Гавҳар ИБОДУЛЛАЕВА
ЭЪТИРОФ
(Ғуломжон ўғлимни ўз туққани каби ардоғлаган
бағридарё инсон, тутинган онам Банойхонимнинг
азиз хотирасига)
Уйингизда бир ёстиққа
юзларимни босиб ётдим,
Уйингизда бир ёстиққа
бўзларимни босиб ётдим.
Сирдарёнинг тонглари ҳеч
отмай кетди,
Соғинчимни соғиб-соғиб,
дарпардага осиб ётдим.
Уйингизда бир пиёла
лабларимдан ўпиб қолди,
Бир чойнакнинг балдоғида
бармоғимнинг изи қолди.
Сирдарёнинг тонготари
шаффоф экан,
Тошойнангиз нигоҳимдан
ниманидир уқиб қолди.
Бир сочиқнинг чеккасига
дилим доди қолди сингиб,
Бир эшикнинг тутқичида
оҳ уйғонди, кафтим тегиб.
Кам-кам экан Сирдарёга
сочилган туз-насибамиз,
Ҳовлингизда бир тўп райҳон
зор қолдилар бошин эгиб.
Сирдарёда бир остона
йиғлаб қолди изларимдан,
Ҳатлай десам ҳаддим сиғмас,
мажол кетди тизларимдан.
«Шугинамнинг фарзандига
тўзим бергин...» —
Бир муштипар юрагини
ушлаб қолди изларимдан.
Сирдарёнинг осмонида
юлдузчалар ғужғон ўйнар,
Кипригимнинг айвонида
кўз ёшларим чавгон ўйнар.
Сирдарёнинг йўлларида...
БАХТ шаҳри бор!..
Бунда қолмай кетган қизни
бир умрга армон қийнар...
Хайрулла НУРИДДИНОВ
ОНАИЗОР
Йиллар етаклашиб ўтаверади,
Ишларим кўпайиб борар чунонам.
Тунлар мижжа қоқмай кутаверади
Не-не хаёлларга бормаган онам.
Баъзан сим қоқади: «Ёпгандир патир,
Уйга неччиларда қайтасан, болам?»
Доимий жавобим: «Ишдаман, ахир!»
Зардамга зардалаб юрмаган онам.
Кўчада ҳамманинг кўнглини овлаб,
Ярим тун уйимга қайтадирман ҳам.
Кутиб олар қора қозонин кавлаб
Кексалик гаштини сурмаган онам.
Тонгда отланарман олис юртларга,
«Шуларни йўлингга олиб кет, болам!»
Киссамни тўлдирар майиз, қуртларга,
Тошкандан нарёҚин кўрмаган онам.
Do'stlaringiz bilan baham: |