Формал-юридик (қатъий норматив) методни ҳуқуқшунослик фанига хос, унинг табиатидан келиб чиқадиган, том маънода анъанавий метод, деб аташ мумкин. Унинг моҳияти шундан иборатки, бунда ҳуқуқ бутун борлиғича ўрганилади. У ҳеч нарсага таққосланмайди, иқтисодиёт, сиёсат, ахлоқ, бошқа ижтимоий ҳодисалар билан боғланмайди. Формал-юридик метод давлат ва ҳуқуқ ҳодисаларини таърифлаш, таснифлаш ва тизимлаштиришда ҳамда уларнинг ички ва ташқи шаклларини тадқиқ этишга ёрдам беради.
Ҳуқуқий моделлаштириш методи асосида ўхшашлик, яъни айнанлик ғояси, турли хил объектлар ўртасида ўзаро бир хил мутаносиблик қарор топиши мумкин, деган тахмин ётади. Унга кўра, бундай мутаносиблик ўша объектлардан бирининг тавсифи (модели)ни билиб олиш асосида бошқаси (асли) ҳақида етарли аниқлик билан мулоҳаза юритиш имконини беради. Ушбу методни қўллаш шунингдек, давлат аппаратини ташкил этишнинг ва маъмурий-ҳудудий тузилишнинг самарали ва қулай шаклларини аниқлашда, қонунчилик тизимини такомиллаштиришда ва бошқаларда муҳим аҳамиятга эга.
5. ДАВЛАТ ВА ҲУҚУҚ НАЗАРИЯСИ ФАНИНИНГ ФУНКЦИЯЛАРИ
Давлат ва ҳуқуқ назариясининг фан сифатида амалга оширадиган функциялари деганда ушбу билимлар тизимининг илмий ва ўқув жараёнига таъсир ўтказишининг бош асосий йўналишлари тушунилади. Мазкур функциялар қаторида қуйидагиларни кўрсатиб ўтиш мумкин:
Эвристик функция. Эвристика (“эуриско” – юнонча “топаман”) – ҳақиқатни топиш, аниқлаш санъати. Давлат ва ҳуқуқ назарияси шундай мантиқий усул ва методологик қоидалар тизимига эгаки, улар фақат давлат ва ҳуқуқни ривожлантиришдаги янги қонуниятларни билибгина қолмай, балки, уларни кашф этиш имконини ҳам беради.
Методологик функция. Давлат ва ҳуқуқ назарияси фани доирасида ишлаб чиқиладиган қонуниятлар ва концепциялар тармоқ ва махсус фанларнинг асоси сифатида намоён бўлади. Давлат ва ҳуқуқ назарияси фақат давлат-ҳуқуқ ҳодисаларини ўрганиш билангина чекланмайди, балки ҳуқуқ, ҳуқуқий ва давлат тузилмаларини такомиллаштириш принципларини ҳам ишлаб чиқади.
Сиёсий функция. Сиёсат (юнонча “политика” – “жамиятни бошқариш санъати”) давлат ҳокимиятини амалга оширишга йўналтирилган ижтимоий фаолиятни, мамлакат ичкарисидаги ва хорижий давлатлар билан муносабатлардаги давлат фаолиятининг муайян йўналиши ва тарзини ҳам англатади. Фаннинг сиёсий функцияси ҳуқуқшуносликда ҳам, амалдаги қонунчиликда ҳам ўз ифодасини топади.
Do'stlaringiz bilan baham: |