374-модда. Ижро варақасининг дубликатини бериш
Ижро варақасининг асл нусхаси йўқотилган тақдирда, ҳал қилув қарорини чиқарган суд ижро варақасининг дубликатини бериши мумкин.
Дубликат бериш ҳақидаги ариза ишда иштирок этувчи шахслар хабардор қилинган ҳолда суд мажлисида кўрилади, бироқ, уларнинг келмаслиги дубликат бериш масаласини ҳал этиш учун тўсқинлик қилмайди.
Суднинг дубликат бериш масаласи бўйича чиқарган ажрими устидан хусусий шикоят берилиши ёки хусусий протест келтирилиши мумкин.
375-модда. Ижро варақасининг мазмуни
Ижро варақасида қуйидагилар кўрсатилиши лозим:
1) ижро варақасини берган суднинг номи;
2) ижро варақасининг қайси иш юзасидан берилганлиги, унинг рақами;
(375-модда биринчи қисмининг 2-банди Ўзбекистон Республикасининг 2009 йил 14 январдаги ЎРҚ-199-сонли Қонуни таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2009 й., 3-сон, 9-модда)
3) ҳал қилув қарори чиқарилган вақт;
4) ҳал қилув қарорининг хулоса қисми (сўзма-сўз);
5) ҳал қилув қарорининг қонуний кучга кирган вақти;
6) ижро варақасининг берилган вақти ва уни ижрога топшириш муддати;
(375-модда биринчи қисмининг 6-банди Ўзбекистон Республикасининг 2009 йил 14 январдаги ЎРҚ-199-сонли Қонуни таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2009 й., 3-сон, 9-модда)
7) ундирувчи ва қарздорнинг номлари (фамилияси, исми, отасининг исми) ҳамда манзиллари.
Ижро варақасини судья имзолайди ва суднинг гербли муҳри билан тасдиқланади.
(375-модданинг иккинчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2009 йил 14 январдаги ЎРҚ-199-сонли Қонуни таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2009 й., 3-сон, 9-модда)
376-модда. Ижро қилиниши лозим бўлган ҳал қилув қарорини тушунтириш
Ижро қилиниши лозим бўлган ҳал қилув қарори аниқ бўлмаса, суд ижрочиси ишни ҳал қилган суддан (судьядан) ҳал қилув қарорини тушунтириб беришни илтимос қилишга ҳақли. Ҳал қилув қарори ушбу Кодекснинг 215-моддасида белгиланган қоидалар бўйича тушунтирилади.
377-модда. Ижро варақасини ижрога топшириш муддатлари
Суднинг ҳал қилув қарори, агар қонунда бошқа муддат белгиланмаган бўлса, қонуний кучга кирган пайтидан бошлаб уч йил ичида мажбурий тартибда ижро этиш учун топширилиши мумкин.
Даврли тўловларни ундириш учун берилган ижро варақалари бу тўловлар ундириладиган бутун давр ичида ижрога топширилиши мумкин. Ижро варақаси ижрога топширилгунга қадар ўтган вақт учун даврли тўловлар ушбу модданинг биринчи қисмида белгиланган муддатлар доирасида ундирилади.
Ушбу модданинг биринчи қисмида назарда тутилган муддатларнинг ўтиши ҳар бир тўлов муддати тугаган кундан эътиборан давом этади.
Do'stlaringiz bilan baham: |