КЎМИЛДИМ...
Нима қилдим дунёга келиб,
Нелар топдим югуриб, елиб.
Бугун умрим ўтганин билиб,
Афсус-надоматга кўмилдим.
Бунча тез экан хаёт деган,
Кўз очиб, юмгунча ўтаркан.
Бахт топарми одамзод деган?
Бугун саволларга кўмилдим.
Бунча аччиқ экан бу қисмат,
Ким кимлардан қилишиб нафрат.
Ўртада хор бўлар мухаббат,
Бу кун армонларга кўмилдим.
Қабрида тик турар ошиқлар,
Гар хиёнат қилса машуқлар.
Улар учун ким олар хунлар?
Ўйлаб хижронларга кўмилдим.
Қабристонда кезаман маъсум,
Кўзда ёш-у, қалбда ишқ тутқун.
Қайғуларга ботдим шу бугун,
Тубсиз қабрларга кўмилдим.
Do'stlaringiz bilan baham: |