IV БЎЛИМ. СУД ҚАРОРЛАРИНИНГ ИЖРОСИ
370-модда. Суд қарорларини ижро этиш тартиби
Қонуний кучга кирган суд қарорлари барча давлат органлари, ташкилотлар, мансабдор шахслар ва фуқаролар томонидан Ўзбекистон Республикасининг бутун ҳудудида ушбу Кодекс ва бошқа қонунларда белгиланган тартибда ижро этилади.
371-модда. Ижро варақаси
Суд қарорининг мажбурий ижроси қарорни қабул қилган суд берадиган ижро варақаси асосида амалга оширилади.
Ижро варақаси ҳал қилув қарори қонуний кучга кирганидан сўнг суд томонидан ундирувчига берилади, дарҳол ижро этиш ҳоллари бундан мустаснодир, бунда ижро варақаси ҳал қилув қарори чиқарилганидан кейин дарҳол берилади.
372-модда. Ижро варақаси бериш
Ҳар бир ҳал қилув қарори бўйича битта ижро варақаси берилади. Бироқ, агар ижро турли жойларда ёки бир неча ундирувчининг фойдасига амалга ошириладиган бўлса, суд ундирувчиларнинг илтимосига биноан ижро жойини ёки ҳал қилув қарори ижросининг ҳар бир ижро варақасига тегишли қисмини аниқ кўрсатган ҳолда бир неча ижро варақаси беради.
Бир неча жавобгардан пул суммаларини ундириш тўғрисидаги ҳукм ёки ҳал қилув қарори асосида жавобгарларнинг сони бўйича бир неча ижро варақаси берилади. Бунда, агар шерик жавобгарлардан ундириш назарда тутилаётган бўлса, ҳар бир ижро варақасида ундирувнинг умумий суммаси кўрсатилиши ва шерик жавобгар эканлиги кўрсатилган ҳолда жавобгарларнинг ҳаммаси санаб ўтилиши лозим.
(372-модданинг биринчи ва иккинчи қисмлари Ўзбекистон Республикасининг 2009 йил 14 январдаги ЎРҚ-199-сонли Қонуни таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2009 й., 3-сон, 9-модда)
Ижро варақаси ундирувчига берилади ёки унинг илтимосига кўра ижро қилиш учун бевосита суд томонидан юборилади.
373-модда. Суднинг ижро варақасини юбориши
Жиноят содир қилиш натижасида етказилган зарарни ундириш, алимент ундириш, майиб бўлганлик ёки соғлиққа бошқача шикаст етганлик, шунингдек боқувчининг ўлими натижасида кўрилган зарарнинг ўрнини қоплаш, ходим билан меҳнат шартномасини ғайриқонуний равишда бекор қилиш ёки ходимни ғайриқонуний равишда бошқа ишга ўтказишда ёхуд суднинг ишга тиклаш тўғрисидаги ҳал қилув қарорини бажармасликда айбдор бўлган мансабдор шахслардан пул суммалари ундириш, мулкни мусодара қилиш, давлат даромадига пул маблағлари ундириш ҳолларида суд ижро варақасини ўз ташаббуси билан ижро этишга юборади, бу ҳақда тегишинча, молия органига ёки ундирувчига хабар қилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |