Низомий номидаги тошкент давлат педагогика
Download 3.07 Mb. Pdf ko'rish
|
4.2.-Boshlangich-1-қисм
бодринг, дўст типидаги бўғинларда бо:д-ри:нг, тў:р:т тарзидаги қўшимча
чизиқлардан фойдаланилади. Умуман олганда, ҳар бир ўқиш дарсида, албатта, бўғин тузилиши мураккаб бўлган сўзларни ўқиш машқи ўтказилиши лозим. Бу усул ўқувчиларда ўқиш малакасининг такомиллашувига ёрдам беради. Ўқишга ўргатишда сўзларни ва гапларни тўлдириб ўқиш кўникмаларини ҳосил қилиш ўқувчини гап тузишга, тез фикрлашга йўналтиради. Ўқувчи тушириб қолдирилган ҳарф ва сўзни расмга қараб топади, унинг гап мазмунига мос ёки мос эмаслигига эътибор беради, ўртоқларига нисбатан тез топиб, ўқитувчининг раҳматига сазовор бўлишга интилади. “Алифбе” дарслигидаги матнларда турли тиниш белгилари ишлатилган. Ўқувчилар шуларга мос оҳанг танлашни, тўхтам (пауза) 95 қилиш ўринларини белгилаб олиши зарур. Бунда ҳам ўқитувчининг тушунтириши (биринчи учраган тиниш белгини изоҳлаши) ва ифодали ўқиш намунасини кўрсатиши катта аҳамият касб этади. Ифодали ўқилган матнгина тушунарли тузилади. Ҳар бир предметда бўлгани каби ўқиш дарсларидаҳам таълим-тарбия бирлигига эътибор берилади. Ўқиш дарсларида тарбия ўқилган матннинг онгли ўзлаштирилишига боғлиқ. Биринчидан, ўқувчиматнда фикр нима ҳақида бораётганини англасагина, ўзида шундай хислатларни шакллантиришга ҳаракат қилади. Иккинчидан, яхши инсон бўлиш учун ўқишнинг зарурлигини англайди. Шунинг учун онгли ўқишни таъминлашда матн билан унга ишланган мазмунли расмлар ўртасидаги боғланишларни аниқлаштиришга, матн юзасидан саволлар беришга диққатни қаратиш лозим. Бунда қуйидагича савол ва топшириқлардан фойдаланиш мумкин: 1. Расмни кузатинг, матнда нима ҳақида гап боради? 2. Расмда нима тасвирланган? Улар орасида боғланиш борми? 3. Матн мазмунини расмга қараб сўзлаб беринг. 4. Болалар қаерга бордилар? Қизнинг исми нима? Боланинг исми-чи? 5. Али, Лола нима қилди? Улар қандай лолалар тердилар? Демак, ўқиш ўқилганларни ўзлаштиришга йўналтирилган бўлиши лозим, шундагина матндаги асосий фикр, илгари сурилаётган ғоя ўқувчилар томонидан ўзлаштирилади, сўз ва матнлар ёд олинган тақдирда ҳам ўқувчиники бўлиб қолади. Савод ўргатишнинг биринчи кунлариданоқ ўқиш онгли бўлиши, болаларни онгли ўқишга ўргатиш жуда муҳим. Сўроқлар ёрдамида ўқилганларни бола қандай тушунгани аниқланади, текширилади. Ўқишдан олдин ўтказилган тайёрлов суҳбати ҳам, ўқилган матн юзасидан ўтказилган суҳбат ҳам шу мақсадга - онгли ўқишга хизмат қилади. Шароитга қараб, болаларга ниманидир ўқишни талаб қиладиган муаммоли ҳолатни яратиш ҳам зарур. Бундай ҳолат “Алифбе”дан ёки ҳарф териш матосидан ўқиладиган топишмоқдан фойдаланиб ёки муаммоли саволни келтириб чиқарадиган тахминий суҳбат ёрдамида ҳосил қилиниши мумкин. Масалан, “Қишда қушлар қаерга учиб кетадилар?” (ҳарф териш матосида: “Иссиқ ўлкаларга учиб кетадилар”). Мана шу каби тайёрлов машғулотлари ўқишнинг юқори даражада онгли бўлишини таъминлайди. Онгли ўқишни ифодали ўқишдан ажратиб бўлмайди. Аммо аналитик ўқишнинг биринчи босқичида ифодали ўқиш мумкин эмас, чунки болалар сўзда урғули бўғинни ажрата олмайдилар, тугалланган интонацияни, сўроқ 96 оҳанггини, ҳатто, орфоэпик тўғри ўқишни ҳам билмайдилар. Шунинг учун аналитик ўқиш босқичида сўзни яхлит, орфоэпик қайта ўқиш тавсия қилинади. Бундай қайта ўқиш тўғри интонацияга, ифодалиликка риоя қилиб ўқишга ўргатибгина қолмай, ўқишнинг онгли бўлишига ҳам ёрдам беради. Савод ўргатишнинг биринчи дарсларидаёқ ўқувчиларга табақалаштириб (дифференциал) ёндашиш (бунда ўқувчиларнинг ўқишга тайёргарликларидаги фикрлар ҳисобга олинади) амалга оширилади. Ўқишнинг онглилигини ва таъсирчанлигини таъминлаш учун матн мазмунини ўқувчиларнинг кўрган-кечирганлари, таассуротлари билан боғлаш лозим. Шунда ўқувчида ўқишга, ўрганишга қизиқиш ортади. Онгли ўзлаштиришни амалга оширишда луғат устида ишлаш ҳам муҳим аҳамият касб этади. Сўзларнинг маъноси устида тўхталиш, биринчидан, фикрни ойдинлаштирса, иккинчи томондан матнни тушунишга ҳам ёрдам беради. Шеър, тез айтиш, топишмоқ, қўшиқ, мақол, ҳикматли сўзлардан ўқитиш, ёд олдириш ҳам ўқувчиларнинг ўқишга қизиқишини оширади, ўқиш малакасини шакллантиради, хотирасини мустаҳкамлайди. Бошланғич синфларда ўқиш дарсларининг учдан икки қисми ўқишни машқ қилишга ажратилиши лозим. Янги материал ўрганиладиган ўқиш дарсида асосий иш турлари қуйидагилардир: 1. Ўрганиладиган янги товушли сўзни (шу товуш сўз бошида, ўртасида, охирида келган сўзни) бўғин-товуш томонидан таҳлил қилиш билан ажратиш. Бунда янги товуш ажратиладиган сўзни ўқувчилар расм асосида ўзлари тузган гаплар ичидан оладилар. Товушни ажратишда шу сўзнинг чизмаси-моделига асосланадилар. Товушларни эшитиш, талаффуз қилиш, уларнинг артикуляцияси (нутқ органларининг товуш чиқаришдаги иши) устида машқ қилинади. 2. Кичик ва бош ҳарфлар билан таништирилади. Бўғинлар ўқитилади. 3. Сўзларни аввал хаттахтадан, кейин “Алифбе”дан ўқиш. Ҳарф бўғинларидан ҳарф териш картонида сўз, сўз бирикмаси, гап тузиш ва уларни ўқиш, сўз маъноси устида ишлаш. 4. Матнни ўқиш ва таҳлил қилиш, уни қайта ўқиш, расмнинг матнга боғлиқлигини белгилаш. 5. Нутқ ўстириш: луғатни бойитиш, сўз бирикмаси, гап, боғланишли ҳикоя тузиш. 97 6. Умумлаштириш: янги ҳарфни жадвалга қўйиш, янги ўрганилган товушнинг унли ёки ундош эканлигини аниқлаш, янги ҳарфни илгари ўрганилганлар билан қиёслаш, товуш ва ҳарфнинг аҳамиятини такрорлаш ва ҳоказо. 7. Ўрганилганларни мустаҳкамлаш дарсида янги товуш ажратилади, янги ҳарф билан таништириш машқидан ташқари барча иш турларидан фойдаланилади, шунингдек, қўшимча сўзлар ва матнлар билан ишланади; матнни ўқиш ва таҳлил қилишга, кўргазма воситалар билан ишлашга (ҳарфни териш картони, магнит доскаси, сирли мато, расмлар ва бошқ.) нутқ ўстиришга, ўйинлар ва қизиқарли материалларга, илгари ўрганилган товушлар ва ҳарфларни такрорлаб мустаҳкамлашга алоҳида аҳамият берилади, тарқатма материаллардан ҳам фойдаланилади. 8. Биринчи учраган сўзлар билан ишлаш: очиқ бўғинда дастлаб ундош, кейин эса унли ўқилади, ёпиқ бўғинда эса унли билан тугаган очиқ бўғинни ўқиб, кейинги ундош ўқилади ва сўзни яхлит ўқишга ўргатилади. Янги сўз урғуси қўйилган ҳолда берилади, бу уни ўқишга, бўғинлаб ўқишдек синтетик ўқишга (сўзни бутунлигича ўқишга) ёрдам беради. Бунда янги сўзни хаттахтада катта босма ҳарфлар билан ёзиш, ўқувчиларга ўқитиш тавсия қилинади. Сўз шивирлаш билан ўқилади, кесма ҳарф бўғин билан ёзилади. 9. Сюжетли (расмнинг асосий мазмунини акс эттирадиган) расмга қараб ўқитувчи ёрдамида, унинг йўлловчи саволлари асосида ҳикоя тузиш, ундан гапни ажратиш ва анализ қилиш. Янги бўғин, сўз тузишда ҳарф териш матоси, магнит доскаси, сирли мато кабиларнинг ва янги сўзни хаттахтада ва дафтарда “ясаш”нинг аҳамияти жуда катта. Ўқиш учун хилма-хил босма материаллардан қанчалик кўп бўлса, улардан турли хил машқлар тузишда фойдаланилса, ўқиш шунчалик онгли, қизиқарли бўлади, малака пухта шакллантирилади. Бола эндигина ўқий бошлаган босқичда уларни қаторни йўқотмасликка, шунингдек, сўздаги кейинги ҳарфни, кейинги сўзни йўқотмасликка ўргатиш жуда муҳимдир. Бу вазифани савод ўргатишнинг бошланғич босқичида хатчўп (ўқиётган бетни белгилаб қўйиш учун китоб ичига солиб қўйиладиган қоғоз ёки лентача) ва таёқча бажаради. Ўқилаётган қаторни кузатиб бориш кўникмасига синф ўқувчиларидан ўртоғининг хатосини тўғрилашни талаб қилиш йўли билан ҳам эришилади. Ўқувчилар бу талабни қизғаниб бажарадилар, шу йўл билан уларнинг дарсга, ўқишга эътибори жалб этилади. 98 Демак, ўқувчиларни ўқишга ўргатиш, уларнинг ўқиш суръатини ошириш, ифодали ва онгли ўқиш элементларини шакллантириш, тарбиялаш ўқиш дарсларининг муҳим вазифалари ҳисобланади. Download 3.07 Mb. Do'stlaringiz bilan baham: |
Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling
ma'muriyatiga murojaat qiling