Конвергенция назарияси. Ушбу назария давлатнинг истиқболдаги ривожини башорат қилувчи назариялардан бири сифатида ХХ асрнинг 50-60-йилларида юзага келган (Д.Гэлбрейт, Р.Арон, П.Сорокин). Маълумки, XX асрнинг ўрталарида жаҳон миқёсида икки тизим, яъни АҚШ, Англия ва бошқаларни ўз ичига олган капиталистик лагер билан собиқ Совет Иттифоқи бошчилигидаги социалистик лагер шаклланган. Мазкур назария вакилларининг фикрича, ҳар иккала лагернинг ҳам ижобий ва салбий жиҳатлари мавжуд. Шу сабабдан келажакда давлатларнинг моҳияти юқоридаги давлатларнинг ижобий жиҳатларини ўзида мужассамлаштириши лозим.
Мазкур назария муаллифларининг фикрича, мавжуд давлатлар ижобий жиҳатларининг уйғунлашиб бориши баробарида маълум вақтдан кейин улар ўртасида ўзаро фарқлар йўқола бориб, ягона типдаги “постиндустриал давлатлар” – “умумий фаровонлик” давлатлари юзага келади.
Тарихий-материалистик назария. Ушбу назария давлатнинг моҳияти тўғрисидаги таълимотлар тизимида алоҳида ўрин эгаллайди. У давлатнинг мавжудлиги ва тараққиётининг кўпгина жиҳатларини таҳлил этади. Ушбу назариянинг асосида тарихий материализм ва синфий кураш ғоялари ётади (К.Маркс, Ф.Энгельс, В.И.Ленин).
Шунингдек, давлатга иқтисодий ҳукмрон синф ҳокимиятининг қуроли сифатида қаралади. Унинг хусусиятлари энг аввало, жамият тараққиётининг муайян босқичидаги шу жамият иқтисодиёти билан белгиланади. Мақсад – социалистик, сўнг эса, коммунистик жамиятни қуриш, охир-оқибат тақдири эса, коммунистик жамият барпо этила бориши билан давлатнинг барҳам топишига эришишдан иборат.
17. ДАВЛАТ ҲОКИМИЯТИ – ИЖТИМОИЙ ҲОКИМИЯТНИНГ МУҲИМ ШАКЛИ СИФАТИДА
Ҳокимият деганда, умумий маънода муайян субъектнинг (индивид, жамоа, ташкилот) бошқа субъект (индивид, жамоа, ташкилот) иродасини ва юриш туришини шахсий ёки бошқа шахсларнинг манфаатлари юзасидан бўйсундириши тушунилади.
Муайян ҳодиса сифатида ҳокимият қуйидаги белгиларга эга:
1. Ҳокимият ижтимоий ҳодиса ҳисобланади.
2. Ҳокимият жамият ривожланишининг барча босқичларига хос бўлган ҳодисадир.
Do'stlaringiz bilan baham: |