Ҳуқуқий рағбатлантиришнинг турларини қуйидаги мезонлар бўйича таснифлаш мумкин:
тартибга солиш предметига кўра: маъмурий, меҳнат, жиноят-ижроий ва бошқалар;
юридик табиатига кўра: моддий-ҳуқуқий ва процессуал;
қўллаш субъектларига кўра: давлат ва нодавлат;
қўлланиш миқёсига кўра: умумдавлат, минтақавий, маҳаллий.
108. ҲУҚУҚИЙ ИМТИЁЗЛАР: ТУШУНЧАСИ, ХУСУСИЯТИ, ФУНКЦИЯЛАРИ ВА ТУРЛАРИ
Ҳуқуқий имтиёз деганда, субъектга ўз манфаатларини тўлароқ қондириш имконини берувчи ва қўшимча, алоҳида ҳуқуқлар (афзалликлар) беришда ёки мажбуриятлардан озод қилишда ифодаланувчи субъект ҳолатини қонуний равишда енгиллаштириш тушунилади.
Мамлакатимизда бозор иқтисодиёти механизмлари шаклланаётган шароитда давлат бошқарувида маъмурий усуллар эмас, балки кўп жиҳатдан солиқлар тизимига асосланган иқтисодий усуллар устунлик қилади. Бундай шароитда имтиёзларнинг аҳамияти ортади. Зотан, аксарият имтиёзлар ҳаёт фаолиятининг турли жабҳалари, чунончи, хўжалик ва тадбиркорлик, молия ва ижтимоий, илмий-техникавий ва демографик, маданий ва хайрия ва бошқа соҳалардаги солиқлар билан боғлиқ бўлади.
Имтиёзлар, энг аввало, ижтимоий чора ҳисобланади. Ҳозирги ижтимоий-иқтисодий вазиятда салбий ҳолатларга барҳам бериш ва ижтимоий ҳимояга муҳтож бўлган аҳолининг кўп сонли қатламларини қўллаб-қувватлаш мақсадида имтиёзлар тизими тубдан ўзгартириб борилмоқда. Шу билан бирга, Ўзбекистон ҳуқуқий тизимида давлат қурилиши, маҳаллий ўзини ўзи бошқаришни ривожлантириш ва бошқа вазифаларни ҳал қилиш учун имтиёзлардан тобора фаолроқ фойдаланилмоқда. Бу жиҳатлар сўнгги йилларда ҳуқуқий имтиёзларнинг мақоми анча ошганлигидан далолат беради. Дарҳақиқат, эндиликда имтиёзлар аҳоли муайян гуруҳларининг ҳолатини тенглаштирувчи юридик воситага, ижтимоий ёрдам кўрсатиш ва қўллаб-қувватлаш усулига айланиб бормоқда.
Ҳуқуқий имтиёзлар учун қуйидаги белгилар муҳим ҳисобланади:
а) ҳуқуқий имтиёзлар субъектларнинг манфаатлари янада тўлароқ қондирилиши, улар ҳаёт шароитларининг енгиллаштирилиши билан тавсифланади;
б) ҳуқуқий имтиёзлар умумий қоидадан истисно тариқасида қўлланилади ва юридик табақалаштириш усули сифатида амал қилади. Чунки имтиёзлар, авваламбор, шахс махсус ҳуқуқий мақомининг муҳим қисми, субъектнинг асосий ҳуқуқ ва эркинликларини юридик йўсиндаги алоҳида имкониятлар билан тўлдириш механизмидир;
в) ҳуқуқий имтиёзлар ваколатли давлат органлари томонидан ҳуқуқий ҳужжатларда ҳуқуқ ижодкорлигининг демократик принципларига мувофиқ белгилаб қўйилган истисно тариқасидаги қоидалар сифатида амал қилади. Одатда, имтиёзлар ҳуқуқни қўллаш ҳужжатлари билан эмас, балки норматив ҳужжатлар билан белгилаб қўйилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |