шунингдек, боқувчини йўқотганлик учун этган зарарни ўрнатилган тартибда тўлиқ қоплаши шарт. Кўриниб турибдики, хизмат бурчини бажараётган пайтда жароҳат олган ходимларни моддий жиҳатдан ҳимоялаш иш берувчи ҳисобидан амалга оширилади. Ходимнинг хизмат бурчини бажараётган пайтда олган жароҳати учун иш берувчи жавобгар ҳисобланади. Шу билан бирга, иш берувчи қоплаши зарур бўлган зарар ҳажми иш берувчининг молиявий имкониятларига доимо ҳам мос келавермайди ёки иш берувчининг молиявий ҳолатига сезиларли даражада таъсир кўрсатиши мумкин. Чунки, иш берувчи қоплаши керак бўлган зарар ҳажмига бир вақтда ва ҳар ойда тўланиши керак бўлган компенсатсия тўловлари ҳам кириши мумкин.
Do'stlaringiz bilan baham: |